loader
Ва сурга пуфланди. Бас, улар бирдан Роббилари томон қабрлардан шошилиб чиқурлар.
Улар: «Воҳ, шўримиз қурисин! Бизни ётган жойимиздан ким қўзғотди?! Бу Роҳман ваъда қилган ва юборилган Пайғамбарлар тасдиқлаган нарса-ку?!» дерлар.
Фақат биргина қичқириқдан бошқа нарса бўлгани йўқ. Бас, улар бирдан тўпланиб, ҳузуримизда ҳозир қилингандирлар.
Бугунги кунда бирор жонга ҳеч бир зулм қилинмас. Қилиб ўтган амалларингиздан бошқасига жазо ҳам олмассиз.
Албатта, жаннат эгалари у кунда завқланувчилик ила машғуллар. ( Нима уларга завқ, шодлик, хурсандчилик берса, ҳаммаси у ерда муҳайёдир.)
Улар ва уларнинг жуфтлари сояларда сўриларда ёнбошлаб ётурлар.
Улар учун у ерда мевалар бордир. Улар учун у ерда истаган нарсалар бордир. (Аҳли жаннатлар нимани истасалар, жаннатда ўша нарса бордир. Кўнгиллари исташи билан олдиларида муҳайё бўлади.)
Раҳим бўлган Роббдан «Салом» сўзи бордир. (Шунча нозу неъмат, роҳат-фароғат, шавқу завқнинг устига ўзлари учун ниҳоятда раҳмли бўлган зот Роббилари Аллоҳ таоло томонидан «Салом» ҳам келади.)
Эй жиноятчилар! Бугунги кунда сиз ажралингиз!
Мен сизларга: «Эй одам болалари, шайтонга ибодат қилманг, албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир.
Ва Менга ибодат қилинг, мана шу тўғри йўлдир», деб амр қилмаган эдимми?!
Батаҳқиқ, у сизлардан кўпчилик авлодни адаштирди. Ақл юритувчи бўлмаган эдингизми?! (Шайтон сизлардан кўп авлодларни тўғри йўлдан адаштирди, сиз ақл юритмадингизми? У юр деса, орқасидан кетавердингизми?!)
Мана бу сизга ваъда қилинган жаҳаннамдир!
Куфр келтириб ўтганингиз туфайли бугунги кунда унга киринг!
Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур. (Жиноятчиларнинг оғизлари муҳрлаб қўйилади, бошқа аъзолари шоҳидлик бера бошлайди. Қўли гапиради, оёғи гувоҳлик беради.)
Агар хоҳласак, кўзларини теп-текис қилиб қўюрмиз. Бас, улар йўлга шошилурлар. Аммо қандай ҳам кўрсинлар.
Агар хоҳласак, уларни жойларида қотириб қўюрмиз. Бас, олдинги юришга ҳам қодир бўлмаслар, ортга ҳам қайта олмаслар.
Кимнинг умрини узоқ қилсак, уни хилқатида ночор қилиб қўюрмиз. Ахир ақл ишлатиб кўрмайдиларми?! (Иймонга келиб, ибодат билан ўтган мўминлар қариганлари сари роҳатлари кўпайиб боради. Ҳаётда қолишни савоб ишлаш учун фурсат деб хурсанд бўладилар. Жаннатга ва Аллоҳнинг розилигига етишиш умидида ўлимни хурсанд бўлиб кутиб оладилар. Кофирлар эса, ақлларини ишлатмаганлари учун бу масалада катта қийинчиликда қоладилар.)
Биз унга шеърни таълим берганимиз йўқ. Ва бу унинг учун тўғри ҳам келмайди. У зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас.
Тирик бўлган шахсларни огоҳлантириш ва кофирларга (азоб) сўзини ҳақ қилиши учундир.
Ахир Биз улар учун Ўз қўлларимиз—ла қилган нарсалардан чорваларни яратиб қўйганимизни кўрмайдиларми?! Бас, улар ўшаларга молик–эгадирлар-ку!
Биз уларга ўша(ҳайвон)ларни бўйинсундириб қўйдик. Бас, улардан маркаблари бор ва улардан ерлар.
Улар учун ўшаларда манфаатлар ва ичкиликлар бор. Ахир шукр қилмайдиларми?!
Улар Аллоҳдан ўзга илоҳлар тутдилар. Гўёки улардан ёрдам берилар эмиш.
Уларнинг ёрдамига у(худо)лари қодир бўлмаслар. Улар эса, ўша(худо)лари учун ҳозир қилинган аскардирлар. (Мушрикларнинг «худолари» уларга ёрдам беришга қодир бўла олмайдилар. Лекин улар ўша «худолари» учун жон фидо қилишга тайёр турган аскарлардир. Улар учун турли хизматлар адо этадилар. Сохта худоларини ҳимоя қилиш учун ўзларини ўтга-чўққа урадилар. Булар қандай худолар бўлди?! Булар қандай бандалар бўлди? Бундай худолик ва бандалик қайси мантиққа тўғри келади?)
Уларнинг гапи сени хафа қилмасин. Албатта, Биз нимани сир тутсалар ва нимани ошкор қилсалар, билурмиз.
Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмасми?! Энди эса, у очиқ-ойдин хусуматчи бўлиб турибди?!
У Бизга мисол келтирди ва ўз яратилишини унутди. «Суякларни ким тирилтиради? Ҳолбуки, улар титилиб кетган-ку?!» деди.
Сен: «Уларни илк марта йўқдан бор қилган зот тирилтирур ва у ҳар бир яратилган нарсани яхши билгувчидир», деб айт.
У зот сизларга яшил дарахтдан олов қилиб бергандир. Энди эса, сиз ундан олов ёқмоқдасиз. (У зот шундай қудратли зотки, баъзи нарсаларни ўзига қарама-қарши томондан ҳам чиқараверади. Мисол учун, ям-яшил дарахтни олайлик. У ҳўл бўлади. Таркибида сув бор. Сув эса, оловни ўчиради. Аммо Аллоҳ таоло оловга терс бўлмиш ҳўл дарахтни бир-бирига ишқаса, ўт чиқарадиган ҳолга келтириб қўйгандир. Оловга ёқилғини ҳам ўша дарахтнинг ўзидан қилиб қўйгандир. Бу улкан бир мўъжизага одамлар эътибор бермайдилар.)
Осмонлару ерни яратган зот уларга ўхшашни яратишга қодир эмасми?! Йўқ! У ўта яратгувчи, ўта билгувчи зотдир.
Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши «Бўл» демоқликдир, холос. Бас, у нарса бўлур.
Бас, барча нарсанинг том эгалиги қўлида бўлган зот покдир. Унгагина қайтарилурсизлар. (Гап шундай экан, демак дунёдаги барча нарсаларнинг тўла эгалиги ва тасарруфи қўлида бўлган Аллоҳ таоло покдир. Барча айб ва нуқсонлардан, жумладан, кофир ва мушриклар, ўлганларни қайта тирилтира олмайди, деб тақаётган нуқсондан ҳам покдир.)