loader
Ва Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимизни, у (кетгани) дан сўнг золим бўлган ҳолингизда бузоқни (худо деб) тутганингизни эсланг!
Ўшандан кейин сизни афв этдик. Шоядки шукр қилсангиз.
Шоядки ҳидоят топсангиз, деб Мусога китобни ва фурқонни берганимизни эсланг.
Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, албатта, сиз бузоқни (худо) тутишингиз ила ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз. Энди сизни йўқдан бор қилувчи зотга тавба қилинг, ўзингизни ўзингиз ўлдиринг, шундоқ қилмоғингиз йўқданбор қилувчи зот ҳузурида сиз учун яхшидир. Бас, тавбангизни қабул қилди. Чунки У тавбани кўплаб қабул қилувчи ва раҳмли зотдир», деганини эсланг. (Бузоқни худо деб тутиш инсон учун, унинг ақли учун нақадар улкан ор бўлишига қарамай, Бани Исроил табиатидаги бузуқликдан келиб чиқиб, шу ишни ўзига эп кўрди ва бу билан ўзига ўзи зулм қилди.)
«Эй Мусо, Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча сенга ишонмаймиз», деганингизни, шунда сизни ўзингиз назар солиб турганингизда яшин урганини эсланг. (Бани Исроилнинг бу шаккоклиги учун Аллоҳ таоло муносиб жазолади: ўзлари қараб турган ҳолда яшин уриб, ҳалок бўлдилар.)
Сўнгра ўлимингиздан кейин қайта тирилтирдик, шоядки шукр қилсангиз. (Аллоҳ таоло уларни қайта тирилтирибгина қўймади. Балки яна қўшимча марҳаматлар кўрсатди.)
Ва булутни устингиздан соя солдириб қўйдик, сизга манн ва беданани туширдик. Ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларини енглар. Бизга зулм қилмадилар. Лекин ўзларига зулм қилар эдилар. (Ибн Касирнинг айтишларича, «Манн» ўзини еса, таом ва ширинлик, сувга қўшиб ичса, ичимлик бўладиган нарсадир. Уни бошқа нарсаларга қўшса ҳам бўлаверади.)
«Ушбу қишлоққа кирингиз ва унинг хоҳлаган жойида енглар, еганингиз ош бўлсин ва эшикдан таъзим билан, ҳиттатун, деб киринг, сизнинг хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшиларга зиёда қиламиз», деганимизни эсланг. (Ушбу оятда, «Ушбу қишлоққа кирингиз», деган жумладаги «қишлоқ»дан мурод–Қуддуси шарифдир. Узоқ замонлар Мисрда ватангадо бўлиб юрган Бани Исроилга Аллоҳ таоло ватан ато қилиб, «қишлоққа кирингиз», деяпти. Бунинг устига яна: «Хоҳлаган жойингизда еб-ичинглар, еганларингиз ош бўлсин», деб катта марҳамат кўрсатяпти. Шу билан бирга, қандай ҳолда кириш лозимлигини ҳам ўргатди. Эшикдан сажда қилиб, яъни, одоб билан, «ҳиттатун» деган сўзни айтиб киринг, дейилди. «Ҳиттатун» дегани–афв эт, гуноҳимни кеч, деган маънони англатар экан. Бани Исроил агар қишлоққа сажда қилиб, гуноҳларини кечишини сўраб, Аллоҳ ўргатган сўзни айтиб кирсалар, Парвардигор уларга мағфират ваъда қилди. «Сизнинг хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшиларга зиёда қилиб берамиз», деди.)
Бас, зулм қилганлар уларга айтилган сўзни бошқасига алмаштирдилар. Биз зулм қилганларга фисқ қилаётганлари учун осмондан азоб туширдик. ( Бани Исроил яна бузғунчилик қилди. Аллоҳ таоло ўргатган «ҳиттатун» сўзи ўрнига бошқа сўзни алмаштириб айтдилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбар алайҳиссалом: «Бани Исроилга, эшикдан таъзим қилиб, ҳиттатун, деб киринглар, дейилган эди. Улар думбалари билан судралиб, сўзни алмаштириб, ҳаббатун фи шаъратин, деб кирдилар», дедилар. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, улар ҳам амалда, ҳам сўзда хилоф қилганлар. Сажда (таъзим) қилиб киринглар, дейилса, думбалари билан судралиб кирганлар. «Ҳиттатун» деб айтинглар, дейилса, «ҳаббатун фи шаъратин», яъни, арпа дони ичидаги бир дона дон, дейишган. Уларнинг бу ишлари ҳам зулм, ҳам фисқ–Аллоҳнинг амридан чиқиш эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга осмондан азоб туширди.)
Мусо ўз қавмини сероб қилишни сўраганида, «Ҳассанг билан тошни ур!» деганимизни эсланг. Бас, ундан ўн икки булоқ отилиб чиқди. Ҳар қабила ўз сувини билди. Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар. Ер юзида бузғунчилик устига бузғунчилик қилманглар.
«Эй Мусо, бир хил таомга ҳеч чидай олмаймиз, Роббингга дуо қил, бизга ерда ўсадиган нарсалардан–сабзавот, бодринг, саримсоқ, мош, пиёз чиқариб берсин», деганингизни эсланг. У: «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни сўрайсизларми? Бирорта шаҳарга тушинг, сўраганингизни албатта, топасиз», деди. Уларга хорлик ва мискинлик ёзилди ва Аллоҳнинг ғазабига лойиқ бўлдилар. Бу Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлари, Пайғамбарларни ноҳақ қатл этганлари учундир. Бу исёнга кетганлари ва ҳаддан ошганлари учундир.
Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насоролар ва собиийлардан, қайсилари Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса ва яхши амалларни қилса, ўшаларга Роббилари ҳузурида ажрлар бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар. (Ояти каримадаги «иймон келтирганлар»дан мурод мусулмонлардир. «Яҳудий бўлганлар»–Бани Исроилдир. Яҳудийнинг икки тоифаси бор: биринчиси–Аллоҳга қайтган, иккинчиси–Яҳудонинг фарзандлари. «Насоролар» деганда эса, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирганлар тушунилади. Улар у кишига ёрдам берганлари учун «насоро» (ёрдам берувчилар) деб ном олганлар. «Собиийлар» деб Пайғамбаримиз келишларидан олдин араб мушрикларидан бир гуруҳлари ўз қавмларининг буту санамларга сиғинишларини ёқтирмай, ўзлари янги ақида ахтариб, охири, Иброҳим алайҳиссалом динида юрамиз, деб қавмларидан ажраб чиққан кишиларга айтилади. Бу номни уларга мушриклар берган, яъни, оталарининг динидан бурилганлар, деганидир.)
Аҳду паймонларингизни олганимизни ва устингизга Турни кўтарганимизни, «Биз сизга берган нарсани қувват билан олинг ва ундаги нарсани эсланг, шоядки тақводор бўлсангиз», деганимизни эсланг.
Сўнгра ўшандан кейин юз ўгирдингиз. Сизга Аллоҳнинг фазли бўлмаганида, албатта ютқазганлардан бўлардингиз.
Батаҳқиқ, сизлардан шанба куни тажовузкорлик қилганларни билдингиз. Биз уларга: «Қувилган, хор-зор маймунга айланинг», дедик.
Биз бу (ҳодиса) ни унинг олдидагиларга ва кейинидагиларга ва тақводорларга мавъиза қилдик. (Ушбу хабарлардан Бани Исроилнинг яна икки ахлоқини билиб олса бўлади. 1. Кўп таъкидлашга қарамай, ўзларига тушган ваҳийдан, илоҳий кўрсатмалардан юз ўгириш. 2. Буйруқ ва қайтариқларга юзаки амал қилган бўлиб, аслида, хилоф иш тутиш. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Яҳудийлар қилган ишни сизлар қилманглар, Аллоҳ харом қилган нарсаларни ҳар хил ҳийлалар билан ҳалол ҳисобламанглар», дейдилар.)
Мусо ўз қавмига: «Аллоҳ сизга сигир сўймоқни буюрмоқда», деганини эсланг. Улар: «Бизни масхара қиляпсанми?» дедилар. У: «Жоҳиллардан бўлишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман», деди.
Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини баён қилиб берсин», дедилар. У: «У қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, икковининг ўртасидаги сигир, деяпти. Бас, буюрилган нарсани бажаринг», деди.
Улар: «Роббингга дуо қил, унинг рангини баён қилиб берсин», дедилар. У: «У, ранги сап-сариқ, қараганларни хурсанд қиладиган сигир, деяпти», деди.
Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини бизга баён қилиб берсин, сигир бизга ноаниқ бўлиб қолди, биз, иншааллоҳ, албатта ҳидоят топувчимиз», дедилар.
У: «У, ўша сигир минилмаган, ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, аралашган ранги йўқ, деяпти», деди. Улар: «Ана энди ҳақни келтирдинг», дедилар. Бас, уни сўйдилар. Сал бўлмаса, қилмасдилар.
Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақида ихтилофга тушганингизни эсланг. Аллоҳ сиз беркитган нарсани чиқаргувчидир.
«Бас, уни у(сигир)нинг баъзи жойи билан уринг», дедик. Аллоҳ худди шундай қилиб ўликларни тирилтиради ва оят-аломатларини сизга кўрсатади. Шоядки ақл ишлатсангиз.
Сўнгра, шундан кейин қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки тошдан ҳам қаттиқ. Ва ҳолбуки, тошларнинг баъзиларидан анҳорлар отилиб чиқади, баъзилари ёрилиб ундан сув чиқади ва баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан қулаб тушади. Ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмас. (Ушбу оятда Аллоҳ таоло Бани Исроилнинг охирги ҳодисадан кейинги ҳолатини васф қилмоқда. Шунча мўъжиза кўрган инсон, ким бўлишидан қатъий назар, қалби эриб, Аллоҳга бўлган эътиқоди зиёда бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроилнинг қалблари қаттиқ бўлди. Қаттиқ бўлганда ҳам, тошдек қаттиқ, балки тошдан ҳаим қаттиқ бўлди.)
Уларнинг иймон келтиришларини тамаъ қиласизларми? Ва ҳолбуки, улардан бир гуруҳлари Аллоҳнинг каломини эшитар эдилар ва сўнгра уни тушунганларидан кейин билиб туриб бузар эдилар. (Иймон ўзига яраша поклик, мусаффолик, нурни қабул қилиб олишга истеъдод талаб қилади. Аммо яҳудийларда бу нарсага яқинлик ҳеч сезилмаяпти. Уларнинг энг яхши вакиллари бўлмиш диний олимларики Аллоҳнинг каломини эшитиб, уни тушуниб етгандан сўнг, билиб туриб бузсалар, қолганлари нима ҳам қилар эди.)
Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дейдилар. Баъзилари баъзилари билан холи қолсалар: «Уларга Аллоҳ сизга очган нарса ҳақида Роббингиз ҳузурида ҳужжат талашишлари учун гапиряпсизми? Ақлни ишлатмайсизми?» дейдилар. (Шунақа сифат эгаларининг иймонга келишидан умидвор бўлса бўладими? Улар иккиюзлама қавмдир. Мусулмонлар билан учрашиб қолганда, иймонга келдик, Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлдик, дейишади. Чунки Тавротда у киши ҳақларида башоратлар бор ва яҳудийлар у зотнинг Пайғамбар бўлиб келишларини кутаётган эдилар. Аллоҳ таоло ўша Пайғамбар туфайли бизни душманларимизга ғолиб қилади, дейишар эди... Аммо ўзлари бир-бирлари билан ёлғиз қолганларида, бу ҳақиқатни ошкор қилганларни сўка бошлар эдилар.)
Аллоҳ уларнинг сир тутгану ва ошкор қилган нарсаларини, албатта, билишини англамайдиларми? (Зикр қилинган бу ҳол яҳудийларнинг диний олимларига оид.)
Уларнинг ичида китобдан бехабар, хомхаёлдан бошқани билмайдиган омийлар бор. Улар фақат гумон қиладилар халос. (Яъни, яҳудийлар ичида Тавротдан бехабар, унда нима гап борлигини билмайдиган саводсиз омийлар ҳам бор. Ўша омийларнинг билгани фақат хомхаёл, холос. Турли нарсаларни гумон қилиб, ўша гумонига ишониб юраверади. Бу омийларнинг шундай ҳолга тушиб қолишига нима сабаб? Асосий сабабларидан бири–залолатга кетган уламолар.)
Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин! (Ояти карима зикр қилган «арзон баҳо» ҳақида Имом Ҳасан Басрий: «Арзон баҳо–дунё ва унинг нарсаларидир» деган эканлар. Дунёга молу бойлик, мансаб ва бошқалар киради.)
Ва улар: «Бизга (дўзах) ўти ҳеч тегмайди, тегса ҳам саноқли кунларгина тегади», дедилар. Сен: «Аллоҳдан аҳд олдингизми? Зотан, Аллоҳ аҳдига ҳеч хилоф қилмайди. Ёки Аллоҳнинг номидан билмаган нарсангизни гапиряпсизми?» деб айт.
Йўқ! Ким гуноҳ қилса ва уни хатолари ўраб олган бўлса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.
Ва иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар, ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.
Бани Исорилдан Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга яхши гаплар айтинг, намозни қоим қилинг, закот беринг, деб аҳду паймон олганимизни эсланг. Сўнгра озгинангиздан бошқангиз юз ўгириб, ортга қараб кетдингиз. (Мулоҳаза қилинса, Аллоҳ таоло Бани Исроилдан аҳду паймон олган ишлар Ислом дини ҳам буюрган ишлардир. Шундан ҳамма самовий динларнинг бирлиги келиб чиқади. Тавҳид ақидасининг асоси–Аллоҳдан бошқага ибодат қилмаслик–аҳду паймон олинган ишларнинг бошида саналяпти. Ота-онага яхшилик қилиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Қариндошларнинг қариндошлик ҳаққи бор, уларга ҳам яхшилик қилиш лозим. Етимлар–боқувчисиз қолган ёш болалардир. Жамиятда уларнинг ҳам ҳаққи бор. Шунингдек, мискинлар ҳам турли сабабларга кўра, ҳаёти ноқулай ҳолларга тушиб қолган шахслардир, уларга ҳам яхшилик кўрсатиш инсоннинг инсонийлик бурчи ҳисобланади.)
Сизлардан бир-бирингизнинг қонларингизни тўкмайсиз ва диёрингиздан чиқармайсиз, деб аҳду паймонингизни олганимизни эсланг. Сўнгра гувоҳлик бериб туриб иқрор бўлдингиз.
Сўнгра сиз ўзингизни ўзингиз ўлдирасиз ва бир гуруҳингизни диёридан чиқарасиз ҳамда уларга қарши гуноҳ ва душманлик йўлида ёрдам берасиз. Агар улар асир бўлсалар, қутқариб оласиз. Ва ҳолбуки, уларни чиқариш ҳаром эди. Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?! Сизлардан ўшани қилганларнинг жазоси бу дунёда фақат расво бўлишликдир, қиёмат кунида эса, энг шиддатли азобга қайтарилурлар. Аллоҳ қилаётганингиздан ғофил эмас.
Ана ўшалар дунё ҳаётини охиратга сотиб олганлардир. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.
Ва батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан Пайғамбарларни кетма-кет юбордик. Ва Ийсо ибн Марямга равшан (мўъжизалар)ни бердик ва уни руҳул қудс билан қўлладик. Ҳар қачон Пайғамбар сизнинг ҳавою нафсингизга ёқмайдиган нарса келтирса, мутакаббирлик қилиб, баъзиларини ёлғончига чиқариб, баъзиларини ўлдираверасизми?!
Ва улар: «Қалбимиз ғилофланган», дейишади. Йўқ, ундай эмас, куфрлари сабабли Аллоҳ уларни лаънатлаган. Бас, озгинагина иймон келтирадилар. (Яҳудийлар Исломга даъват қилинганларида: «Бизнинг қалбимиз ғилофланган, янги даъват кирмайди, янги даъватчини қабул қилмайди», деб айтишар эдилар. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу гаплари ёлғон эканини фош этиб, ҳақиқатни баён қилмоқда. Ҳақиқат нима? Ҳақиқат шулки, улар аввалдан куфр келтириб, иймондан қочиб юрганлари учун Аллоҳ уларни лаънатлаб, яъни, раҳматидан қувиб, ҳидоят неъматидан маҳрум этган. Шу сабабдан улар иймонга кела олмайдмлар. Агар мабодо келсалар ҳам, жуда оз келадилар.)
Уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги нарсани тасдиқловчи китоб келганда, ва ҳолбуки, кофирларга қарши (ундан) ёрдам кутардилар, ўзлари билган нарса келганда, унга куфр келтирдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. (Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладиларки, яҳудийлар Авс ва Хазраж қабилаларига қарши, яқинда бизнинг китобларимиз хабарини берган Пайғамбар чиқади, биз унга иймон келтириб, сизларнинг устингиздан ғалаба қозонамиз, дер эдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбарни араблар ичидан танлаб юборгач эса, у кишига куфр келтирдилар. Аввалги гапларини ўзлари инкор қилдилар. Шунда Муоз ибн Жабал, Башир ибн ал-Барраа ибн Маъруф ва Довуд ибн Саламалар уларга қарата: «Эй яҳудийлар жамоаси, Аллоҳдан қўрқинглар! Мусулмон бўлинглар! Биз ширк аҳли бўлган давримизда, бизга қарши у кишидан ёрдам топишингизни айтар эдингизлар. У кишининг Пайғамбар қилиб юборилиши хабарини берар эдингизлар. Сифатларини айтиб берар эдингизлар», дедилар. Бунга жавобан Бани Назийр яҳудийларидан Салом ибн Мушкам дегани: «У биз билган нарсани олиб келди. Биз сизга айтган бу эмас», деди.)
Улар ўзларини сотган нарса, Аллоҳ бандаларидан хоҳлаганига Ўз фазлидан туширганига ҳасад қилиб, Аллоҳ туширган нарсага куфр келтирмоқлик, қандоқ ҳам ёмон. Улар ғазабнинг устига ғазабни лозим тутдилар. Кофирларга хор қилувчи азоб бордир.
Агар уларга: «Аллоҳ туширган нарсага иймон келтиринг», дейилса, «Бизга туширилган нарсага иймон келтирамиз», дейишади. Ва ундан кейинги нарсага куфр келтиришади. Ҳолбуки, у улардаги нарсани тасдиқловчи ҳақдир. Айт: «Агар мўмин бўлсангиз, нимага илгари Аллоҳнинг Пайғамбарларини ўлдирдингиз?!»
Ва батаҳқиқ, Мусо сизларга равшан (мўъжиза)лар ила келди. Сўнгра сиз ундан кейин золим бўлган ҳолингизда бузоқни (худо) тутдингиз.
Сиздан аҳду паймонингизни олиб, устингизга Турни кўтариб: «Сизга Биз берган нарсани қувват билан тутинг ва тингланг», деганимизни эсланг. Улар: «Тингладик ва исён қилдик», дедилар. Куфрлари сабабли қалбларига бузоқ ўрнаштирилди. Айт: «Агар мўмин бўлсангиз сизнинг иймонингиз қандай ҳам ёмон нарсага буюради!» (Бани Исроилнинг хиёнаткорлиги, алдамчилиги ва бошқа кирдикорларни назарда тутган ҳолда Аллоҳ таоло улардан таъкидланган, ҳужжатлаштирилган аҳду паймон олган ва устиларига Тур тоғини кўтариб туриб: «Сизга Биз берган нарсани қувват билан тутинг ва тингланг», деб айтган эди. Иймони бор халққа шу етарли бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроил нима қилди?! Улар тилда «эшитдик», дейишди, аммо амаллари билан, «исён қилдик», дейишди. Яъни, тил бошқа, амал бошқа бўлди.)
Айт: «Агар Аллоҳнинг ҳузуридаги охират ҳовлиси бошқа одамларсиз холис сизга бўладиган бўлса, гапингизда ростгўй бўлсангиз, ўлимни орзу қилинг».
Улар қўллари тақдим қилган нарсалар сабабидан, уни абадий, ҳеч-ҳеч орзу қилмаслар ва Аллоҳ зулм қилувчиларни билувчи зотдир. (Оятдаги «қўллари тақдим қилган нарсалар» жумласи, «гуноҳлар» маъносида келгандир. Араб тилида бирор нарсанинг аҳамиятини бўрттириб кўрсатилмоқчи бўлинса, ушбу услуб ишлатилади. Демак, яҳудийлар ўлимни орзу қила олмайдилар. Чунки улар ўзларининг гуноҳларини яхши биладилар. Ушбу гуноҳлар билан ҳеч-ҳеч жаннатга кириб бўлмайди. Ўлсалар, беш кунлик дунёнинг матосидан ажралиб қолишларидан қўрқиб, бу дунё ҳаётига маҳкам ёпишиб оладилар.)
Уларнинг ҳаётга энг ҳирс қўйган одамлар эканлигини биласан. Мушриклардан бирлари минг йил умр кўришни суяди. Аммо узоқ умр кўриши уни азобдан қутқармайди. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўрувчидир.
Жиброилга душман бўлганларга айт, албатта у(Қуръон)ни сенинг қалбингга Аллоҳнинг изни билан, ўзидан олдингини тасдиқловчи ва мўминлар учун ҳидоят ва башорат қилиб туширди. («Жиброилга душман бўлганлар»–яҳудийлардир. Улар Жиброил фаришта алайҳиссаломни ўзларига душман ҳисоблашар эдилар. Бунга далил ўлароқ Имом Аҳмад Ҳанбал ривоят қилишича яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан узоқ суҳбат қурган эдилар. Шунда, «Улар: «Ҳар бир Пайғамбарнинг унга хабар келтирадиган фариштаси бўлади. Бизга айт-чи, сенинг соҳибинг ким?» дедилар. У киши: «Жиброил алайҳиссалом», дедилар. Улар: «Жиброил урушни, жангни, азобни туширади, бизнинг душманимиз, агар раҳмат, ёмғир ва набототларни олиб тушадиган Микоил деганингда, яхши бўларди», дедилар.)
Ким Аллоҳга, унинг фаришталарига, Пайғамбарларига, Жиброилга ва Микоилга душман бўлса, албатта, Аллоҳ кофирларнинг душманидир.
Батаҳқиқ, сенга равшан оятларни туширдик, уларга фақат фосиқларгина куфр келтирадир.
Ҳар қачон аҳд қилишсалар, улардан бир гуруҳи уни бузаверадими?! Йўқ! Уларнинг кўплари иймон келтирмаслар.