loader
Китобдан насибадор бўлганларнинг ботилга ва тоғутга иймон келтиришларини ва куфр келтирганларни кўрсатиб: «Анавилар иймон келтирганлардан кўра ҳидоятлироқ йўлдалар», дейишларини кўрмайсанми?! (Бу ояти каримада яҳудийлар энди «Китобдан насибадор бўлганлар», деб тавсифланмоқда. Биз «ботил» деб таржима қилган сўз оятда «жибт» деб келган. Араб тилида жибт–бут, санам, фолбин ва сеҳргарга ўхшаш нарсаларга ишлатилади. «Тоғут» эса–Аллоҳнинг шариатидан бошқа шариат ва Аллоҳнинг шариатига асосланмаган ҳукмдир. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло яҳудийларни жибт ва тоғутга иймон келтирганлар, деб васф қилмоқда.)
Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлагандир. Кимни Аллоҳ лаънатласа, унга ҳеч нусратчи тополмассан.
Ёки улар мулкдан насибадорлар-у, шундай тақдирда ундан одамларга зиғирча ҳам бермайдиларми?!
Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми? Батаҳқиқ, Иброҳим оиласига китобни, ҳикматни ва улуғ мулкни берганмиз-ку?!
Бас, уларнинг ичида унга (Муҳаммадга) иймон келтирганлар ҳам бор, ундан юз ўгириб куфр келтирганлар ҳам бор. Жаҳаннам куйдириш азобига кифоя қилур.
Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритамиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирамиз. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир.
Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларни, албатта, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий боқий қолурлар. Унда уларга покиза жуфтлар бор. Ва уларни қуюқ сояларга киритамиз. (Ушбу оятда зикр этилган саодатманд кишилар мазкур улуғ неъматга Аллоҳнинг фазли ила, иймонлари ва солиҳ амаллари туфайли эришадилар.)
Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қиладир. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир. (Омонатни турлари кўпдир. Жумладан, уламоларимиз Аллоҳни бандага юклаган омонатлари бор, намоз, рўза, закот, каффорот ва назрлар ҳам омонатдир, дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади. Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳадисларидан бирида: «Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир», деганлар. Энг буюк омонат эса, иймон омонатидир. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с. а. в.) қуйидагиларни айтадилар: «Шаҳидлик омонатдан бошқа ҳамма гуноҳларни ювиб юборади. Қиёмат куни, агар Аллоҳнинг йўлида қатл этилган бўлса ҳам, одамни келтириб, омонатни адо қил, дейилади. У эса: «Қандай қилиб уни адо этаман, ахир дунё тугади-ку!» дейди. Шунда унга омонат жаҳаннамнинг қаъридан кўринади. У тушиб елкасига кўтариб чиқади. Энди чиқай деганда, елкасидан тушиб кетади. У ҳам омонатни изидан тушади. Шу ҳолат абадий равишда давом этади», деганлар.)
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир.
Сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирганларини даъво қилаётганларни кўрмайсанми?! Тоғутдан ҳукм сўраб беришни истайдилар. Ҳолбуки, унга куфр келтиришга буюрилгандир. Шайтон эса, уларни йўлдан бутунлай адаштиришни истайди. (Аввал ҳам айтилганидек, тоғут–Аллоҳнинг изнсиз бўлган ҳукмидир. Мунофиқлар ҳам Аллоҳнинг ҳукмини истамайдилар, шунинг учун ҳам тоғутдан ҳукм сўраб борадилар. Нима бўлса бўлсин, Аллоҳнинг ҳукми бўлмаса, бас. Ҳар қандай тоғутнинг ҳукмини истайверадилар. Бу ишни билмасдан, кўр-кўрона қилмайдилар, балки уларга баён келган. Мунофиқлар тоғутга куфр келтиришга буюрилганлар. Демак, улар билиб туриб қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам уларнинг иймон ҳақидаги даъволари ботил. Улар, аслида, шайтоннинг йўлига кирганлар.)
Агар уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва Пайғамбар ҳузурига келинглар», дейилса, мунофиқлар сендан тамоман юз ўгирганларини кўрасан.
Энди қилган нарсалари туфайли уларга мусибат етгандан сўнг сенга келиб, Аллоҳ ила қасам ичиб: «Биз фақат яхшилик ва тавфиқни хоҳлаган эдик», дейишлари қандай бўлди?
Ана ўшаларнинг қалбларидагини Аллоҳ билади. Бас, уларнинг қилганидан юз ўгир! Уларга ваъз қил! Ёлғиз ўзларига етказиб сўзла!
Қайси бир Пайғамбарни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз. Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар.
Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар! (Демак, иймоннинг, мўминликнинг бир шарти–ҳар бир нарсада Пайғамбарни (с. а. в.), яъни, Ислом динини ҳакам қилиб олиш зарурлигидир. Мўмин-мусулмонман деган одам, мўмин-мусулмонмиз деган жамият ўзининг ҳар бир ишини Исломнинг ҳукми ила олиб бориши керак. Шу билан бирга, ушбу ҳукмга ҳам ичидан тўла рози, ҳам сиртидан бутунлай таслим бўлиши керак. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло қасам билан таъкидлаб айтмоқда. Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳам ўз ҳадисларидан бирида: «Менинг жоним қудрат қўлида бўлган зот билан қасамки, ҳавою нафси мен келтирган нарсага тобеъ бўлмагунча, бирорта одам мўмин бўла олмайди», деганлар.)
Агар Биз уларга, ўзларингизни ўлдирнг ёки ўзингизни диёрларингиздан чиқаринг, деб фарз қилганимизда, озгиналаридан бошқаси буни қилмас эдилар. Улар ўзларига ваъз қилинган нарсаларни қилганларида эди, ўзларига яхши ва саботлари мустаҳкам бўлар эди.
У ҳолда, Биз ҳам уларга Ўз ҳузуримиздан улуғ ажр берган бўлур эдик.
Ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилур эдик. (Дарҳақиқат, Аллоҳ бандаларини шундай бир ишга буюрганида нима қила олар эдик? Зотан у ҳар қандай ишни амр этишга ҳақлидир. Чунки, яратган Парвардигор уларга фақат яхшиликни раво кўради. Ҳеч қачон бандаларига ёмонликни соғинмайди. Бандалар унинг айтганларини қилганларида, ҳам ўзларига яхши бўлар, ҳам иймонлари собит, мустаҳкам бўлар эди. Одамлар Аллоҳнинг буйруқларига жавобан Исломга тўлиқ амал қилганларида эди, Аллоҳ таоло уларга улуғ ажрни–жаннатни берган бўлур эди. Уларни ҳидоятга бошлаган, тўғри йўлга солган бўлур эди.)
Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!
Бу–Аллоҳдан бўлган фазлдир ва билгувчиликда Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.
Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ҳушёр тутинг ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғалинг ёки тўп ҳолингизда қўзғалинг! (Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, кофирларнинг бир хусусиятлари борки, улар ўзаро бир-бирлари билан урушсалар ҳам, мусулмонларга қарши бирлашиб душманлик қиладилар. Шунинг учун мусулмонлар доимо ҳушёр туришлари шарт. Вақт-соати келиб, мабодо қўзғалиш керак бўлиб қолса, Аллоҳнинг амрига биноан ёки гуруҳ-гуруҳ бўлиб, ёки тўп ҳолларида қўзғаладилар. Ушбу оятдаги амрлар Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўмин-мусулмонларга фақат намоз, рўза ёки ахлоқ ва одобга буюрибгина қолмай, бошқа нарсаларга, жумладан, урушни қандай олиб боришни ҳам ўргатади. Бу ҳақиқат собит ҳақиқатдир.)
Албатта, ичингизда ортда қоладиганлар ҳам бор. Агар сизга мусибат етса, у: «Аллоҳ, Ўзи менга неъмат берди, яхшиямки улар билан бирга ҳозир бўлмаганим», дейди. (Яъни, душманга қарши сафарбарлик эълон қилинганда қўзғалмай ортда қоладиганлар ҳам бўладики, улар мунофиқлардир. Мунофиққа барибир, ўзини ҳар мақомга мослаб, ҳар қандай сафсатани баҳона қилаверади.)
Агар сизга Аллоҳдан фазл етса, худди сиз билан унинг орасида дўстлик бўлмагандек, «Қани эди мен ҳам улар билан бўлганимда, улуғ зафар қозонар эдим», дейди.
Охират учун бу дунё ҳаётини сотадиганлар Аллоҳнинг йўлида жанг қилсинлар. Ким Аллоҳнинг йўлида жанг қилиб ўлдирилса ёки ғолиб келса, биз унга, албатта, улуғ ажрни берурмиз.
Нима учун Аллоҳнинг йўлида ва: «Эй Роббимиз, бизни аҳли золим шаҳардан чиқаргин, бизга Ўз томонингдан дўст ато қилгин ва Ўз томонингдан нусратчи ато қилгин», деяётган заифҳол эркагу аёл ва болалар йўлида жанг қилмайсизлар?! (Хусусан, мазкур заифҳол эркагу аёллар ва болалар аҳолиси золим бўлган шаҳарда тутқун бўлсалар. Дину диёнатлари учун азоб-уқубатга дучор қилинаётган бўлсалар. Мусулмонлар фақат шундай олий мақсад йўлида жанг қиладилар. Уларга бошқача урушнинг кераги йўқ.)
Иймон келтирганлар Аллоҳнинг йўлида жанг қилурлар. Куфр келтирганлар тоғутнинг йўлида жанг қилурлар. Бас, шайтоннинг дўстларига қарши жанг қилинг. Албатта, шайтоннинг ҳийласи заифдир.
Қўлингизни тийинг, намоз ўқиб, закот беринг, деб айтилган кимсаларни кўрмайсанми?! Уларга уруш фарз қилинганда, бирдан, бир гуруҳлари одамлардан худди Аллоҳдан қўрққандек ёки ундан ҳам қаттиқроқ қўрқишмоқда. Ва: «Эй Роббимиз, бизга урушни нега фарз қилдинг, бир оз ортга суриб турсанг бўлмасмиди?!» демоқдалар. Дунёнинг матоҳи оз, охират эса, тақво қилганларга яхшидир. Ва қилчалик зулм қилинмассизлар», деб айт.
Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир. Агар уларга яхшилик етса, бу Аллоҳдан, дерлар. Ёмонлик етганда эса, бу сендан дерлар. «Ҳаммаси Аллоҳдан», деб айт! Анави қавмларга нима бўлдики, гапни тушунай демайдилар?!
Сенга етган яхшилик Аллоҳдандир. Ва сенга етган ёмонлик ўзингдандир. Биз сени одамларга Пайғамбар қилиб юбордик. Шоҳидликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. (Бу оятда яна бир ҳақиқатнинг баёни келмоқда. Инсон Аллоҳ кўрсатган йўлдан юрса, яхшиликни қилиб, ёмонликдан қайтса, Аллоҳ таоло уни қўллаб-қувватлайди ва зафарга эриштиради. Бу ҳолда инсон Аллоҳ кўрсатган йўлдан юрди, Унинг шариатига амал қилди, Унинг мадади ила фаолият кўрсатди, у кўрсатган яхшиликни қилди ва ёмонликдан четланди. Натижада яхшиликка эришди. Албатта, бу яхшилик Аллоҳдандир. Аммо инсон Аллоҳнинг йўлидан юрмаса, У берган ақлни тўғриликча ишлатмаса, Унинг шариатига амал қилмаса, буюрган яхшилигини бажармаса, қайтарган ёмонликдан қайтмаса, ўзидан кўрсин–оқибат, албатта, ёмон бўлади. Бу ёмонликка унинг ўзи сабабчидир. Сенинг вазифанг Пайғамбарлик–элчилик қилиш. Одамларга яхшилик ёки ёмонлик етказиш эмас. Бир нарсани бор ёки йўқ қилиш Аллоҳнинг қўлида. Xаммасига Аллоҳнинг Ўзи шоҳид. Шоҳидликка эса, Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.)
Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади. Ким юз ўгирса, Биз сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ.
Улар, итоат, дерлар. Ҳузурингдан чиққач эса, бир тоифалари айтганингдан бошқага хуфёна тил бириктирадилар. Аллоҳ хуфёна тил бириктирган нарсаларини ёзиб қўяди. Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. (Ояти карима «Улар» деб айтаётган кишилар–мунофиқлардир. Уларга Қуръон оятларини ўқиб берсалар, Аллоҳнинг амрларини етказсалар, қисқа қилиб «итоат», дейишади. «Итоат»дан бошқа ният йўқ, деб кўрсатмоқчи бўлишади. Аслида эса, мақсадлари бошқа, шунинг учун ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларидан чиқишганидан сўнг «итоат»ни унутиб, бошқача иш тутишади.)
Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар. ( Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.)
Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш–хабар етса, уни таратадилар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз.
Аллоҳнинг йўлида жанг қил! Ўзингдан бошқадан масъул қилинмайсан. Мўминларни қизиқтир. Шоядки Аллоҳ куфр келтирганларнинг шиддатини даф қилса. Аллоҳ шиддати қаттиқ ва азоби ортиқ зотдир.
Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз наибаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи зотдир. (Араб тилида «шафоат» сўзи бизда танилган маънодан кўра кенгроқ маънода ишлатилади. Бировни бошқалар олдида оқлаш учун қилинган саъй-ҳаракат ва гап-сўз ҳам шафоат ҳисобланади. Инчунин, қоралаш учун қилингани ҳам. Шунингдек, бу ишнинг яхшилигини тушунтириш учун тарғиб қилиш, унга қизиқтирш яхши шафоат, ўша ишни ёмон деб тушунтириш эса, ёмон шафоат ҳисобланади.)
Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи зотдир. ( Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса, вожибдир.)
Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. У сизларни қоим бўлишида ҳеч шубҳа йўқ қиёмат куни, албатта, жамлар. Ким Аллоҳдан кўра ростгўйроқ?!.
Сизга нима бўлдики, мунофиқлар ҳақида иккига бўлинасизлар, ҳолбуки, Аллоҳ уларни расво қилиб қўйди-ку? Аллоҳ адаштирган кимсаларни ҳидоят қилмоқчи бўласизларми? Аллоҳ кимни адаштирган бўлса, унга йўл топа олмассан. (Имом Аҳмад ибн Xанбал қилган ривоятда Зайд ибн Собит (р. а.) қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ (с. а. в.) Уҳуд жангига чиққанларида, у киши билан чиққанлардан баъзилари орқага қайтиб кетдилар. Саҳобалар ўша орқага қайтганларга муносабатда иккига бўлиндилар. Бирлари уларни ўлдирамиз, дейишса, бошқалари, йўқ, улар мўминлар, уларни ўлдирмаймиз, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло: «Сизга нима бўлдики, мунофиқлар ҳақида иккига бўлинасизлар?» оятини нозил қилди. Пайғамбаримиз (с. а. в.): «Албатта, бу оят покловчидир. Босқон темирнинг зангини кетказганидек, зангларни кетказади», дедилар.)
Улар сиз ҳам худди ўзларидек кофир бўлиб, уларга тенглашишингизни хоҳларлар. Токи Аллоҳ йўлида ҳижрат қилмагунларича, улардан дўст тутманг. Агар юз ўгириб кетсалар, бас, уларни тутинглар ва қаерда топсангиз, ўлдиринглар. Улардан дўст ҳам, ёрдамчи ҳам тутманг.
Магар, сиз билан орасида аҳднома бор қавмга етиб борсалар ёки сизлар билан ҳам, ўз қавмлари билан ҳам урушиш кўнгилларига сиғмасдан ҳузурингизга келсалар майли. Аллоҳ хоҳлаганида, уларни сиздан устун қилиб қўярди ва улар сизларга қарши уруш қилардилар. Агар сиздан четлансалар ва сиз билан урушмасдан тинчликни таклиф қилсалар, Аллоҳ сизларга уларнинг зиддига йўл бермас.
Сиздан ҳам, ўз қавмларидан ҳам омонда бўлишни хоҳлайдиган, фитнага қайтарилган чоғларида унга шўнғийдиган бошқа бирларни ҳам кўрасизлар. Агар сиздан четланмасалар, сизга тинчликни таклиф қилмасалар ва қўлларини тиймасалар, бас, уларни тутинг ва қаерда топсангиз, ўлдиринг. Ана ўшандайлар устидан сизга очиқ ҳақ бердик. (Ибн Жарир Мужоҳиддан ривоят қилишича, бу ояти карима маккалик бир қавм ҳақида нозил бўлган. Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, риё учун мусулмонликларини билдиришарди. Сўнгра қурайшликлар олдига бориб, улар билан бирга бутларига ибодат қилишар эди. Шу йўл билан икки томондан ҳам омон қолмоқчи бўлишар эди. Демак, уларга ишониб бўлмайди. Мадомики улар мусулмонларга ёмонлик қилишдан четланмасалар, тинчликни таклиф қилмасалар ва улардан қўлларини тиймасалар, уларни асир олиш, топган жойда ўлдириш керак. Бунга Аллоҳнинг Ўзи рухсат бермоқда. Буларнинг ҳаммаси мусулмонларнинг мунофиқлар билан бўладиган муносабатлари ҳақидаги ҳукмлардир.)
Мўмин мўминни ўлдирмас. Магар билмасдан қилиши мумкин. Кимки мўминни билмасдан ўлдириб қўйса, бас, унга мўмин қулни озод қилиш ва (ўлганнинг) аҳли кечирмасалар, хун бериш вожиб бўлур. Агар у сизга душман қавмдан бўлиб, ўзи мўмин бўлса, мўмин қулни озод қилиш вожиб бўлур. Агар у сиз билан орасида аҳдномаси бор қавмдан бўлса, аҳлига бериладиган хун ва мўмин қулни озод қилиш вожиб бўлур. Ким топмаса, Аллоҳга тавба учун кетма-кет икки ой рўза тутиш вожиб бўлур. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.
Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир. (Мўмин кишини қасддан ўлдириш шунчалик катта жиноят ва гуноҳки, уни қул озод қилиш билан ҳам, хун тўлаш билан ҳам ювиб бўлмайди. Мўмин мўминни қасддан ўлдириши бир беайб жонга қўшиб, иймондек улуғ неъмат туфайли вужудга келган ақида қардошлигини ҳам ўлдиришдир. Шунинг учун ҳам қисқагина бир оятда бу жиноятчига бошқа ҳеч кимга тайин қилинмаган олий жазолар–жаҳаннамда абадий қолиш, Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига дучор бўлиш ва у зот тайёрлаб қўйган улкан азоб ваъда қилинмоқда. Пайғамбаримиз (с. а. в.) ўз ҳадисларидан бирида: «Бир мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳнинг ҳузурида дунёнинг заволидан ҳам оғирроқдир», деганлар. Мазкур жазолар қасддан мўмин одамни ўлдирганнинг охиратидаги жазосидир. Аммо бошқа оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, унга бу дунёда ҳам маълум жазолар белгиланган. Аввало, қотил устидан ўлдирилган шахснинг валиюл амрлари ҳукмга эга бўладилар. Улар хоҳласалар, қотилдан қасос олиш мақсадида уни ўлдиришни талаб қиладилар, хоҳласалар кечиб юборадилар ёки хоҳласалар кучайтирилган хун оладилар. Кучайтирилган хун эса, ўттизта ҳиққа, ўттизта жазуъа ва қирқта халуфа туялардан иборат.)
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар. Бу дунё ҳаётининг ўткинчи ўлжасини истайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса кўплаб ўлжалар бор. Авваллари сиз ҳам шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди. Бас, аниқлаб олинг. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад ибн Xанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р. а.) ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Бану Салим қабиласидан бир одам бир гуруҳ саҳобанинг олдидан қўйларини боқиб ўтиб қолди ва уларга салом берди. Саҳобалар: «Биздан қўрққанидан салом берди, бўлмаса, бермас эди», дедилар-да, уни ўлдириб қўйларини Пайғамбарнинг (с. а. в.) ҳузурларига ҳайдаб бордилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқадиган бўлсангиз, аниқлаб олинглар...» оятини нозил қилди.)
Мўминлардан бешикаст бўла туриб ўтириб қолганлари билан Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилувчилари баробар бўлмаслар. Аллоҳ моллари ва жонлари билан жиҳод қилувчиларнинг даражасини ўтириб қолувчилардан афзал қилди. Аллоҳ ҳаммага яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб қолувчилардан улуғ ажр ила, афзал қилган.
Ўзидан бўлган даражалар ила, мағфират ва раҳмат ила (афзал қилган). Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир.
Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима қилаётган эдинглар?» дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. Алар: «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!» дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой! («Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганлар», деб васф қилинган кишилар маълум бир тоифадир. Улар ўзларини бўлмаса-да, молу мулкларини асраб қолиш учун, ҳижратнинг қийинчиликларидан қочиб, кофирлар ичида қолиб кетган кишилардир. Уларни Аллоҳ таоло «ўзига зулм қилувчилар» деб сифатламоқда.)
Фақат эркаклар, аёллар ва болалардан иборат, ҳийлага қодир бўлмаган, йўлни топа олмаган бечораларгина бундан мустасно.
Ана ўшалар, шоядки, Аллоҳ уларни афв этса. Зотан, Аллоҳ афв этувчи ва мағфират қилувчи зотдир.
Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топади. Ким уйидан Аллоҳ ва Расулга ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушади. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир. (Ушбу оятда ҳижрат қилишга тарғиб–қизиқтириш бор. Бу улуғ ишга кишиларни маънавий жиҳатдан тайёрлаш, кўнгилларига келиши мумкин бўлган баъзи хаёлларни кўтариш бор. Xижрат дину диёнатни деб ватанни тарк этишдир. Кишилар ўзларича, ватандан узоқда бўлган шахс хавф-хатарда қолади, ризқи рўзи қийилади, деган фикрда бўладилар. Бу эса, мусулмонликка ҳеч тўғри келмайдиган нотўғри фикрдир. Аллоҳ таоло ҳеч қачон Ўзининг йўлида ҳижрат қилган бандасини чорасиз ҳолда ташлаб қўймайди. Унга хавф-хатарлардан асрайдиган паноҳгоҳлар ато қилади ва ризқини кенг қилиб қўяди. Кўпгина кишилар ҳижратдан кейин олий даражаларга, кенг ризқларга эришгани тажрибадан маълум. Одамларни ҳижратдан тўсиб турадиган нарсалардан бири ўлимдан қўрқишдир. Аслида эса, аввал ўтган оятларда таъкидланганидек, ўлим жой танламайди. Вақти-соати етганда, муҳожир ҳам, муқим ҳам ўлаверади. Аммо у ўлим билан бу ўлимнинг фарқи бор. Муҳожирликда ўлишнинг бахтига нима етсин!)