loader
Улардан хоҳлаганингни нари қўйиб, хоҳлаганингни Ўзингга олурсан. Ўзинг четлатганлардан бирортасини истасанг, сенга гуноҳ бўлмас. Шундай бўлиши уларнинг кўзлари қувончга тўлиши, хафа бўлмасликлари ва ҳаммаларининг сен уларга берган нарсадан рози бўлишларига яқинроқдир. Аллоҳ қалбларингиздаги нарсани биладир ва Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта ҳалим зотдир. (Расулуллоҳ (с. а. в.) аёллари билан навбатма-навбат ётар эдилар. Мабодо навбатни бузишга эҳтиёж чиқиб қолса, навбати келган онамиздан, фалончининг олдида тунашимга изн берасанми, деб сўрар эдилар. Бу оятда эса, сўрамасдан ҳам, ўзлари нимани истасалар, қилаверишга ҳақлари бор эканлиги баён қилинмоқда. Бу ҳам, фараз маъносида олсак, ўз нафсини ҳадя қилган аёлни олдин рад этиб, кейин яна хоҳлаб олганинг сенга гуноҳ бўлмас, маъноси чиқади. Ёки завжаларингдан бирортасига навбатида кирмай қўйган бўлсанг, истаган пайтингда кираверасан, маъноси чиқади. Чунки бу ишларни Аллоҳнинг амри билан қилаётганингни билганларидан кейин, аёлларингнинг кўзлари қувончга тўлади, хафа бўлмайдилар ва рози бўладилар.)
Сенга бундан бошқа аёллар ҳалол бўлмас ва уларга бошқа завжаларни алмаштиришинг ҳам бўлмас. Агар ўшаларнинг ҳусни сени ажаблантирса ҳам. Магар қўлингда мулк бўлган (чўри) бўлса мумкин. Аллоҳ ҳар бир нарсани кузатиб тургувчи зотдир.
Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берадир. У эса, сизлардан ҳаё қилардир. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) ҳаё қилмас. Қачонки улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир. Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш ва ундан кейин унинг жуфтларини никоҳингизга олишингиз ҳеч қачон мумкин эмас. Албатта, бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида катта (гуноҳ)дир. (Яъни, таом учун сизга изн берилганида, киришингиз билан таомни еб қайтиб чиқиб кетинг. Пайғамбарнинг (с. а. в.) аёлларидан бирор нарсани сўрасангиз, олдиларига кириб эмас, парда ортида туриб сўранг. Пайғамбарга (с. а. в.) озор бермоғингиз, у зотнинг хотинларига у кишидан кейин уйланмоғингиз катта гуноҳдир.)
Гар бир нарсани ошкор қилсангиз ҳам, махфий қилсангиз ҳам, албатта, Аллоҳ барча нарсани ўта билгувчи зотдир. (Жумладан, ким Пайғамбардан (с. а. в.) кейин у зотнинг аёлларига уйланаман деб ўйлаб юрибди, ким бу ҳақда гапириб юрибди, ҳаммасини яхши билади.)
Уларга ўз оталари, ўғиллари, ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларнинг ўғиллари, ўз аёллари ва қўллари остида мулк бўлган (қул)лари ҳақида гуноҳ йўқдир. (Эй Набийнинг аёллари,) Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳид зотдир. (Ушбу ояти каримада зикр қилинган шахслар оналаримиз билан парда-ҳижобсиз муомала қилаверишлари мумкин.)
Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг. (Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримизга (с. а. в.) саловот айтишининг маъноси у зотга (с. а. в.) ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўрсатиши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.)
Албатта, Аллоҳга ва Унинг Расулига озор берадиганларни Аллоҳ бу дунё ва охиратда лаънатлади ҳамда уларга хорловчи азобни тайёрлаб қўйди. (Аллоҳга озор бериш–Аллоҳга ширк келтириш, унга осий бўлиш, Уни Ўзига мос бўлмаган сифатлар билан сифатлаш, динга, Пайғамбарларига, китобларига тил теккизиш. Пайғамбарга (с. а. в.) озор бериш, ўша вақтда у зотга қарши чиқиш, жисмоний ва маънавий зарба бериш, шахсларига, оилалари ва умматларига нисбатан ёмонлик қилиш, иғво, бўҳтон қилишдан иборатдир. Ҳозирда ҳам худди шундай: ким у кишининг шахсларига, динларига, шариатларига, оилаларига, китобларига, суннатларига, умматларига тил теккизса, у зотга (с. а. в.) озор берган бўлади.)
Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар.
Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир.
Қасамки, агар мунофиқлар, қалбларида марази борлар ва Мадинада миш-миш тарқатувчилар тўхтамасалар, сени уларга қарши қўзғотурмиз. Сўнгра улар у(Мадина)да сенга озгинадан бошқа қўшни бўла олмаслар.
Лаънатланган ҳолларида, қаерда топилсалар, тутилурлар ва ўлдириб ташланурлар.
Илгари ўтганлар ҳақида Аллоҳ тутган йўл ҳам шудир. Аллоҳнинг йўлига ҳеч бадал топа олмассан. (Аллоҳ таоло мўминларга озор берувчи мунофиқ, қалбида марази бор ва миш-миш тарқатувчиларга қаттиқ чора кўрган. Уларга ўхшаганларга нисбатан Аллоҳнинг қадимдан тутиб келган йўли шудир. Бу йўлнинг ўрнига бошқа бир йўлни топа олмассан.)
Одамлар сендан (қиёмат ) соати ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айт. Недан билурсан, эҳтимол ўша соат яқиндир.
Албатта, Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва уларга дўзахни тайёрлаб қўйди.
Улар унда абадий бардавом қолурлар. На бир дўст ва на бир ёрдамчи топа олмаслар.
Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар: «Вой шўримиз қурсин, кошки Аллоҳга итоат қилсак эди, Расулига итоат қилсак эди», дерлар.
Ва: «Эй Роббимиз, албатта, биз бошлиқларимизга ва катталаримизга итоат қилдик. Бас, улар бизни йўлдан оздирдилар.
Эй Роббимиз, сен уларга азобдан икки ҳисса бергин ва уларни катта лаънатлаш ила лаънатла!» дедилар.
Эй иймон келтирганлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни улар айтган нарсадан поклади. Ва у Аллоҳнинг наздида обрўли эди. (Бани исроилликлар Мусо алайҳиссаломга турли озорлар берганлар. Жумладан, жинсий масалада ҳам у зотга озор берган эдилар. Қорун, бир аёлга пул бериб, Мусо алайҳиссаломни бориб зино қилишда айблашга уринишни топширган. Сизлар ҳам Муҳаммадга (с. а. в.) турли озорлар берманглар, хусусан, оилавий тарафдан турли миш-мишлар тарқатиш билан у зотни (с. а. в.) ранжитманглар. Бошларингизга Бани Исроилнинг куни тушиб қолмасин.)
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар.
Сизнинг амаларингизни солиҳ қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибдир.
Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир. (Бу омонат нима эди, деган саволга уламоларимиз ушбу оятдан ва бошқа манбалардан келиб чиқиб: «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб берадилар. Дарҳақиқат, инсон жинси (ҳамма эмас, албатта) ўта золимдир. Ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилган омонатга мувофиқ иш юритмасдан ўзига ўзи зулм қилади. Инсон жинси ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмасдан, унга хиёнат қилади.)
Аллоҳ мунофиқлар ва мунофиқаларни, мушриклар ва мушрикаларни азоблаши учун ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул этиш учундир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир. (Яъни, мазкур омонатнинг инсонга таклиф қилинишидан мақсад инсонлар орасидан мунофиқ ва мушрикларни ажратиб олиб азоблаш ва мўминларни ажратиб олиб, уларнинг тавбасини қабул қилиб мукофотлашдир.)