loader
Ичларидан бир сўзловчи: «Аниқки, менинг бир дўстим бор эди. (Аҳли жаннатлардан бирлари сўз бошлаб, ҳеч шубҳа йўқки, у дунёда менинг бир танишим бор эди.)
У: «Сен ҳам тасдиқловчиларданмисан?!
Ўлиб, тупроқ ва суяклар бўлиб кетсак ҳам, албатта, жазоланадиганлардан бўлурмизми?!» дер эди.
Сизлар ҳам қараяпсизларми?» деди.
Бас, ўзи қараб, уни дўзахнинг ўртасида кўрди.
У: «Аллоҳга қасамки, мени ҳам ҳалок қилишингга оз қолган экан.
Агар Роббимнинг неъмати бўлмаганида, мен ҳам (дўзахга) ҳозир қилинганлардан бўлур эдим.
Биз ўлгувчи эмас эканмизми?!
Фақат биринчи ўлимимиздан бошқа?! Биз азоблангувчи эмас эканмизми?!» деди.
Албатта, бу айни улуғ ютуқдир.
Бас, амал қилгувчилар мана шунга ўхшаш нарса учун амал этсинлар.
Манзил ўлароқ ана ўша яхшими ёки заққум дарахтими?
Албатта, Биз у(дарахт)ни золимлар учун фитна қилдик. (Биз заққум дарахтини золимлар–кофир ва мушриклар учун фитна қилиб қўйдик. Мушриклар, жаҳаннамда заққум деган дарахт бўлар экан, деган гапни эшитганларида, доимо олов ёниб турадиган дўзахда қандай қилиб дарахт ўсади, оловда куйиб кетмайдими, деб масхара қилишди.)
Дарҳақиқат, у бир дарахт бўлиб, дўзах қаъридан чиқур.
Унинг (мева) тугар жойи, худди шайтонларнинг бошларига ўхшайдир.
Бас, албатта, улар ундан егувчилардир. Ундан қоринларни тўлдиргувчилардир.
Сўнгра, бунинг устига, улар учун ўта қайноқ сувдан аралаштирма ҳам бор.
Сўнгра, албатта, уларнинг қайтар жойи жаҳаннамга бўлур.
Чунки улар ўз оталарини адашган ҳолда топдилар.
Энди эса, улар ўшаларнинг изидан чопмоқдалар.
Батаҳқиқ, улардан олдин аввалгиларнинг кўплари адашганлар.
Батаҳқиқ, Биз ичларига огоҳлантиргувчилар юбордик.
Бас, огоҳлантирилганларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар сол.
Магар ихлосли бандаларимизгина ҳалокатга учрамадилар.
Батаҳқиқ, Бизга Нуҳ нидо қилди. Бас, нақадар яхши ижобат қилгувчимиз. (Нуҳга ўхшаб илтижо этган бандаларимизнинг дуоларини доимо ижобат қиламиз.)
Ва Биз унга ва унинг аҳлига улуғ ғамдан нажот бердик.
Ва унинг зурриётларини, ўзларини боқий қолгувчилар қилдик.
Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик.
Барча оламларда Нуҳга салом бўлсин!
Албатта, Биз гўзал амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.
Албатта, у мўмин бандаларимиздандир.
Сўнгра қолганларни ғарқ қилдик.
Албатта, Иброҳим ҳам унинг гуруҳидандир. (Нуҳдан кейин келган Иброҳим Пайғамбар, Аллоҳнинг йўлини тутишда у билан бир гуруҳдан эди.)
Ўшанда у ўз Роббига соғлом қалб ила келмишди.
Ўшанда отасига ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасиз?!
Аллоҳдан ўзга уйдирма илоҳларни хоҳлайсизларми?!
Оламларнинг Робби ҳақида нима гумонингиз бор?!» демишди.
У юлдузларга бир назар солди
Ва: «Албатта, мен беморман» деди. (Иброҳим алайҳиссалом юраги сиқилавериб, ноқулай ҳолатга тушиб қолганини айтди. Қавмига куявериб, қалби дардга тўлганини билдирди. )
Дарҳол, ундан юз ўгириб юриб кетдилар.
Бас, тезда уларнинг худоларига бурилди ва: «Қани, емайсизларми?!
Сизга нима бўлди?! Гапирмайсизларми?!» деди.
Сўнг уларга яқинлашиб, ўнг қўл билан ура бошлади.
Улар у томон шошиб, бир-бирларини туртиб кела бошлади. (Мушриклар Иброҳим алайҳиссалом томон шошиб-пишиб, тезроқ бориш учун бир-бирларини туртишиб-суришиб етиб келишди.)
У: «Ўзингиз йўниб ясаган нарсага ибодат қиласизларми?!
Ҳолбуки, сизни ҳам, қолган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» деди.
Улар: «Унинг учун (ўчоқ) бино қилинглар, бас, уни гулханга отинглар!» дедилар.
Бас, улар унга макр-ҳийлани ирода қилишди. Биз уларни тубан қилдик.
У: «Албатта, мен Роббимга боргувчиман. У мени ҳидоят қилур.
Роббим, менга солиҳлардан ато эт», деди.