loader
Улар намозларида хушуъ қилувчилардир.
Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир.
Улар закотни адо қилгувчилардир.
Улар фаржларини сақловчилардир.
Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслардир.
Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир.
Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир.
Улар намозларини муҳофаза қилувчилардир.
Ана ўшалар ворис бўлгувчилардир.
Улар Фирдавсни мерос олурлар, улар унда абадий қолгувчилардир.
Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик.
Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик.
Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир.
Сўнгра, албатта, сизлар бундан кейин ўлгувчисизлар.
Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат куни қайта тирилтирилурсизлар.
Батаҳқиқ, Биз устингизда етти йўлни яратдик. Биз махлуқотдан ғофил бўлган эмасмиз. (Эй одамлар, Биз устингизга етти табақа осмонни яратиб қўйганмиз. Шундай жонсиз, мустаҳкам ва чексиз нарсаларда нима бўлаётганини ҳам билиб турамиз.)
Биз осмондан ўлчов ила сув тушириб, уни ерга жойлаштирдик. Албатта, Биз уни кетказишга ҳам қодирдирмиз. (Осмондан ўлчов ила сув тушириб, уни ерда қарорлаштириш ҳам Аллоҳ таолонинг ишидир. Ким керакли миқдорда осмондан сув тушира олади? Ердаги ҳамма сув осмондан ўлчов билан тушгандир. Ортиқча ҳам эмас, кам ҳам эмас. Шунинг ўзини ибрат назари билан ўйлаган одам иймонга келиши керак. Сувни келтирган зот кетказа олмасмиди? Аллоҳ таоло сувни кетказишига далил сифатида баъзан маълум жойларни сувдан бебаҳра қилиб қўяди. Ўша ерда қурғоқчилик бўлиб, ҳамма нарса ҳалокатга юз тутади. Ана шу қурғоқчилик ҳодисалари ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилади. Улар ҳам одамларни иймонга чақирадиган ибратли нарсалардир.)
Ва у(сув) ила сиз учун хурмо ва узум боғлари пайдо қилдик, сизга у(боғ)ларда кўп мевалар бўлиб, улардан ерсизлар.
Ва Тури Сийнодан чиқадиган бир дарахтни (пайдо қилдикки), у ёғ ва егувчиларга нонхуриш ила ўсур. (Яъни, ҳам ёғ, ҳам нонхуриш сифатида ишлатиладиган, кўпроқ Тури Сийнода ўсадиган зайтун ҳам ибратга сазовор дарахт саналади.)
Албатта, сиз учун чорва ҳайвонларида ибрат бордир. Биз сизни уларнинг қоринларидаги нарса ила суғорурмиз ва сиз учун уларда кўпгина манфаатлар бор ва улардан ерсизлар.
Ва уларга ва кемаларга юкланурсизлар.
Батаҳқиқ, Биз Нуҳни қавмига юбордик. Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқдир. Наҳотки қўрқмасангиз?!» деди.
Бас, унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлари: «Бу сизга ўхшаш башар, холос, сиздан афзал бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ хоҳласа, фаришталарни туширар эди. Аввалги ота-боболаримизда буни эшитган эмасмиз.
У фақат бир жинни одам, холос. Бас, уни бир оз муддат пойлаб туринг», дедилар.
У: «Эй Роббим, мени ёлғончи қилганларга қарши менга нусрат бер», деди. (Нуҳ алайҳиссалом ҳақиқий нусрат қаердалигини яхши билганлари учун дарҳол Аллоҳга илтижо қилиб, ўзларини ёлғончи санаганларга қарши ёрдам сўрадилар.)
Бас, Биз унга: «Бизнинг кўз ўнгимизда ва ваҳийимиз ила кема яса. Бас, Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора бўлганда, у(кема)га ҳар бир турдан бир жуфтдан ва аҳлингни чиқар, магар кимнинг зиддига олдин сўзимиз ўтган бўлса (чиқарма). Зулм қилганлар ҳақида Менга хитоб қилма. Албатта, улар ғарқ қилингувчилардир.
Бас, сен ўзинг билан бирга бўлганлар ила кемага жойлашиб олгач: «Бизни золим қавмлардан қутқарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дегин.
Ва: «Эй Роббим, мени муборак манзилга туширгин, Сен, Ўзинг манзилга туширгувчиларнинг энг яхшисисан», дегин», дедик.
Албатта, бунда оят-ибратлар бордир. Албатта, Биз синовчи бўлган эдик.
Сўнгра улардан кейин бошқа авлодларни пайдо қилдик. (Яъни, Нуҳ ва унинг қавмидан кейин бошқа халқларни пайдо қилдик.)
Бас, уларнинг ичига ўзларидан бўлган Пайғамбарни: «Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир, наҳотки, қўрқмасангиз», деб юбордик. (Эътибор берадиган бўлсак, бу Пайғамбар ҳам Нуҳ алайҳиссаломнинг сўзларининг айнан ўзини такрорламоқда. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқлигини таърифламоқда ва Аллоҳга иймон келтирмай юриш қўрқинчли эканини уқтирмоқда.)
Унинг қавмидан куфр келтирган, охиратга рўбарў бўлишини ёлғонга чиқарган ва Биз уларни ҳаёти дунёда маишатпараст қилиб қўйган зодагонлари: «Бу сизга ўхшаган башар, холос. Сиз еган нарсадан ейди, сиз ичган нарсадан ичади.
Агар ўзингизга ўхшаган башарга итоат қилсангиз, унда, албатта, сиз зиёнкорлардандирсиз.
У сизга, ўлсангиз, тупроқ ва суяк бўлсангиз ҳам, албатта, чиқарилгувчи бўлишингизни ваъда қилмоқдами?!
Ҳайҳот! Ҳайҳот! Сизга ваъда қилинган нарса нақадар узоқ!
Шу дунёдаги ҳаётимиздан бошқа ҳаёт йўқдир. Ўламиз, тириламиз ва биз қайта тирилгувчи эмасмиз.
У фақат Аллоҳга нисбатан ёлғон уйдирган одам, холос. Биз унга иймон келтиргувчи эмасмиз», дедилар. (Бу қавмнинг жавоби ҳам моҳиятан Нуҳ қавми жавобининг айнан ўзи. Бу сафар ҳам қавм номидан зодагонлари жавоб бермоқда.)
У: «Эй Роббим, мени ёлғончи қилганларга қарши менга нусрат бер», деди.
У зот: «Озгинадан сўнг улар надомат чекувчи бўлурлар», деди. (Яъни, Аллоҳ таоло у Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуоларини қубул қилди. У зот алайҳиссаломга нусрат берадиган бўлди. Ва сабр қил, озгина вақтдан сўнг у кофирлар пушаймон қилувчи бўладилар, деди.)
Бас, уларни ҳақ ила қичқириқ олди. Бас, Биз уларни хасу чўпга айлантирдик. Даф бўлсин золим қавмлар!
Сўнгра улардан кейин бошқа аср авлодларини пайдо қилдик. (Яъни, қиссаси келтирилган ўша қавмдан кейин бошқа турли қавмларни дунёга келтирдик.)
Ҳеч бир уммат ўз ажалидан олдин ҳам кетмас, ортда ҳам қолмас.
Сўнгра Пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик. Ҳар қачон бир умматга ўз Пайғамбари келса, уни ёлғончи қилдилар. Бас, Биз ҳам уларни баъзилари ортидан баъзиларини (ҳалокатга) эргаштиравердик ва уларни гапу сўзга айлантирдик. Бас, даф бўлсин иймон келтирмайдиган қавмлар!
Сўнгра биз Мусо ва биродари Ҳорунни оятларимиз ва очиқ ҳужжат ила юбордик.
Фиръавн ва унинг аъёнларига. Бас, улар мутакаббирлик қилдилар ва ўзини юқори қўйган қавм бўлдилар.
Бас, улар: «Ўзимизга ўхшаган икки башарга иймон келтирамизми?! Ҳолбуки, уларнинг қавми бизга қуллик қилгувчи бўлиб турибди-ку?! « дедилар. (Яъни, қандай қилиб ўзимизга ўхшаган, қўлимизда қул бўлиб турган Бани Исроил қавмининг икки одамига Пайғамбар деб иймон келтирамиз, дедилар.)
Бас, икковларини ёлғончи қилдилар ва ҳалок қилинганлардан бўлдилар.
Батаҳқиқ, Биз, шоядки, ҳидоят топсалар, деб Мусога Китобни берган эдик.
Ибн Марямни ва унинг онасини оят-аломат қилдик ва икковларини оқар сувли қароргоҳ тепаликка жойладик. (Ийсо ибн Марям алайҳиссаломни ва у кишининг оналари Биби Марямни Аллоҳ Ўз қудратига далолат қилувчи мўъжиза-аломат ўлароқ юборди ва Байтул Мақдис еридан оқар суви бор, бир тепаликка жойлади.)