loader
Эй Пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билгувчиман.
Албатта, сизнинг бу умматингиз ягона умматдир. Мен эса, Роббингизман. Бас, Менгагина тақво қилинг. (Эй Пайғамбарлар, сизнинг динингиз Исломдир. Роббингиз бўлган Аллоҳга тақво қилинг.)
Бас, улар ишларини ўз ораларида пора-пора қилиб бўлиб юбордилар. Ҳар фирқа ўз ҳузурларидаги нарса ила хурсанддирлар. (Пайғамбарлар бир динда бўлган эдилар. Аммо улардан кейингилар ягона динни турли фирқаларга парчалаб юбордилар.)
Бас, сен уларни ғафлатларида бир муддат қўйиб қўй.
Улар Бизнинг ўзларига молу дунё ва фарзандлар ила мадад бераётганимизни.
Уларга яхшиликларни тезлатишимиз, деб ҳисоблайдиларми? Йўқ! Улар сезмаслар.
Албатта, Роббиларидан қўрқиб хавфда турувчилар.
Ва Роббилари оятларига иймон келтирадиганлар.
Ва Роббиларига ширк келтирмайдиганлар.
Ва берадиган нарсаларини, албатта, Роббиларига қайтгувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берурлар.
Ана ўшалар яхшиликларга шошилурлар ва улар ўша(яхшилик)лар учун мусобақа қилурлар.
Биз ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари таклиф қилмасмиз. Ҳузуримизда китоб бор. У ҳақни сўзлайдир. Уларга зулм қилинмас.
Йўқ! Уларнинг қалблари бундан ғафлатдадир. Уларнинг бундан бошқа амаллари бордир. Улар ўша (амал)ларни қилгувчидирлар.
Токи уларнинг маишатпарастларини азоб ила тутганимизда, бирдан фарёд солурлар.
Энди, бугун фарёд солманг! Албатта, Биз томонимиздан сизга нусрат қилинмас.
Батаҳқиқ, Менинг оятларим сизга тиловат қилинар эди. Сиз эса, ортингизга қочар эдингиз.
У(Каъба) билан кибрланар, тунги суҳбатингизда беҳуда сўзлар айтар эдингиз.
Наҳотки улар бу сўзни тадаббур қилиб кўрмадилар? Ёки уларга аввалги ота-боболарига келмаган нарса келибдими?
Ёки ўз Пайғамбарларини танимасдан улар унга инкор қилгувчи бўлмоқдаларми?
Ёки, унда жиннилик бор, дейдиларми? Йўқ! У уларга ҳақ ила келди. Уларнинг кўплари эса, ҳақни ёмон кўргувчидирлар. (Муҳаммад (с. а. в.) уларга ҳақ дин ила келди. Шунинг учун улар Исломдан юз ўгирмоқдалар. Улар ҳақни ёмон кўрадилар.)
Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар фасодга учрар эди. Йўқ! Биз уларга ўз шарафларини келтирдик. Улар эса, шарафларидан юз ўгирмоқдалар. (Ҳақ битта, яъни, Аллоҳнинг динидир. Ҳамма ҳаққа эргашмоғи лозим. Чунки ҳақ битта, одамларнинг ҳавойи нафслари эса, чексиздир. Инчунин, ҳавойи нафс ила ҳақиқатга эришиб бўлмайди. Қачон ҳавойи нафснинг кўйига тушилса, фасодга учралади. Аллоҳдан келган ҳақ–Ислом одамларни йўлга солиши керак. Аммо одамлар у ҳақдан–Исломдан юз ўгирмоқдалар. Ҳақни–Исломни ҳавойи нафсларига эргаштиришни истайдилар. Биз келтирган Қуръон–Ислом–ҳақ улар учун шарафдир. Ким ҳаққа эргашса, амал қилса, шон-шарафга эга бўлади.)
Ёки сен улардан харож сўраяпсанми?! Бас, Роббингнинг харожи яхшироқдир. У зот энг яхши ризқ бергувчидир.
Албатта, сен уларни тўғри йўлга чақирасан.
Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганлар бу йўлдан озгувчидирлар.
Агар уларга раҳм қилиб, уларга етган зарарни кушойиш қилсак ҳам, туғёнларида бардавом бўлиб, адашиб-улоқиб юраверадилар.
Батаҳқиқ, Биз уларни азоб ила тутдик, бас, улар Роббиларига бўйин ҳам эгмадилар, тазарруъ ҳам қилмадилар.
Токи қачон уларга шиддатли азоб эшигини очганимизда, тўсатдан ноумид бўлгувчилардир.
У зот сизга қулоқни, кўзлару қалбларни пайдо қилган зот. Нақадар оз шукр қилурсиз!
У зот сизларни ер юзида яратиб, таратгандир. Ва Унгагина тўпланурсизлар.
У зот тирилтирур ва ўлдирур. Кечаю кундузнинг алмашиниши ҳам Унга оид. Наҳотки ақл юритмасангиз?
Йўқ! Улар аввалгилар айтган нарсага ўхшаш нарсани айтдилар.
Улар: «Биз ўлиб тупроқ ва суяк бўлганимиздан кейин ҳам-а? Биз, албатта, қайта тирилтирилувчимизми-а?
Батаҳқиқ, бизга ҳам, бундан олдин ота-боболаримизга ҳам бу ваъда қилинган эди. Бу аввалгиларнинг афсонасидан бошқа нарса эмас», дедилар.
Сен: «Агар билсангиз, Ер ва ундаги кимсалар кимникидир?» деб айт.
«Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Наҳотки эслатма олмасангиз?!» дегин.
Сен: «Етти осмоннинг Робби ким? Улуғ аршнинг Робби ким?» деб айт.
Улар: «Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Наҳотки қўрқмасангиз?!» деб айт.
Сен: «Агар билсангиз (айтинг-чи), ҳар бир нарсанинг мулки қўлида бўлмиш, Ўзи ҳимоя қиладиган ва Ундан ҳимоя қилинмайдиган зот ким?!» деб айт. (Яъни, хоҳлаган кишисини Ўз ҳимоясига ола биладиган, бошқалар Ундан ҳимоялана олмайдиган зот ким?)
«Аллоҳникидир», дерлар. Сен: «Қандоқ ҳам сеҳрланмоқдасиз-а?!» деб айт. (Агар ўша нарсалар Аллоҳники эканини билсангиз, нима учун Аллоҳга иймон келтирмаяпсиз?! Кофир ҳолингизда юрибсиз? Буни фақат сеҳрланган одам қилиши мумкин, холос. Сиз қандоқ ҳам сеҳрлангансиз-а?! Ушбу саволлар мушрикларга, Аллоҳга ширк келтирадиганларга берилмоқда. Бунда Аллоҳга турли-туман бут-санамларни ширк келтирадиганлар ҳам, аҳли китоб бўла туриб, Аллоҳга баъзи шахсларни ширк келтирадиганлар ҳам баробардирлар. Чунки уларнинг ҳаммаси Аллоҳдан бошқа ҳеч бир зот бирор нарсани ярата олмаслигини, бирор нарсага молик бўла олмаслигини билгани ҳолда, Аллоҳнинг ваҳдониятига эмас, ширкка қараб юрадилар. Улар бу ишни ҳужжат-далил йўқлигидан қиладиларми?)
Йўқ! Биз уларга ҳақни келтирдик. Улар эса ёлғончилардир.
Аллоҳ ҳеч бир фарзанд тутмаган, У билан бирга ҳеч бир илоҳ бўлмаган. Шундоқ бўлганида, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсаси билан кетиб, баъзилари баъзиларидан устун келар эди. Аллоҳ улар қилаётган васфдан пок бўлди. (Яъни, Аллоҳдан бошқа яна илоҳ бўлганида, у ҳам ўзига бирор нарсаларни яратган бўлар эди. Оқибатда ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсани ўзича тасарруф қилавериб, дунёнинг низоми бузилар эди. Ҳар бир илоҳ ўзиникини ўтказаман деб уриниши натижасида ораларида низо чиқар, баъзилари баъзиларидан устун келар эди. Дунё низоми бузилар эди. Бу ақида Аллоҳдек зотга айб, нуқсонни васф қилишдир.)
У ғайбни ва ҳозирни билгувчидир. У улар ширк келтираётган нарсадан олийдир. (Аллоҳ таоло ҳамма нарсани–ғайбни ҳам, ҳозирни ҳам билгувчи зотдир. У зот мушриклар ширк келтираётган нарсадан олийдир.)
Сен: «Эй Роббим, агар менга, албатта, уларга ваъда қилинган нарсани кўрсатадиган бўлсанг.
Эй Роббим, мени золим қавмлар ичида қилмагин», деб айт.
Албатта, Биз уларга ваъда қилаётган нарсамизни сенга кўрсатишга қодирмиз.
Сен эса, ёмонликни гўзал нарса ила даф қил. Биз нима васф қилаётганларини яхши билгувчимиз.
Сен: «Эй Роббим, сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман!
Сендан, эй Роббим, уларнинг менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман», деб айт.
Токи улардан бирига ўлим келган чоғда: «Эй Роббим, мени (ҳаётга) қайтаргин.
Шоядки тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам», дер. Йўқ! Албатта, бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи, холос. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир.