loader
Улардаги нарсани тасдиқлаб, Аллоҳнинг ҳузуридан уларга Пайғамбар келса, китоб берилганлардан бир гуруҳи, худди билмагандек, Аллоҳнинг китобини ортларига қараб отдилар. («Аллоҳнинг китоби» Таврот бўлиши мумкин, чунки унда Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар бўлиб келишлари башорати бор. Тавротнинг башоратини тан олмаганларни китобни орқаларига қараб отиш деб васф этилмоқда. Айни чоқда, у китоб Қуръони Карим ҳам бўлиши мумкин, чунки яҳудийлар уни ҳам қабул қилмадилар.)
Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: «Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва икковларидан зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганадилар. Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон! (Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима–кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога «Сулаймон кофир бўлмаган» деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда. Кофирликни бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади сеҳрларини? «Эр-хотиннинг ўртасини бузишга». Демак, ёмон нарсага. Cеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар.)
Агар улар иймон келтириб, тақво қилганларида, гар билсалар, Аллоҳнинг ҳузуридаги савоб яхши эди.
Эй иймон келтирганлар! «Роъина» деманглар, «унзурна» денглар ва тингланглар. Ва кофирларга аламли азоб бўлур. (Cаҳобаи киромлар ўрганиши лозим бўлган нарсаларни сабоқ олсалар, Пайғамбаримиз алайҳиссалату вассаламга, «Роъина», яъни, кузатиб туринг, тушуниб, ўзлаштириб олайлик, дейишар экан. Аммо пасткаш яҳудийлар мусулмонларни таҳқирлаш учун шу ҳолатдан ҳам фойдаланишибди. Ўзларининг иброний тилларида худди «роъина» каби талаффуз этиладиган, лекин сўкиш, масхара маъносида ишлатиладиган сўзни Расули акрам c. а. в. ҳузурларига келганда айтадиган бўлишибди.)
Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирлар сизларга Роббингиздан яхшилик туширилишини ёқтирмайдилар. Ва ҳолбуки, Аллоҳ Ўз раҳматини кимга хоҳласа, ўшанга хос қилади. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унутдирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир эканини билмадингми?
Албатта, осмонлару ернинг мулки Аллоҳники эканини ва сизларга Аллоҳдан ўзга дўст йўқ, ёрдамчи ҳам йўқлигини билмадингми? («Насх» сўзи луғатда ўзгартиш, бекор қилиш маъносини билдиради. Шариат таърифида эса, бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор қилинишига айтилади. Тушуниш учун оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, кўпчилик бўлар-бўлмасга Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига кириб, бекорчи гаплар билан у зотнинг вақтларини олишаверганидан сўнг, Аллоҳ таоло оят тушириб, ким Пайғамбар алайҳиссалом билан ҳузурларида ёлғиз қолиб гаплашмоқчи бўлса, гаплашишдан олдин садақа қилишга буюрди. Одамлар бу орқали Пайғамбар алайҳиссаломнинг қимматли вақтларини бекор ўтказмаслик лозим эканлигини англаб бўлганларидан сўнг, бошқа оят тушириб, аввалги ҳукм бекор қилингани эълон этилди.)
Ёки Пайғамбарингиздан, бундан аввал Мусодан сўралганидек, савол сўрашни хоҳлайсизми?! Ким иймонни куфрга алмаштирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашган бўлади. (Аллоҳ таоло мусулмонларни яҳудийларга ўхшаб ғаразли саволлар беришдан қайтармоқда. Пайғамбар алайҳиссаломдан Мусо алайҳиссаломдан Бани Исроил сўраган нарсаларга ўхшаш нарсаларни сўрашнинг ёмонлигини баён қиляпти ва бу ишни, иймонни куфрга алмаштириш, деб атаяпти.)
Аҳли китоблардан кўплари уларга ҳақ равшан бўлганидан кейин, ўзларича ҳасад қилиб, сизларни иймонли бўлганингиздан кейин кофирликка қайтармоқчи бўладилар. Аллоҳнинг амри келгунча афв этинг, кечиримли бўлинг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
Намозни қоим қилинг, закот беринг, ўзингиз учун қилган яхшиликларни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ қилаётганингизни кўрувчидир.
Ва улар: «Жаннатга яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким кирмайди», дедилар. Бу уларнинг хом хаёлларидир. «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатингизни келтиринг», деб айт.
Йўқ! Кимки яхшилик қилган ҳолида юзини Аллоҳга топширса, унга Робби ҳузурида ажр бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар. (Демак, ҳам маънавий, ҳам моддий тарафдан фақат Аллоҳ учун бўлган иш ўз эгасини мукофотга етказади. Аввало, «Робби ҳузурида ажр бордир». Яна унга келажакда хавф йўқ. Яна у бўлиб ўтган ишлардан афсусланмайди. Булар Аллоҳнинг ваъдаларидир ва, муҳаққақ, шундай бўлгусидир.)
Яҳудийлар: «Насронийлар арзимас нарсададирлар», дедилар. Насронийлар: «Яҳудийлар арзимас нарсададирлар», дедилар. Ва ҳолбуки, улар китоб тиловат қиладилар. Шунингдек, билмайдиган кимсалар ҳам уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Бас, қиёмат куни ораларида Аллоҳ улар ихтилоф қилган нарса ҳақида ҳакамлик қилади. (Самовий китоб эгаси бўлмаган халқлар оятда илоҳий таълимотларни «билмайдиган кимсалар» деб аталяпти. Улар ҳам яҳудий ва насронийларнинг гапларига ўхшаш гапларни айтадилар, яъни, булар иккаласи ҳам ҳеч нарсага арзимайди, дейдилар. Улар тортишишган масаланинг ҳақиқий ҳукмини Аллоҳ таоло қиёмат куни Ўзи чиқаради.)
Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни бузишга ҳаракат қилгандан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар у жойларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди-ку! Уларга бу дунёда хорлик бордир ва уларга охиратда улуғ азоб бордир.
Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа қарасангиз, Аллоҳнинг юзи бор. Албатта, Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир. (Бутун ер юзи–мағрибу машриқ мусулмонлар учун масжид қилинган. Чунки ер юзи Аллоҳ таолоники. Унга ибодат қилмоқчи бўлган одам ҳар жойда қилаверса бўлаверади.)
Улар: «Аллоҳ ўзига фарзанд тутди», дейдилар. У покдир. Балки осмонлару ердаги барча нарсалар Уникидир. Ҳамма Унга бўйсунувчидир.
У осмонлару ерни пайдо қилувчидир. Бирор ишни қилмоқчи бўлганида, унга: «Бўл!» деса, бўлаверадир. (Кофирлар ушбу ояти каримада келганидек, «Аллоҳ ўзига фарзанд тутди», дейдилар. Бу оятлар тушаётган пайтда мусулмонлар билан юзма-юз тўқнашиб турган уч тоифа кофирлар уччаласи ҳам улкан жиноятга бориб, Аллоҳга туҳмат қилишарди: Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», дейишарди; насоролар: «Ийсо Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», дейишарди; кофирларнинг учунчи гуруҳи бўлмиш мушриклар: «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», дейишарди. Исломий тасаввурдан бошқа тасаввурлар фалсафаларнинг катта хатоси Холиқ (яратувчи) билан махлуқ (яратилмиш) орасидаги фарқни тушунмасликдадир. Ислом назарияси бўйича, маҳлуқлар тамом бошқа, Холиқ тамом бошқа мавжудлик. Холиқнинг асло ўхшаши йўқ, Уни тасаввурга сиғдириб ҳам бўлмайди, махлуққа қиёсан таърифланмайди ҳам. Яъни, Аллоҳнинг хотини ҳам, фарзанди ҳам бўлиши мумкин эмас.)
Билмайдиган кимсалар: «Аллоҳ биз билан гаплашса эди ёки мўъжиза келса эди», дейишди. Улардан олдингилар ҳам уларнинг сўзига ўхшаш гапирган эдилар. Қалблари ўхшаш бўлди. Батаҳқиқ, Биз яхши билувчи қавмларга мўъжизаларни баён қилганмиз.
Албатта, Биз сени ҳақ билан суюнчли хабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Ва дўзахилар ҳақида сўралмайсан.
Сендан яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам уларнинг миллатига эргашмагунингча ҳеч-ҳеч рози бўлмаслар. «Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти ҳақиқий ҳидоятдир», деб айт. Агар сенга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавои нафсларига эргашсанг, сени Аллоҳдан (қутқарувчи) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир.
Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари, ана ўшалари унга иймон келтиради. Ким унга куфр келтирса, ана ўшалар, ўзларигина ютқазганлардир. (Агар яҳудийлар ҳақиқий Тавротни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқисалар, Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етадилар. Насронийлар ҳам Инжилни бузмасдан, инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқисалар, Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириш зарурлигини англаб етадилар. Кимки Қуръони Каримни инсоф билан, ўрнига қўйиб ўқиса, унга иймон келтириш зарурлигини тушуниб етади.)
Эй Бани Исроил, сизга берган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг!
Бир жон бошқа жондан ҳеч нарсани адо қила олмайдиган, ундан шафоат қабул қилинмайдиган, ундан тўлов олинмайдиган ва уларга ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинг!
Иброҳимни Роббиси калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этганини эсла! У зот: «Мен, албатта, сени одамларга имом қилмоқчиман» деди. У: «Зурриётимдан ҳамми?» деди. У зот: «Золимлар аҳдимга ҳеч қачон эриша олмайдилар», деди.
«Уй»ни одамлар учун масаба ва омонлик жойи қилганимизни эсланг. Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг. Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар», деб амр қилдик. («масаба» зиёрат қилиб тўймайдиган макон.)
Иброҳимнинг: «Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», деганини эсла. У зот: «Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!» деди. (Ушбу оятда иккинчи марта, энди Иброҳим алайҳиссалом тилларидан, Байтуллоҳнинг омонлик маскани бўлиши хабари келяпти. Аммо, одобли, сермулаҳаза Пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом аввалги дарсдан сабоқ олиб, Аллоҳнинг мукофотини бу гал ҳаммага эмас, балки мўминларгагина сўрамоқдалар. Асосий қоида эса ўзгармасдир: «Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!» «Озгина ҳузур» кофирлар учун бу дунёда бериладиган зоҳирий ҳузурдир. Сўнгра эса, охиратда уларни дўзах азоби кутади.)
Иброҳим билан Исмоил: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб, байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла.
«Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан».
«Роббимиз, ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли зотсан». (Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб кўз олдимизга олиб келади. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги дуоларни ҳам қилиб олдилар. Ақида иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масаладир. Шунинг учун аввалги оятларда аҳли ҳарамга ризқ сўраган ота-бола Пайғамбарлар энди зурриётларига Аллоҳдан иймон-ислом сўрамоқдалар. Улар яна Аллоҳдан: «Бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўраяптилар. Биз, «ибодатларимизни» деб таржима қилган сўз арабчада «манасикана» дейилган. «Маносик» сўзи аслида ибодат маъносини англатса ҳам, урфда ҳаж ибодатлари маъносида ишлатилади. Шунинг учун бу дуода, мана, сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам ўзинг ўргат, маъноси бўлади.)
Ўзини эси паст санаганларгина Иброҳимнинг миллатидан юз ўгиради. Албатта, Биз уни бу дунёда танлаб олдик ва, албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай.
Чунки Робби унга: «Мусулмон бўл!» деганида, у: «Оламларнинг Роббига мусулмон бўлдим», деди.
Иброҳим ўша (миллат)ни болаларига васият қилди. Яъқуб ҳам: «Эй болаларим, албатта, Аллоҳ сизларга динни танлади, сизлар мусулмон бўлмасдан туриб ўлмайсиз» деди.
Ёки Яъқубга ўлим ҳозир бўлиб, у ўз болаларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» деганида, улар: «Сенинг илоҳингга ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг илоҳига, ёлғиз илоҳга ибодат қиламиз ҳамда биз Унга мусулмон бўлувчимиз», деганларида гувоҳ бўлганмисиз?!
Улар бир уммат эди, ўтиб кетдилар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлади. Сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўлади. Уларнинг қилган амалларидан сиз сўралмайсиз.
Улар: «Яҳудий ёки насроний бўлинг, ҳидоят топасиз», дейдилар. Балки: «Иброҳимнинг ҳаниф миллатига (динига) эргашамиз ва у мушриклардан бўлмаган», деб айт. (Яҳудий ва насронийларнинг гапи битта: униси, яҳудий бўлинг, ҳидоят топасиз, деса, буниси, насроний бўлинг, ҳидоят топасиз, дейди. Бунга жавобан эса, Аллоҳ Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга: «Яхшиси ҳаммамиз–сизлар ҳам, биз ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаниф миллатига эргашайлик», дейишни буюрмоқда. «Ҳаниф» дегани барча ботил динларни ташлаб ҳақ дин томон бурилишни англатади.)
Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз». (Қуръони Каримда зикри келган «асботлар»дан мурод–Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки нафар ўғлидан тарқалган зурриётлари. Демак, мусулмонлар уларнинг Пайғамбарликларига ҳам иймон келтиришлари лозим.)
Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топадилар. Ва агар юз ўгирсалар, бас, албатта, улар хилофдан бошқа нарсада бўлмайдилар. Аллоҳ сенга улар (ёмонлиги)дан кифоя қилади. Ва У эшитувчи, билувчи зотдир.
Аллоҳнинг бўёғини (лозим тутинг). Аллоҳнинг бўёғидан чиройлироқ бўёқ бергувчи ким бор?! Ва биз Унга ибодат қилувчилармиз. (Оятдаги «бўёқ» калимаси рамзан динни англатади. Инсонни гўзал қилиб кўрсатадиган нарса диндир. Ҳақиқий диндор шахсда унинг аломатлари яққол кўзга ташланиб туради. Шу маънода, инсон агар гўзал бўлиш учун турли бўёқлардан–дин ва тузумлардан бирини танлаши лозим бўлса, нимани танлаши керак? Албатта, ҳеч қандай гап-сўзсиз, Аллоҳнинг бўёғини (динини) тутиши лозим. Чунки Аллоҳнинг бўёғидан (динидан) ўзга чиройлироқ бўёқ йўқ!)
Айт: «Биз билан Аллоҳ ҳақида тортишасизми?! Ва ҳолбуки, У бизнинг Роббимиз ва сизнинг Роббингиз, бизнинг ўз амалларимиз бор, сизнинг ўз амалларингиз бор. Ва биз Унга мухлисмиз».
Ёки: «Албатта, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботлар яҳудий ва насроний бўлган», дейсизларми?! «Сизлар билимдонроқми ёки Аллоҳми?» дегин. Ҳузуридаги Аллоҳдан бўлган гувоҳликни беркитган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир.
Улар бир уммат эдилар, ўтиб кетдилар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлади. Сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўлади. Уларнинг қилган амалларидан сизлар сўралмайсизлар.
Одамлардан эси пастлари: «Буларни қиблаларидан нима юз ўгиртирди экан?» дейдилар. «Машриқу мағриб Аллоҳники, кимни хоҳласа, ўшани тўғри йўлга бошлайди», деб айт. (Ояти карима келажакда рўй берадиган муҳим бир ишнинг хабарини бермоқда. Вақти етиб, Аллоҳнинг амри ила қибла Байтул Мақдисдан Каъбаи Муаззамага ўзгартирилганда, яъни, мусулмонлар аввалги қиблани қўйиб бошқасига юз ўгирганларида, яҳудийлар–одамлардан эси пастлари, буларни қиблаларидан нима юз ўгиртирди экан, дейдилар. Бундай кўнгилсиз гаплар бўлишини аввалдан билдириб қўяётганининг бир боиси, бўлғуси ёмон таъсирни кесишдир.)
Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик. Сен аввал юзланган қиблани ортга бурилиб кетадиганлар ким-у Пайғамбарга эргашувчилар ким эканини билиш учунгина қилганмиз. Гарчи бу иш Аллоҳ ҳидоятга солганлардан бошқаларга оғир бўлса ҳам. Аллоҳ иймонингизни зое қилмайди. Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир. (Аллоҳ таоло мусулмонларни ўрта уммат қилган. Биз «ўрта» деб таржима қилган сўз арабчада «васат» деб келган ва яхши, ўрта, марказ ва адолатли маъноларини англатади. «Ўрта» маънода кўпроқ ишлатилгани учун таржимага шу маъно ихтиёр қилинди. Ўртанинг яхши дейилаётганига боис шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади. Ўртага адолат маъноси берилишининг сабаби эса, «ўрта» атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди. Оятдан, худди сизлар ўзларингиз ўрта уммат бўлганингиз учун қиблаларингизни ҳам шундоқ қилдик, деган маъно чиқади.)
Гоҳо юзингни осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз. Албатта, китоб берилганлар уни Роббиларидан бўлган ҳақ эканини биладилар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир.
Агар китоб берилганларга барча ҳужжатларни келтирсанг ҳам, сенинг қиблангга эргашмаслар. Сен ҳам уларнинг қибласига эргашувчи эмассан. Ва улар бир-бирларининг қибласига эргашувчи эмаслар. Агар сенга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавою нафсларига эргашсанг, унда, албатта, золимлардан бўлурсан. (Ушбу ояти каримада аҳли китобларнинг табиати, феълидаги муҳим нуқта тушунтириляпти: уларга ҳужжат-мужжат керак эмас, уларнинг Исломга нисбатан душманликлари далил ва тушунчанинг етишмаслигидан эмас, балки билиб, тушуниб туриб қилинаётган душманликдир. Аҳли китоблар қиблангга эргашмайдилар, дейилишидан ҳам қибла бутун бошли дин ва миллатнинг рамзи эканлиги кўриниб турибди.)
Китоб берилганлар уни худди болаларини танигандек танийдилар. Ва, албатта, улардан бир гуруҳлари билиб туриб ҳақни беркитадилар. (Инсон ўз боласини ҳаммадан яхши танийди. Чунки бола унинг жигарбанди, унда ўзининг қони, ҳис-туйғулари ва бутун вужуди аксини топган. Баъзи ҳолларда боланинг ўзи у ёқда турсин, ҳидидан ҳам танийди. Шунга қиёсан зарбулмасал қилиб айтиляптики, «Китоб берилганлар уни (Муҳаммад алайҳиссаломни) худди болаларини танигандек танийдилар». Чунки уларнинг муқаддас китоблари Таврот ва Инжилда охирзамон Пайғамбари ҳақида ойдин хабарлар келган. Яҳудийлардан инсофлилари ўша хабар асосида Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб, саҳобалик бахтига–муяссар бўлганлар. Лекин аҳли китоблардан бир гуруҳлари ҳақни билиб туриб, ҳасад қилишиб, беркитадилар. Шу жумладан, қибла ҳақидаги илмни ҳам. Улардаги мавжуд ҳасад ва ҳақ доимо ўзини кўрсатиб туради.)
Бу ҳақ Роббингдандир, ҳеч-ҳеч шак қилувчилардан бўлма.
Ҳар кимнинг юзланадиган тарафи бор. У ўшанга боқади. Яхшиликларга шошилинг. Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни жамлайди. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
Ва қаердан чиқсан ҳам, юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томонга буринг. Одамларда сизга қарши ҳужжат бўлмаслиги учун. Улардан зулм қилганларидан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Ва сизга неъматимни батамом этиш учун, шоядки ҳидоят топсангиз.