loader
Биз уларга зулм қилмадик. Лекин ўзларига зулм қилдилар. Роббингнинг амри келган пайтда Аллоҳни қўйиб илтижо қилган «худо»лари ҳеч бир нарсада уларнинг ҳожатларини чиқара олмади. Уларга зиёндан бошқани зиёда қилмадилар.
Роббинг золим шаҳарларни ушлаганида, ана шундай ушлайдир. Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир.
Албатта, бунда охират азобидан қўрққан кимса учун ибрат бордир. Бу кун одамлар жамланадиган бир кундир. Бу кун шоҳид бўлинадиган кундир.
Уни Биз фақат саноқли муддатга кечиктирамиз.
У келган кунда ҳеч бир жон гапира олмас. Магар У зотнинг изни ила (гапирур). Бас, улардан бадбахтлари ва бахтлилари бордир.
Бас, бадбахт бўлганлар дўзахдалар. У ерда улар дод-фарёд қилурлар.
Улар, модомики осмонлару ер бор экан, унда абадий қолурлар. Магар Роббинг хоҳласа, (абадий қолмаслар). Албатта, Роббинг нимани хоҳласа, қилгувчи зотдир. (Яъни, улар дўзахда абадий қолурлар. Магар Аллоҳ хоҳласа, баъзиларини озод этиши мумкин. Чунки Аллоҳ хоҳлаганини қилгувчи зотдир.)
Бахтли бўлганлар жаннатдадирлар. Улар унда, модомики осмонлару ер бор экан, абадийлар. Магар Аллоҳ хоҳласа, (Ўзи билур). Бу туганмас инъомдир. (Яъни, бахтлилар жаннатда абадий қолиш билан бирга, туганмас неъматларга ҳам эга бўладилар. Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, уларга: «Эй аҳли жаннатлар, сизлар энди абадий яшайсизлар, ўлмайсизлар, абадий ёш бўласизлар, қаримайсизлар, абадий соғ бўласизлар, бемор бўлмайсизлар, абадий неъматда бўласизлар, ноумид бўлмайсизлар», дейилади.)
Сен анавилар ибодат қилаётган нарсада шак-шубҳада бўлма. Улар олдин оталари ибодат қилганга ўхшаш ибодат қилурлар, холос. Ва, албатта, Биз уларга насибаларини камситмай, тўлиқ қилиб берамиз.
Батаҳқиқ, Мусога китобни бердик. Бас, у ҳақида ихтилоф қилинди. Агар Роббингдан ўтган сўз бўлмаганида, ораларида ҳукм чиқарган бўлар эди. Ва, албатта, улар ундан шак-шубҳададирлар.
Албатта, Роббинг ҳаммага амалларига яраша тўлиқ вафо қилур. Чунки У қилаётган нарсаларидан хабардордир.
Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир. (Яъни, Пайғамбар (с. а. в.) ва мўминлар тўғри йўлда–Аллоҳнинг динида собит турмоқликлари, бардавом бўлмоқлари лозим. Улар ҳаддан ошиб, туғёнга кетиши мумкин эмас. Агар мустақийм турмасангиз ва туғёнга кетсангиз, ўзингизга қийин бўлади. «Чунки У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир».)
Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.
Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир. (Уламоларимиз ояти каримадаги «Кундузнинг икки тарафида» адо қилинадиган намоз бомдод, пешин ва аср намозлари, «кечанинг бир бўлагида» адо этиладиган намоз шом ва хуфтон намозлари, дейишган. Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади. Намоз ўша яхшиликларнинг гултожидир. Ушбу оятда оғир ва аҳамиятли ишларни қилишда, Аллоҳнинг амрига бўйсунишда, кўрсатган йўли ва йўллаган динида мустақийм туришдек масъулиятли ишда намоз ва яхшилик қилиш ила олдинга йўл очишга ундаш бор.)
Ва сабр қил. Бас, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас.
Сиздан олдинги асрларда ер юзида фасоддан қайтарадиган боқийлик эгалари бўлганида эди. Магар Биз нажот берганлар озгина кишилар бўлди, холос. Зулм қилганлар эса, маишат ортидан кетдилар ва жиноятчилардан бўлдилар.
Роббинг аҳли ислоҳчи бўлган шаҳарларни зулм ила ҳалок қилмас эди.
Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди. Улар ихтилоф қилишда бардавом бўлурлар.
Роббинг раҳм қилганларидан бошқалари. Уларни шунинг учун яратгандир. Роббингнинг: «Жаҳаннамни, албатта, жинлар ва одамлар билан тамомила тўлдирурман», деган сўзи батамом бўлди. (Чунки улар турлича яратилганлар. Динда ҳам ихтилоф қиладилар. Магар Аллоҳ раҳм қилганларгина хилофсиз Аллоҳнинг айтганларида юрадилар. Жаҳаннамни тўлдириш учун ихтилоф қилганлар етарлича топилади.)
Биз қалбингни саботли қилиш учун сенга Пайғамбарлар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бу (сура)да сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди.
Иймон келтирмайдиганларга: «Имконингиз бор амалларни қилаверинг, биз ҳам амал қилувчилармиз.
Ва интизор бўлинглар, биз ҳам мунтазирмиз», деб айт.
Осмонлару ернинг ғайби(ни билмоқ) Аллоҳга хосдир. Ишнинг барчаси Унга қайтарилур. Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккал қил. Роббинг қилаётганларингиздан ғофил эмасдир. (Интизор бўлиб кутилаётган нарса ғайбдир. Ғайбни эса, ҳеч ким билмайди. Уни фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос.)