loader
Ва ер юзида исрофчилик қиладиганларнинг ишига итоат қилманглар.
Бузғунчилик қиладиган, ислоҳчилик этмайдиганларнинг».
Улар: «Сен, албатта, сеҳрланганлардандирсан.
Сен бизга ўхшаган башардан бошқа ҳеч нарса эмассан. Агар ростгўйлардан бўлсанг, оят-мўъжиза келтир», дедилар. (Самуд қавми уларга Аллоҳнинг гапини етказган Пайғамбарлари Солиҳга алайҳиссалом, алғов-далғов гапирмоқдасан, аниқ сеҳрлангансан, деб туҳмат қилдилар. Кофирлар наздида, Аллоҳнинг йўлига чақирувчилар доимо мажнун ёки сеҳрланган бўлиб кўринади.)
У: «Мана бу туя. Унга (бир кун) сув ичиш ва сизга маълум бир кун сув ичиш.
Ва унга ёмонлик етказманглар, унда сизни улуғ куннинг азоби тутадир», деди. (Бошқа оятларда баён этилганидек, туянинг тошдан чиқарилишининг ўзи мўъжиза бўлган эди. Энди ўша мўъжиза туянинг Самуд қавми ичида туриш шарти қўйилди.
Бас, у(туя)ни сўйдилару надомат чекувчига айландилар.
Бас, уларни азоб тутди. Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.
Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
Лут қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди.
Ўшанда уларга биродарлари Лут деди: «Қўрқмайсизларми?!
Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.
Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.
Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир.
Оламлар ичидан эркакларга борасизми?!
Ва Роббингиз сиз учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қиласизми?! Йўқ!!! Сиз ҳаддан ошган қавмсиз».
Улар: «Эй Лут, агар тўхтамасанг, албатта, ҳайдаб чиқарилганлардан бўлурсан!» дедилар.
У: «Албатта, мен бу ишингизни ўта ёмон кўргувчиларданман.
Эй Роббим, менга ва аҳлимга қилаётган нарсаларидан нажот бергин!» деди.
Бас, унга ва аҳлига, ҳаммаларига нажот бердик.
Магар (азобда) қолгувчилардан бўлган бир кампирга (бермадик).
Сўнгра қолганларини ер билан яксон қилдик.
Ва уларнинг устига бир ёмғир ёғдирдикки, бас, огоҳлантирилганларнинг ёмғири қандоқ ҳам ёмон бўлди. (Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабидаги баъзи фақиҳлар, Лут алайҳиссалом қавми кирдикорини қилган баччавозларни, тошбўрон қилиб ўлдириш керак, дейдилар.)
Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.
Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
Қалин дарахтзор эгалари Пайғамбарларни ёлғончи қилдилар. (Бу оятда зикри келаётган «қалин дарахтзор» Мадян ўлкасидир. Аллоҳ таоло Шуайбни алайҳиссалом шу ерга Пайғамбар этиб юборди. Шуайб алайҳиссалом қиссасини, Ҳижр сурасида ўрганганмиз.)
Ўшанда уларга биродарлари Шуайб деди: «Қўрқмайсизларми?!
Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман.
Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар.
Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир.
Бас, ўлчовни тўлиқ ўлчанглар ва камайтиргувчилардан бўлманглар.
Ва тўғри тарози ила тортинглар.
Одамларнинг нарсаларини камайтириб берманг. Ер юзида турли бузғунчиликлар қилманглар.
Сизни ва аввалги наслларни яратган зотдан қўрқинг».
Улар: «Албатта, сен сеҳрланганлардансан.
Ва сен бизга ўхшаган башардан бошқа нарса эмассан. Биз сени, албатта, ёлғончилардан, деб биурамиз.
Агар ростгўйлардан бўлсанг устимиздан осмоннинг бир бўлагини ташлавор», дедилар.
У: «Роббим қилаётган ишингизни ўта яхши билгувчидир», деди.
Бас, улар у(Шуайб)ни ёлғончи қилдилар. Бас, уларни «соябон» куни азоби тутди. Албатта, у улуғ куннинг азоби эди. ( Аллоҳ таоло Айка халқини азобга дучор этишни ирода қилганида ҳавони ўта иситиб юборди. Шунда пастлаб келаётган булут пайдо бўлди. Булут уларга соябон бўлиб кўринди. Ҳаммалари ўзларини булут соясига урдилар. Жиноятчи қавмнинг ҳаммаси булут соясига кириб бўлгандан сўнг, бирдан чақмоқ чақиб, булутдан ўт-олов чиқиб уларни ҳалок этди.)
Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар.
Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир.
Албатта, у (Қуръон) Роббул Оламийннинг туширганидир.
Уни Руҳул амийн олиб тушди.
Сенинг қалбингга, огоҳлантиргувчилардан бўлишинг учун.
Очиқ-ойдин араб тилида. («Руҳул Амийн»дан мурод Жаброил фаришта алайҳиссалом; «огоҳлантиргувчилардан» дегани Пайғамбарлардан деган маънони билдиради. Яъни, Қуръонни Жаброил сенинг қалбингда Пайғамбарлардан бўлишинг учун равшан араб тилида олиб тушди.)
Албатта, у (Қуръон) аввалгиларининг китобларида ҳам бордир. ( Қуръоннинг зикри, аввалги умматларнинг илоҳий китобларида ҳам бордир.)
Уни Бани Исроил уламоларининг билишлари, улар учун оят-далил эмасми?!
Агар Биз уни баъзи ажамийларга нозил қилсак.
Бас, у уларга уни ўқиб берса ҳам, мўмин бўлмас эдилар.
Биз у(Қуръон)ни жиноятчилар қалбларига ана шундай йўлладик. (Улар уни эшитадилар, маъноларини тушунадилар, аммо иймон келтирмайдилар.)