loader
Ҳали, куфр келтирганлар мусулмон бўлишни ҳам истаб қолурлар. (Ушбу ҳолат жон таслим қилиш чоғида, қиёмат куни Аллоҳ таоло мусулмонларни жаннатга киритаётган пайтда, баъзи гуноҳлари туфайли дўзахга тушган аҳли қиблалар ундан озод бўлиб жаннатга ўтаётганларида бўлади.)
Уларни тек қўй, еб-ичиб, ҳузурланиб, умидлар ила машғул бўлиб юраверсинлар. Бас, тезда билурлар.
Биз маълум битиксиз ҳеч бир шаҳарни ҳалок этганимиз йўқ.
Ҳеч бир уммат ўз ажалидан ўзиб кета олмас ва ортда ҳам қола олмас.
Улар: «Эй зикр нозил қилинган киши, албатта, сен мажнунсан.
«Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга фаришталарни келтирсанг-чи», дерлар. (Бу гап ҳам, аввал айтиб ўтилгандек, ўзларига ўхшаган одамни Пайғамбар бўлишини ақлига сиғдира олмасликдан келиб чиқади.)
Биз фаришталарни фақат ҳақ ила тушурурмиз, холос. У ҳолда уларга қараб турилмас. (Фаришталарни туширган чоғимизда кофирларга қараб турилмай улар ҳалок қилинади.)
Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз. (Ушбу зикр–Қуръон.)
Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам аввалгилар гуруҳларига (Пайғамбар) юборганмиз.
Уларга қайси бир Пайғамбар келса, уни масхара қилмасдан қўймас эдилар.
Шунга ўхшаш Биз уни жиноятчилар қалбига солармиз.
Унга (Қуръонга) иймон келтирмаслар. Батаҳқиқ, аввалгиларнинг суннати-одати шундоқ ўтгандир.
Агар уларга осмондан бир эшик очсагу ундан чиқиб турсалар ҳам.
Улар: «Албатта, кўзларимиз боғланди, балки биз сеҳрланган қавмдирмиз», дерлар. (Аллоҳнинг ҳақлиги ҳақидаги мўъжиза кўрсатилиб, қўлига ушлатиб қўйилса ҳам, эҳтимол удир, эҳтимол будир, балки табиат қонунини мен тушунмаётгандирман, деб тураверадилар.)
Батаҳқиқ, Биз осмонларда буржлар қилиб қўйдик ва уни назар солувчилар учун зийнатлаб қўйдик. (Осмон ҳамманинг кўз ўнгида турибди. Лекин ҳамма ҳам осмонни Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи буюк мўъжиза деб тушунавермайди. Аслида, у мўъжизадир. Хўш, шундай улкан, бепоён, чексиз осмонни ким яратган? Яратганда ҳам, юлдузлар юрадиган йўллар–буржлар билан ким яратган? Албатта, Аллоҳ яратган.)
Уни ҳар бир қувилган шайтондан муҳофаза қилдик.
Магар бирортаси ўғриликча қулоқ осса, равшан олов унинг ортидан тушар.
Биз ерни ёйиб, устига баланд тоғларни ташлаб қўйдик ва унда ўлчанган турли нарсаларни ўстириб қўйдик.
Ва унда сизлар учун маош воситаларини ва сиз ризқини бера олмайдиган кимсаларни қилиб қўйдик.
Ҳеч бир нарса йўқки, унинг хазиналари Бизнинг ҳузуримизда бўлмаса. Биз уни фақат маълум миқдорла нозил қилурмиз.
Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик. Сизлар уни тўплаб олувчи эмассиз. (Яъни, Биз шамолларни ўлчов билан булутларни урчитувчи, бир-бирига қўшиб сув ҳосил қилувчи этиб юбордик. Асосан, ёмғирнинг ёғишига шамоллар сабаб бўлади. Улар маълум қоидаларга кўра эсади. Пайдо бўлган булутларнинг бир-бирлари ила қўшилишларидан сув ҳосил бўлади. Ана шундан кейин осмондан сув тушади, ёмғир ёғади. Аллоҳ таоло у сув билан ер юзини, одамларни сероб қилади. Деярли ҳамма ризқ осмондан тушган шу сувга боғлиқ бўлади. Инсон эса, Аллоҳ тайёр ҳолда унга осмондан тушириб берган сувни тўплаб олишга ҳам қодир эмас. Уни тўплашни ҳам булоқ, қудуқ, анҳор, ер ости кўллари ва бошқа воситалар орқали Аллоҳ таолонинг Ўзи амалга оширади.)
Албатта, Биз Ўзимиз тирилтирурмиз ва Биз меросхўрлармиз.
Батаҳқиқ, сиздан олдин келганларни билдик. Батаҳқиқ, кейин келганларни ҳам билдик.
Албатта, сенинг Роббинг Ўзи уларни маҳшарга жамлар. Албатта, У ҳикматли ва илмли Зотдир.
Батаҳқиқ, Биз инсонни қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратдик.
Ва жинларни бундан олдин самум оловидан яратдик.
Сен Роббингнинг фаришталарга: «Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратгувчидирман.
Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг», деганини эсла.
Бас, фаришталар барчалари сажда қилдилар.
Магар Иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди.
У зот: «Эй иблис! Сенга не бўлди, сажда қилувчилар билан бирга бўлмаслигингга?» деди.
У: «Сен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратган башарга сажда қила олмасдим», деди.
У зот: «Бас, сен ундан чиқ! Албатта, сен қувилгансан!
Ва, албатта, сенга то жазо кунигача лаънат бўлур!» деди.
У: «Эй Роббим, мени улар қайта тириладиган кунгача қўйиб қўйгин», деди.
У зот: «Албатта, сен қўйиб қўйилганлардансан.
Маълум вақт кунигача», деди.
У: «Эй Роббим, мени залолатга кетказганинг сабабидан, албатта, мен уларга ер юзида (гуноҳларни) зийнатлаб кўрсатаман ва, албатта, уларнинг ҳаммасини иғво қиламан.
Магар, улардан танланган бандаларингни (адаштира олмайман)», деди.
У зот: «Ушбу зиммамдаги тўғри йўлдир:
Албатта, Менинг бандаларим устида сенинг султонинг йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳларгагина бордир.
Албатта, жаҳаннам уларнинг барчасининг ваъда қилинган жойидир.
Унинг етти эшиги бордир. Ҳар бир эшик учун улардан тақсимланган бўлаги бордир» деди. (Баъзи ривоятларда келишича, жаҳаннам етти қаватдан иборат бўлиб, ҳар қаватининг алоҳида эшиги бўлар экан. Ҳар қавати бир-биридан ашаддийроқ бўлар экан. Чунки гумроҳлик, хатокорлик ҳам ҳар хил бўлади. Қилган гуноҳи даражасига қараб кофирлар турли қаватларга киритилади. Шайтонга эргашган гумроҳлар тақсимлаб, бўлиб-бўлиб, гуруҳларга ажратиб қўйилган бўлади. Ўша мазкур етти эшикдан гуноҳининг кўп-озлигига қараб бирин-кетин киритилаверадилар.)
Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир.
«У(жаннатлар)га тинчлик, омонлик ила киринглар» (дейилур).
Уларнинг дилларидаги ғилли-ғиштларни чиқариб ташладик. Сўриларда бир-бирларига боқиб, дўст бўлган ҳолларида ўлтирурлар. (Инсон қанчалик моддий роҳат-фароғатга эришмасин, кўнглида бир оз ғашлик бўлса, унга ўша роҳат-фароғат татимайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила жаннатга сазовор қилган тақводор бандаларининг дилларида ғашликлар, яъни, ҳиқду ҳасад, кўра олмаслик каби баъзи бир иллатлар бўлса, чиқариб ташлайди.)
Уларни у жойда чарчоқ тутмас ва улар ундан чиқарилувчи ҳам эмаслар.
Бандаларимга хабар бергил: «Албатта, Менинг Ўзим ғофуру роҳиймдирман».
Ва, албатта, азобим аламли азобдир.