loader
Алиф Лом Мим. (Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: баъзилар "Ҳурифул муқатаот" кесик ҳарфлар десалар, бошқалар "Ҳурифул ҳижои" алифбо ҳарифлари дейдилар, учинчилари эса, "Фавотуҳус суар" сураларни очувчилар дейдилар. Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари: "Бу Аллоҳ билан Пайғамбар алайҳиссалом ўрталаридаги сир", дейдилар. Бошқа бирлари эса, уларга ўзларича маъно йўйганлар. Ихтилофнинг асосий сабаби-улар ҳақида на Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидан ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир.)
Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. (Яъни, Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир. Қуръони Каримнинг бир сифати "тақводорларга ҳидоятдир". Ҳидоят-мақсадга эриштиргувчи лутф билан йўл кўрсатишдир. Тақводорлар эса, уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир. Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак унда тақво бор экан.)
Улар Ғайбга иймон келтирурлар, намоз ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар. (Ушбу оятда Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўла оладиган тақводорларнинг сифатларидан учтаси саналган: Биринчиси-"ғайбга иймон келтирурлар". Абул Олия ғайбга иймон келтиришнинг тафсирида: "Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, қиёмат кунига, жаннатига, дўзахига, мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир", деган эканлар. Иккинчиси-"намоз ўқирлар". Яъни, Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандага қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Парвардигорига қул бўладилар. Намоз орқали банда Аллоҳ таолога боғланади. Ҳаётида ерга қапишиб юришдан юқори нарсани топади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади. Учинчиси-"Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар". Мўмин-мусулмоннинг, тақводор одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ берган ризқ, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам тақводор инсон Аллоҳ берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига садақа қилади. "Садақа" сўзини тасдиқ маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни, яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор. "Нафақа" ўзи умумий сўз бўлиб, закот, хайр-эҳсон, садақа каби маъноларни англатади.);
Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирурлар ва охиратга аниқ ишонурлар. (Демак, тақводорларга оид навбатдаги тўртинчи сифат-Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони Каримга ва у кишидан олдин туширилган самовий китобларга иймон келтириш. Бу нарса, Ислом умматининг буюк сифатларидан бири бўлиб, бошқа ҳеч бир умматда йўқдир. Чунки Ислом умматидан бошқа ҳеч бир уммат Аллоҳдан нозил бўлган барча китобларга бирдек иймон келтирмаган. Ислом уммати Аллоҳ туширган барча китобларга бирдек иймон келтиради.)
Ана ўшалар Роббиларидан бўлган ҳидоятидадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина нажот топгувчилардир. (Ким нажот топишни истаса, ўзида тақводорлик сифатларини мужассам қилишга уринсин.)
Албатта, куфр келтирганларга қўрқитасанми-қўрқитмайсанми-барибир, иймон келтирмайдилар.
Аллоҳ уларнинг қалблари ва қулоқларини муҳрлаб қўйган ва кўзларида парда бор. Ва уларга улкан азоб бордир.
Ва Одамлардан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар.
Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўладилар. Ва ҳолбуки, сезмасдан ўзларини алдайдилар.
Уларнинг қалбларида касал бор. Аллоҳ касалларини зиёда қилди. Ва уларга ёлғон гапирганлари учун аламли азоб бор.
Ва агар уларга, ер юзида фасод қилманг, дейилса, биз фақат ислоҳ қилувчилармиз, дейдилар.
Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир, лекин сезмайдилар.
Ва агар уларга, одамлар иймон келтирганидек, иймон келтиринглар, дейилса, "Эсипастлар иймон келтирганидек иймон келтирамизми?" дейишади. Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар эсипастлардир ва лекин ўзлари билмайдилар.
Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дейдилар, шайтонлари билан ҳоли қолганда эса, биз сизлар биланмиз, фақат истеҳзо қиляпмиз холос, дейдилар.
Аллоҳ уларни истеҳзо қилади ва туғёнларида довдирашларига қўйиб беради.
Ана ўшалар, ҳидоятга залолатни сотиб олганлардир. Ва тижоратлари фойда келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар. (Ушбу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳидоятни қўйиб залолат-адашиш йўлини ихтиёр қилганликларини илоҳий таъбирлар билан баён қилмоқда. Агар улар хоҳласалар, ҳидоят қўлларига теккан эди, ундан фойдаланиб юрсалар бўлар эди. Пайғамбар алайҳиссалом бошқалар қатори уларни ҳам даъват қилган эдилар. Аммо улар ҳидоятни бой бериб, залолатни танладилар. Яъни, ҳидоятга залолатни сотиб олдилар. Аммо уларнинг бу тижорат-савдолари фойда келтирмади. Шу билан бирга, улар ҳидоятда-тўғри йўлда юрувчилардан бўлмадилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Мунофиқнинг белгиси учдир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, сўзида турмайди ва омонатга хиёнат қилади", деганлар. Шунингдек, Имом Бухорий Ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: "Тўрт нарса бор, кимда улар бўлса, тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда улардан бир хислат бўлса, уни ташлагунча, нифоқнинг хислатларидан бири у кишида туради. Омонатга хиёнат қилади, ёлғон гапиради, аҳд қилса, алдайди ва тортишса, фожирлик қилади", дейилган.)
Улар мисоли ёққан ўти энди атрофини ёритганида Аллоҳ нурларини кетказиб, қоронғу зулматларда қолдирган кишиларга ўхшайдилар. Улар кўрмайдилар. (Ҳақиқатда ҳам, мунофиқлар кофирларнинг зидди ўлароқ, аввал бошдан Ислом даъватини эшитдилар. Ислом-иймон калималарини нутқ қилдилар, ҳатто яхшигина қулоқ осдилар, иймон келтирдик, дедилар, ибодат ҳам қилдилар. Кейин эса, ҳаммасини ташлаб, инкор қилиб, куфр, нифоқ, шак-шубҳа зулматларида қолиб кетдилар.)
Улар кар, соқов, кўрдирлар. Бас, улар қайтмаслар.
Ёки худди осмондан ёмғир ёғиб, қоронғу босиб, момақалдироқ ва чақмоқ чаққанда, яшиндан қочиб, панжаларини қулоқларига тиқиб, ўлимдан эҳтиёт бўлаётган одамга ўхшарлар. Ва Аллоҳ кофирларни ўраб олувчидир.
Чақмоқ уларнинг кўзини олиб қўяй дейди. Ёриган пайтда юришади, қоронғи бўлса, тўхташади. Агар Аллоҳ хоҳласа, уларнинг кўзу қулоқларини кеткизади. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Аллоҳ таоло ушбу икки оятда мунофиқларнинг ҳайратлари, иккиланишлари ва умумий руҳий ҳолатларини момақалдироқ бўлиб чақмоқ чақиб, осмонни зулмат босиб, қаттиқ ёмғир ёққанда кўчада қолган бечора одамга ўхшатади. У қўрққанидан даҳшатга тушиб, яшиндан қутулмоқчи бўлади, панжаларини қулоқларига тиқиб, шу мени ўлимдан сақлайди, деб туради. Улар куфр ва нифоқ зулматидадирлар; чақмоқ чаққан пайтдаги ёруғдан фойдаланиб бир-икки қадам боса оладилар, чақмоқдан кейин яна қоронғуда туриб қоладилар.)
Эй одамлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг. Шоядки тақводор бўлсангиз. (Ушбу оятда умумбашарга қарата нидо этилмоқдаки, сизларни яратган тарбиякунандаларингиз улуғ Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизларни яратишда У ягона бўлган, энди ёлғиз Ўзига ибодат қилишингизга ҳақлидир. Ибодатдан мақсад-шоядки тақводор бўлсаларингиз.)
У сизларга ерни тўшаб, осмонни бино қилган ва осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган зотдир. Билиб туриб Аллоҳга бошқаларни тенглаштирманг.
Ва агар бандамизга туширилган нарсамизга шакингиз бўлса, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва рост сўзловчилардан бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг.
Бас, агар қила олмасанглар, ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам, ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар. (Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг, "ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам", дейиши улкан мўъжизадир. Бу ерда Қуръон сураларидан биттасига ўхшаш сурани ҳеч қачон келтира олмаслиги таъкидлаб айтилмоқда.)
Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга, улар учун остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар борлигининг башоратини бер. Қачонки уларнинг мевасидан баҳраманд бўлсалар, бундан аввал ҳам ризқланган эдик, дейишади. Уларга ўхшаш нарсалар берилгандир. Уларга бу ерда покиза жуфтлар бор ва улар у ерда абадий қолурлар. (Ушбу ояти каримада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга башорат-суюнчилик хабар беришни буюрмоқда. Демак, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатга кириш учун иймон келтириш, яъни, Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ва иймон лозим бўлган бошқа нарсаларга иймон келтириш ҳамда амали солиҳларни, яъни, Қуръон ва суннатда яхши деб таърифланган ишларни қилиш зарурдир.)
Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас. Иймон келтирганлар, албатта, у Роббиларидан келган ҳақлигини биладилар. Аммо куфр келтирганлар. Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилади, дейишади. У билан кўпчиликни залолатга кеткизади ва кўпчиликни ҳидоятга солади. У билан фақат фосиқларнигина залолатга кеткизади.
Улар Аллоҳнинг аҳдини боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир. (Яъни, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажраб туради. Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга... ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ-кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар. Фасоднинг тури жуда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод-борлиқни яратувчи зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлини тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишидир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.)
Аллоҳга қандай куфр келтирасизлар? Ва ҳолбуки жонсиз эдингиз У сизга жон берди, сўнгра жонингизни олади ва яна тирилтиради ва сизлар Унга қайтажаксизлар.
У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот. Сўнгра осмонга юзланди ва уларни еттита қилиб тўғрилади. Ва У ҳар бир нарсани билувчи зотдир. (Аллоҳ дунёдаги жамики нарсаларни инсонга ҳадя этган экан, инсон ҳам, ўз навбатида, ўша неъматларни берган Зотга шукр қилиб яшамоғи лозим. Ҳол шундай экан, қандай қилиб улар Аллоҳни инкор этадилар ва унга куфр келтирадилар?!)
Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: "Мен ер юзида халифа қилмоқчиман", деди. Улар: "Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз", дедилар. У: "Мен сиз билмаганни биламан", деди. (Ушбу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари-халифаси бўлишини ирода этган экан. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.)
Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: "Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг", деди.
Улар:"Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан", дедилар.
У зот:"Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер", деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, "Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим", деди. (Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.)
Эсла, фаришталарга: "Одамга сажда қилинглар!" деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди. (Фаришталарга саждани буюриб, Аллоҳ Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни-Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди. Фаришталар дарҳол сажда қилдилар, чунки улар фитратида Аллоҳнинг амрига исён қилиш хусусияти йўқ. Фақат Иблис сажда қилмади.)
Ва: "Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар", дедик.
Шайтон уларни ундан оздирди ва бўлган нарсаларидан чиқарди. Ва Биз: "Баъзингиз баъзингизга душман бўлиб тушинглар, сизларга ер юзида қароргоҳ ва бир муддат ҳузур қилиш бордир", дедик.
Бас, Одам ўз Роббисидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли зотдир.
Биз: "Ундан ҳаммангиз тушинг, бас, Мендан сизга ҳидоят келажак. Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар", дедик.
Ва куфр келтирган ҳамда оятларимизни ёлғонга чиқарганлар эса, улар дўзах эгаларидир, улар унда абадий қолурлар. (Аллоҳнинг ҳидоятига эргашмаганларни Аллоҳ таоло лўнда қилиб, куфр келтирганлар деб қўя қолган. Эришадиган оқибатлари аниқ: улар дўзахга тушадилар, ўша ерда абадий қоладилар.)
Эй Бани Исроил, сизга берган неъматларимни эсланг ва Менга берган аҳдингизга вафо қилинг. Мен ҳам сизга берган аҳдимга вафо қиламан. Ва Мендангина қўрқинг.
Ва сиздаги нарсани тасдиқловчи қилиб туширган нарсамга иймон келтиринг. Унга биринчи куфр келтирувчи бўлманг. Менинг оятларимни оз баҳога сотманг ва Менгагина тақво қилинг.
Ҳақни ботилга аралаштирманг ва ўзингиз билиб туриб ҳақни беркитманг.
Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг.
Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?!
Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир. (Биз ёрдам сўранг деб таржима қилган ибора араб тилида "истаъийну" деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу уриниш билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр ҳам, кўпчилик хаёл қилганидай салбий маънода, яъни, нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим-ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир. Энг бош сабр ҳавою нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳнинг айтганига юришга чидамдир.)
Улар, албатта, Роббиларига рўбарў бўлишлари ва, албатта, Унга қайтиб боришларига ишонган зотлардир.
Эй Бани Исроил, сизга берган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг! (Ўша пайтларда Пайғамбарлик, илоҳий китоблар ва бошқа афзалликлар Бани Исроилга берилган эди. Лекин улар бу неъматларга шукр этмадилар, аҳдга вафо қилмадилар. Шундан сўнг Аллоҳ уларни лаънатлади, ғазаб қилди, хорлик ва зорликни раво кўрди.)
Бир жон бошқасидан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, ундан тўлов олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган кундан қўрқинг.
Сизни ёмон азобларга солиб, ўғилларингизни сўйиб, қизларингизни тирик қолдираётган Фиръавн аҳлидан қутқарганимизни эсланг. Ана ўшанда Роббингиздан улуғ синов бордир. (Фиръавн-қадимги Миср подшоҳининг лақаби. Яъни, ким Мисрга подшоҳ бўлса, Фиръавн бўлади. "Фиръавн аҳли" дегани Фиръавннинг одамлари демакдир. Фиръавн Бани Исроилда туғилган ўғил болаларни ўлдириб, қизларни тирик қолдириши ҳам улкан бир азоб.)
Ва денгизни ёриб, сизни қутқариб, сизнинг кўз олдингизда Фиръавн аҳлини ғарқ қилганимизни эсланг. (Бани Исроилни Мусо алайҳиссалом Мисрдан олиб чиқиб кетаётганларида, Фиръавн одамлари билан қувиб келиб қолади. Шунда Аллоҳ денгизни иккига бўлиб йўл очади ва Бани Исроил ўтиб оладилар. Ортларидан Фиръавн одамлари билан тушганда, Аллоҳ уларни ғарқ қилади.)