loader
Бизнинг оятларимизни ожиз қолдирмоқчи бўлиб, саъйи-ҳаракат қилганлар, ана ўшалар жаҳийм эгаларидир.
Биз сендан илгари ҳеч бир Расул ва Набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказур. Сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ ўта билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Луғат жиҳатидан қарайдиган бўлсак «Таманний» сўзи араб тилида «олий орзу» (ажНабий тилдаги «идеал») маъносини англатади. Шунинг учун ҳам ояти карима маъносини таржима қилишда бу сўзни шу ҳолда қолдиришни раво кўрдик. Ушбу ояти каримада, бу олий орзу бошқа Расул ва Набийларда ҳам бўлганлиги, бу кўпроқ шайтон томонидан нотўғри фикр ёки ҳолатларга олиб бориши мумкинлиги, аммо Аллоҳ доимо Ўзи Пайғамбарларни бундан сақлаб келганлиги айтилмоқда. Ушбу ҳолат Пайғамбаримиз (с. а. в) ҳаётларида бир неча марта кўрилган.)
Шайтон ташлайдиган нарсанинг қалбларида касали борларга ва қалблари тошларга фитна бўлиши учундир. Албатта, золимлар (ҳақдан) узоқ тортишувдадирлар.
Илм берилганлар у(Қуръон) Роббингдан келган ҳақ эканини билишлари, унга иймон келтиришлари ва қалблари унга боғланиб, таскин топиши учундир. Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир.
Куфр келтирганлар, уларга (қиёмат) соати тўсатдан келгунича ёки қисир Кун азоби келгунича у(Қуръон)дан шубҳада бўлишда давом этурлар. (Кофирлар қиёматгача Қуръони Карим Аллоҳдан келган ҳақ эканига шубҳада бўладилар. Шунинг учун иймон келтирмайдилар. Лекин бу билан фақат ўзларига зиён қиладилар, холос.)
Ўша кунда ҳукмронлик (ёлғиз) Аллоҳгагина хосдир. У улар орасида ҳукм қилур. Бас, иймон келтирганлар ва яхши амал қилганлар нозу неъмат жаннатларидадирлар.
Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар эса, бас, ана ўшаларга хорловчи азоб бордир.
Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганлар, сўнгра ўлдирилиб ёки вафот этганларни, албатта, Аллоҳ гўзал ризқ ила ризқлантирур. Албатта, Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг энг яхшисидир. (Ҳижрат Аллоҳ йўлида ватандан, қариндош-уруғдан, молу дунёдан, турли қулайликлардан узоқда бўлишдир. Ҳижрат барча Пайғамбарлар, улуғ зотлар бошидан ўтказган ҳолатдир. Исломда эса, Ислом Пайғамбари Муҳаммад (с. а. в.) ва у кишининг сафдошлари–саҳобаларнинг бир қисми ҳаётидаги катта синовдир. Аллоҳ таоло уларнинг Маккадан Мадинага қилган ҳижратларидан сўнг Исломга фатҳу футуҳ, шону шавкат берди.)
Албатта, У зот уларни ўзлари рози бўладиган жойга киритур. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ҳалим зотдир.
Иш бундоқ. Ким ўзига иқоб қилинганига ўхшаш иқоб қилсаю, сўнгра унга яна зўравонлик қилинса, Аллоҳ, албатта, унга нусрат берур. Албатта, Аллоҳ авфли ва мағфиратли зотдир. (Биров зулмга учраб, бошқа бир киши томонидан иқобга учраса, қасос олиш тариқасида ўша золимдан ўзига қилинган иқоб даражасида ўч олсаю, сўнгра унга яна тажовуз қилинса, ўша одамга Аллоҳ ёрдам беради. Чунки у зулм қилмаяпти, ҳаддидан ошмаяпти, фақат ўз ҳаққини талаб қиляпти. Бошқа томон эса, аввал ноҳақдан тажовузкорлик қилган эди. Тажовузига яраша жавоб келганида, тушуниб ўзини тийиши керак эди. Аммо у яна тажовузкорлик қилди.)
Чунки Аллоҳ, албатта, кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчи зотдир. (Доимий сувратда кеча кундузга, кундуз кечага кириб туради. Буни Аллоҳга куфр келтириб, гердайиб юрган одамлар ҳам, бошқалари ҳам қила олмайди. Буни фақат Аллоҳ таологина қилади. Аллоҳнинг бу ишини биров тўхтата олмаганидек, у зотнинг мазлумларга нусрат беришини ҳам тўхтата олмайди.)
Чунки Аллоҳнинг Ўзигина ҳақдир, Ундан бошқа топинаётганлари эса, ботилдир. Албатта, Аллоҳ юксак ва буюкдир.
Аллоҳ осмондан сув туширганида, ернинг ям-яшил бўлишини кўрмадингми?! Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва хабардор зотдир.
Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Албатта, Аллоҳ, Унинг Ўзигина беҳожат ва мақталган зотдир. (Аллоҳ таоло осмонлару ердаги нарсаларга эга бўлганидан, У зотнинг ҳеч бир нарсага ҳожати йўқ. Шундай ҳам мақталган, ҳамду сано эгаси бўлган зотдир. Ўзидан бошқа ёрдамчига Унинг ҳожати бўлмаганидек, бировнинг мақтовига ҳам ҳожати йўқдир.)
Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга шафқатли ва меҳрибондир. (Инсоф билан фикр ишлатиб қаралса, Аллоҳ таоло ер юзидаги ҳамма нарсаларни инсон фойдаси учун, унга бўйсунадиган, унга беминнат хизмат қиладиган қилиб қўйган. Ҳаводан тортиб, тошу тоққача, набототу жамодот, катта-кичик жонзотлар, ҳамма-ҳаммаси инсон учун хизматкор. Уларнинг эвазига инсондан ҳақ талаб қилинмайди.)
Сизларни тирилтирган, кейин ўлдирадиган, сўнгра (қайта) тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзидир. Албатта, инсон ўта ношукрдир. (Инсонга ҳаёт бериб, уни йўқдан бор қилган ким?! Албатта, Аллоҳ! Ана шу зотга шукр қилиб, Унга иймон келтириб, Унинг ибодатини қилса, бўлмасмиди?! Бу дунёда яшаб юрган инсонни ўлдирадиган ким?! Албатта, Аллоҳ! Ўлганларни қиёмат куни қайта тирилтирадиган, уларни сўроқ-саволга тутадиган, қилганига яраша мукофот ёки жазо берадиган ким?! Албатта, Аллоҳ! Шундай экан, инсон ўша кунга тайёргарлик кўрса бўлмасмиди?! «Албатта, инсон ўта ношукрдир». Шунинг учун ҳам Аллоҳга куфр келтиради. Унга исён қилади. Унинг кўрсатган йўлидан юрмайди.)
Биз ҳар бир умматга шариат берганмиз. Улар ўшанга амал қилгувчилардир. Бас, бу ишда ҳаргиз сен ила низо қилмасинлар. Роббингга даъват қил. Албатта, сен мустақийм ҳидоятдасан.
Агар улар сен билан тортишсалар: «Аллоҳ нима қилаётганингизни билгувчидир.
Аллоҳ қиёмат куни сиз ихтилоф қилган нарса бўйича орангизда ҳукм қиладир», деб айт.
Аллоҳ, албатта, осмону ердаги нарсани билишини, ана ўша, албатта, китобда эканини ва, албатта, у нарса Аллоҳга осон эканини билмайсанми?! (Ушбу оятдаги савол иқрор қилдириш маъносидадир. Яъни, билар эдинг-ку, дейилмоқда. Ояти каримадаги «китоб»дан мурод «Лавҳул маҳфуз»дир. Демак, ҳукм қилиш Аллоҳ таоло учун ҳеч нарса эмас.)
Улар Аллоҳни қўйиб, У зот ҳақларида бирон ҳужжат туширмаган, ўзларида у ҳақда илм бўлмаган нарсага ибодат қиладилар. Золимларга ҳеч бир нусрат бергувчи йўқдир.
Уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинаётганида, куфр келтирганларнинг юзларида инкорни кўрурсан. Улар ўзларига оятларимизни тиловат қилиб бераётганларга чанг солишга оз қолурлар. Сен уларга: «Бунингиздан ҳам ёмонроқ нарсанинг хабарини берайми? У дўзахдир. Аллоҳ уни куфр келтирганларга ваъда қилгандир. Ва у нақадар ёмон қайтиш жойидир», деб айт.
Эй одамлар! Бир масал айтилмиш, бас, унга қулоқ солинг! Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, топинаётган нарсаларингиз, агар барчалари бирлашсалар ҳам, битта пашша ярата олмаслар. Ва агар пашша улардан бирон нарсани тортиб олса, ундан ўшани қутқариб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди. (Бошқа катта жонзотларни қўйсинлар-у, энг кичик, энг ҳақир, энг аҳамиятсиз кўринган пашшани яратишга уриниб кўрсинлар. Ярата олмаслар. Хўш, энди бир дона пашшани ярата олмаган бутга қандай қилиб топиниш, сиғиниш, айтганини (агар айтолса,) қилиш мумкин? Асло мумкин эмас. Умуман ақлга, мантиққа тўғри келмайди. Пашша жуда заиф, ҳақир жон. Аммо, у сабаб бўлиб баъзи бир касалликларни ташиб келтирса, ҳаммаси тўпланиб, ҳаракат қилса ҳам, ўша касалликдан зарар кўраётганни ёки ўлаётганни қутқариб қололмайдилар. Буни ҳамма ҳаётда кўрган. «Талаб қилувчи ҳам, талаб қилинган ҳам ожиз бўлди». Яъни, Аллоҳдан ўзганинг ибодатини талаб қилувчи ҳам, ибодати талаб қилинган нарсалар ҳам ожиздирлар. Бирон нарса қўлларидан келмас.)
Улар Аллоҳнинг қадрини жойига қўймадилар. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир. (Яъни, улар ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига эътиқод қилишлари, фақат Унгагина ибодат қилишлари лозим эди. Аммо улар Аллоҳнинг қадрини билмадилар, унга ширк келтирдилар, Ундан ўзгаларга топиндилар.)
Аллоҳ фаришталардан ва одамлардан Пайғамбарлар танлар. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва кўргувчидир.
У зот уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги нарсани билур. Барча ишлар ёлғиз Аллоҳгагина қайтарилур.
Эй иймон келтирганлар! Рукуъ, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки нажот топсангиз.
Ва Аллоҳ (йўлида) ҳақ жиҳод қилингиз. У сизларни танлаб олди. Ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади. Бу отангиз Иброҳимнинг миллати. У сизларни бундан олдин ва бу(Қуръон)да Пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса, одамларга гувоҳлар бўлишингиз учун мусулмонлар деб номлади. Бас, намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Аллоҳга боғланинглар. У сизнинг хожангиздир. Бас, У зот қандай ҳам яхши хожа ва қандай ҳам яхши нусрат бергувчи. (Суранинг охиридаги ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Ислом умматига нидо қилмоқда. Бу нидо мусулмонларга энг маҳбуб мурожаат билан «Эй иймон келтирганлар», деб бошламоқда. Бу нидо ўзидан кейин келадиган амрларни алоҳида кўтаринки руҳда адо этишга ундайди. Ундан кейин келаётган амрлар эса, рукуъ, сажда қилмоқликдир.)