Улар фақат ўзларидан олдин ўтганларнинг кунларига ўхшаш кунларга интизор бўлмоқдаларми? Сен: «Бас, интизор бўлинглар. Албатта, мен ҳам сизлар билан интизор бўлгувчиларданман», деб айт.
Сўнгра Пайғамбарларимизга ва иймон келтирганларга нажот берамиз. Шундай қилиб, мўминларга нажот бермоғимиз зиммамиздаги бурчдир. (Охир-оқибатда мўминларнинг нажот топиши ҳақдир. Бу вазифани Аллоҳ таоло Ўзига бурч қилиб олгандир. Бу ҳақиқатни мўмин-мусулмонлар, айниқса, даъватчилар жуда яхши англаб етмоқлари лозим.)
Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир. Уни бандаларидан хоҳлаганига етказади. У мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир.
Сен: «Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман», деб айт.