loader
Ёки кўнгилларингизда катта кўринган бошқа бирон махлуқ бўлиб олинглар», деб айт. Бас, улар: «Бизни ким қайта тирилтирур», дерлар. Сен: «Сизларни биринчи марта йўқдан бор қилган Зот», дегин. Улар сенга бошларини қимирлатурлар ва: «У қачон бўлур?» дерлар, Сен: «Шояд яқинда бўлса», дегин.
У кунда У зот сизни чақирур. Бас, сиз Унга ҳамд ила жавоб берурсиз ва (дунёда) фақат озгина турганлигингизни гумон қилурсиз.
Бандаларимга айтгин, улар энг гўзал бўлган нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон ораларини бузиб турадир. Албатта, шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир.
Роббингиз сизларни яхши билгувчи зотдир. Хоҳласа, сизга раҳм қилар, хоҳласа сизни азоблар. Ва Биз сени улар устидан қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ. (Қиёмат куни ҳамма бир хил бўлиб, титраб-қақшаб, фақат Аллоҳга ҳамд айтишдан бошқа нарсага тили бормай тургани билан, Аллоҳ ҳар бир банданинг кимлигини, нима қилганини ипидан-игнасигача яхши билади. Ҳа, бу дунёдаги ишларни ҳисоб-китоб қилиш, уларга яраша мукофот ёки жазо бериш Аллоҳ таолонинг ишидир. Пайғамбарга эса, Аллоҳнинг таълимотини бандаларга етказиш топширилган, холос.)
Роббинг осмонлару ердаги кимсаларни яхши билгувчи зотдир. Батаҳқиқ, Биз баъзи Пайғамбарларни баъзиларидан афзал қилдик. Ва Довудга Забурни бердик. (Мисол учун, баъзиларига китоб нозил қилдик, баъзиларига нозил қилмадик. Айримларига кўп ва катта мўъжизалар, айримларига оз ва кичик мўъжизалар бердик ва ҳоказо. «Ва Довудга Забурни бердик». Бу ҳам Пайғамбарларнинг бирини бошқасидан афзал қилганимиз намунасидир.)
Сен: «Ундан ўзга ўзингизча гумон қилганларингизни чақиринг. Бас, улар сиздан зарарни кушойиш қила олишга ёки буриб юборишга молик эмаслар», деб айт.
Ана ўша дуо қилаётганлари Роббиларига васила изларлар, қайсилари яқинроқ эканини (билмоқ учун). Унинг раҳматини орзу қилурлар ва азобидан қўрқурлар. Албатта, Роббингнинг азоби ҳазир бўлишга лойиқдир. (Ўзи Аллоҳнинг раҳмати орзуида юрган кимса қандай қилиб бировни раҳмат қила олади? Ўзи Аллоҳнинг азобидан қўрқиб турган кимса қандай қилиб бировни азоблай олади? Шунга қарамасдан, Аллоҳнинг азобидан қўрқмай, бир пулга арзимайдиган нарсаларни уУга шерик қилиб юрганларга ҳайронсан.)
Ҳеч бир шаҳар йўқки, биз уни қиёмат кунидан аввал ҳалок қилгувчи бўлмасак ёки шиддатли азоб-ла азобловчи бўлмасак. Бу китобда битилгандир. (Xеч бир юрт қолмай азобга ёки ҳалокатга учраши Аллоҳнинг ҳузуридаги китобда–Лавҳул Маҳфузда очиқ-ойдин битилгандир.)
Бизни оят-мўъжизаларни юборишимиздан фақат аввалгиларнинг уларни ёлғонга чиқарганлари ман қилди. Самудга туяни кўз очувчи (мўъжиза) қилиб бердик. Бас, унинг сабабидан (ўзларига) зулм қилдилар. Биз оят-мўъжизаларни фақат қўрқитиш учунгина юборурмиз. ( Қурайш кофирлари ҳам худди ўзларидан олдинги кофирларга ўхшаб, оят-мўъжизаларни кўрса ҳам, иймонга келмасликлари турган гап. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса, талабга биноан мўъжиза келтирилгандан кейин ҳам иймонга келмаган қавмни Аллоҳ таоло таг-томири билан йўқ қилиб юбориши керак. Муҳаммаднинг (с. а. в.) умматлари охирги уммат бўлганлари учун уларни бутунлай ҳалок этишни Аллоҳ ирода қилмаган. Бу уммат қиёматгача туриши керак.)
Биз сенга: «Албатта, Роббинг одамларни иҳота қилиб ўраб олгандир», деганимизни эсла. Биз сенга кўрсатган нарсаларни ва Қуръонда лаънатланган дарахтни фақат одамлар учун синов қилдик, холос. Ва уларни қўрқитамиз. Бас, бу улар учун катта туғёндан бошқани зиёда қилмас. (Пайғамбарнинг (с. а. в.) Исро ва Меърожда кўрган нарсалари одамлар учун синов бўлганидек, Қуръонда лаънатланган дарахт ҳам синов бўлди. Қуръонда лаънатланган дарахтдан мақсад Заққум дарахтидир. Ушбу Заққум дарахти ҳақида ас-Соффат сурасида: «... ёки Заққум дарахтими? Дарҳақиқат, Биз уни золимлар учун фитна қилиб қўйдик. Албатта, у дўзах қаъридан чиқадиган дарахтдир. Унинг шингиллари худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди. Бас, албатта, улар ундан егувчилардир ва ундан қоринларини тўлдиргувчилардир. Сўнгра, албатта, улар учун унинг устидан қайноқ сувли ичимлик бўлур», дейилган. Ушбу оятдан ҳам Заққум дарахти нима учун Қуръонда лаънатлангани аниқ кўриниб турибди.)
Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизда сажда қилганларини, магар иблис қилмаганини, «Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?» деганини эсла.
У: «Менга хабар бер-чи, мендан устун қилганинг шуми? Агар мени қиёмат кунигача қўйиб қўйсанг, унинг зурриётининг озгинасидан бошқасини жиловлаб оламан», деди.
У зот: «Боравер, улардан ким сенга эргашса, бас, албатта, жаҳаннам тўлиқ жазоингиз бўлур.
Улардан кимига кучинг етса, овозинг ила қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда аскарингни торт, уларга молларда ва болаларда шерик бўл ва ваъдалар қил. Шайтон уларга ғурурдан бошқани ваъда қилмайдир.
Албатта, Менинг бандаларим устидан сенинг султонинг йўқ. Роббингнинг Ўзи вакилликка кифоядир», деди.
Роббингиз, Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун денгизда кемани юргизиб қўйган зотдир. Албатта, У сизга раҳмлидир.
Қачон сизни денгизда фалокат тутса, Ундан ўзга илтижо қиладиганларингиз ғойиб бўлур. Қачонки сизга нажот бериб қуруқликка чиқарса, юз ўгирасиз. Инсон ўзи куфрон(и неъмат) қилгувчидир.
Сизни қуруқликнинг бир томонига ютқазиб юборишидан ёки устингиздан тошли шамол юборишидан, сўнгра ўзингизга қутқарувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?!
Ёки сизни у(денгиз)га яна бир марта қайтариб, устингиздан шиддатли шамол юбориб, куфр қилган нарсангиз сабабли ғарқ қилиб юборишидан ва сиз ўзингизга Биздан ўч олувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?!
Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик. (Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарилиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади.)
Биз барча одамларни ўз имомлари ила чақирадиган кунни (эсла). Кимга китоби ўнг томонидан берилса, бас, ана ўшалар китобларини ўқирлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас. (Аҳли жаннатларнинг, яъни, жаннатга элтувчи амал қилиб ўтганларнинг номаи аъмол китоби ўнг томонидан берилади. Ана ўшанда улар амаллари битилган китобларини мароқ билан ўқийдилар. Ёруғ дунёда ана шундай ишлар қилиб яшаганларидан мамнун бўладилар. Уларга ажру савоблар тўлалигича берилади, заррача зулм қилинмайди.)
Ким бу дунёда кўр-гумроҳ бўлса, у охиратда янада кўр-гумроҳ ва янада йўлдан адашганроқ бўлади.
Сени Биз ваҳий қилган нарсадан фитна орқали буриб, Бизнинг шаънимизга бошқасини уйдиришингга ундашларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, албатта, сени дўст тутар эдилар. (Мушриклар турли йўллар билан Муҳаммадни (с. а. в.) Аллоҳ юборган ваҳийдан буриб юборишга кўп уриниб кўрганлар.)
Агар Биз сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди.
Шундай бўлган тақдирда биз сенга ҳаёт (азобини) ҳам икки ҳисса, мамот (азобини) ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра Ўзинг учун бизга қарши ёрдамчи топа олмас эдинг.
Улар сени бу ерда безовта қилиб, ундан сени чиқариб юборишларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, сендан кейин улар озгина муддатдан бошқа тура олмаслар. (Бу қилмишлари учун Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган бўларди. Аллоҳ уларни ҳалок қилишни истамагани учун Пайғамбарни (с. а. в.) Маккадан чиқаришларига йўл қўймади. Балки Пайғамбарнинг (с. а. в.) ўзларига чиқиб кетишни амр қилди.)
Бу сендан олдин юборган Пайғамбарларимизнинг суннатидир. Бизнинг сунннатимизга ўзгартиш топа олмайссан.
Қуёш оғишидан то кун қоронғусигача намозни тўкис адо қил. «Фажр Қуръони»ни ҳам. Албатта, «фажр Қуръони» гувоҳлантирилгандир. (Уламоларимиз, бу оятда беш вақт намозни адо этишга ишора бор, дейдилар. Қуёш қиёмдан оғиши билан Пешин вақти киради. Ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баравар бўлиши билан Аср вақти киради. Қуёш ботиши билан Шом ва тун қоронғусида Хуфтон вақти бўлади. «Фажр қуръони», Бамдоддир. )
Кечанинг баъзисида у ила бедор бўл. Сенга нофила бўлсин. Шоядки Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса.
Ва сен: «Эй Роббим, мени кирадиган жойимга содиқлик ила киритиб, чиқадиган жойимга содиқлик билан чиқаргин ва менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато эт», дегин.
Ва: «Ҳақ келди, ботил йўқ бўлди. Зотан, ботил доимо йўқ бўлгувчидир», дегин.
Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас. (Дарҳақиқат, Қуръони Карим шифодир, Қуръони Карим раҳматдир. Қуръони Карим куфр, ширк ва мунофиқлик каби энг зарарли ақидавий хасталикларни даволайди.)
Қачон Биз инсонга неъмат ато этсак, юз ўгирур ва четга бурилиб, узоқлашур. Қачон уни ёмонлик тутса, ноумид бўлур.
Сен: «Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Бас, Роббингиз ким тўғри йўлдалигини яхши билгувчидир», деб айт.
Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт. (Яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан билганлар. Тавротда шу ҳақда маълумот бўлган. Улар қурайшликларга Пайғамбардан (с. а. в.) руҳ ҳақида сўрашни ўргатишлари билан баробар, агар жавоб берса, Пайғамбар эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий Пайғамбар бўлади, дейишган. Муҳаммад (с. а. в.) ҳақиқий Пайғамбар бўлганлари учун ҳам, руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар.)
Агар хоҳласак, сенга ваҳий қилган нарсаларимизни кетказамиз. Сўнгра бизга қарши ўзингга вакил топа олмассан.
Магар Аллоҳда марҳамат бўлсагина. Албатта, Унинг фазлу карами сен учун каттадир.
Агар инсу жинлар тўпланиб, ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтирмоқчи бўлсалар, бунда баъзилари баъзиларга ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар.
Батаҳқиқ, ушбу Қуръонда одамларга турли мисолларни баён қилдик. Бас, одамларнинг кўплари куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар. (Аллоҳ таоло Қуръони Каримда одамларни иймонга чорловчи, ҳидоятга йўлловчи, уларнинг қалбларини, ҳис-туйғуларини, ақлларини ишга солувчи турли мисолларни баён қилди. Аммо буни идрок эта олмаган инсонлар ҳамма нарсадан бош тортдилар.)
Улар: «Токи бизга ердан чашма отилтирмагунингча зинҳор сенга иймон келтирмасмиз», дедилар.
Ёки сенинг хурмо ва узум боғинг бўлиб, уларнинг орасидан анҳорларини отилтириб чиқармагунингча.
Ёки ўзинг даъво қилганингдек, устимиздан осмонни парча-парча қилиб туширмагунингча ёхуд Аллоҳни ва фаришталарни олдимизга келтирмагунингча (сенга иймон келтирмаймиз, дерлар). (Бу таклифда очиқ тажовузкорлик, Аллоҳнинг қудратидан қўрқмаслик кўриниб турибди.)
Ёки сенинг олтиндан безалган уйинг бўлмагунича, ёхуд осмонга кўтарилмагунингча, ўша кўтарилишингга ҳам токи биз ўқишимиз учун китоб келтирмагунингча, ишонмаймиз», (дерлар). Сен: «Роббим пок бўлди. Мен фақат башар Пайғамбардан бошқа нарса эмасман», дегин.
Одамларга ҳидоят келган пайтда иймон келтиришларидан манъ қилган нарса фақат, Аллоҳ башардан Пайғамбар юборадими, дейишлари бўлди. (Улар фариштадан кўра, Аллоҳ одамни азизу мукаррам қилиб қўйганини англаб етмас эдилар. Агар одам Аллоҳнинг йўлида юриб, буюрган ишларини қилиб, қайтарганларидан қайтса, фариштадан афзал бўлишини идрок этмас эдилар.)
Сен айт: «Агар ер юзида фаришталар хотиржам юрганларида, уларга осмондан фаришта Пайғамбар туширган бўлар эдик». (Ер юзида яшаб юрганлар одамлар бўлгани учун уларга одамларни Пайғамбар қилди. Агар ер юзида хотиржам яшаб юрганлар фаришталар бўлганида, уларга осмондан фаришта Пайғамбар туширган бўлар эди.)
Сен: «Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. Албатта, У Ўз бандаларидан хабардор ва уларни кўриб тургувчи зотдир», деб айт. (Одамлар ҳақиқатни, Пайғамбарлик нима эканини англашни хоҳламасалар, улар билан тортишишнинг ҳожати йўқ, уларни Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилиб қўйиш керак.)
Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, ўша ҳидоят топгувчидир. У кимни адаштирса, уларга Ундан ўзга зинҳор валийлар топа олмассан. Уларни қиёмат куни юзтубан, кўр, кар, соқов ҳолларида тўплармиз. Уларнинг турар жойлари жаҳаннамдир. У қачон сокин бўлса, уларга оловни зиёда қилармиз. (Аллоҳ таоло, ақлини ишлатиб ҳидоят йўлини ихтиёр этган бандаларини ҳидоятга бошлайди. Ана ўша одам ҳақиқий ҳидоят топган одам бўлади. Ҳавои нафсининг гапига кириб, залолат йўлини ихтиёр этганларни эса, залолатга кетказади.)
Ана ўша, Бизнинг оятларимизга куфр келтирганлари ва «Агар суяк ва титилган тупроқ бўлсак ҳам, албатта, янгитдан яратилиб, қайта тирилтирилурмизми?!» деганлари учун жазоларидир.
Улар осмонлару ерни яратган Аллоҳ уларга ўхшашини яратишга қодир эканини ва улар учун шак-шубҳасиз ажал белгилаганини билмадиларми?! Бас, золимлар куфрдан бошқа нарсадан бош тортдилар.
Сен: «Агар сизлар Роббим раҳмати хазиналарига эга бўлсангиз ҳам, уни сарфлашдан қўрқиб, мумсиклик қилган бўлар эдингиз. Инсон зоти ўзи бахил бўлур», деб айт.