loader
Батаҳқиқ, илгари Биз Иброҳимга рушди ҳидоятни берган эдик. Биз унинг (ҳолини) билгувчи эдик. (Иброҳим Аллоҳ томонидан рушди ҳидоят берилган зотлар ичида аввалгиларидан бири эди. Биз унга рушдни бехосдан берганимиз йўқ. Биз Иброҳимнинг рушди ҳидоятга, Пайғамбар бўлишга лойиқ зотлигини яхши билар эдик.)
Ўшанда у отасига ва қавмига: «Манави сиз ибодатига берилаётган ҳайкаллар нима?» деган эди.
Улар: «Ота-боболаримизни уларга ибодат қилган ҳолларида топганмиз», дедилар.
У: «Батаҳқиқ, сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатдасизлар», деди.
Улар: «Сен бизга ҳақ ила келдингми ёки ўйин қилгувчиларданмисан?» дедилар.
У: «Йўқ! Роббингиз осмонлару ернинг Роббидир. У зот уларни яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман.
Аллоҳга қасамки, сизлар ортга ўгирилиб кетганингиздан кейин санамларингизга бир бало қиламан», деди. (Яъни, Иброҳим алайҳиссалом ўзлари билан тортишаётган қавмларига, уларнинг санамларига бир ёмонлик етказишлари аниқлигини қасам ила таъкидлаб айтдилар. Аммо нима қилишларини очиқ-ойдин айтмадилар. Араб тилида «санам» деб бош қисми инсон шаклига ўхшатиб ишланган бутларга айтилади.)
Бас, уларни парча-парча қилиб ташлади. Магар энг каттасини, шоядки унга қайтсалар, деб қолдирди. (Мушрик қавм йиллик байрамларида шаҳардан ташқарига чиқар эди. Улар навбатдаги йиллик байрамни нишонлаш учун кетганларида Иброҳим алайҳиссалом ҳамма бутларни парча-парча қилиб ташладилар ва энг катта бутга тегмасдан қолдириб қўйдилар.)
Улар: «Бизнинг худоларимизга ким бундай қилди?! Албатта, у золимлардандир!» дедилар.
Улар: «Уларни эслаб юрган бир йигитни эшитган эдик, уни Иброҳим, деб айтиларди», дедилар.
Улар: «Уни одамлар кўзи олдига олиб келинглар. Шоядки гувоҳ бўлсинлар», дедилар.
Улар: «Худоларимизга буни сен қилдингми, эй Иброҳим?!» дедилар.
У: «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди. Агар гапирадиган бўлсалар, улардан сўраб кўринглар», деди.
Бас, улар ўзларига келдилар ва: «Албатта, сизлар ўзингиз золимдирсиз», дедилар. (Иброҳимнинг алайҳиссалом мантиқли саволларидан кейин мушриклар ўзларига келдилар.)
Сўнгра яна бошлари айланиб: «Сен, батаҳқиқ, буларнинг гапирмаслигини билар эдинг!» дедилар.
У: «Аллоҳни қўйиб, сиз ҳеч манфаат ҳам, зарар ҳам бермайдиган нарсага ибодат қиласизми?!
Сизга ҳам, Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган нарсаларингизга ҳам суф-э! Ахир, ақл юритиб кўрмайсизларми?!» деди.
Улар: «Уни куйдиринглар! Агар (бир иш) қиладиган бўлсангиз, худоларингизга ёрдам беринг!» дедилар. (Яъни, Иброҳимни куйдириб юборишингиз худоларингизга ёрдам бўлади, дедилар. Хуллас, мушриклар катта гулхан ёқиб, Иброҳимни алайҳиссалом ўша гулханга отдилар.)
Биз: «Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» дедик.
Улар у(Иброҳим)га ёмонлик ирода қилган эдилар. Биз уларни энг зиёнкорлар қилиб қўйдик.
Унга ва Лутга нажот бериб, оламлар учун баракали қилган ерга юбордик. (Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ва у кишининг жиянлари Лут алайҳиссаломга нажот берди. Қавмларига етган балодан уларни соғ-саломат олиб қолиб, «оламлар учун баракали қилган ер»га–Шомга юборди. Дарҳақиқат, Шом ери энг баракали ерлардан ҳисобланади. Барча Пайғамбарлар ўша жойдан чиққан. У ер муқаддас жой. У юртда Байтул Мақдис жойлашган.)
Унга Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни зиёда қилиб бердик ва ҳаммаларини аҳли солиҳлар қилдик.
Ва уларни Ўз амримиз ила ҳидоятга бошловчилар қилдик. Уларга яхшиликлар қилишни, намозни тугал адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик. Улар Бизга ибодат қилгувчилар бўлдилар.
Ва Лутга ҳукм ва илм бердик ва унга ифлосликлар қилаётган қишлоқдан нажот бердик. Албатта, улар ёмон, бузғунчи қавм эдилар.
Ва Биз уни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, у солиҳлардандир.
Ва Нуҳни (эсла). Бундан олдин у нидо этганида, Биз унинг нидосига жавоб қилдик ва унга ҳамда унинг аҳлига улуғ ғамдан нажот бердик.
Унга оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмга қарши нусрат бердик. Албатта, улар ёмон қавм эдилар. Бас, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилдик. (Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари бошқа сураларда батафсил келган. Бу сурада сиёққа қараб икки оятда қисқача баён қилинмоқда.)
Ва Довуд билан Сулаймоннинг экинзор ҳақида ҳукм қилаётганларини (эсла). Ўшанда у(экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди. Биз уларнинг ҳукмига шоҳид бўлган эдик. (Ўз даврининг Пайғамбари ва подшоҳи бўлмиш Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига икки киши ораларида ҳукм чиқаришни сўраб келишибди. Улардан бири экинзор соҳиби, иккинчиси қўйлар эгаси экан. «Ўшанда у (экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди». Кечаси билан экинзорни пайҳон қилиб, еб битирган эди. Довуд алайҳиссалом икки томоннинг гапини эшитиб бўлиб, қўйларни экинзор эгасига берилишига ҳукм чиқардилар. Пайҳон бўлиб йўқолган экинзор ўрнига уни пайҳон қилган қўйларни олиб бериш айни адолат эди. Бу ҳукмдан кейин қайтиб кетаётган қўй эгаси Сулаймонни алайҳиссалом кўриб қолиб, бўлган ҳодисани у кишига айтиб берди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссалом олдиларига кирдилар ва «Эй Аллоҳнинг Набийи, ҳукм сиз чиқарган ҳукмдек бўлмаслиги керак эди», дедилар. Довуд алайҳиссалом: «Қандай бўлиши керак эди», дедилар. Сулаймон алайҳиссалом: «Қўйни экинзор эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса, қўй эгасига беринг, уни тузатиб асл ҳолига келтирсин. Сўнгра ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади. Экинзор эгаси экинзорини эски ҳолига келгандан сўнгра қайтариб олади. Қўй эгаси ҳам қўйларини қайтариб олади», дедилар. Шунда Довуд алайҳиссалом: «Ҳукм сен чиқарган ҳукмдир», дедилар.)
Бас, Биз уни Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик. Довуд билан бирга тасбиҳ айтсин деб тоғларни ва қушларни бўйинсундириб қўйдик. Шуларни қилгувчи бўлган Бизмиз.
Биз унга сизлар учун сизни ёмонликдан сақлайдиган кийим қилиш санъатини ўргатдик. Энди шукр қиларсизлар?!
Сулаймонга шамолни қаттиқ эсувчи қилиб бердик. У(шамол)ни унинг амри ила, Биз баракали қилган ерга эсадиган қилиб қўйдик. Барча нарсани билгувчи бўлдик.
Ва шайтонлардан унга ғаввослик қиладиганларни ва бундан бошқа амалларни қиладиганларни қилдик. Биз уларни муҳофаза қилгувчи бўлдик.
Ва Айюбнинг ўз Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан!» деганини эсла. (Айюб алайҳиссаломга жуда катта зарар етгани маълум. Лекин ўша зарарнинг айнан номини Қуръони Карим аниқ айтмайди. Ушбу оятда ҳам Айюбнинг алайҳиссалом Аллоҳга ёлбориб нидо қилаётганлари келяпти, холос.)
Бас, Биз унинг (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик. Унга аҳлини, улар билан бирга яна шунчани ҳам бердик. Буни Ўз раҳматимиз ила ва, обидларга эслатма бўлсин, деб қилдик.
Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир.
Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир.
Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмайди, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди. (Зуннундан мурод Юнус алайҳиссаломдир. «Нун» балиқ дегани, Зуннун эса, балиқ эгаси дегани. Юнусни алайҳиссалом денгизда балиқ ютиб юборган, кейин қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан чиқариб ташланган. Шунинг учун Зуннун–балиқ эгаси, лақабини олганлар. У зотнинг қиссалари Ас-Саффот сурасида келади. Аммо бу сурада сиёққа мос равишда қисқача баён қилинмоқда. Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар. Уламоларимиз айтишларича, аслида у киши бошқа Пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло, у кишини балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда, «зулматларда туриб», яъни кеча зулмати, денгиз ости зулмати ва балиқ қорни зулматида туриб, Аллоҳ таолога ёлбориб: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди».)
Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз.
Ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен, Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди.
Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳъёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар.
Фаржини пок сақлаган аёлни эсла. Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга оят-белги қилдик. («Фаржини пок сақлаган» аёл деганда, Биби Марям назарда тутилган.)
Албатта, сизнинг ушбу умматингиз бир умматдир ва Мен сизнинг Роббингизман. Бас, Менгагина ибодат қилинг.
Улар эса ишларини парчаладилар. Барчалари Бизга қайтувчидирлар. (Аслида, ҳамма бир уммат бўлиб, бир динга ишониб, ягона Аллоҳга ибодат қилиши керак эди. Аммо одамлар бу йўлдан юрмай, ўзларича йўлларини, динлари ва ишларини бўлак-бўлак қилиб олдилар. Уларнинг ҳаммаси барибир охир-оқибат бизга қайтадилар. Ўшанда биз ўзимиз билиб ҳисоб-китоб қиламиз.)
Ким мўмин ҳолида солиҳ амаллардан қилса, саъйи-ҳаракати зое кетмас. Албатта, Биз уни ёзиб қўйгувчидирмиз.
Биз ҳалок қилган қишлоқ-шаҳарларнинг қайтмаслиги ҳаромдир. (Бу дунёдаги гуноҳлари учун йўқотиб юборилган шаҳар-қишлоқларнинг аҳолиси қиёмат куни жазоларини олиш учун қайтариладилар. Уларнинг қайтмасликлари мумкин эмас.)
Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида.
Ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг, куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб: «Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик. Йўқ! Бизлар зулм қилгувчилар эдик», дерлар. (Каҳф сурасида айтиб ўтилганидек, қиёматнинг аломатларидан бири–Зулқарнайн қурган садд-тўғон очилиб, Яъжуж ва Маъжужлар чиқиб кетишидир, улар жуда кўп бўлиб, кўпликларидан юрганларида худди сел оққандек оқиб келар эканлар. Қиёмат қойим бўлгандаги ҳолни кўрсанг, унда «... куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб», яъни қотиб қолади. Шундай, ғафлатда эмас. Балки билиб туриб тайёргарлик кўрмаган эдик. Ишонмай, зулм қилган эдик, дейдилар.)
Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ёқилғисидирсиз. Сизлар унга киргувчилардирсиз.
Агар анавилар худолар бўлганида унга кирмас эдилар. Ҳаммалари унда абадий қолурлар. (Сизлар Аллоҳдан ўзга сиғинган нарсалар ҳақиқатда худолар бўлганида, жаҳаннамга кирмас эдилар. Аммо улар ҳеч қачон худо бўлган эмас, уларни сизлар худо деб олгансиз, шунинг учун жаҳаннамга тушмоқдалар.)
У ерда уларга инграш бордир. Улар у ерда эшитмаслар.