loader
Одамларга ҳисоблари яқинлашиб қолди. Улар эса, ғафлатда, юз ўгирувчи бўлган ҳолларида.
Қачон Роббиларидан янги эслатма келса, фақат уни ўйнаётган ҳолларида тингларлар.
Қалблари ғофил бўлиб. Зулм қилганлар ўзаро: «Бу ўзимизга ўхшаган башардан ўзга эмас-ку. Ўзингиз кўриб туриб сеҳрга келасизми?» деб пичирлашарлар.
У: «Роббим осмону ердаги сўзни билур. У эшитгувчи ва билгувчи зотдир», деди.
Улар: «Балки алғов-далғов тушлардир, балки ўзи уйдириб олгандир, балки у шоирдир. Бас, бизга аввалгилар юборилганидек, мўъжиза келтирсин», дедилар.
Улардан олдин бирор шаҳар (аҳолиси) иймон келтирмади. Биз уларни ҳалок қилдик. Энди улар иймон келтирармидилар?! (Улардан олдин лол қолдирувчи мўъжиза келтиришни талаб қилганлардан бирортаси ҳам иймонга келмади. шунинг учун ҳаммасини ҳалок қилдик. Энди улар иймонга келармидилар?!
Биз сендан илгари ҳам фақат эр кишиларни Пайғамбар қилиб юбориб, уларга ваҳий қилганмиз, холос. Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг. (Башар Пайғамбар бўлмайди, деб даъво қилаётган, эй кофир-мушриклар, агар Пайғамбарлар башар эканини билмасангиз зикр-илм эгаларидан, аҳли китоблардан сўранг.)
Биз уларни таом емайдиган жасад қилганимиз йўқ. Улар абадий қолгувчи ҳам бўлган эмаслар.
Сўнгра уларга (берган) ваъдамиз устидан чиқдик. Бас, уларга ҳамда ўзимиз хоҳлаганларга нажот бердик ва исрофчиларни ҳалок қилдик. (Кейин Пайғамбарларга берган ваъдамиз устидан чиқдик, уларга эргашган мўминларга нажот ва фатҳу нусрат бердик. Исрофчиларни, кофир бўлганларни ҳалок этдик. Одат шу. Ҳозирги кофирлар ибрат олсинлар.)
Батаҳқиқ, Биз сизга китоб нозил қилдик. Унда сизнинг зикрингиз бор. Ақл ишлатмайсизларми?!. (Зикрингиз-шарафингиз бор. Одамлар ақлнини ишлатишлари лозим. Яна Қуръонга қайтиб, унга амал қилмоқлари шарт.)
Биз золим бўлган шаҳар-қишлоқлардан қанчасини (белини) синдирдик ва улардан кейин бошқа қавмларни пайдо этдик.
Бизнинг азобимизни ҳис қилганларида эса, бирдан у ердан қочишга бошларлар.
Қочманглар! Маишатпарсатлик қилган нарсаларингизга, масканларингизга қайтинглар. Ҳали эҳтимол сўралурсизлар.
Улар: «Ҳолимизга вой! Биз, албатта, золим бўлган эканмиз», дедилар.
Уларнинг ўша дод-войлари, Биз уларни ўрилган ўтдай, совуган кулдай қилгунимизча бардавом бўлди.
Биз осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйин учун яратганимиз йўқ. (Бундай улкан ва ажойиб нарсалар, албатта, ўйин учун яратилмайди. Беҳудага шунчалик уринишнинг кераги йўқ. Мақсад ўйин бўлса, шунга мосроқ нарса яратилар эди.)
Агар Биз кўнгилхуши тутишни ирода қилсак, уни қилувчи бўлганимизда ҳам, Ўз томонимиздан тутар эдик.
Йўқ, Биз ҳақни ботил устига отурмиз. Бас, уни яксон қилур. Кўрибсанки, у(ботил) заволга учрабди. Сизларга эса, қилган васфларингиздан ҳалокат келур.
Осмонлару ердаги барча жонзотлар Уникидир. Унинг ҳузуридагилар ибодатидан такаббурлик қилмаслар ва малол олмаслар.
Улар кечаю кундуз тасбиҳ айтарлар. Чарчамаслар.
Ёки улар ердан худолар тутдилару ўшалар тирилтирурларми?
Агар у(осмонлару ер)ларда Аллоҳдан ўзга «худо»лар бўлганида, бузулиб кетар эдилар. Аршнинг Робби Аллоҳ улар васф қилган нарсадан покдир. (Борлиқни бир зот яратган, бир зот идора қилиб, бошқариб туради. Борлиқ шунга бўйсунади. Шу боис ҳам ҳадсиз-ҳисобсиз бўлишига қарамай, борлиқда қойил қоларлик даражада низом ва мутаносиблик ҳукм суради. Агар борлиқни яратган, уни идора қилиб турган зот биттадан кўп бўлса, ўша зотларнинг иродаси бир-бири билан, албатта, тўқнашар эди. Оқибатда борлиқда номутаносиблик келиб чиқар, жипслик йўқолар ва низом бузилар эди. Модомики борлиқ бир низомда турибдими, мутаносибми, демак, уни яратган ва тадбирини қилиб турган зот битта.)
У қилган нарсасидан сўралмас. Ҳолбуки, улар сўралурлар.
Ёки ундан ўзга «худо»лар тутдиларми? Сен: «Ҳужжатларингизни келтиринг. Мана бу мен билан биргаларнинг зикридир ва мендан олдингиларнинг зикридир», дегин. Йўқ, уларнинг кўплари ҳақни билмаслар. Бас, улар юз ўгиргувчидирлар. (Борлиққа назар солиб, ундаги мавжудотларни мулоҳаза қилиб кўрганда, Аллоҳ таолонинг шериги бўлиши мумкин эмаслиги исботланди. Яна нима учун мушриклар Аллоҳ таолога ибодат қилмаяптилар?)
Сендан илгари юборган ҳар бир Пайғамбарга: «Албатта, Мендан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз.
Улар: «Роҳман фарзанд тутди», дедилар. У покдир. Йўқ! Икром этилган бандалардирлар. (Яъни, мушриклар, Аллоҳ фаришталарни қиз қилиб олди, дедилар. Аллоҳ бу нуқсондан покдир. Фаришталар Аллоҳнинг қизи эмас, муҳтарам бандаларидаир.)
Улар ундан олдин сўз айтмаслар. Улар Унинг амри ила амал қилурлар.
У зот уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам биладир. Улар фақат у зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар у зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар.
Улардан ким: «Мен ундан ўзга илоҳман», деса, бас, ўшани жаҳаннам ила жазолармиз. Золимларни шундай жазолармиз.
Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми? (Ояти карима маъноси хусусида тафсирчилар бир неча хил маънолар айтганлар. Биринчиси, Ибн Умар ва Ибн Аббослардан (р. а.) ривоят қилинган бўлиб, осмон ёпиқ эди, Биз уни очдик ва ёмғир-қор ёғдирдик, оқибатда ўша сув ила ҳамма тирик нарсалар пайдо бўлди, деган маъно чиқади. Иккинчиси, унга кўра осмонлару ер йўқ эди, уларни Биз яратдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бўлади. Учинчиси, Ҳасан, Қатодалардан (р. а.) ривоят қилинган бўлиб, осмонлару ер бир-бирига битишган бир нарса эди, уларнинг орасини Биз очдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бор. Тўртинчиси ҳозирги замон баъзи тафсирчиларнинг фикрлари бўлиб: осмону ер, юлдузлару қуёш ҳамма-ҳаммаси бир бутун эди, Аллоҳнинг иродаси ила кўп айланиш ва ички портлашлар оқибатида парчаланиб, алоҳида-алоҳида бўлиб кетди: қуёш алоҳида, ер алоҳида, ой алоҳида, юлдузлар алоҳида ва бошқа нарсалар ҳам; сувдан эса, барча тирик нарсалар, инсон, ҳайвон ва набототлар пайдо қилинди. Булар, ояти кариманинг маъносини тушунишга уринишдир. Оятнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳнинг Ўзи билади.)
Биз ерда уларни тебранмасликлари учун тоғлар қилдик ва шоядки тўғри йўл топсалар, деб унда даралар, йўллар қилдик.
Ва осмонни сақлаган шифт қилиб қўйдик. Улар эса, Унинг аломатларидан юз ўгиргувчи бўлмоқдалар.
У кечаю кундузни, қуёшу ойни яратган зотдир. Ҳаммаси фалакда сузмоқдалар.
Сендан олдин ҳам бирор башарга абадийликни қилганимиз йўқ. Агар сен ўлсанг, улар абадий қолар эканларми?
Ҳар бир жон ўлимни татиб кўргувчидир. Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда бизгагина қайтарилурсиз.
Куфр келтирганлар сени кўрганларида, масхара қилиб: «Худоларингизни зикр қилаётган шуми?!» дейишдан бошқани билмаслар. Ҳолбуки, улар Роҳманнинг зикрига ўзлари кофирдирлар.
Инсон шошқалоқ ўлароқ яратилгандир. Мен, албатта, сизларга Ўз оят-аломатларимни кўрсатурман. Бас, мени шошилтирманглар.
Улар: «Агар содиқ бўлсангиз, бу ваъда қачон бўладир», дерлар.
Куфр келтирганлар юзларидан ва сиртларидан оловни тўса олмайдиган ва ўзларига ёрдам берилмайдиган вақтни билсалар эди.
Йўқ! У уларга тўсатдан келиб, ҳайрату даҳшатга солур. Бас, уни рад қилишга қодир бўлмаслар ва уларга муҳлат ҳам берилмас.
Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар масхара қилинган. Бас, уларни масхара қилганларга ўзлари масхара этиб юрган нарса тушди.
Сен: «Кечаси ва кундузи сизни Роҳмандан ким қўрийди?» дегин. Йўқ! Улар Роббилари зикридан юз ўгиргувчилардир!
Ёки уларнинг Биздан ўзга ҳимоя қиладиган «худо»лари борми? Улар ўзларига ҳам ёрдам беришга қодир бўла олмаслар ва Биздан дўстлик топмаслар. (Дўстлик топганларида ҳимоямизга ўтишлари мумкин эди. Лекин зинҳор биздан дўстлик топмаслар. Чунки улар бунга муносиб эмаслар. Кофирлар эса, буни ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Қачон ва қаерда сохта худолари уларга ҳомий бўлибди, бирор ёрдам қилибди, яхшилик етказибди?)
Балки Биз уларни ва ота-боболарини баҳраманд қилдик, ҳатто уларга умр узун кўринди. Улар ерга келиб, уни атрофидан қисқартираётганимизни кўрмайдиларми?! Ғолиб келгувчи уларми? (Тафсирчи уламоларимиз ояти каримадаги ушбу жумла маъноси ҳақида бир неча хил фикр билдирганлар. Қадимги тафсирчиларимиз, ернинг атрофидан қисқартирилиши–куфр ерлари қисқариб Ислом ерлари кенгайиб бориши, деганлар. Мужоҳид ва Икрималар (р. а.), ернинг атрофидан қисқариши–хароб бўлиши, дейишган. Ал-Афвий Ибн Аббосдан (р. а.) қилган ривоятда эса, баракасининг қисқариши, дейилган. Аш-Шаъбий, агар ер қисқарадиган бўлса, унга сиғмай қолар эдинг, лекин жонлар ва мева-чева, ҳосиллар қисқаради, деган. Икрима (р. а.) ҳам, агар ер қисқарганида, ўтиргани жой топа олмай қолар эдинг, қисқариш ўлимдир, деб айтган. Кейинги давр тафсирчилари эса, роҳат-фароғатда яшаган, ернинг турли атрофларида ғолиб бўлиб, ўзининг сўзини ўтказиб турган давлатлар ва халқлар баҳрамандликдан ҳовлиқиб кетиб, ҳадларидан ошганларида, нуқсонга дучор қилинишлари–қисқартирилишларидир, дейдилар. Ушбу маънолар бир-бирини тўлдириб келади. Ҳар бир тафсирчи олим ўз замонасидаги воқеликдан, ўз тушунчасидан келиб чиқиб маъно айтган бўлади.)
Сен: «Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман. Гунглар огоҳлантирилганларида даъватни эшитмаслар», дегин.
Қасамки, агар уларга Роббинг азобидан салгина етса, албатта: «Ҳолимизга вой! Ҳақиқатда биз золимлар бўлган эканмиз», дерлар.
Биз қиёмат куни учун адолат тарозуларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирурмиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз.
Батаҳқиқ, Биз Мусо ва Ҳорунга Фурқонни тақводорлар учун зиё ва эслатма қилиб бердик. (Аллоҳ таоло ояти каримада шундай китобни Мусо ва Ҳорунларга алайҳиссалом берганини эслатмоқда. Шу билан бирга, Таврот ҳам Фурқон сифатига, ҳам «тақводорлар учун зиё ва эслатма» сифатига эга экани баён қилинмоқда. Ҳа, илоҳий китоб зиёсидан баҳраманд бўлиш ва ундаги эслатмалардан ибрат олиш учун тақводор бўлиш керак. Бетавфиқ ва тақвосизлар унинг зиёсидан ҳам, эслатмасидан ҳам баҳраманд бўла олмайдилар.)
Улар Роббиларидан ғойибона қўрқурлар ва улар (қиёмат) соатидан титрарлар.
Бу, Биз нозил қилган муборак эслатмадир. Сизлар уни инкор қилгувчи бўласизларми?!