loader
Унда абадий қолурлар. Қиёмат кунида уларнинг юки қандай ҳам ёмон бўлди.
У кун сурга пуфланадиган кундир. Ўша кунда жиноятчиларни кўзлари кўк бўлган ҳолда тўплармиз. (Kиёматнинг келганини билдириб, сур чалинади. Ўша қиёмат кунида кофирлар-жиноятчиларни Аллоҳ таоло қўрқувдан юзлари қорайиб, кўзлари кўкариб кетган кетган ҳолларида маҳшарга жамлайди.)
Улар ўзаро: «Ўн кундан ортиқ турганингиз йўқ», дея шивирлашади.
Биз нима деяётганларини яхши билгувчимиз. Ўшанда уларнинг энг тўғри йўлдагиси: «Бир кундан ортиқ турганимиз йўқ», дейдир. (Демак, охират азобларини кўрган кофирлар гарчи бу дунёда узоқ йиллар роҳат-фароғатда кун кечирган бўлсалар ҳам, яшаган муддатлари оз кўриниб кетади.)
Сендан тоғлар ҳақида сўрарлар. Бас: «Роббим уларни мутлақо совуриб юборажак.
Сўнг уларни теп-текис ҳолга келтирур.
У ерда чуқур ҳам, дўнг ҳам кўрмассан.
У кунда чорловчига эргашурлар. Ундан бурилиш йўқ. Овозлар Роҳман (ҳайбати)дан жим қолмиш. Пичирлашдан бошқа нарса эшитмассан. (Ҳаммаёқ теп-текис. Ҳамма жим ҳолда бўйин эгиб, маҳшарга чорловчига эргашишдан бошқа нарсани билмайди.)
У кунда Роҳман унга изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқанинг шафоати фойда бермас.
У уларни олдиларидаги нарсаларни ҳам, орқаларидаги нарсаларни ҳам билур. Улар эса, уни илм ила иҳота қила олмаслар. (Аллоҳ таоло бандаларнинг келажагини ҳам ўтмишини ҳам билади. Илмнинг барчаси Аллоҳникидир. Одамлар эса ҳеч нарса билмаслар.)
Бутун юзлар тирик ва доим турувчи зотга бош эгмиш. Батаҳқиқ, ким зулм кўтарган бўлса, ноумид бўлмиш.
Ким мўмин ҳолида яхши амаллардан қилган бўлса, зулмдан ҳам, нуқсондан ҳам қўрқмас», деб айт.
Шундай қилиб, Биз уни арабий Қуръон этиб нозил этдик. Шоядки тақво қилсалар ёки уларда эслаш пайдо қилса, деб унда қўрқинчли ваъдаларни баён қилдик. (Ушбу арабий Қуръонда кўплаб қўрқинчли ваъдаларни ҳам баён этдик. Бундан мақсадимиз, шояд одамлар тақво қилсалар, куфр ва ёмонликлардан сақлансалар, қўрқинчлик ваъдалардан эслатма олсалар.)
Ҳақ Подшоҳ–Аллоҳ олий бўлди. Сенга ваҳийи битгунча Қуръон (тиловати)га ошиқма ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) унутиб қўйишдан хавфланиб, ваҳий тушган пайтида Қуръони Карим оятларини Жаброилга алайҳиссалом қўшилиб, ўқиб турар эдилар. Бу эса, қийинчилик туғдирарди. Яъни, эй Муҳаммад, Жаброил ваҳийни сенга охиригача ўқиб бермагунича, Қуръонни тиловат қилиб, оятларни ўқишга шошилма. Олдин Жаброил тўлиқ ўқиб берсин, кейин сен ўқийсан.)
Батаҳқиқ, илгари Биз Одам билан аҳдлашган эдик. Лекин у унутди. Унда азму қарор топмадик. (Биз қадимда Одам билан буйруққа бўйсуниш–дарахтдан емаслик ҳақида аҳдлашган эдик. Аммо Одам аҳдни унутди ва дарахтдан еб қўйди. У шайтоннинг иғвосига сабр қила олмади. Азму қарорида турмади.)
Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», деганимизда, улар сажда қилдилар. Магар Иблис бош тортди.
Бас, Биз: «Эй Одам, албатта, бу сенга ва жуфтингга душмандир. Яна у икковингизни жаннатдан чиқариб, бадбахт бўлиб қолмагин.
Албатта, сен у ерда оч-яланғоч қолмассан. (Яъни, жаннатда доимо сенинг қорнинг тўқ, устинг бут бўлади.)
Албатта, сен у ерда ташна ҳам бўлмассан, иссиқда ҳам қолмассан», дедик.
Бас, шайтон уни васваса қилди. У: «Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва битмас-туганмас мулкни кўрсатайми?» деди. ( Роббинг манави дарахт мевасидан ейишингни ман қилган бўлса, сенинг абадий яшашингни, мулкинг бардавом бўлишини хоҳламаганидандир, бу дарахтнинг мевасидан есанг, ҳеч ўлмайсан, мулкинг йўқолмайди, деди.)
Бас, икковлари ундан едилар. Кейин, авратлари ўзларига очилиб қолиб, ўзларини жаннат барглари билан тўса бошладилар. Одам Роббига осий бўлди ва йўлдан озди.
Сўнгра Робби уни танлаб олди, бас, тавбасини қабул қилди ва ҳидоятга бошлади.
У зот: «Ҳаммангиз бир-бирингизга душман ҳолда ундан тушинг. Агар Мен томонимдан сизга ҳидоят келганида, ким ҳидоятимга эргашса, адашмас ва бадбахт бўлмас.
Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз», деди.
У: «Эй Роббим, нима учун мени кўр ҳолда тирилтирдинг. Ахир, кўрувчи эдим-ку!» деди.
У зот: «Шундай. Сенга оятларимиз келди. Сен эса, уларни унутдинг? Шунингдек, сен ҳам бугун унутиурсан», деди.
Исроф қилган ва Робби оятларига иймон келтирмаганларни ана шундай жазолайрмиз. Охират азоби, албатта, ашаддийроқ ва боқийроқдир.
Улардан илгари уларнинг масканларида юрган асрлардан қанчадан-қанчасини ҳалок қилганимиз ҳам ҳидоят қилмадими? Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.
Агар Роббингдан сўз ўтиб қолмаганида ва номланган ажал бўлмаганида, албатта, (азоб) лозим бўлар эди.
Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Роббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбиҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам тасбиҳ айт. Шоядки рози бўлсанг. (Эй Муҳаммад, шундай экан, кофир ва мушрикларнинг нохуш гап-сўзларига, сўкишларига, иғво-бўҳтонларига сабр қил. Доимо Роббингга тасбиҳу ҳамд айт. Қуёш чиқишидан олдин ҳам, қуёш ботишидан олдин ҳам Роббингга тасбиҳ ва ҳамд айт. Кечанинг бир қисмида ҳам Роббингга тасбиҳ айт, кундузнинг атрофида ҳам. Намоз ўқи. Албатта, рози бўласан. Роббинг ҳам сендан рози бўлади.)
Кўзларингни уларни синаш учун айримларига баҳраманд қилиб берганимиз ҳаёти дунёнинг турли зийнатларига тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир.
Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир.
Улар: «Бизга Роббидан оят-мўъжиза келтирса эди», дейдилар. Ахир, уларга аввалги саҳифалардаги нарсаларнинг баёноти келмадими? (Кофир ва мушриклар, Муҳаммад Роббидан бир лол қолдирувчи мўъжиза келтирса эди, дейдилар. Ахир, Қуръонда аввалги умматларга келган нарсаларнинг баёни келди-ку. Шу уларга кифоя қилмайдими?)
Агар Биз уларни у(келиши)дан олдин азоб-ла ҳалок қилганимизда эди, албатта: «Эй Роббимиз, бизга Пайғамбар юборганингда эди, хору зор ва шарманда бўлишимиздан олдин оятларингга эргашган бўлар эдик», дердилар.
Сен: «Барча кутгувчидир. Бас, кутинглар. Албатта, кимлар тўғри йўл соҳиблари ва кимлар ҳидоят топганини билурсизлар», деб айт. (Пайғамбаримизга (с. а. в.) қилинган бу хитоб доимо янгиланиб туради.)