Агар Биз бир шамол юбориб, улар (экинларини) сарғайган ҳолда кўрсалар, ундан кейин, албатта, куфрони неъмат қилишга ўтарлар. (Аллоҳ иссиқ шамол эсдириб, экинларини сарғайтириб қўйса, Аллоҳга ва Унинг қазои қадарига ишонмайдиганлар ноумид бўлиб, куфрони неъмат қиладилар.)
Сен кўрларни гумроҳликларидан ҳидоят қилгувчи эмассан. Сен фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтирганларгагина эшиттира олурсан. Ана ўшалар мусулмонлардир.
Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган зотдир. У хоҳлаганини яратур. У ўта илмли ва ўта қудратлидир. (Асли уруғларингиз нутфа деб аталмиш бир томчи жирканч сувдир. У жуда ҳам заиф нарса. Аллоҳ Ўз инояти ила ўша заиф сувдан ҳомила пайдо қилади. Ҳомила ҳам жуда заиф бўлади. Туғилган чоғида ҳам инсон боласи энг заиф бола бўлади. Узоқ йиллар ўзи мустақил равишда бирор иш қила олмайди. Шундай заиф одамни Аллоҳ «сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган»дир. Аллоҳдан ўзга ҳеч ким унга бу қувватни бермайди. Вақти-соати етиб инсон қариб куч-қувватдан кетади. Дунё ана шундай. Ундаги ҳамма нарса ўзгариб туради. Бу ўзгаришларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло бажаради.)
Қиёмат қоим бўладиган куни жиноятчилар бир соатдан бошқа турмаганлари ҳақида қасам ичурлар. Улар ана шундай ўгрилар эдилар. (Улар ёруғ дунёда бир соатдан ортиқ турмаганлари ҳақида қасам ичадилар. Агар кўпроқ турганларида, иймон келтиришлари мумкинлигини пеш қилмоқчи бўладилар.)
Бас, бугунги кунда зулм қилганларга маъзиратлари манфаат бермас ҳамда улар итобга ҳам қайтарилмаслар. (Ортга қайтсак, Аллоҳ рози бўладиган ишларни қилар эдик, деб ёлборсалар ҳам, қайтарилмайдилар.)
Батаҳқиқ, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар келтирдик. Аниқки, агар сен уларга оят-мўъжиза келтирсанг ҳам, куфр келтирганлар: «Сиз ботилчилардан ўзга эмассиз», дерлар.