loader
Албатта, Аллоҳ менинг Роббим ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Бу–сироти мустақимдир», дейдир. (Ийсо алайҳиссаломнинг: «... ўзимдан аввалги Тавротни тасдиқловчи бўлиб...» деганларидан, яна бир бор, у кишининг Бани Исроилга Пайғамбар бўлиб, Мусо алайҳиссалом шариатига амал қилиб келганлари билинмоқда.)
Ийсо улардан кофирликни сезиб қолганда: «Кимлар Аллоҳ йўлида менга ёрдамчи бўлади?!» деди. Ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва бизнинг мусулмонлигимизга гувоҳ бўл. («Ҳаворий» дегани ҳолис, яқин, ишончли дўст деганидир. Ийсо алайҳиссаломнинг ҳам шундай кишилари бор эди. Улар Пайғамбарнинг даъватларига дарҳол лаббай деб жавоб бердилар. Аллоҳнинг дини йўлида ёрдамчи бўлишга тайёр эканликларини эълон қилишлари билан бирга, Аллоҳга келтирган иймонларини ҳам зикр қилмоқдалар. Чунки иймон энг асосий нарса ҳисобланади. Ҳаворийлар яна Ийсо алайҳиссаломдан ўзларининг мусулмонликларига гувоҳ бўлишларини ҳам сўрашмоқда. Яъни, Аллоҳнинг амрига бўйсунганликлари, Аллоҳнинг динига ва Пайғамбарига ёрдам берганликларига гувоҳ бўлишни сўрашмоқда.)
Эй Роббимиз! Сен туширган нарсага иймон келтирдик ва Пайғамбарга эргашдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин», дедилар
Макр қилдилар. Аллоҳ ҳам макр қилди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг «зўри»дир. (Бани Исроил Ийсо алайҳиссаломни хочга осишни ва ўлдиришни хоҳлаб, қўлларидан келган макр-ҳийлаларни қилдилар. Аллоҳ эса у кишини қутқаришни ва Ўзига кўтаришни ирода қилди. Аллоҳнинг тадбири амалга ошди. Маккор яҳудийларнинг ҳийласи ўтмади.)
Аллоҳ: «Эй Ийсо, Мен сени вафот қилдирувчи ва Ўзимга кўтарувчиман ҳамда куфр келтирганлардан сени покловчиман ва қиёмат кунигача сенга эргашганларни куфр келтирганлардан устун қўювчиман. Сўнгра қайтиш жойингиз Ўзимга, бас, ихтилоф қилган нарсаларингиз бўйича орангизда Ўзим ҳукм чиқараман», деганини эсла!
Бас, куфр келтирганларни бу дунёю у дунёда шиддатли азоб ила азоблайман. Уларга ёрдам берувчилар йўқдир.
Иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг ажрини тўлиқ беради. Ва Аллоҳ золимларни хуш кўрмас.
Бу сенга тиловат қилиб бераётганимиз оятлар ва ҳаким эслатмадандир.
Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида Ийсонинг мисоли худди Одамнинг мисолига ўхшайди. Уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга «Бўл!» деди, бас, бўлди. (Аҳли китоблар Одам алайҳиссаломнинг тупроқдан яратилганини, Аллоҳнинг пуфлаши оқибатида жон кирганини яхши билишади. Бу ҳақда ҳеч қандай ихтилоф қилишмайди. Йўқ ердан Одам алайҳиссаломни яратган зот Ийсо алайҳиссаломни тирик юрган Марямдан отасиз ҳолда ярата олмайдими?! Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодир эканлигига ишонган эси бор одам бўлса, албатта бунга иқрор бўлади.)
Бу ҳақиқат Роббингдандир, бас, шак келтирувчилардан бўлма.
Сенга келган илмдан кейин, ким сен билан у ҳақида тортишса: «Келинглар, бизнинг болаларимизни ва сизнинг болаларингизни, бизнинг аёлларимизни ва сизнинг аёлларингизни, биз ўзимизни, сиз ўзингизни чақирамиз-да, сўнгра ёлбориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз», деб айтгин. ( Оли Имрон сурасининг аввалидан то саксон нечанчи оятигача Пайғамбаримиз ҳузурларига Нажрон насоролари келиб, дин ҳақида, Марям ва Ийсо ҳақида тортишган вақтда нозил бўлган. Исломнинг ҳақлиги очиқ-ойдин бўлиб қолганда ҳам, рақиб тараф қайсарлик билан, ўзимники тўғри, деб туриб олган. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларни мубоҳалага, яъни, болалар ва аёлларни тўплаб, ўзлари ҳам қўшилиб, икки тараф ҳам: «Шу масалада ким ёлғон гапираётган бўлса, ўшанга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб дуо қилишга чақиришни буюрди.)
Албатта, бу ўзи ҳақ қиссадир. Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ. Албатта, Аллоҳ, Унинг Ўзи азиз ва ҳаким зотдир. (Яъни, Ийсо ҳақида сенга келган қиссалар ҳақдир. Ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ. Насороларнинг Ийсо ҳам «худо» дейишлари нотўғри. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Аллоҳнинг Ўзи азиз, ҳаммадан ғолиб, биров Унга қарши чиқа олмайди. У ҳаким–ҳар бир ишни ўз ўрнида, ҳикмат билан қилади.)
Агар юз ўгириб кетсалар, бас, албатта, Аллоҳ фасод қилувчиларни билувчидир.
Сен: «Эй аҳли китоблар! Бизга ҳам, сизга ҳам баробар сўзга келинг: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, баъзимиз баъзимизни Робб қилиб олмайлик», дегин. Бас, агар юз ўгирсалар: «Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз», деб айтинглар.
Эй аҳли китоблар, нимага Иброҳим ҳақида талашасизлар. Ҳолбуки, Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин тушган-ку! Ақл юритмайсизларми?!
Ҳой сизлар, ҳалигилар! Ўзингиз билган нарсада-ку талашдингиз, энди нимага ўзингиз билмаган нарсада талашмоқдасиз?! Аллоҳ билади, сиз эса билмайсиз. (Пайғамбар алайҳиссалом билан Ийсо ҳақида, шунингдек, Таврот ва Инжилда келган баъзи масалалар ҳақида тортишишган эди. Бу масалаларда уларнинг озми-кўпми илмлари бор эди. Тортишиб, ўз фикрини айтса бўлар эди. Аммо Таврот ва Инжилдан олдин ўтган ҳодисалар, ўзлари билмайдиган нарсалар ҳақида тортишиб нима қилардилар? Фақат, талашди деган гап учунми? У нарсаларни, хусусан, Иброҳимнинг кимлигини «Аллоҳ билади, сиз эса билмайсиз!».)
Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган эди. Лекин у ҳақ йўлдан тоймаган мусулмон эди. Ва мушриклардан ҳам бўлмаган.
Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар, мана бу Набий ва иймон келтирганлардир. Аллоҳ мўминларнинг валийсидир. (Аввало, «Албатта, одамларнинг Иброҳимга ҳақлироғи унга эргашганлар», яъни ўзлари ҳаёт даврларида у кишига иймон келтириб, йўлидан юрганлар ва у киши ўтганларидан кейин ҳам эргашганлар. Яна кейин одамларнинг Иброҳим алайҳиссаломга ҳақлироғи Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам ва у зотга иймон келтирган мўминлардир.)
Аҳли китоблардан бир тоифалари сизни адаштиришни хоҳлайдилар. Ўзларидан бошқани адаштирмайдилар ва лекин сезмаслар.
Эй аҳли китоблар, нимага ўзингиз гувоҳ бўлиб туриб, Аллоҳнинг оятларига куфр келтирасиз?!
Эй аҳли китоблар, нимага ҳақни ботилга аралаштирасизлар ва билиб туриб ҳақни яширасизлар?! (Аҳли китоблар Исломнинг ҳақлигини биладилар. Уларнинг илоҳий китобларида бу собит бўлган. Лекин улар ҳавою нафсларига учиб, куфр келтирадилар. Кўриб-билиб туриб, Исломдек ҳақ нарсани ботилга аралаштирадилар ва шу билан Исломнинг ҳақиқатини беркитмоқчи, йўқотиб юбормоқчи бўладилар. Узоқ муддат мобайнида Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлагани учун Қуръонга ўз ботилларини қўша олмадилар, лекин бошқа ҳамма нарсага қўшдилар ва қўшмоқдалар. Улар бу ғараз ила Ислом тарихи, ҳадис, Қуръон тафсири, кишилар сийрати каби илмларга ҳийла-найранг орқали турли ботилларни қўшиб келдилар. Ҳозирги кунда ҳам турли илмий номлар билан ўша қадим ишларини қилмоқдалар. Аллоҳ таоло меҳрибон, доимо уларнинг бу кирдикорларини фош этиб, ботилларини ажратиб-чиқариб турадиган уламоларни мусулмон умматига бериб туради.)
Аҳли китоблардан бир тоифалари: «Иймон келтирганларга тушган нарсага куннинг аввалида иймон келтиринглар ва куннинг охирида куфр келтиринглар, шоядки қайтсалар.
Ва динингизга эргашганлардан бошқаларга ишонманглар, токи бирортага сизга берилганга ўхшаш нарса берилмасин ёки Роббингиз ҳузурида сиз билан ҳужжат талашмасин», дейдилар. Сен: «Албатта, ҳақиқий ҳидоят Аллоҳнинг ҳидоятидир», деб айт. Сен: «Албатта фазл Аллоҳнинг қўлида–хоҳлаган кишисига беради. Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир.
Ўз раҳматини хоҳлаган кишисигахос қилади ва Аллоҳ улуғ фазл эгасидир», деб айт. (Бундай усул ҳозир ҳам давом этмоқда. Аҳли китоб саналган яҳудий ва насронийлар ҳақида, улар бир нарсани чуқур тушунмаса, амал қилмайди, деган тушунча кенг тарқалган. Шу боис улардан бирортаси Исломга кирса, бутун мусулмон олами қувончдан терисига сиғмай кетади. Улар орасида Исломга холис кириб, ҳидоят топиб кетаётганлари кўп, лекин юқорида баён этилганидек, ҳийла қилиб, Исломга зарар етказиш мақсадида куннинг аввалида иймонга келиб, охирида куфрга қайтаётганлари ҳам йўқ эмас.)
Аҳли китоблардан, агар ҳисобсиз молни омонат қўйсангиз, уни сенга адо қиладиганлари бор ва бир динорни омонат қўйсанг, устида туриб олмагунингча, сенга адо қилмайдиганлари ҳам бор. Бу уларнинг, омийлар учун бизнинг устимизга йўл йўқ, дейишларидандир. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлайдилар.
Йўқ! Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса. Бас, Аллоҳ тақводорларни хуш кўради.
Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар, албатта, ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва покламас. Уларга аламли азоблар бор.
Улардан бир гуруҳлари борки, сизлар китобдан бўлмаган нарсани китобдан деб ўйлашингиз учун, китобни тилларини буриб ўқирлар. Ва: «У Аллоҳнинг ҳузуридандир», дерлар. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг ҳузуридан эмас. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзларлар.
Бир кишига Аллоҳ китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни берганидан сўнг, у одамларга: «Аллоҳни қўйиб менга банда бўлинглар», дейиши асло мумкин эмас. Лекин одамларга: «Китобни ўргатганингиз ва ўзингиз ўрганганингиз асосида Роббонийлар бўлинг», дейдир. (Маълумки, насоролар Аллоҳ уларга юборган Пайғамбар Ийсо алайҳиссаломни «худо» деб эътиқод қилганлар ва қиладилар. Уларга, нимага Ийсони худо дейсизлар? дейилса, ўзи айтган, бизни ибодатини қилишимизга буюрган, дейишади. Аҳли китоблар билан бўлган тортишувларда бу масала ҳам қўзғалган бўлиши турган гап. Бу мақомда ҳақиқат нимада эканлигини ушбу оят баён қиляпти.)
У сизларни фаришталар ва Пайғамбарларни Робб қилиб олишингизга буюрмайди. У сизни мусулмон бўлганингиздан кейин куфрга буюрармиди?!
Аллоҳ Набийлардан: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, –деб аҳду паймонларини олиб туриб: –Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», деди. (Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда: ҳамма Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланишган. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб туриб, ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб туриб, улардан ишончли, таъкидланган аҳду паймон олмоқда. Демак, Пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган Пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келишган. Уларнинг барчалари бир силсиланинг халқларидир.)
Ким бундан кейин юз ўгириб кетса, бас, ана ўшалар, фосиқлардир. (Ҳа, Муҳаммад алайҳиссаломдан, Ислом динидан фақат фосиқларгина, Аллоҳнинг тоатидан чиққанларгина юз ўгирадилар.)
Аллоҳнинг динидан бошқани хоҳлайдиларми?! Ахир хоҳласаю хоҳламаса, осмонлару ердаги барча жонзотлар Аллоҳга бўйсуниб турибди-ку?! Ҳамда Унга қайтариладилар-ку?!! (Аллоҳнинг дини битта. Ҳамма Пайғамбарлар шу дин билан келганлар. Бир-бирларини тасдиқлаб, бир-бирларига ёрдам бериб, Аллоҳнинг динига ўз даврларида хизмат қилиб келганлар.)
Сен: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботларга туширилган нарсага, Мусо, Ийсо ва Набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик, улардан бирортасини ажратмаймиз ва биз Унгагина мусулмонмиз!» деб айт! («Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва асботларга туширилган нарсага». Яъни, саҳифа ва ваҳийларга иймон келтирдик. «Асбот» дегани Яъқуб алайҳиссаломнинг авлодлари, деганидир.)
Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир. (Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлган ягона Ислом динининг охирги ва мукаммал кўриниши Муҳаммад алайҳиссаломга юборилган ҳақиқий Ислом динидир. Энди ундан бошқа динни истаб, ўша бошқа динда юрганлардан у динлари ҳаргиз-ҳаргиз қабул қилиб юрилмайди. Улар охиратда зиён кўрувчилар бўлади. Аллоҳ уларни ҳидоятга солмайди, балки лаънатлайди.)
Аллоҳ иймонидан, Пайғамбарнинг ҳақлигига гувоҳлик берганидан ва уларга очиқ баёнотлар келганидан кейин куфр кетган қавмни қандай қилиб ҳидоятга солади. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга солмас.
Ана ўшаларнинг жазоси, уларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлишидир. (Бундай лаънатга қолиш катта бадбахтлик эмасми?! Бу дунё-ю у дунёнинг барча-барчасидан бўладиган лаънатни ўзига қаратиш–жуда ҳам улкан жазо! Дарҳақиқат, Исломга кириш имкони бўлиб туриб кирмаганлар шундай жазога лойиқдирлар.)
Унда абадий қолурлар. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга назар ҳам солинмас.
Магар шундоқ бўлгандан кейин тавба қилиб, яхши амалларни қилганлар бўлса, бас, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмлидир.
Албатта, иймонларидан кейин куфр келтириб, сўнгра куфри зиёда бўлганларнинг тавбаси ҳеч-ҳеч қабул қилинмас. Ана ўшалар адашганлардир.
Албатта, куфр келтириб, кофир ҳолида ўлганларнинг бирортасидан, агар ер юзи тўла олтин фидо қилса ҳам, асло қабул қилинмас. Ана ўшаларга аламли азоб бор. Ва уларга ёрдамчилар йўқ. (Имоми Бухорий, Муслим ва Аҳмадлар Пайғамбар алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадиси шарифларни ривоят қилганлар: «Қиёмат куни дўзах аҳлларидан бирига: «Агарчи ер юзи тўла нарсанг бўлганда, ўзингни қутқазишга фидо қилармидинг?» дейилади. У, ҳа, дейди. Шунда Аллоҳ таоло унга: «Мен сендан ундан кўра озроқ нарса сўраган эдим. Отанг Одамнинг зоҳиридалигингда Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингга аҳд олган эдим. Сен бўлсанг, ширк келтирдинг», дейди». Вақти ўтгандан кейин, ҳар қанча сарфланган молдан фойда йўқ. Ундай сарфлашга ҳожат ҳам йўқ. Яхшиси, молни Аллоҳ таоло рози бўладиган йўлда сарфлаш керак.)
Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимани нафақа қилганингизни Аллоҳ билувчидир. (Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладиларки, Ҳазрати Умар:»Эй Аллоҳнинг Расули, менинг Хайбардаги улушимдан кўра яхшироқ нарсам йўқ. Нима қилишга буюрасиз?» дедилар. У зоти бобаракот: «Аслини ушлаб тургинда, тушган фойдани садақа қилиб тур», дедилар. Мусулмонлар асрлар давомида Аллоҳнинг розилигини тилаб, яхши кўрган молу мулкларини нафақа қилиб келганлар.)
Таврот тушишидан олдин Исроил ўзига ҳаром қилгандан бошқа ҳамма таом Бани Исроилга ҳалол эди. Сен: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Тавротни келтириб ўқинглар», деб айт!
Шундан кейин ҳам, кимки Аллоҳ ҳақида ёлғон тўқиса, бас, ана ўшалар золимлардир.
Аллоҳ рост айтди. Иброҳимнинг йўлдан тоймаган миллатига эргашинг. У мушриклардан бўлмаган эди.
Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган биринчи уй Баккадаги уйдир.
Унда очиқ аломатлар ва мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, тинч бўладир. Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ одамлардан беҳожатдир. (Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Байтуллоҳнинг фазлини, қибла бўлишга энг ҳақли жой шу ер эканини баён қиляпти. Намоз вақтида у томонга юзланишдан ташқари, имкон топганлар уни ҳаж қилиши ҳам фарз бўлганини эълон этяпти. «Бакка»–Маккаи Мукарраманинг исмларидан биридир. «Бакка» сўзининг луғовий маъноси, «тақиллатиб урмоқ» бўлиб, Маккада ҳар қандай мағрурнинг ҳам бўйни эгилади, шунинг учун уни «Бакка» ҳам деб аталади.)
Эй аҳли китоблар, нега Аллоҳнинг оятларига куфр келтирасизлар?! Ҳолбуки, Аллоҳ қилаётганларингизга гувоҳ-ку.
Эй аҳли китоблар! Нега иймон келтирганларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиб, қайтарасиз?! Ўзингиз шоҳид бўлиб туриб, у(йўл)нинг қинғир бўлишини хоҳлайсиз?! Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмасдир.
Эй иймон келтирганлар! Агар китоб берилганлар тоифасига итоат қилсангиз, иймонингиздан кейин сизни кофирликка қайтаради. (Аллоҳ таоло бу умматни ботил, бузилган динлар ва тузумларнинг зулмидан Исломнинг адолатига чақириш учун, дунёнинг торлигидан охиратнинг кенглигига чақириш учун юборди. Шундай сифатларга эга бўлган уммат қандай қилиб йўлдан адашган аҳли китобларга эргашиши мумкин?! Агар аҳли китобларга эргашсалар, улкан бахту саодатдан ажраб, иймондан чиқиб, яна кофирликка қайтадилар.)