Бас, икковларига суғориб берди. Сўнгра сояга қайтди ва «Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», деди. (Мусо алайҳиссалом ҳалиги икки аёлнинг ҳайвонларини суғориб бердилар. Буни ўзларининг эркак кишилик бурчи, деб билдилар. Демак, кун иссиқ экан. Аввал ҳам сояда ўтирган эдилар. Лекин қийналаётган икки аёлни кўриб, ғоятда чарчаган, ҳориб-толган, очиққан бўлсалар ҳам, туриб уларга ёрдам бердилар. Қайтиб бориб яна соядан жой олдилар. Яна ёлғиз қолдилар. Яна муҳожирлик ғурбатини ҳис этдилар. Ёлғизнинг ёри худо, деб яна Роббул Оламийнга илтижо қилиб: «Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», дедилар.)