Шу ерда бир савол пайдо бўлади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари ҳамма миллат ва мазҳабларни мансух қилса, нима учун қурбонлик қилишда Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатларига тобеъ бўлишга нима учун буюрилган?
Жавоб: Иброҳим алайҳиссалом миллатига тобеъ бўлишлик, миллати Иброҳим бўлиш жиҳатидан эмас, балки, у аслида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари ва “миллати Иброҳимий” ҳам у кишининг лақабларидир. Бу лақаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иккала дин ўртасида аслий ва фаръий ҳукмларда ўхшашлик, мутаносиблик бўлгани сабабли берилган.
Аллоҳ таоло: “Иброҳим алайҳиссаломга эргашинглар” демади, балки, “Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатига эргашинглар” деди.
Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларидир.
Миллати Иброҳим дейилишидан мурод, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Иброҳим алайҳиссалом ўрталарида ҳам шариат, ҳам насаб жиҳатидан яқинлик борлиги учундир. Насаб жиҳатидан яқинликлари маълум. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломнинг авлодларидандир. Шариат жиҳатидан яқинликлари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари Иброҳим алайҳиссаломнинг шариатларига ҳам аслий, ҳам фаръий жиҳатдан яқиндир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:
“Ҳаниф бўлган Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатига эргашинглар” (Оли Имрон 95 оят) деди.