loader
Сенга Қуръонни бадбахт бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ.
Магар қўрққан кимсаларга эслатма бўлиши учун.
У ерни ва юксак осмонларни яратган зотдан нозил бўлгандир.
У–Роҳман Аршни эгаллади. (Роҳман сифатининг соҳиби Аллоҳ Аршни эгаллади. Аршни эгаллашининг эса, ўхшаши йўқ, мисли йўқ, шакли ҳам йўқ. Унинг эгаллаши ўзига хос.)
Осмонлардаги нарсалару ердаги нарсалар, уларнинг орасидаги нарсалару ер остидаги нарсалар Уникидир.
Сен агар сўзда овозингни юксалтирсанг ҳам. Бас, албатта, у сирни ҳам, махфийни ҳам билгувчидир.
Аллоҳ–ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Гўзал исмлар Уникидир.
Сенга Мусонинг хабари келдими?
У оловни кўрган чоғида ўз аҳлига: »Туриб туринглар, мен оловни кўрдим, шояд сизга ундан чўғ келтирсам ёки олов бошида йўл кўрсатувчини топсам«, деди. (Ояти каримада Мусо алайҳиссалом Мадяндан Мисрга келаётганларида рўй берган ҳодиса баён этилмоқда.)
Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо.
Албатта, Мен Ўзим сенинг Роббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан».
Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос.
Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт.
Албатта, (қиёмат) соати келгувчидир. Ҳар бир жон саъйи-ҳаракатига яраша жазо олиши учун уни махфий тутурман.
Ҳаргиз сени унга иймон келтирмайдиганлар ва ҳавойи нафсига эргашганлар ундан тўсмасинлар. У ҳолда ҳалок бўласан».
«Эй Мусо, қўлингдаги нима?»
У: «Бу асоимдир, унга суянаман, у билан қўйларимга (барг) қоқиб бераман ва унда менинг бошқа ишларим бор», деди.
У зот: «Эй Мусо, уни ташла», деди.
Бас, уни ташлади. Бирдан у(асо) илон бўлиб юра бошлади.
У зот: «Уни ол, қўрқма. Биз уни аввалги ҳолига келтирамиз.
Қўлингни қўлтиғингга тиқ, ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқади. Бу бошқа бир мўъжизадир. (Қўл оппоқ бўлди, аммо бу оқликда ёмонлик йўқдир. Яхшилик бор. Жуда чиройли бўлиб кўринади. Бундай бўлиши сенинг Пайғамбар эканлигингни тасдиқловчи асодан кейинги яна бир мўъжизадир.)
Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун(шундай қилдик).
Сен Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди.
У: «Эй Роббим, менинг қалбимни кенг қил.
Менинг ишимни осон қил.
Тилимдаги тугунни ечгин.
Сўзимни англасинлар.
Менга ўз аҳлимдан бир вазир қилиб бер.
Оғам Ҳорунни.
У билан белимни қувватла.
Уни ишимга шерик айла.
Сенга кўп тасбиҳ айтишимиз учун.
Ва Сени кўп зикр қилишимиз учун.
Албатта, Сен Ўзинг бизни кўриб турувчи эдинг», деди.
У зот: «Эй Мусо, сенга сўраганинг берилди», деди. (Бир оғиз гап билан ҳал қилиб қўйди. Нимани сўраган бўлсалар, берди.)
«Батаҳқиқ, Биз сенга бошқа марта ҳам неъмат берган эдик. (Яъни, ҳозир берган неъматларимиздан бошқа ҳам неъмат берган эдик.)
Ўшанда онангга илҳом қилинадиган нарсани илҳом қилган эдик.
«Уни тобутга сол, уни эса, дарёга ташла. Дарё уни соҳилга отсин. Уни Менинг душманим ва унинг душмани оладир», дедик. Ва сенга Ўзимдан муҳаббат солдим. Буни Менинг кўз олдимда етиштирилишинг учун (қилдим). (Мусонинг онаси Аллоҳ берган илҳом билан уни сандиққа солиб, сувга оқизиб юборади. Мусонинг Ўз кўзи остида вояга етиши учун душман Фиръавннинг уйига уни жойлаштирган, қалбига унинг муҳаббатини солган Зот онанинг фарзанд фироқида қийналишига ҳам барҳам берди. Мурғак Мусо аёлларнинг биттасини ҳам эммай қўйди. Мусонинг опасини Фиръавн саройига юбориб, шу болани эмизадиган аёл бор, деб айтишни буюради.)
Ўшанда опанг юриб бориб: «У (Мусо)ни кафилликка оладиганларга далолат қилайми? « деган эди. Бас, Биз сени кўзи қувониши ва хафа бўлмаслиги учун онангга қайтардик. Ва бир жонни ўлдирдинг. Бас, Биз сени ғамдан қутқардик ва турли синовлар ила синадик. Сўнгра Мадян аҳли ила йилларга қолдинг ва тақдирга биноан келдинг, эй Мусо!
Мен сени Ўзим учун танладим. (Яъни, Пайғамбар қилиб олдим. Кейин эса, Пайғамбарлик вазифасига оид топшириқлар берилди:)
Сен ва оғанг мўъжизаларимни олиб боринглар ва Мени зикр этишда сусткашлик қилманглар.
Фиръавнга боринглар! Чунки, у туғёнга кетди.
Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд эсласа ёки қўрқса». (Юмшоқ сўз тасир қилиши мумкин. Юмшоқ сўз кофирни ва туғёнга кетган шахсни ҳам мулойим қилиб қўйиши мумкин. Шояд Фиръавн ҳам ўзига келиб, инсоф қилса.)
Икковлари: «Эй Роббимиз, биз унинг тезда бизга ёмонлик қилишидан ёки ҳаддан ошишидан қўрқамиз», дедилар.
У зот: «Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар биланман, эшитаман ва кўраман», деди.
Бас, унинг олдига боринглар ва унга: «Албатта, биз Роббингнинг Пайғамбарларимиз, Бани Исроилни биз билан қўйиб юбор. Уларни азоблама. Батаҳқиқ, биз сенга Роббингдан мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашган кимсага салом бўлур.
Албатта, бизга ваҳий қилиндики, ёлғонга чиқарганларга ва юз ўгириб кетганларга шубҳасиз азоб бўлур», денглар.
У: «Эй Мусо, икковингизнинг Роббингиз ким?» деди.
У: «Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган зотдир», деди.