loader
Аллоҳнинг оятлари сизга тиловат қилиниб турган бўлса-ю, Унинг Расули ичингизда бўлса-ю, қандай қилиб куфр келтирасиз?! Ким Аллоҳни маҳкам тутса, шубҳасиз, тўғри йўлга ҳидоят топган бўлади.
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг. (Яъни, Исломни ўлгунингизча маҳкам тутинг. Демак, икки асоснинг бири–дунёда иймон билан, тақводор бўлиб, Исломга тўлиқ амал қилиб ўтмоқдир.)
Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз. (Ояти каримадаги «Аллоҳнинг ипи» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан-бир чораси–Қуръони Каримни маҳкам ушлашликдир. Шундагина нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутишлари лозимдир. Бу оятнинг ушбу жумлалари мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Қуръони Карим Аллоҳнинг ипи-арқони эканлиги ҳақида жуда ҳам кўп ҳадислар келган.)
Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир. (Яъни, умматингиз Аллоҳга ҳақиқий иймон келтирган ва унинг йўлида ҳақиқий биродар бўлган жамоа яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган умматга айлансин. Яҳшиликка чақириб турувчи жамоа бўлмаса, дунёда эзгулик қолмайди. Маъруфга, яъни, фазилат, ҳақиқат, яхшилик ва адолатга буюриб, мункардан, яъни разилат, ботиллик, зулм ва ёмонликдан қайтариб турадиган жамоа бўлмаса, ҳеч бир қавм, ҳеч бир уммат нажот топа олмайди.)
Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб ихтилофга тушганларга ўхшаш бўлмаганлар, ана ўшаларга улуғ азоб бордир.
Юзлар оқ ва юзлар қора бўладиган кунда юзлари қора бўлганларга: «Иймонингиздан кейин кофир бўлдингизми?! Куфр келтирган бўлганингиз учун азобни татиб кўринг», дейилур.
Юзлари оқ бўлганлар эса, бас, Аллоҳнинг раҳматидадирлар. Улар унда абадий қолурлар.
Булар Аллоҳнинг оятларидир. Уларни сенга ҳақ ила тиловат қилмоқдамиз. Аллоҳ одамларга зулмни хоҳламас.
Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ишлар Аллоҳга қайтарилажак. (Модомики осмонлару ердаги жамики нарсалар Аллоҳники экан, уларни қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилади. Бунинг устига, барча ишлар Аллоҳнинг Ўзига қайтарилади. Демак, бу дунё ва охиратнинг ягона ҳокими Аллоҳнинг Ўзидир.)
Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар. (Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири–бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканлигидир. Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар.)
Улар сизларга озор беришдан ўзга ҳеч қандай зарар етказа олмаслар. Агар сизларга қарши уруш қилсалар, ортга қараб қочарлар. Сўнгра уларга ёрдам берилмас.
Аллоҳ ипи бўлмаса ёки одамлар ипи бўлмаса, уларга қаерда бўлсалар ҳам, хорлик битилди. Уларга Аллоҳнинг ғазаби лозим бўлди ва мискинлик битилди. Бундай бўлишлиги уларнинг Аллоҳнинг оятларига куфр келтиришлари ва Набийларни ноҳақдан ўлдиришлари сабабидандир. Бундай бўлишлиги осий бўлганлари ва ҳаддан ошганлари сабабидандир.
Улар баробар эмаслар. Аҳли китоблардан Аллоҳнинг оятларини сажда қилган ҳолларида кечасида тиловат қиладиган яхши тоифалари ҳам бор.
Улар Аллоҳга, охират кунига иймон келтирарлар, амри маъруф ва наҳйи мункар қиларлар ва яхшиликларга шошиларлар. Ана ўшалар аҳли солиҳлардандир.
Яхшилик қилсалар, ҳаргиз инкор этилмаслар. Аллоҳ тақводорларни яхши билувчи зотдир. (Яъни, улар яхшилик қилсалар, ҳеч қачон зое кетмайди. Ушбу оятларда аҳли китоблардан иймонга келган мўминларнинг ажойиб сифатлари зикр қилинмоқда. Улар иймонлилар сафидан муносиб ўрин олиб, иймон тақозоси ила ҳаракат қилиб улкан бахт-саодатга эришдилар.)
Албатта, куфр келтирганлардан моллари ҳам, болалари ҳам ҳаргиз Аллоҳ азобидан ҳеч нарсани қайтара олмас. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадийдирлар.
Уларнинг бу дунё ҳаётида қиладиган нафақалари мисоли ўзига зулм қилган бир қавмнинг экинини уриб ҳалок қилган совуқ шамолга ўхшайди. Аллоҳ уларга зулм қилмади. Лекин улар ўзларига зулм қилдилар. (Яхши экинзор бор. Кўрган одам хурсанд бўлади. Аммо экинзорнинг эгаси зулм қилди, гуноҳкор бўлди. Шу сабабдан совуқ шамол келиб, экинларини совуқ уриб кетди. Экинзор ҳалок бўлди. Ҳеч нарса қолмади. Кофирларнинг бу дунёда қилган хайр-эҳсонлари ҳам худди шунга ўхшайди. Сиртдан кўрган одамга савобли иш. Яхшиликка пул-мол сарфлаяпти. Аммо эгасининг иймони йўқ. Бу эса, катта гуноҳ. Иймон бўлмаса, ҳеч қандай хайр-эҳсон қабул бўлмайди. Унга савоб берилмайди. Совуқ шамол экинзорни ҳалок қилганидек, уларнинг кофирлиги ҳам эҳсонларини бефойда қилади.)
Эй иймон келтирганлар, ўзингиздан бошқадан сирдош тутманг. Улар сизга ёмонлик қилишини қўймаслар. Машаққатда қолишингизни хоҳларлар. Душманликлари оғизларидаги (сўзлари)дан билиниб турибди. Дилларида махфий тургани яна ҳам каттароқ. Агар ақл юритадиган бўлсангиз, биз сизларга оят-белгиларни баён қилиб бўлдик.
Ҳой сизлар! Уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизни яхши кўрмайдилар. Сизлар китобнинг ҳаммасига иймон келтирасизлар-у, улар сизларни кўрганда, иймон келтирдик, дерлар, аммо ҳоли қолганларида, сизларга бўлган қаттиқ аччиқларидан бармоқ тишларлар. Сен: «Аччиқларинг билан ўлиб кетинглар», деб айт. Албатта, Аллоҳ дилларни эгаллаган нарсаларни билувчидир». (Мусулмонлар соддаликлари учун ўзларидан бошқалар уларга чиройлироқ муомала қилиб, бир оз мақтаб қўйса, бўлди, муҳаббат қўяверадилар, уларни ўзларига сирдош қилиб олаверадилар. Бу хато ишдир, чунки қарши тараф ҳеч қачон мусулмонларни яхши кўрмайди. Мусулмонлар Аллоҳдан тушган ҳамма китобларга, жумладан, ўзларига душманлик қилаётганларга тушган китобларга ҳам иймон келтирадилар. Бу хато эмас, балки мусулмонлик бурчидир.)
Сизга яхшилик етса, уларга ёмон бўлар. Сизларга мусибат етса, улар хурсанд бўларлар. Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макри сизга ҳеч зарар қилмас. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир.
Аҳлингдан эрталаб чиқиб, мўминларни уруш жойларига турғизганингни эсла! Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир.
Сизлардан икки тоифа қўрқиб заифлашмоқчи бўлганини эсла! Аллоҳ уларнинг валийсидир. Мўминлар фақат Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилсинлар. (Бу ояти карима Ҳазраж қабиласига мансуб Бани Салама уруғи ва Авс қабиласига мансуб Бани Ҳориса уруғи ҳақида тушган. Улар мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул хафа бўлиб: «Менинг айтганимни қилмай, ёш болаларнинг айтганини қилди», деб жангчиларнинг учдан бирини олиб Уҳуд йўлидан қайтганида, унинг фитнасига учишларига сал қолган эди. Бу эса, мусулмонлар сафининг янада заифлашишига, руҳий ва маънавий тушкунлик келтиришга сабаб бўлиши мумкин эди. Ҳали уруш бошланмай туриб бундай ишларнинг бўлиши жуда ҳам ноқулай вазиятни вужудга келтирар эди. Лекин бу тоифаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб қолди, иноятига олди.)
Батаҳқиқ, Бадрда оз бўлсаларингизлар ҳам, Аллоҳ сизларга нусрат берди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки шукр қилсангиз.
Мўминларга: «Сизга Роббингиз туширилган уч минг фаришталар ила мадад бермоғи кифоя қилмайдими?!» деганингни эсла!
«Ҳа (кифоя қилади)! Агар сабр ва тақво қилсангиз, улар шу пайт келиб қолсалар ҳам, Роббингиз сизга белгили беш минг фаришта ила мадад беради».
Аллоҳ буни фақат сизга суюнчилик ва қалбингиз таскин топиши учунгина қилди. Аслида, нусрат азиз ва ҳаким Аллоҳнинг ҳузуридандир.
Куфр келтирганларнинг бир тарафини кесиш учун ёки хорлаш учун, токи ноумид бўлиб қайтсинлар. (Бадр ғазотида мушрикларнинг бошлиқларидан етмиштаси ҳалок бўлди. Бу уларнинг бир тарафидан катта кесилиш эди. Шунингдек, уларнинг катталаридан етмиштаси асирга тушди, хору зор бўлди. Қолганлари эса, шармандаларча, келган жойига қайтди.)
Бу сенинг ишинг эмас! Ёки уларнинг тавбасини қабул қилади, ёки азоблайди. Бас, улар золимлардир.
Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Хоҳлаган кишини мағфират қилади ва хоҳлаган кишини азоблайди. Аллоҳ гуноҳни мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир.
Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз. (Ҳофиз ибн Касир раҳматиллоҳи алайҳи ривоят қилишларича, берилган қарзнинг муддати тугаб қолганда қарз берувчи қарздорга: «Ёки қарзингни тўла ёки рибони кўпайтир», дер экан. Тўласа, тўлади, бўлмаса, қарз муддатини чўзиш эвазига рибонинг миқдорини ҳам кўпайтирар экан. Ҳар йили шундай бўлавергандан кейин рибо бир неча баробарга кўпайиб кетаркан. Ушбу ояти каримада ўша ҳолат муолажа қилинмоқда.)
Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган оловдан қўрқинг.
Аллоҳга ва Расулига итоат этинг. Шоядки раҳм қилинсангиз.
Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг.
Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради.
Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар. (Демак, бир марта, билмасдан ёки заифлик тутиб, гуноҳ қилиб қўйган одам дарров тавба қилса ва гуноҳдан тўхтаса, шундагина тавбаси қабул экан. Бу қоида ва мағфират бобидаги бир оят ва ҳадисларга тегишлидир. Баъзи нафси бузуқ одамлар ўйлаганидек, оғзида тавба қилдим деб қўйиб, қайта-қайта гуноҳ қилаверадиганлар бу ҳукмга кирмайдилар.)
Ана ўшаларнинг мукофотлари Роббиларидан бўлган мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, улар унда абадий қолурлар. Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!
Сиздан олдин суннатлар қолган. Бас, ер юзида юриб ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар.
Бу одамлар учун баён ва тақводорлар учун ҳидоят ва мавъизадир.
Бўшашманглар! Хафа бўлманглар! Сизлар, агар мўмин бўлсаларингиз, устунсизлар. (Эй мусулмонлар! Ҳеч бўшашманглар, заифлашманглар, сизга етган мусибатларга, бошингизга тушган оғирликларга хафа бўлманглар. Сизлар дунёда ҳаммани ҳидоятга даъват қилувчиларсиз. Улар зулматга, залолатга чақирувчилардир. Сизлар икки дунё саодатига эгасиз. Улар икки дунё бадбахтлигига эгадирлар.)
Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз. Токи Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва улардан шаҳидларни чиқариб олиши учун. Ва Аллоҳ золимларни севмайди. (Яъни, бир ундай, бир бундай бўлиб туради. Агар иш бир хилда тураверса, дунёнинг қизиғи қолмайди. Доимо мусулмонлар ғолиб келаверса, ҳамма ўзини мусулмон деб эълон қилиб юборади. Оқибатда ҳамма аралашиб кетиб, ким ҳақиқий мўмин-мусулмон, ким юзаки эканини одамлар била олмай қоладилар. Қийинчилик, оғир ҳолатларда мўминлар мунофиқлардан ажраб чиқадилар. Шу билан бирга, мўминлар ичида янада олимақомлари–шаҳидлари ҳам ажраб чиқадилар. («Шаҳид»ларнинг иккинчи маъноси гувоҳлардир.))
Токи Аллоҳ мўминларни поклаши ва кофирларни ҳалок қилиши учун.
Ёки Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни билмасдан ва сабрлиларни билмасдан туриб, жаннатга кираверамиз, деб ҳисоблайсизми?!
Дучор бўлмасингиздан олдин ўлимни орзу қилган эдингиз. Энди уни кўриб, назар солиб турибсиз. (Бу хитоб Уҳуд уруши чоғидаги ва ундан олдинги ҳолатни мусулмонларнинг ёдига солиш учундир. Маълумки, Бадр урушида кўпчилик қатнаша олмай қолган эди. Бадрдаги ғалаба, унда шаҳид бўлганларга ваъда қилинган олий даражаларни билгандан сўнг, яна ғозот бўлса эди, биз ҳам савобга эришар эдик, шаҳид бўлсак, ушбу олий даражаларга эришар эдик, деган орзу кўпчиликнинг хаёлини қамраб олган эди.)
Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар. (Кимки Исломнинг улуғ неъмат эканини тушуниб етса, шукр қилса, яъни, Исломни ўзига ҳаёт йўли қилиб олиб, Аллоҳга бу неъмат учун ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради. Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб тушган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни Пайгамбар алайҳиссаломнинг шахсларига ортиқча ёпишишдан қайтариб, асосий манбаъга қарашга одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларини масъул эканликларини сезсинлар.)
Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлаймиз.
Қанчадан қанча Пайғамбарлар билан бирга кўплаб роббонийлар жанг қилганлар. Улар Аллоҳ йўлида етган мусибатдан бўшашмаганлар, заифлашмаганлар ва бўйсунмаганлар. Аллоҳ сабрлиларни севади.
Улар: «Эй Роббимиз! Бизнинг гуноҳларимиз ва ишимиздаги исрофимизни Ўзинг кечиргин, собитқадам қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин», деган гапдан ўзга гапни айтмаганлар.
Бас, Аллоҳ уларга бу дунё савобини ва охиратнинг гўзал савобини берди. Аллоҳ гўзал амал қилувчиларни севади.
Эй иймон келтирганлар! Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласиз. (Маълумки, мусулмонлар Уҳуд ғазотида қисман мағлубиятга учрадилар. Бу иш Мадинаи Мунавварада улар билан бирга яшаб турган кофир ва мунофиқларга иғво учун катта баҳона бўлди. Бадр ғазотидаги ғалабадан сўнг ҳамма мусулмонларга ҳавас билан қараб, улар билан ҳисоб-китоб қиладиган бўлиб қолган эди. Аммо Уҳуддан кейин барча иш тескарисига айланди. Кофир ва мунофиқлар мусулмонларга паст назар билан қарайдиган, уларга насиҳат қиладиган ва ўзларича «тўғри йўл» кўрсатадиган бўлиб қолдилар.)
Йўқ! Аллоҳ хўжангиздир. Ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир! (Йўқ, улар сизга ёрдам ҳам бера олмайди, ҳомий ҳам бўла олмайди. Балки Аллоҳ таоло сизнинг хўжангиз ва валийингиздир. Ҳақиқий ёрдам берувчиларнинг яхшиси ҳам ёлғиз Удир.)