loader
Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи зотдир.
Ва Биз Мусога китобни бердик ва у(китоб)ни Бани Исроилга ҳидоят қилиб: «Мендан ўзгани вакил тутманглар!» дедик.
(Эй) Нуҳ билан бирга кўтарганларимизнинг зурриётлари! Албатта, у ўта шукрли банда эди. (Нуҳ (а. с.) ўта шукрли банда эди. Унга иймон келтирганлар ҳам ўта шукрли бандалар эдилар. Сизлар ҳам шукрли бўлинглар.)
Биз у китобда Бани Исроилга, ер юзида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга кетурсизлар, деб билдирдик.
Бас, ўша икки(бузғунчилик)дан биринчисининг ваъда вақти келганда, устингизга шиддатли куч-қудратга эга бандаларимизни юбораурмиз. Бас, улар ҳовли-жойларни оралаб кезарлар. Бу қилиниши лозим ваъда эди. (Турли имконларга эга бўлиб, муқаддас ерда юксаладилар. Сўнгра бузғунчиликга ўтадилар. Сизга қилмишингизнинг жазосини куч-қувватга эга бандаларимиз беради, сизларни топиб, азоблаб ўлдирадилар. Улардан қочиб қутула олмайсиз.)
Сўнгра сизга улар устидан ғалабани қайтардик ва сизга молу дунё ва фарзандлар ила мадад бердик. Ва сизларнинг нафарингизни кўп қилиб қўйдик.
Агар яхшилик қилсангиз, ўзингиз учун яхшилик қиласиз. Агар ёмонлик қилсангиз ҳам, ўзингиз учундир. Бас, кейинги (бузғунчиликнинг) ваъда вақти келганда, юзингизни қора қилишлари учун, масжидга аввал кирганларидек киришлари учун ва эгаллаган нарсаларини тамоман парчалашлари учун (бандаларимизни юборамиз). (Сиз ўзингизнинг қилмишингиз ила ўша ваъданинг юзага чиқишига сабаб бўлганингизда... У бандаларимиз шиддатли куч-қувват эгалари бўладилар. Улар масжидга–Байтул Мақдисга аввал қандай кирган бўлсалар, шундай кирадилар ва ўзлари эгаллаган нарсаларни тамоман парчалаб йўқ қилиб ташлайдилар.)
Шояд Роббингиз сизга раҳм қилса. Агар сиз қайтсангиз, Биз ҳам қайтамиз. Ва жаҳаннамни кофирларга зиндон қилганмиз.
Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур.
Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга, ўшаларга аламли азобни тайёрлаб қўйдик.
Инсон яхшиликка дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилур. Инсон шошқалоқ бўлгандир. (Яъни, иймонсиз, Қуръон ҳидоятидан маҳрум бўлган ҳар бир инсон ўзини яхшиликка урганидек, ёмонликка ҳам ураверади. Чунки у нима яхши ва нима ёмон — ажрата олмайди. Шунингдек, яхшилик тилаб дуо қилганидек, ёмонлик тилаб ҳам дуо қилаверади. У аввал ёмонликни англаб етмайди, англаган чоғида ҳам ундан ўзини тўхтата олмайди.)
Кеча ва кундузни икки оят-аломат қилдик. Кеча аломатини маҳв этдик. Кундуз аломатини кўрсатувчи қилдикки, токи Роббингиздан фазл талаб қилсангиз ва йиллар ададини ҳамда ҳисобини билсангиз. Ва ҳар бир нарсани батафсил баён қилганмиз.
Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига боғлаб қўйганмиз ва қиёмат куни унга китоб чиқарамизки, унга очилган ҳолда рўбарў бўлур.
Китобингни ўқи, бугунги кунда сен ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур). (Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг бўлди. Ўзинг ўзингга ҳисобчисан, гувоҳсан.)
Ким ҳидоятга юрса, фақат ўзи учунгина ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, фақат ўзи учунгина залолатга кетадир. Ҳеч бир жон ўзганинг оғирлигини кўтарувчи бўлмас. Токи Пайғамбар юбормагунимизча, азобловчи бўлган эмасмиз.
Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қилурмиз, бас, улар у(шаҳар)да фисқ қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, Биз у(шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз. (Ҳар бир юртнинг маишатпарастлари бор. Улар каттакон амалдорлар ва ҳар хил нозу неъматга кўмилган кишилар тоифасидир. Фазилат, муқаддас нарса, гуноҳ ёки савоб каби тушунчалар уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Кўнгиллари тусаган ишни қилишга ўрганиб қоладилар. Кўнгиллари эса, доимо фисқу фасодни, ҳаром маишатни тилайди. Аъёнлари шу даражага етишига томошабин бўлиб турган халқдан ҳам яхшилик кутилмайди. Бундай юрт ҳалок бўлишга сазовордир.)
Нуҳдан сўнг қанчадан-қанча асрларни ҳалок қилдик. Бандаларининг гуноҳларидан хабардор бўлиш ва уларни кўришда Роббинг Ўзи кифоя қилур.
Ким шошган(дунё)ни истаса, унга бу дунёда ирода қилган кишимизга нимани хоҳласак, шошилинч берурмиз. Сўнгра унга жаҳаннамни берурмиз. Унга хор ва қувғинга учраган ҳолда кирур. (Бундай киши бу дунёда керак нарсасига эришиб олади. Аммо охиратига ҳеч нарса қолмайди.)
Ким охиратни истаса ва унга эришиш учун мўмин бўлган ҳолида керакли ҳаракатини қилса, бас, ана ўшаларнинг ҳаракатлари мақбулдир. (Яъни, одам охиратда яхши натижага эриштирадиган ишларни қилиши, охиратда жаҳаннамга дучор этадиган ишларнинг яқинига йўламаслиги лозим бўлади.)
Барчага–манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан чўзамиз. Роббингнинг атою неъматлари ман бўлган эмас. (Барча бандаларга, яъни, охиратни истаган, иймонга келиб, ибодат қилиб, керакли саъй-ҳаракатларни қилганларга ҳам, дунёни истаб, иймонга келмай, исён қилиб, гуноҳкор бўлиб юрганларга ҳам Робингнинг атою неъматларидан берамиз.)
Баъзиларини баъзиларидан қандай афзал қилиб қўйганимизга назар сол. Албатта, охират даражаси ва афзаллиги каттароқдир. (Бу дунёда баъзи одамларга кўпроқ неъмат тегса, бошқаларидан афзал бўлиб юраверадилар. Аммо бу ҳоллари ҳақиқий афзаллик, ҳақиқий юксак мартаба эмас. Охиратнинг даража ва афзаллиги ҳақиқийдир. Чунки бу даража ва афзалликлар абадий қолажакдир. Ўзини билган одамлар ана ўша афзаллик ва ана ўша даражага эришиш учун ҳаракат қиладилар.)
Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳни (шерик) қилма! Яна мазамматга учраб, чорасиз ўтириб қолмагин.
Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! (Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси — ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси — ота-онанг олдида «уфф» дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир.)
Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт.
Роббингиз, сизнинг дилингиздаги нарсани ҳам ўта билгувчидир. Агар аҳли солиҳлардан бўлсангиз, албатта, У сертавбалар учун сермағфиратдир.
Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма.
Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир.
Агар улардан Роббингдан раҳмат талаб қилган ҳолда юз ўгирадиган бўлсанг, бас, уларга мулойим сўз айтгин. (Kўлингда берадиган нарсанг бўлмаса, ота-она, қариндош, мискинларга моддий ёрдам бера олмай юз ўгирадиган бўлсанг, Роббингдан келажакда сенга ҳам ризқ-рўз–раҳмат талаб қилган ҳолда уларга ширин сўз айт. «Ўзимда ҳеч вақо йўқ-ку, сенларга нимани берар эдим! каби қўпол сўзларни айтиш яхши эмас. «Кечирасизлар, ҳозир бир оз қўлим қисқароқ бўлиб турувди, Аллоҳнинг раҳматидан умидвормиз, бизга ҳам неъматидан бериб қолса, инша Аллоҳ, сизларга ҳам берамиз», каби ширин сўзлар айтиш керак.)
Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин. (Бахил одам кутилмаганда ҳамёнимга қўл солиб, бировга пул бериб юбормай, деб қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда. ҳар бир нарса тавозин ила меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки, аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўртача меъёрида адо этилади.)
Албатта, Роббинг ризқни кимга хоҳласа, кенг қилур ёки тор қилур. Албатта, у бандаларидан хабардор ва (уларни) кўргувчи зотдир.
Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир. (Жоҳилият даврида арабларда фақирлик ва очликдан қўрқиб фарзандни тириклай кўмиб юбориш одати бор эди.)
Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир. (Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим.)
Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Кимки мазлум ҳолида ўлдирилса, унинг валийсига ҳақ берганмиз. Бас, у ўлдиришда исроф қилмасин. Албатта, у нусрат берилган одамдир.
Етимнинг молига, токи у балоғат ёшига етгунча, яқинлашманглар. Магар яхшилик ила бўлса, майли. Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд масъул бўлган ишдир.
Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарози ила тортинг. Ана ўша яхшидир ва оқибати гўзалдир.
Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассан!
Буларнинг барча ёмони Роббининг ҳузурида хуш кўрилмагандир. (Яъни, юқоридаги оятларда зикр қилинган нарсаларнинг ёмонлари Аллоҳ севмаган ишлардир.)
Ушбулар Роббинг сенга ваҳий қилган баъзи ҳикматлардир. Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳ қилма. Яна жаҳаннамга маломат қилинган ва қувилган ҳолингда ташланмагин.
Роббингиз сизларга ўғилларни хос қилиб бериб, фаришталарни ўзига қиз қилиб олдими? Албатта, сизлар зўр гапни айтмоқдасизлар. (Араб мушриклари қиз фарзандни ҳеч ёқтирмас эдилар. Бошқа оятларда зикр қилинганидек, улардан қиз кўргани қаттиқ хафа бўлиб, юзи қорайиб кетар эди. Kиз фарзанд тўғрисида шунчалар салбий эътиқодда бўла туриб, араб мушриклари, фаришталар Аллоҳнинг қизлари, деб эътиқод қилишар эди. Ояти каримада уларнинг мазкур нотўғри ақидалари инкор этилмоқа.)
Батаҳқиқ, Биз бу Қуръонда эслашлари учун баён қилдик. Лекин бу уларга нафратдан ўзгани зиёда қилмас.
Сен: «Агар, улар айтганидек, У билан бирга бошқа илоҳлар бўлганида, улар Арш эгаси томон йўл излардилар», деб айт. (Бу оят мушрикларнинг Аллоҳдан бошқа ибодатга сазовор турли илоҳлар бор, деган даъволарига раддиядир. Фаразан, мушриклар айтаётганидек, Аллоҳ таоло билан бирга бошқа илоҳлар бўлса эди, ўша илоҳлар Арш эгаси бўлмиш Аллоҳ томон, унга яқинлашаман деб ёки унинг мулкига соҳиб бўламан, деб йўл излаган бўлар эдилар.)
У зот улар айтаётган нарсадан пок ва ниҳоятда олийдир.
Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир. (Араб тилида тасбиҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.)
Қачон Қуръон қироат қилсанг, сен билан охиратга иймон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда қилурмиз. (Ана ўша кўринмас парда уларни Қуръонга ишонишдан тўсиб туради.)
Ва қалбларига уни англамасликлари учун ғилоф қилдик ва қулоқларини кар қилдик. Қачон сен Қуръонда Роббингнинг ёлғиз ўзини зикр қилсанг, улар ортларига ўгирилиб қочурлар.
Биз улар нима сабабдан тинглаётганларини, улар сени тинглаётганларида ўзаро пичирлашаётганларини, золимларнинг: «Сизлар сеҳрланган кишига эргашяпсиз, холос», деганларини ҳам яхши билурмиз. (Улар Қуръондан манфаат олиш, ҳидоят топиш учун эмас, масхара қилиш, айб топиш учун эшитадилар.)
Улар сенга қандай мисол келтирганларига назар сол! Бас, залолатга кетдилар ва (тўғри) йўлга қодир бўлмаслар.
Улар: «Суяк ва титилган тупроқ бўлганимиздан кейин ҳам, яна янгидан яратилиб тирилтириламизми?» дедилар.
Сен: «Тош ёки темир бўлиб олинглар.