loader
Батаҳқиқ, Биз уларга гапни етказиб қўйдик. Шоядки эсласалар.
У(Қуръон)дан олдин китоб берилганлар унга иймон келтирурлар. (Бу ояти карима тушган пайтда яҳудийлардан ҳам, масиҳийлардан ҳам иймон келтириб, мўмин-мусулмон бўлган кишилар бор эди. Оятда ана шунга ишора қилинмоқда.)
Уларга тиловат қилинган чоқда: «Биз унга иймон келтирдик. Албатта, у Роббимиздан келган ҳақдир. Албатта, биз бундан олдин ҳам мусулмон эдик», дедилар.
Ана ўшаларга сабр қилганлари учун ажрлари икки марта берилган. Улар яхшилик ила ёмонликни даф қилурлар ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар.
Қачонки беҳуда нарса эшитсалар, ундан юз ўгириб: «Бизга ўз амалларимиз, сизга ўз амалларингиз, омон бўлинглар, биз жоҳилларни истамасмиз», дедилар.
Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билгувчи зотдир. (Демак, одамларни ҳидоят қилиш фақат Аллоҳ таолонинг измидадир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто охирзамон Пайғамбарининг (с. а. в.) ҳам бу ишга қурблари етмайди. Агар у зот (с. а. в.) бирор кишини ҳидоят қилиш имконига эга бўлганларида, амакилари Абу Толибни ҳидоят қилган бўлар эдилар. Аммо бунинг имкони бўлмади. Абу Толиб ҳидоятга муяссар бўлмай дунёдан ўтди. Бунга Расули Акрам (с. а. в.) қаттиқ афсус чекдилар. Аллоҳ таоло эса, бу ҳақда Пайғамбарига ушбу оятдаги баёнотни берди.)
Улар: «Агар сен билан ҳидоятга эргашсак, ўз еримиздан юлиб олинамиз», дедилар. Биз уларга омонлик ҳарамини макон қилиб бермадикми?! У ерга ҳар нарсанинг мевалари Бизнинг даргоҳимиздан ризқ ўлароқ йиғилади-ку! Аммо кўплари билмаслар.
Биз маишатлари ҳаддан ошган қанчадан-қанча юртларни ҳалок қилдик. Бас, анавилар, уларнинг масканлари, улардан кейин маскан қилинмади, илло, озгинаси, холос. Ва Биз ўзимиз ворис бўлиб қолдик.
Роббинг шаҳар-қишлоқларни то улар орасига уларга оятларимизни тиловат қиладиган Пайғамбар юбормасдан туриб ҳалок қилувчи бўлмаган. Биз шаҳар-қишлоқларни фақат аҳли золим бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлганмиз. (Аллоҳ таолонинг одати шуки, инсонларга жон, ақл-идрок бериб қўйса ҳам, яна Пайғамбар орқли огоҳлантирмасдан туриб уларни ҳалок қилмайди. Пайғамбарни қачон ва қаерга юборишни ўзи билади. Мана, Макка аҳлига ҳам Пайғамбар келмаган эди. Энди Муҳаммадни (с. а. в.) юборди. У кишини фақат Макка аҳлига эмас, балки барча макон ва замонларга огоҳлантиргувчи Пайғамбар қилиб юборди.)
Ва сизга берилган нарсалар бу дунёнинг матоҳи ва зийнати, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийдир. Ақл ишлатмайсизларми?
Биз унга гўзал ваъда қилган, кейин ўшанга эришувчи киши бу ҳаёти дунё матоҳини берганимиздан сўнгра қиёмат куни (азобга) ҳозир қилинганлардан бўлган киши каби бўлармиди?! (Бу ояти каримада мўмин билан кофир бир-бирларига солиштириб кўрсатилмоқда. Бир томонда мўмин киши. Унга Аллоҳ таоло мўминлиги учун бу дунёда гўзал яшашни, у дунёда гўзал жаннатга эга бўлишни ваъда қилган. Иккинчи томонда кофир киши. Аллоҳ таоло унга ҳаёти дунёнинг озгина матоҳини берган. Кейин у дунёда азоблаш учун дўзахни тайёрлаб қўяди. Хўш, шу икки кишини ўзаро тенг дея оламизми? Албатта, йўқ!)
У зот уларни чақирган кунида: «Сиз даъво қилган Менинг «шерик»ларим қани?!» дейдир.
Устиларига сўз(ланган азоб) тушиши ҳақ бўлганлар: «Эй Роббимиз, анави йўлдан оздирганларимизни ўзимиз йўлдан озганимиздек оздирганмиз. Сенга ўзимизни оқладик. Улар бизга ибодат қилган эмаслар», дерлар.
Ва: «Менинг «шерик»ларимни чақиринглар», дейилур. Улар чақирадрлар. Бас, (сохта худолари) уларга жавоб бермаслар. Ва, азобни кўрурлар. Кошки, ҳидоят топган бўлганларида эди! (Қани, у дунёда ибодат қилиб юрган худоларини энди чақирсинлар, уларга ёрдам беришсин. Ҳозир ёрдам беришмаса, қачон ёрдам беришади? Мушриклар Аллоҳга шерик қилган сохта худоларини чақирадилар. «Бас, (сохта худолари) уларга жавоб бермаслар». Бу дунёда жавоб бера олмаган сохта худолар у дунёда жавоб бера билармиди? Демак, мушрикларнинг умидлари узилди. Ана шунда улар «азобни кўрурлар».)
У кунда, У зот уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларга нима деб жавоб бердингиз», дер.
Ана ўша кунда хабарлар улардан махфий бўлур ва улар бир-бирларидан сўрай олмаслар ҳам.
Аммо тавба қилганлар, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган кишилар шоядки нажот топгувчилардан бўлсалар.
Ва Роббинг хоҳлаганини яратиб, хоҳлаганини ихтиёр қилур. Уларда ихтиёр ҳаққи йўқдир. Улар ширк келтираётган нарсалардан Аллоҳ пок ва юксакдир.
Ва Роббинг уларнинг қалблари яшираётган нарсаларни ҳам, ошкор қилаётган нарсаларни ҳам билур.
У Аллоҳ, Ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Бу дунёда ва охиратда барча ҳамд Унгадир. Ҳукм ҳам Унинг Ўзигадир ва Унгагина қайтарилурсизлар.
Сен уларга: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ сизга ёруғлик келтира олур? Эшитмайсизларми?!» деб айт.
Сен уларга: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача доимий қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ сизларга ором оладиганингиз кечани келтира олади?! Кўрмайсизларми?!» деб айт.
У зот Ўз раҳмати ила сизларга кеча ва кундузни ором олишингиз ва ўз фазлидан талаб қилишингиз учун пайдо қилди. Шоядки шукр келтирсангиз.
У кунда, У зот уларга нидо қилиб: «Сизлар даъво қилган «шерик»ларим қани?» дейдир.
Ва ҳар бир умматдан бир шоҳид чиқариб: «Ҳужжатларингизни келтиринг!» дегаймиз. Бас, улар ҳақ Аллоҳга эканини билурлар ва ўзлари уйдириб юрган нарсалари ғойиб бўлур. (Қиёмат кунида Аллоҳ таоло ҳар умматнинг Пайғамбарини гувоҳ сифатида чиқариб олиб, умматларга, менинг шеригим борлиги ҳақида қилган даъволарингизга ҳужжатларингизни келтиринг, дейди. Уларнинг ўзлари ўйлаб топган сохта худолари ғойиб бўлиб қолади. Ана ўшанда шармандалари чиқади.)
Албатта, Қорун Мусо қавмидан бўлиб, уларга такаббурлик қилди. Биз унга калитлари бир гуруҳ қувватлиларга ҳам оғирлик қиладиган хазиналарни берган эдик. Ўшанда қавми унга: «Ҳовлиқма, албатта, Аллоҳ ҳовлиққанларни суймас. (Демак, Қорун Мусо алайҳиссаломнинг, яъни, Бани Исроил қавмидан бўлиб, қавмига такаббурлик қилган. Қорун катта бойликка учиб, қавмига такаббурлик қилди. Молу мулки шу даражада кўп эдики, хазиналарининг калитларини кўтариш бир тўда кучли одамларга ҳам оғирлик қилар эди. Ўша вақтда шунчалик молга эгалик уни ҳовлиқтириб юборади. Шу сабабли, ўз қавмига такаббурлик қилади.)
Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас», дедилар. (Аллоҳ таоло берган молу дунёга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ушбу ояти каримада ўз аксини топган. Мусулмон банда қўлига молу дунё тушганда ўзини худди шу оятга мос тутмоғи лозим. Мусулмон одам, аввало, Аллоҳ берган молу дунё билан охиратни излашга интилади. Яъни, молу мулкини шариатда кўрсатилган, охиратда фойда берадиган жойларга сарфлайди. Ҳаром-хариш, гуноҳ, фисқу фужур ва беҳуда ишларга сарф этмайди. Чунки беҳуда ишларга сарфланган молу дунё бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фойда бермайди. Аксинча, икки дунёда ҳам зиён келтиради. Лекин мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини тарк қилиб-унутиб ҳам юбормайди.)
У: «Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», деди. У, албатта, Аллоҳ ундан олдинги асрларда ундан кўра қувватлироқ, ундан кўра кўпроқ (мол) тўплаганларни ҳалок этганини билмасмиди?! Гуноҳкорлардан гуноҳлари ҳақида сўраб ўтирилмас.
Бас, у (Қорун) қавми ҳузурига зебу зийнати ила чиқди. Ҳаёти дунёни хоҳлайдиганлар: «Қани энди бизга ҳам Қорунга берилган нарсадан бўлса эди. Ҳақиқатда у улуғ насиба эгасидир», дедилар. (Молу дунёсига ишониб мутакаббирлик билан ғурурга кетган, дунёда бузғунчилик қилишга уринган, ношукр одамга фақат ҳаёти дунёни ўйлайдиган кишиларгина ҳавас қилиши мумкин. Ушбу дунёнинг беш кунлик матоҳига эришишдан бошқа мақсади йўқларгина ўша туғёнкор, бузғунчига ўхшаган бўлишни орзу қилиши мумкин. Ана ўшаларгина ғурурга кетган мазкур мутакаббирни «улуғ насиба эгаси, дейиши мумкин.)
Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун Аллоҳнинг савоби яхшидир. Унга фақат сабр қилганларгина эришурлар», дедилар.
Бас, Биз уни ва унинг ҳовли-жойини ерга ютдирдик. Унга Аллоҳ (азоби)дан ёрдам берадиган гуруҳ ҳам бўлмади, унинг ўзи нусратга эришгувчилардан ҳам бўлмади. (Ҳаммаси оддийгина тугади. Қорунни ҳам, ҳовли-жойини ҳам ер ютди-қўйди. Қорун ҳам, унинг бойликлари ҳам, кибру ҳавоси ҳам йўқ бўлди-кетди. Қорунга Аллоҳнинг азоби келганида унга ёрдам берувчи топилмади. Унинг ўзи ҳам илми ила, молу дунёси ила ўзини қутқариб қола олмади.)
Ва кечагина унинг маконини орзу қилаётганлар: «Воажаб, Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига ризқини кенг ёки тор қиладиганга ўхшайдир. Агар Аллоҳ бизга лутф қилмаганида, бизни ҳам ерга ютгизар эди. Воажаб, кофирлар нажот топмайдиганга ўхшайди-ку!» дейишга ўтдилар. (Ҳаёти дунёга берилган ғофилларнинг кўзи шунга ўхшаш фалокатлар вақтида очилиши мумкин. Қорунни ва унинг ҳовли-жойини ер ютганидан кейингина унга ҳавас қилаётган ҳаёти дунё ихлосмандларининг кўзи очилди.)
Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир. (Ўша илмлилар айтган охират диёрини ер юзида Қорун каби такаббурлик ва бузғунчилик қилмаганлар, уларнинг ер юзида бўлишини истамайдиганларга берамиз. Ким тақводор бўлса, оқибат яхши бўлади.)
Ким бир яхшилик келтирса, унга у(яхшилиги)дан кўра хайрлироқ (мукофот) бор. Ким бир ёмонлик келтирса, ёмонлик қилганлар фақат қилганларига яраша жазоланурлар. (Яъни, яхшиликнинг савоби кўпайтириб берилади. Ёмонлик эса, ўз ҳолича жазога тортилади. У кўпайтирилмайди.)
Сенга Қуръонни фарз қилган зот, албатта, сени қайтар жойга қайтаргувчидир. Сен: «Роббим ҳидоят келтирган шахсни ҳам ва очиқ-ойдин гумроҳликдаги шахсни ҳам яхши билгувчидир», деб айт. (Сен она юртингдан ҳижрат қилиб кетишга мажбур бўлаётганингдан ўкинма. Сенга Қуръон тиловати ва унга амал қилишни фарз қилган зот–Аллоҳ, албатта, сени қайтар жойга–Маккага яна қайтаргувчидир.)
Сен ўзингга китоб туширилишидан умидвор ҳам эмас эдинг. Илло, Роббинг раҳмати бўлиб (тушди). Бас, ҳаргиз кофирларга ёрдамчи бўлма.
Ва сени улар ҳаргиз сенга туширилган Аллоҳнинг оятларидан тўсмасинлар. Роббингга даъват қил. Асло мушриклардан бўлма.
Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳга илтижо қилма. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз. (Сен уларнинг гап-сўзларига, хоҳиш-истакларига қараб ўтирма. Аллоҳнинг оятларига амал қилишда давом этавер.)