loader
Аллоҳ: «Иккита илоҳ тутмангиз. Ҳақиқатда, У ёлғиз илоҳдир. Бас, Мендангина қўрқингиз», деди.
Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Дин ҳам бардавом Уникидир. Аллоҳдан ўзгадан қўрқасизларми?
Сизда қайсики неъмат бўлса, Аллоҳдандир. Сўнгра қачонки сизга ёмонлик етса, Унгагина ёлборурсиз.
Сўнгра У сиздан ёмонликни кушойиш қилган чоғда, кўрибсизки, сиздан бир гуруҳ ўз Роббларига ширк келтирурлар. (Ёмонлик етган пайтида фақат Аллоҳга ёлбориб турган одамлардан баъзилари Аллоҳ таоло уларга етган ёмонликни кетказгандан сўнг яна Аллоҳга ширк келтиришга ўтадилар.)
Уларга берган нарсаларимизга куфр келтирурлар. Бас, ҳузурланиб туринглар, тезда билурсиз.
Ва улар ўзлари (моҳиятини) билмаган нарсага Биз уларга берган ризқдан насиба ажратурлар. Аллоҳга қасамки, ўзингиз уйдирган ёлғон нарса ҳақида, албатта, сўралурсиз. (Яъни, мушриклар ўзлари асл моҳиятини билмайдиган бутларига Биз берган ризқдан насиба ажратадилар. Жоҳилият пайтида мушриклар баъзи ҳайвонларни маълум бир бутларга атаб қўяр эдилар. Ўша ҳайвон аталгандан сўнг, бу фалон худонинг насибаси, деб унга алоҳида эҳтиром ила муомала қилинарди. Ўша ҳайвон минилмас, устига юк юкланмас, сути ичилмас, гўшти ҳам ейилмас эди.)
Улар қизларни Аллоҳники қилишадир. У (бундан) покдир. Уларга эса, кўнгиллари тусагани (эмиш). (Аллоҳ «қизи бор» деган айбдан покдир. Чунки фарзандга муҳтож бўлиш нуқсондир. Аллоҳнинг ҳеч қандай нуқсони йўқдир. Мушрикларга кўнгиллари тусаган ўғил фарзандлар эмиш. Жоҳилият даврида қиз фарзанд ор-номус ҳисобланар эди. Шунинг учун мушриклардан ҳеч ким қиз фарзанд кўришни хоҳламас эди.)
Қачонки улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб, юзи қорайиб кетур.
Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб) қавмидан беркинадир. У(қиз)ни хорлик-ла олиб қолсамикин ёки тупроққа кўмсамикин? Огоҳ бўлинг! Улар қилган ҳукм нақадар ёмон.
Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг мисоли ёмон мисолдир. Аъло мисол Аллоҳникидир. У азиз ва ҳакимдир.
Агар Аллоҳ одамларни қилган зулмларига биноан тутганида, ер юзида битта ҳам жонзотни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган ажалига қўйиб қўюр. Қачонки, ажаллари келса уни бир соат орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар.
Улар ўзлари ёқтирмаган нарсани Аллоҳники қилурлар. Уларнинг тиллари эса, ёлғондан ўзларига гўзал (оқибат) бўлишини васф қиладир. Ҳеч шубҳа йўқки, уларга, албатта, дўзах бўлур ва, албатта, улар (дўзах) пешқадамларидир.
Аллоҳга қасамки, Биз сендан олдинги умматларга ҳам (Пайғамбар) юборганмиз. Бас, шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатди. У бугун уларнинг дўстидир. Уларга аламли азоб бўлур.
Биз сенга китобни фақат уларга ўзлари ихтилоф қилган нарсаларни баён қилишинг учун, иймон келтирадиган қавмларга ҳидоят ва раҳмат этиб нозил этдик, холос. (Ҳа, Аллоҳ таоло Муҳаммадга (с. а. в.) Қуръони Каримни турли халқларнинг ҳақ ва ботил, иймон ва куфр, яхшилик ва ёмонлик ҳамда бошқа нарсалар устидаги ихтилофларини баён этиб бериш учун нозил қилди.)
Аллоҳ осмондан сув тушириб, у ила ерни ўлимидан кейин тирилтирди. Албатта, бунда эшитадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир. ( Ер ўлик бўлса, ер юзидаги нарсалар ҳам жонсиз бўлади. Ер тирилиши билан унинг устидаги ҳамма нарсаларга жон киради. Демак, сув ҳамма нарсага ҳаёт бағишлайди. Сувни эса, фақатгина Аллоҳ таоло тушира олади. Ҳамма нарсага ҳаётни фақат Аллоҳгина бера олади. Демак, ҳамма нарсага маъбуд бўлишга фақат Аллоҳгина ҳақлидир.)
Чорва ҳайвонларида ҳам сиз учун, албатта, ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан ичувчилар (томоғи)дан осон ўтувчи соф сут ила суғорамиз.
Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир. (Ушбу ояти карима Қуръони Каримда маст қилувчи ичимлик ҳақида нозил бўлган тўрт оятнинг биринчисидир, бу оятда маст қилувчи ичимлик ҳақида бир ҳукм йўқ. Аммо унинг яхши ризққа қиёсан ёмон эканига ишора бор. Бу ишора маст қилувчи ичимликка қарши қуръоний тарғиботнинг бошланишидир.)
Роббинг асаларига: «Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин.
Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин», деб ваҳий қилди. Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят-белги бордир. (Аллоҳ таолонинг ҳайвонотларга, жумладан, асаларига ваҳий қилиши унга илҳом бериши ҳисобланади. ллоҳ таоло асаларини яратганда унга ҳис-туйғу ва илҳомни қўшиб яратгани учун у кўргина ақлли инсонлар ҳам қила олмайдигананиқлик билан ўзига топширилган ишни бажаради.)
Аллоҳ сизларни яратгандир. Сўнгра У сизларни вафот эттирадир. Сизлардан баъзилар билимли бўлгандан сўнг ҳеч нарса билмаслиги учун умрнинг энг заифлигига қайтариладир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва қодирдир.
Аллоҳ ризқда баъзингизни баъзингиздан афзал қилди. Бас, афзал қилинганлар ўз ризқларини қўлларида мулк бўлганларга, ҳамма тенг бўлсин, деб берувчи эмаслар-ку. Аллоҳнинг неъматини инкор қиладиларми?!
Аллоҳ сизларга ўзларингиздан жуфлар қилди ва сизларга жуфтларингиздан болалар ва набиралар қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди. Ботилга иймон келтирадилар-у, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?! (Ояти каримада жон, жуфти ҳалол, фарзанд ва набира каби неъматлар ҳақида сўз кетмоқда. Бу орқали ўша улуғ неъматларни беришга ягона Аллоҳнинг ўзи ҳақли экани таъкидланади. Шунингдек, Аллоҳ таоло мазкур неъматлардан баҳраманд бўлган бандаларнинг ягона илоҳи-маъбуди бўлишга ҳам ҳақли эканига ишорат қилинади.)
Ва Аллоҳдан ўзга уларга осмонлару ердан ҳеч бир ризққа молик бўла олмайдиган ва ҳеч нарсага қодир бўла олмайдиган нарсаларга ибодат қиладиларми? (Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган ўша нарсаси нима эканини ўйлаб кўрмайдими? Нима учун унга сиғиняпти ўзи? Ахир, сиғинаётган нарсаси унга бирор ризқни бера олмайди-ку?! У нарса ризқ ҳам, неъмат ҳам беришга қодир эмас-ку! Хўш, ризқ беришга қодир бўлмаган, ҳеч бир ризқ бера олмайдиган нарсага нима учун ибодат қилади?! Эй мушриклар!!!)
Аллоҳга зарбул масал келтирманглар! Албатта, Аллоҳ биладир. Сизлар эса, билмайсизлар.
Аллоҳ ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган мамлук-қул билан Биз уни яхши ризқ ила ризқлантирган ва ўшандан махфий ва ошкоро инфоқ қиладиган кимсани зарбул масал қиладир. Улар тенг бўладиларми? Ҳамду сано Аллоҳгадир. Лекин кўплари билмаслар. (Ушбу мисол ояти карима нозил бўлган жойдаги араб жоҳилий жамияти воқеълигидан олингандир. Исломни инкор этиб, Аллоҳга ширк келтираётганларнинг бошлиқлари Қурайшнинг зодагон-бойлари эди. У даврдаги бойларнинг мамлук-қуллари бор эди. Бу қуллар эгасига мулк, ўзлари ҳеч нарсага ҳақсиз бир жонзот эди. Кўп ризқу рўзга эга бўлиб, ҳаммага хайру эҳсон қилаётган хўжайин билан унинг ҳеч нарсаси йўқ мамлук қули тенг бўладими? Албатта, тенг эмаслар. Демак, ҳамманинг холиқи ва розиқи Аллоҳ таоло билан ҳеч нарсага қодир бўлмаган, мушриклар ибодат қилаётган бутлар ҳам тенг бўла олмайдилар.)
Аллоҳ икки кишини зарбул масал келтирди. Бири соқов, ҳеч нарсага қодир бўлмайдир. У ўз хожасига юкдир. Қаерга юборса ҳам, яхшилик келтирмайдир. Ўша одам билан ўзи тўғри йўлда туриб, бошқаларни адолатга амр қиладиган киши баробар бўларми?
Осмонлару ернинг ғайб(илм)и Аллоҳникидир. Соат(қиёмат) иши эса, кўз очиб-юмгандек ёки ундан ҳам яқинроқдир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз. (Дунёда фақат инсон боласигина жуда ожиз ҳолда туғилади. Бошқа ҳайвонларнинг болалари туғилгандан бир оз ўтиб, ҳаракатга тушади, ўзи юради, онасини эмади ва бошқа ҳожатларини чиқаради. Инсон боласи эса, йиғидан бошқа ҳеч нарсани билмай тураверади. Ҳар бир нарсани унга соат, кун, ҳафта, ой эмас, балки йил давомида ўргатиш керак. Ўша ўрганиш ҳам Аллоҳ берган хусусиятлар билан бўлади.)
Осмон бўшлиғидаги беминнат, бўйсундирилган қушларга қарамайдиларми? Уларни фақатгина Аллоҳ ушлаб туради, холос. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.
Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди. У сизга чорва ҳайвонларининг терисидан кўчадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган уйлар қилди. Уларнинг жунлари, юнглари ва қилларидан маълум вақтгача фойда ва мато бўладиган қилди. (Инсоннинг уйи энг қулай оромгоҳи ҳисобланади. Уйдан бошқа жойда одам оромини йўқотади. Шунинг учун ҳам Ислом динида уйга ва унинг осойишта, хотиржамлик макони бўлишига катта эътибор берилган.)
Аллоҳ сизга Ўзи яратган нарсалардан соялар қилиб қўйди ва сизга тоғлардан бошпаналар, сизларни иссиқдан сақлайдиган кийимлар ва зарбадан сақлайдиган кийимлар қилиб қўйди. Шундай қилиб, У сизларга Ўз неъматини батамом қилиб берди. Шоядки, мусулмон бўлсангиз. (Бу ўринда инсон, айниқса, ушбу ояти карима тушган жой ва вақтнинг одами кундалик ҳаётида муҳтож бўлиб турадиган Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гап кетмоқда.)
Агар юз ўгириб кетсалар, бас, сенинг зиммангда очиқ-ойдин етказиб қўйиш, холос.
Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар, кейин эса, инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир. (Аллоҳнинг неъматини била туриб инкор қилган киши аниқ кофир бўлади.)
Ҳар бир умматдан гувоҳ келтирган кунимизда, сўнгра куфр келтирганларга (узр учун) изн ҳам берилмас ва улар итобга ҳам қайтарилмаслар. (Қиёматда Аллоҳ таоло ўтган умматлардан ҳар бирига ўзининг Пайғамбарини гувоҳ қилиб келтиради. Кўпчилик олдида ҳамма нарса аён бўлади. Шармандаси чиққан кофирлар, узр айтмоқчи бўладилар. Аммо узр айтишга изн берилмайди. Улар ҳаёти дунёга яна қайтарилишларини, итобдан сўнг яхши ишлари қилишларига имкон берилишини сўрайдилар. Унга ҳам изн берилмайди.)
Зулм қилганлар азобни кўрган вақтларида, улардан у енгиллатилмас ва уларга муҳлат ҳам берилмас.
Ва ширк келтирганлар ўзларининг «шерик»ларини кўрган чоғларида: «Эй Роббимиз, анавилар бизнинг Сендан ўзга ибодат қилган «шерик»ларимиз», дерлар. Бас, у(шерик)лар буларга: «Албатта, сизлар ёлғончидирсизлар», деб сўз ташларлар. ( Бу дунёда Аллоҳни тан олмасдан қиёматга келиб, Аллоҳга «Эй Роббимиз» деб мурожаат, илтижо қиладиган бўлиб қолибдилар. Авваллар бошқани Роббимиз деб юрганлар энди ўша Роббиларини «анавилар» дейдиган бўлиб қолишибди. Ўша «анавилар» уларни адаштириб ўзига ибодат қилдирганлигини юзларига солдилар.)
Ўшал кунда у(мушрик)лар Аллоҳга таслим бўлурлар ва уйдириб юрган нарсалари ботил бўлур. (Охиратда буту санамларимиз бизга шафоатчи бўлур, дея ўзларича тўқиб чиқарган умидлари ботил бўлади.)
Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларга фасод қилганлари учун азоб устига азоб зиёда қилдик. (Кофирлик ёмон фасоддир. Одамларни Аллоҳнинг динидан тўсиш ундан ҳам ёмонроқ фасод саналади.)
Ҳар бир умматга ўзидан гувоҳ олиб келган кунимизда сени анавиларга (умматингга) гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик. (Яъни, қиёмат куни ҳар бир умматга Пайғамбарини гувоҳ этганимиздек, сени ҳам умматингга гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга Қуръони Каримни нозил қилишдан мақсад ҳар бир нарсани баён қилиб беришдир. Қуръон мўминлар учун Аллоҳнинг раҳматидир, мусулмонлар учун ҳидоятдир. Қуръони Карим мўминлар учун хушхабардир, уларга иймонлари орқасидан келадиган яхшиликлар хушхабарини беради.)
Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз. (Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р. а.) қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», дейдилар. Аллоҳ буюрган адолат–исломий мутлоқ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Ҳамма учун ўлчов бир. «Эҳсон»яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда унинг эшиги кенг очилган. «Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади. «Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади. «Зулмкорлик» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир. Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.)
Агар аҳдлашсангиз Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкид қилинганидан сўнг бузманг. Батаҳқиқ, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз-а! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур.
Тўқигани кучли бўлгандан сўнг уни сўкиб юборган хотинга ўхшаб, бир уммат бошқа умматдан зиёдроқ бўлгани учун қасамларингизни орангизга алдов воситаси қилиб олманг. Албатта, бу билан сизни Аллоҳ синамоқда, холос. Албатта, У қиёмат куни нима ҳақида ихтилоф қилганингизни баён қилиб берадир. (Аҳдни бузиш, асосан, ўз манфаатларини кўзлаб, кўпроқ кучли томонга ялтоқланиш мақсадида бўлади.)
Агар Аллоҳ хоҳласа, сизларни бир уммат қилар эди. Лекин хоҳлаган кимсани залолатга кетказади ва хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади. Ва, албатта, қилиб юрган амалларингиздан сўралурсизлар.
Қасамларингизни орангизда алдов воситаси қилиб олманг. Бас, қадам собит бўлганидан сўнг тоймасин ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганингиз учун ёмонликни татиб юрманг. Сизга улкан азоб бўлмасин.
Аллоҳнинг аҳдини оз баҳога сотиб юборманг. Агар билсангиз, сиз учун, албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқдир.
Сизнинг ҳузурингиздаги нарса тугайдир. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса, боқийдир. Албатта, Биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз.
Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз.
Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин. (Яъни, аввал «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин. «Аъузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради. Ушбу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожиб. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.)
Албатта, иймон келтирганлар ва ўз Роббиларига таваккал қилганларга у(шайтон)нинг султони йўқ.
Унинг султони фақат уни дўст тутадиганларга ва у сабабли мушрик бўлганларга, холос.