loader
Бас, уларга қилган касбларининг ёмонликлари мусибат бўлди. Анавилардан зулм қилганларига ҳам тезда қилган касбларининг ёмонликлари мусибат бўлур. Улар қочиб қутулгувчи ҳам эмаслар.
Улар Аллоҳ хоҳлаган кишисига ризқни кенг ва тор қилишини билмасмидилар?! Албатта, бунда иймон келтиргувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир.
Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт. (Имом «Бухорий Саъд ибн Жубайрдан (р. а.) келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушрик Расулуллоҳнинг (с. а. в.) ҳузурларига келиб: «Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган экан.)
Сизга азоб келишидан олдин Роббингизга қайтинг ва Унга таслим бўлинг. Сўнгра сизга ёрдам берилмас.
Сизга ўзингиз сезмаган ҳолда тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин Роббингиздан сизга туширилган энг гўзал нарсага эргашинг.
Жон: «Аллоҳ ҳақида йўл қўйган камчиликларим учун надомат бўлсин. Тўғриси, мен масхара қилгувчилардан бўлган эдим», демасидан олдин...
Ёки: «Агар Аллоҳ мени ҳидоят қилганида, албатта, тақводорлардан бўлар эдим», демасидан олдин...
Ёки азобни кўрган чоғида: «Агар менга яна бир марта ортга (дунёга) қайтиш бўлганида, гўзал амал қилгувчилардан бўлар эдим», демасидан олдин... (Охират азобини, ўлим талвасасини кўргандан кейинги надоматлар фойда бермайди. Ҳақ калом етиши билан дарҳол тавба қилиш, Аллоҳга тўла-тўкис таслим бўлиш ва Қуръонга эргашиш керак. Чунки, охиратда ушбу сўзларга жавобан Аллоҳ:)
«Йўқ! Батаҳқиқ, сенга Менинг оятларим келди. Бас, сен уларни ёлғонга чиқардинг, мутакаббирлик қилдинг ва кофирлардан бўлдинг!» дейди. (Эй кофир! Эй мушрик! Эй осий! Айтаётган гапларинг ҳаммаси ёлғон. Сен азобни кўрганингдан сўнг ноилож қолиб, дўппинг тор келганидан айтмоқдасан бу гапларни. Агар сенинг ниятинг тўғри бўлса, у дунёда яхши ишларни қилишинг мумкин эди. Сенга қулай фурсат берилган эди.)
Қиёмат куни Аллоҳга нисбатан ёлғон сўзлаганларни кўрсанг, юзлари қоп-қорадир. Ёки мутакаббирларнинг жойи жаҳаннамда эмасми?!
Аллоҳ тақво қилганларга ютуқлари туфайли нажот берур. Уларга ёмонлик етмас ва улар хафа ҳам бўлмас.
Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратгувчисидир. Ва У ҳар бир нарсага вакилдир.
Осмонлару ернинг калитлари Унгагина хосдир. Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлар, ана ўшалар зиёнкорлардир.
Сен: «Эй жоҳиллар! Мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишимга буюрурмисиз?!» деб айт.
Батаҳқиқ, сенга ва сендан олдин ўтганларга ҳам: «Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур ва, албатта, зиёнкорлардан бўлурсан.
Йўқ! Аллоҳгагина ибодат қил ва шукр этгувчилардан бўл!» деб ваҳий қилинган.
Улар Аллоҳнинг қадрини тўғри тақдирламадилар. Ҳолбуки, ер борлигича Унинг сиқимидадир. Осмонлар эса, Унинг қудрат қўлига йиғилгандир. У зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва юксакдир. (Бу дунёда Аллоҳга ширк келтирганлар Аллоҳ таолонинг қандай зот эканини тўғри тақдир қилмадилар. Улар Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига ибодат қилмаётганлари, Унга ширк келтираётганлари шунга далолатдир. Аллоҳнинг ваҳдониятини ҳам, Аллоҳнинг улуғлигини ҳам идрок қилмадилар. Улар Аллоҳнинг ҳар бир нарсага қодирлигини англамадилар. Агар шу маъноларни идрок қилганларида унга ширк келтирмас эдилар.)
Ва сурга пуфланди. Осмонлару ерда ким бўлса, қулаб ўлди. Магар Аллоҳ хоҳлаганларгина қолди. Сўнгра унга яна бир бор пуфланди. Бас, тўсатдан улар туриб интизор бўлурлар. (Демак, сурга биринчи бор пуфланганда осмонлару ердаги барча жонзотлар чақмоқ ургандай бирдан йиқилиб ўладилар. Шунинг учун ҳам бу пуфлаш «саъқ»–«йиқилиб ўлиш» пуфлаши, дейилади. Аллоҳнинг хоҳиши ҳамма нарсадан устун, шунинг учун у зот хоҳласа, баъзи жонзотлар саъқ–пуфлашидан кейин ҳам тирик қолади. Исрофил алайҳиссалом томонидан сурга иккинчи бор пуфланди, барча халойиқ тирилиб, ўринларидан туриб, бундан кейин нима бўлишини кутадилар. Шунинг учун ҳам иккинчи пуфлаш «туриш пуфлаши» деб номланади.)
Ва ер Робби нури ила ёришди. Китоб қўйилди. Пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди. Улар орасида ҳақ ила ҳукм чиқарилди. Уларга зулм қилинмади. (Яъни, маҳшар майдони Аллоҳнинг нури ила ёп-ёруғ бўлди. У кунда фақат Аллоҳнинг нури бўлади. Энди ҳамма нарса ҳисоб-китобга тайёр ҳам бўлди. Бандаларнинг номаи амаллари–бу дунёда қилган амаллари фаришталар томонидан ёзиб юрилган китоб ўртага қўйилди.)
Ва ҳар бир жонга қилган амали (жазо ёки мукофоти) тўлиқ берилди. У зот улар қилаётган ишларни ўта яхши билгувчидир.
Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳ-гуруҳ қилиб ҳайдалди. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, Роббингиз оятларини тиловат қилиб бермадиларми? Сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиздан огоҳлантирмадиларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа! Лекин азоб сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир», дедилар. («Ҳа», ўзимиздан бўлган Пайғамбарлар бизга келган, улар бизга Роббимизнинг оятларини тиловат қилиб берган ва у куннинг даҳшатидан огоҳлантирган эдилар, демоқчилар. Лекин тўлиқ айта олмайдилар. «Ҳа», деб қўйишга зўрға ярайдилар.)
«Жаҳаннам эшикларидан унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дейилди. Бас, мутакаббирларнинг жойи қандай ҳам ёмон бўлди.
Ва Роббиларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Токи унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг», дедилар.
Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Энди ундан хоҳлаган жойимизни оламиз», дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши бўлди!
Ва фаришталарни Аршни ўраб олиб Роббиларига ҳамд ила тасбиҳ айтаётган ҳолда кўрурсан. Улар орасида ҳақ ила ҳукм қилинур ва: «Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!» дейилди.