loader
Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр сўрамайман. Менинг ажрим фақат мени яратган зотнинг зиммасидадир. Ақл юритмайсизларми?
Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга осмондан барака ёмғири юборади ва қувватингизга қувватни зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди.
Улар: «Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун худоларимизни тарк қилувчи эмасмиз ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз.
Биз фақат, сени баъзи худоларимиз ёмонлик ила урибди, деймиз, холос», дедилар. У: «Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ қиламан ва сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен шерик келтираётганингиздан покман.
Ундан ўзгани. Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат берманглар.
Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим. Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир. Албатта, Роббим тўғри йўлдадир. (Фақат Унгагина суяндим. Ундан ўзга таваккал қиладиган зот йўқ. Ана шунинг учун ҳам мен сиздан эмас, ўша қудратли, ғолиб ва қаҳрли Аллоҳдан қўрқаман ва Унгагина суянаман. Мен Роббимнинг йўлига юрганман ва Унинг ёрдами ила мақсадга етишимда шубҳа йўқдир. Сиздан заррача қўрқмаслигимнинг боиси ҳам шунда.)
Агар юз ўгириб кетсангиз, батаҳқиқ, мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим. Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради ва сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз. Албатта, Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчи зотдир», деди.
Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик.
Анави Оддир. Улар Роббилари оятларини инкор қилдилар. Унинг Пайғамбарларига осий бўлдилар. Ҳар хил жабрчи ва қайсарнинг ишига эргашдилар.
Ва уларга бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат эргашур. Огоҳ бўлингким, албатта, Одликлар Роббиларига куфр келтирган эдилар. Огоҳ бўлингким, Ҳуд қавми Од йўқолсин-е! (Од қавми Аллоҳнинг йўлига юрмай, ҳар хил золим ва саркашларга эргашганлари учун уларга бу дунёю охиратда лаънат айтилади. Шу билан, Од қиссаси ҳам тамом бўлди. Бу қиссада оғир пайтларни бошларидан кечириб турган Пайғамбаримизга (с. а. в.) ва у зот билан бирга бўлган оз сонли мусулмонларга тасаллилар бор.)
Ва Самудга биродарлари Солиҳни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди. Бас, Унга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим яқин ва ижобат қилгувчидир», деди.
Улар: «Эй Солиҳ, бундан олдин сен ичимизда орзу қилинган эдинг. Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми? Албатта, биз сен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳадамиз», дедилар.
У: «Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Роббим томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам ва менга У томонидан раҳмат берилган бўлса-ю, мен Унга осий бўлсам, ким менга Аллоҳ (азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради?! Бас, сиз менга зиёндан ўзгани зиёда қилмайсизлар.
Эй қавмим, Аллоҳнинг мана бу туяси сизга оят-мўъжизадир. Бас, уни тек қўйинглар, Аллоҳнинг ерида еб юрсин, унга ёмонлик етказманглар, акс ҳолда, сизни яқин азоб ушлайди», деди. (Солиҳ (а. с.) ўзларига Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза қилиб берилган туяни Самуд қавмига кўрсатиб, эй қавмим, мана бу туя менинг ҳақ Пайғамбар эканимни тасдиқловчи мўъжиза, бу Аллоҳнинг туяси, унга тегманглар, Аллоҳнинг ерида хоҳлаган нарсасини еб юрсин, унга бирор ёмонлик етказа кўрманглар, агар бирор ёмонлик етказсангиз, сизга тезда азоб келади, дедилар.)
Бас, у(туя)ни сўйдилар. Сўнг У (Солиҳ): «Диёрингизда уч кун баҳраманд бўлиб туринг. Бу ёлғон бўлмаган ваъдадир», деди.
Амримиз келган пайтда раҳматимиз ила Солиҳга ва у билан бирга иймон келтирганларга нажот бердик ва ўша куннинг шармандалигидан қутқардик. Албатта, Роббинг, Унинг Ўзи кучли ва азиздир.
Ва зулм қилганларни даҳшатли қичқириқ олди. Бас, диёрларида тўкилдилар.
Худди унда турмаганга ўхшаб. Огоҳ бўлингким, албатта, Самуд (қавми) Роббиларига куфр келтирган эдилар. Огоҳ бўлингким, Самуд йўқолсин-е!
Батаҳқиқ, элчиларимиз Иброҳимга хушхабар келтирдилар. Улар: «Салом», дедилар. У: «Салом», деди. Ва кўп ўтмай қовурилган бузоқ келтирди. (Ҳуд қиссаларидан фарқли ўлароқ, Иброҳимнинг (а. с.) қиссалари бошидан эмас, балки бир кўриниши келтирилмоқда. Бу эса, Лут (а. с.) қиссасига кириш учундир.)
Уларнинг қўллари у(таом)га етмаётганини кўриб, улардан ҳайрон бўлди ва ичида хавфсиради. Улар: «Қўрқма, биз Лут қавмига юборилганмиз», дедилар. (Фаришталар одам суратида келган эдилар. Шунинг учун Иброҳим (а. с.) саҳроликларнинг меҳмондўстликлари асосида уларни зиёфат қилишга шошилдилар. Тезда пиширилган бузоқ гўштини олиб келиб, меҳмонлар олдига қўйганларида фаришталар таом емасликлари сабабидан унга қўл узатмай ўтиравердилар. Бу ҳол Иброҳимга (а. с.) ғалати кўринди ва улардан хавфсирай бошладилар.)
Тик турган хотини кулди. Бас, Биз у(хотин)га Исҳоқнинг ва Исҳоқдан кейин Яъқубнинг хушхабарини бердик. (Иброҳимнинг (а. с.) фаришталар билан қилаётган суҳбатларини тик туриб эшитаётган у кишининг аёллари, фаришталарнинг Лут қавмига азоб олиб кетаётганини эшитиб кулдилар. Лекин у аёлга аталган бошқа гап бор эди.)
У: «Вой шўрим, ўзим кампир, манави эрим чол бўлса ҳам, туғаманми?! Бу қизиқ нарса-ку!» деди. (Иброҳимнинг (а. с.) ҳам аёлларининг ҳам ёши ўтиб қолган эди.)
Улар: «Аллоҳнинг амридан ажабланасанми? Эй аҳли байтлар, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлгай. Албатта, У мақталган ва буюк зотдир», дедилар.
Иброҳимдан қўрқинч кетиб, хушхабар етгач, Биз билан Лут қавми ҳақида баҳслаша бошлади.
Албатта, Иброҳим ҳалийм, тазарруъли ва (Аллоҳга) тез қайтувчидир. (Фаришталарнинг мақсадларини билгандан сўнг Иброҳимдан (а. с.) қўрқинч кетди. У кишига фаришталар келтирган хушхабар етди. Лекин у киши фаришталар хушхабар келтиргани билан бирга Лут қавмидан ташвишга тушиб, улар ҳақида тортиша бошладилар.)
«Эй Иброҳим, бундан воз кеч. Чунки Роббингнинг амри келиб бўлган. Албатта, уларга қайтарилмас азоб келгусидир», дейишди.
Элчиларимиз Лутга келган пайтларида, у уларни (кўриб) ёмон ҳолга тушди ва қўл-оёғи бўшашди ҳамда: «Бу қийин кундир», деди. (Чунки Лут (а. с.) қавмининг жинояткор эканини яхши билардилар. Улар дунёда ҳеч ким қилмаган гуноҳни қилаётган эдилар. Бу золим қавмга Аллоҳнинг азоби келиши муқаррар эди. Аммо қачон келишини ҳеч ким билмас эди. Жумладан, Лут (а. с.) ҳам. Аммо ҳузурларига Аллоҳнинг элчилари бўлмиш фаришталар келганида Лут (а. с.) қавмига азоб келганини англадилар.)
Қавми унга шошилиб, ҳаллослаб етиб келди. Улар бундан олдин гуноҳлар қилар эдилар. У: «Эй қавмим, анаву қизларим сизлар учун покроқ-ку. Бас, Аллоҳдан қўрқинг! Меҳмонларим ҳақида мени шарманда қилманг. Ичингизда бирорта тузукроқ одам йўқми?!» деди. (Мазкур қавм баччабозлик қилардилар. Лутнинг (а. с.) меҳмонга ёш йигитларнинг келишидан ёмон ҳолга тушишлари ва қўл-оёқлари бўшашишлари ҳам, юқорида айтиб ўтилганидек, шу боисдан эди. Қавмнинг нияти кўринишидан маълум эди.)
Улар: «Сенинг қизларингда бизнинг ҳаққимиз йўқлигини билгансан ва биз нимани хоҳлашимизни, албатта, сен биласан», дедилар.
У: «Қани энди сизларга қувватим етса эди ёки мустаҳкам ерга беркинсайдим», деди.
Улар: «Эй Лут, биз Роббингнинг элчиларимиз, булар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, кечанинг бир бўлагида аҳлинг ила юргин ва сизлардан хотинингдан бошқа ҳеч ким ўгирилмасин. Чунки уларга етадиган мусибат у (аёл)га-да етгувчидир. Уларга тайин қилинган вақт субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!» дедилар.
Амримиз келган пайтда у ўлкани остин-устун қилдик ва устидан кетма-кет сопол тошларни ёғдирдик.
Уларга Роббинг ҳузурида белги қўйилган эди ва улар золимлардан узоқ эмасдир. (Лут қавми истиқомат қилган диёрлар беш шаҳар-қишлоқдан иборат бўлган, уларнинг каттаси Садум деб номланган. Аллоҳ таоло уларнинг барчасини остин-устин қилиб ташлаганидан сўнг, устидан лойи қотиб қолган тош ёғдирган.)
Ва Мадянга биродарлари Шуайбни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Ўлчовни ва тортишни камайтирманглар. Албатта, мен сизларнинг яхшиликда (мўл-кўлликда) эканликларингизни кўриб турибман. Албатта, мен сизларга қамровли кун азобидан қўрқмоқдаман.
Эй қавмим, ўлчаш ва тортишни адолат ила мукаммал қилинг. Одамларнинг нарсаларини камайтириб қолманг ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрманг.
Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳнинг наздида боқий қолувчи сиз учун яхшироқдир. Мен сизнинг устингизда қўриқчи эмасман», деди.
Улар: «Эй Шуайб, сенга бизнинг оталаримиз ибодат қиладиган нарсани тарк қилмоғимизни ёки молларимизда хоҳлаганимизни қилмаслигимизни намозинг амр қилмоқдами?! Сен жуда ҳалийм ва рашид экансан-да», дедилар. (Мадян аҳолисининг бу гапи ҳозирги жоҳилият аҳлининг Исломга даъват қилувчига: «Намозингни ўқисанг-чи бизнинг ишларимизга аралашмасдан», деган гапларининг худди ўзи.)
У: «Эй қавмим, хабар беринглар-чи, агар мен Роббимдан аниқ ҳужжатга эга бўлсам-чи ва мени Ўзи тарафидан яхши ризқ ила ризқлантирган бўлса-чи?! Мен сизларни ўзим қайтараётган нарсада ўзим хилоф қилмоқчи эмасман. Мен имконим борича ислоҳ қилишдан ўзга ҳеч нарсани хоҳламасман. Менинг муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ. Унгагина таваккал қилдим. Унгагина қайтаман. (Аввалги гапларингизни ўйламай, шошилиб, бебошларга қўшилиб айтиб қўйган бўлишингиз мумкин. Аммо энди ўйлаб кўриб, шошилмасдан, ақлни пешлаб туриб, «хабар беринглар-чи, агар мен Роббимдан аниқ ҳужжатга эга бўлсам-чи?!» Унда нима деган одам бўласиз? Менинг Пайғамбарлигим ҳақ. Мен ўзим биламан. Аллоҳ менга ваҳий юборади, амр қилади. Мен одамларга етказаман. Мени инкор қилаётганингиз нотўғри. Сизларни тижоратда ҳалол бўлишга, одамларнинг ҳаққини уриб қолмасликка, иқтисодий муомалаларда адолат қилишга даъват этишимни нотўғри тушунманглар. Бунинг орқасида бирор манфаат қозонмоқчи эмасман. Аллоҳ таоло менга яхши ризқни бериб қўйган.)
Эй қавмим, менга хилоф қилишингиз сизларни ё Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига, ёки Солиҳ қавмига етган мусибатга ўхшаш мусибат етишига олиб бормасин. Лут қавми сизлардан узоқ эмас. (Яъни, Нуҳ, Ҳуд, ва Солиҳ қавмига етган мусибатлар сизга ҳам етмаслигини хоҳласангиз, менга хилоф қилишни йиғиштиринг. Чунки ўша қавмлар Пайғамбарларига хилоф қилишлари оқибатида мусибатлар, азоб-уқубатларга дучор бўлишган эди. Сизлар ҳам менга қарши чиқмоқдасиз, агар шу хилда давом этаверсангиз, худди ўша қавмларга етган мусибатлар сизларга ҳам етиши турган гап. Улар яшаган жойлар сизга яқин. Улар яшаган замон ҳам сиз яшаётган замондан узоқ эмас. Ибрат олинглар. Ҳали ҳам вақт бор. Ўзингизни ўнглаб олишингиз мумкин.)
Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим раҳмли ва шафқатли зотдир», деди.
Улар: «Эй Шуайб, айтганларингнинг кўпини яхши тушунмадик ва биз сени ичимизда заифҳол кўряпмиз, агар одамларинг бўлмаганида, сени тошбўрон қилар эдик. Сенинг ўзинг биз учун қимматли эмассан», дедилар.
У: «Эй қавмим, менинг одамларим сизлар учун Аллоҳдан кўра азизроқми?! Унга орқангизни ўгириб олдингиз. Албатта, Роббим қилаётган амалларингизни иҳота қилувчидир.
Эй қавмим, имконингиздаги амални қилаверинг, мен ҳам амал қилувчиман. Тезда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини биласизлар. Кутинглар, мен ҳам сизлар ила кутувчиман», деди.
Амримиз келган пайтда Шуайбга ва у билан бирга иймонга келганларга раҳматимиз ила нажот бердик. Зулм қилганларни эса, қичқириқ тутди ва диёрларида тўкилдилар.
Худди у ерда яшамаганлардек. Огоҳ бўлингким, худди Самуд йўқолгандек, Мадян ҳам йўқолди. (Мадян аҳлини ҳалок этиш учун тайин қилинган вақт келиб, амримиз етганида, одатдагидек, Пайғамбаримиз Шуайб ва у билан бирга бўлган мўминларга нажот бердик. Зулмкор бўлган кофирларни эса, биз томондан келган бир қичқириқ тутди ва ҳаммалари турган жойларида тўкилиб қолдилар. Худди ер юзида яшамагандек адо бўлдилар. Шуайбнинг (а. с.) қавми Мадян аҳли ҳам, Солиҳнинг (а. с.) қавми Самуд каби, йўқолди, узоқ бўлди.)
Батаҳқиқ, Биз Мусони оятларимиз ва очиқ-ойдин ҳужжатимиз ила юбордик.
Фиръавнга ва унинг одамларига. Бас, улар Фиръавн ишига эргашдилар. Фиръавннинг иши эса тўғри эмасди!
У қиёмат куни қавмининг олдига тушиб, уларни дўзахга бошлаб келтирадир. У жой қандай ҳам ёмон тушиш жойидир. (Биз «тушган жойи» деб таржима қилган сўз ояти каримада «сув ичгани тушган жойи» деган маънони англатувчи «ал-вардул мавруд» ибораси ила келган. Қавм бу дунёда Аллоҳ таолонинг амрини қўйиб, Фиръавнга эргашгани учун қиёмат куни ҳам унга эргашадилар. У эса, иссиқда куйиб-ёнган қавмни, сув ичишга бошлаб бораман, деб ҳаракат қилади-ю, олиб борган жойи дўзахнинг қаъри бўлади. У қандай ҳам ёмон жой.)
Бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам уларга лаънат эргашадир. Бу қандай ҳам ёмон ёрдамдир!
Мана булар–шаҳарларнинг хабарларидан бўлиб, уларни сенга қисса қилаётирмиз. Улардан (ўз ўрнида) турганлари ҳам бор, йиқилганлари ҳам бор.