Унинг қавмининг жавоби: «Лут аҳлини юртингиздан қувиб чиқаринг, чунки улар покиза бўлишни хоҳлаган кишилардир», дейишдан бошқа нарса бўлмади. (Ифлосликка ботиб қолган бу қавм покликни масхара қилиб, покиза одамларни камситиш йўлига ўтди. Уларни дунёда ҳеч ким қилмаган ифлосликдан қайтариб, покланишга, инсон номига доғ туширмасликка чорлаган Аллоҳнинг Пайғамбари Лутни алайҳиссалом ва у кишига эргашган мўминларни айнан покликлари учун юртларидан ҳайдаб чиқармоқдалар.)
Ва уларнинг устларига бир ёмғир ёғдирдикки, бас, огоҳлантирилганларнинг азоби қандай ҳам ёмон бўлди. (Ва жиноятчи Лут қавмининг устидан тош ёғдирдик. Ҳаммалари ҳалок бўлдилар. Огоҳлантиришларга қарамай, жиноятда бардавом бўлганларнинг оқибати шундай бўлади.)
Ёки осмонлару ерни яратган, сизларга осмондан сув туширган зотми? Бас, Биз у(сув) билан гўзал боғлар ўстирдик. Сиз ўзингиз унинг дарахтини ўстира олмас эдингиз. Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, улар ўзлари тенглаштирадиган қавмдирлар.
Ёки ерни қароргоҳ этган, унинг узра анҳорлар қилган, унга тоғлар қилган ва икки денгиз ўртасида тўсиқ қилган зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билмаслар. (Икки денгиз–денгиз ва дарёдир. Бирининг суви иккинчисига қуйилади, аммо аралашиб кетмайди: дарёнинг чучук суви шўр, денгизнинг шўр суви чучук бўлиб қолмайди. Чунки Аллоҳ уларнинг ўртасига табиий тўсиқ тортиб қўйган.)
Ёки музтар-ночор одам дуо қилганда ижобат этиб, унинг мушкулини осон қилган ҳамда сизни ер юзида халифа қилган зот яхшими?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми? Қанчалик оз эслайсизлар-а?!
Ёки сизларни қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлга соладиган ҳамда Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборадиган зотми?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан олийдир. (Одамлар доимо қуруқлик ва денгизда сафар қилиб келади. Кўзланган манзилларга етиш учун турли йўллардан юришади. Иложини қилиб, ўша жойни топиб боришади. Хўш, ўша сафарларда йўл топиш қобилиятини инсонга ким берди? Йўлни аниқлашда ёрдам берадиган ақл, кўз, қулоқни-чи? Турли белгиларга, юлдузларга, асбобларга қараб йўл топишни унга ким ўргатди? Сохта худоларми? Ёки Аллоҳ таоломи? Албатта, Аллоҳ таоло.)
Ёки аввал-бошдан яратадиган, сўнгра яна қайтадан яратадиган ва сизларни осмонлару ердан ризқлантирадиган зот яхшими? Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! «Агар ростгўй бўлсангиз ҳужжатингизни келтиринг», дегин. (Аслида, йўқ инсонни бор қилиб, аввал-бошда яратган ким? Бут-санамларми, жин ва фаришталарми, мушриклар худо деб юрган бошқа махлуқларми? Инсонни охиратда қайтадан яратадиган ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи.)
Сен: «Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас», деб айт. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сезмаслар. (Ғайбни билиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким — на инсон, на фаришталар, на жинлар ғайбни билмайди.)
Балки илмлари охиратни идрок қилгандир? Йўқ, улар ундан шак-шубҳададирлар. Йўқ, улар ундан кўрдирлар. Кофирлар охират илмидан хабардормикин? Йўқ, била олмайдилар. Улар охират нима эканини билиш у ёқда турсин, охиратнинг бўлиш-бўлмаслигига аниқ ишонмайдилар. Балки у хусусдаги масалада кўрдирлар, ҳеч нарсани кўрмаслар.
Сен: «Сиз келишига ошиқаётган нарсанинг баъзиси ортингизга мингашиб олган, бўлса ажаб эмас», деб айт. (Яъни, ўша ваъдалар шундоққина ортингизда турибди, аммо сиз сезмаяпсиз, холос. Дарҳақиқат, ғайбни ким билади? Эҳтимол, беш дақиқадан сўнг азоб, қиёмат ёки қайта тирилиш рўй берар, эҳтимол, ундан кўпроқ ёки озроқ вақт қолгандир. Ким билади буни?! Аллоҳ таоло бу ишларни хоҳлаган лаҳзасида содир этишга қодир.)
Сен кўрларни залолатдан ҳидоятга солгувчи эмассан. Сен фақат мусулмон бўлган ҳолларида оятларимизга иймон келтирадиганларгагина эшиттира олурсан. (Кофирлар ўлик, кар бўлиш билан бирга, кўр ҳамдир. Сен, эй Пайғамбар, у кўрларни адашиб юрган йўлларидан қайтариб, тўғри йўлга ҳидоят қила олмассан.)
Қачонки уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. У уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир. (Бу ҳодиса қиёматнинг аломатларидан биридир. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада кофирлар бошига ваъда қилинган сўз–қиёмат азоби тушиш чоғида ердан бир ҳайвон чиқариши ҳақида хабар бермоқда. Демак, бу ишнинг бўлиши муқаррарлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Саҳиҳ ҳадиси шарифларда бу ҳайвон қиёматнинг аломатларидан бири эканлиги, тавба қилса, фойда бермайдиган вақт бўлиб қолганда чиқиши ҳақида хабарлар келган.)
Биз сокинлик топишлари учун кечани, кўришлари учун кундузни қилганимизни кўрмадиларми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун ибратлар бордир.
Тоғларни кўриб, қимирламай турибди деб ҳисоблайсан. Ҳолбуки, улар булутнинг ўтишидек ўтурлар. Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир. Албатта, у нима қилаётганингиздан хабардордир. (Қиёмат куни шундай даҳшатлики, кўзимизга энг салобатли, виқорли, мустаҳкам бўлиб кўринадиган улуғвор тоғлар ҳам жойидан кўчиб, титилиб, булутдай сузиб юради. Уларни кўрган одам, жойида турибди, деб ўйлайди, аслида эса, улар булутдек сузиб кетаётган бўлади.)
Ва Қуръонни тиловат қилишга (амр этилдим). Ким ҳидоят топса, фақат ўзи учун ҳидоят топадир. Ким залолатга кетса, унга: «Мен огоҳлантиргувчиларданман, холос», дегин.
Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин! У сизларга ўз оят-мўъжизаларини кўрсатур. Сиз уларни кўриб, танийсиз», деб айт. Роббинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.