loader
Ер юзида жавлон урганингизда, куфр келтирганлар сизга фитна қилишидан хавф қилсангиз, намозни қаср қилиб адо этмоғингизда гуноҳ йўқдир. Албатта, кофирлар сизга очиқ душмандирлар.
Улар ичида бўлсанг-у, намоз адо қилмоқчи бўлсанг, улардан бир тоифаси сен билан турсин ва силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Сажда қилганларидан кейин орқангизга ўтсинлар. Намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сен билан намоз ўқисин. Эҳтиёт бўлиб, силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Куфр келтирганлар силоҳларингиз ва матоҳларингиздан ғофил бўлсангиз, устингиздан бирдан ҳамла қилишни истарлар. Ёмғирдан озор етса ёки бемор бўлсангиз, силоҳларингизни қўймоғингизда гуноҳ йўқдир. Xушёр бўлинглар! Албатта, Аллоҳ кофирларга хорловчи азоб тайёрлагандир. (Ушбу ояти карима билан танишганда, намозга нақадар катта эътибор борлиги дарҳол англаб етилади. Ўйлаб кўринг-а: уруш бўлиб турса, ҳар бир инсоннинг ҳаёти қил устида турса-да, яна намоз ўқишга амр бўлса! Уруш пайтида ўқиладиган намоз «Хавф намози» деб аталади. Демак, жиҳодга чиққан мужоҳидлар бу ҳолда иккига бўлинишади. Бир тоифалари имом билан намоз ўқийди, иккинчи тоифа намоз ўқимай, қўриқчилик қилиб туради. Имом биринчи тоифа билан биринчи ракъатни ўқиб бўлгандан сўнг туриб орқага қўриқчиликка ўтади. Қўриқчилик қилиб турган иккинчи тоифа келиб имом билан иккинчи ракъатни ўқийди. Оятда шу жойгача зикр этилган. Намознинг давоми Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида келган. Иккинчи ракъат тамом бўлиши билан имом салом беради. Чунки у икки ракъатни тамом ўқиди. Кейин биринчи тоифа келиб иккинчи ракатни ҳар ким ўзи ўқиб салом беради. Иккинчи ракатни имом билан ўқиган ва яна қоровулликка ўтган иккинчи тоифа биринчи тоифадан кейин қолган бир ракат намозини якка-якка ўқиб салом беради. Бундай намозни адо этиш давомида мусулмонлар ҳушёр бўлишлари ва силоҳларини ўзлари билан бирга тутишлари қайта-қайта тайинланмоқда. Кофирларнинг ёмонликларидан бехабар қолманглар, деб огоҳлантирилмоқда.)
Намозни адо этганингиздан сўнг Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда эсланг. Хотиржам бўлганингизда намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир. (Xар вақтда ҳам, ҳар намоздан кейин ҳам Аллоҳни зикир этиш тарғиб қилинади. Аммо бу ояти каримада бу иш ҳавф намозидан кейин, айниқса, зарур экани таъкидланмоқда. Ўтирганда ҳам, турганда ҳам, ёнбошлаганда ҳам, яъни, ҳамма ҳолатларда Аллоҳ таолони зикр қилиб, ундан душман билан бўладиган жангда ғалаба-нусрат сўралади.)
У қавмни қувишда бўш келманг. Агар алам чекаётган бўлсангиз, улар ҳам сиз алам чекаётганингиздек алам чекмоқдалар. Сиз эса, Аллоҳдан улар умид қилмаган нарсани умид қилмоқдасиз. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир.
Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганига ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма!
Аллоҳга истиғфор айт! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
Ўз жонларига хиёнат қиладиганларни мудофаа қилма. Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва гуноҳкор бўлган кимсани хуш кўрмас. (Аллоҳ таоло бу оятда Тўъма ибн Убайрақ ва унинг қариндошларини «ўз жонларига хиёнат қилганлар», деб васф қилмоқда. Аслида, улар яҳудий шахсга хиёнат қилган, ўғрилик айбини унга ағдарган эдилар. Лекин бу ишнинг ёмонлиги уларга қайтиши эътиборидан ўзларига хиёнат қилган ҳисобланади. Ўғрилик қилиш–гуноҳкорлик, айбни ноҳақдан бировга ағдариш эса, хиёнатдир.)
Одамлардан яширадилар ва Аллоҳдан яшира олмаслар. Xолбуки, У Ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир. Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни ихота қилувчи зотдир.
Ҳой, сизлар! Бу ҳаёти дунёда уларнинг ёнини олдингиз. Қиёмат кунида Аллоҳ олдида уларнинг ёнини ким олади ёки ким уларга вакил бўлади?!.
Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади.
Ким гуноҳ қилса, фақатгина ўз зарарига қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир. (Бировнинг гуноҳи учун бошқа биров жавобгар бўлмайди. Ҳар ким ўз қилмиши учун жавобгар бўлади. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб туради, жумладан, гуноҳкорларнинг гуноҳларини ҳам билиб туради. Ўша билишга биноан гуноҳкорни жазолаши унинг ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилишлигидандир.)
Ким хато ёки гуноҳ қилса-ю, сўнгра уни беайбга ағдарса, шубҳасиз, бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз бўйнига олибди.
Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар. Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди. (Яъни, Аллоҳ таоло ўз фазли ва марҳамати ила оятлар тушириб, ҳақиқатни баён қилмаганида, Тўъма ибн Убайрақнинг қавми, уни одамлар олдида оқлашни талаб қилиб, айбни яҳудий шахсга ағдариб, Пайғамбарни адаштиришга уриниб қолган эдилар. Аммо бу ишлари билан улар ўзларини адаштирадилар, холос. Xар қанча уринсалар ҳам Пайғамбарга (с. а. в.) зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ доимо ўз Пайғамбарини сақлайди. Мазкур ҳодисада ноқулайликдан сақлаб қолгани ўзига хос фазлу карамдир. Лекин асосий фазли ва ҳақиқий марҳамати: «Аллоҳ сенга китобни (Қуръонни) ва ҳикматни (суннатни) туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва (шу билан) сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди».)
Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз.
Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой! (Бу ояти каримада Тўъма ибн Убайрақнинг қариндошларидан Башир ибн Убайраққа ишора қилинмоқда. У Бани Убайрақни фош қилувчи оятлар нозил бўлганидан сўнг муртад бўлиб (диндан чиқиб), мушрикларга қўшилиб кетган эди. Гарчи ишора маълум бир шахсга бўлса ҳам, ҳукм умумийдир. Ким Пайғамбарга (с. а. в.) хилоф қилса, у кишининг йўлидан бошқа йўлга юрса, кофир, мушрик ва муртад бўлади. Ким мўминларнинг йўлидан бошқа йўлни танласа, ўша йўлидан юраверсин, Аллоҳ уни кетган томонига юргазиб қўяверади. Аммо охири олиб бориб жаҳаннамга киритади. Жаҳаннам қандай жойлигини эса, ҳамма билади.)
Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани, кимни хоҳласа, кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, қаттиқ адашган бўлади.
Улар ундан бошқа фақат аёл-санамларга ибодат қиладилар ва фақат бебош шайтонга ибодат қиладилар. (Яъни, араб мушриклари Аллоҳдан бошқа, фақат аёл-санамларга ибодат қиладилар. Жоҳилий арабларнинг бузуқ эътиқодлари бўйича, фаришталар Аллоҳнинг қизлари ҳисобланар эди. Улар шунинг учун ҳам бутларини аёл киши шаклида ясашар ва уларга аёлларнинг исмини беришар эди.)
Аллоҳ уни лаънатлади. У эса: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан.
Уларни адаштираман, хом хаёлларига соламан, уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар», деди. Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни дўст тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир. (Яъни, Аллоҳ шайтонни лаънатлади, ўз раҳматидан қувди. Шайтон эса, қувилаётган пайтда: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан», деди. Мени шуларнинг сабабидан лаънатлаяпсан, мен булардан маълум миқдорни ўз йўлимга чиқариб, куфр ва исёнга чорлайман, деди. Яъни, бандаларингни тўғри йўлдан–сенинг йўлингдан адаштираман ва уларни хом хаёлларга соламан–умримиз узун бўлади, маза қилиб юрамиз, қайта тирилиш ҳам, ҳисоб-китоб ҳам, қиёмат ҳам йўқ, деб юраверадиган қилиб қўяман, дейди.)
У уларга ваъда берадир ва хом хаёлларга соладир. Шайтон уларга ғурурдан бошқа нарсани ваъда қилмайдир.
Ана ўшаларнинг жойлари жаҳаннамдир. Ва ундан қутулиш йўлини топа олмаслар.
Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий–бардавом қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Аллоҳдан ростгўйроқ зот борми? (Банданинг жаннатга кириши учун иймон ва яхши амаллар бўлиши шарт. Иймонсиз ҳолда қилинган ҳар қанча яхши амалларнинг фойдаси бўлмайди. Иймони бўлиб туриб яхши амалларни қилган бандалар фақат жаннатга кириш билан кифояланиб қолмайдилар. Балки жаннатда абадий–бардавом қоладилар. Бу эса, шайтоннинг дўстлари дўзахда абадий–бардавом қолишларининг муқобилигадир.)
Сизларнинг хом хаёлингизчга ҳам эмас, аҳли китобларнинг хом хаёличга ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир. Ва ўзига Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам топа олмас.
Эркакми, аёлми–ким мўмин бўлган ҳолда яхшиликлар қилса, ана ўшалар жаннатга кирарлар ва уларга қилча ҳам зулм қилинмас. (Яхши амалларнинг мукофотини беришда эркагу аёлдан баробар иймон шарт қилиниб қўйилади. Иймон бўлмаса, бўлмайди. Иймони бўлиб туриб, яхши амалларни қилган ҳар бир эркагу аёл, ким бўлишидан қатъий назар, жаннатга кирадилар. Уларга бу дунёда қилган амалларининг мукофотини қилича ҳам қолдирилмай берилади.)
Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди. (Ушбу оятдаги савол бир нарсани билиш учун берилаётган савол эмас. Балки бор нарсани иқрор қилиш учун айтилаётган тасдиқ саволидир. Қилган яхши амалнинг қабул бўлишига иймон қанчалик шарт бўлса, ихлос ҳам (яъни, ишни Аллоҳнинг розилиги учун ихлос билан адо этиш) шунчалик шартдир. Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати–дини Ислом эди. Аллоҳ таоло бошқа оятларда ҳам бу ҳақиқатни баён этган. Демак, оятда Исломдан ўзга ҳақиқий дин йўқ, дейилмоқда ва бу динга одамларни янада қизиқтириш учун Иброҳим алайҳиссаломни Аллоҳ таоло Ўзига дўст тутганини таъкидламоқда.)
Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳга хосдир ва Аллоҳ ҳар бир нарсани ихота қилган зотдир.
Сендан аёллар ҳақида фатво сўрарлар. Сен: «Аллоҳ сизга улар ҳақида ва китобда тиловат қилинадиган, сиз уларга тайин қилинган нарсани бермай никоҳига рағбат қилганингиз аёллар ҳақида, заифҳол болалар ҳақида ва етимларга адолат қилмоғингиз ҳақида фатво беради», деб айт. Аллоҳ қилган ҳар бир яхшилигингизни билувчи зотдир.
Агар аёл киши ўз эридан нафрат ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса, икковлари ўзаро сулҳга келишишларида гуноҳ йўқ. Сулҳ яхшидир. Нафслар қизғанишга ҳозирдир. Агар яхшилик ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардор зотдир. (Оилада турли сабабларга кўра, эрда хотинига нисбатан нафрат пайдо бўлиши мумкин. Натижада эр хотинидан ажралмоқчи ёки ундан юз ўгириб, талоқ ҳам қилмай, муомала қилмай ташлаб қўймоқчи. Хотин эридан ажрашни хоҳламаса, ярашишга уринади. Эрнинг нафратига ёки юз ўгиришига сабаб бўлган ишларни бартараф этиш билан уни рози қилиб, ажралмай қолишга тиришади. Жумладан, хотинидан нафратланиб, уни талоқ қилмоқчи бўлган ёки юз ўгириб, тек ташлаб қўймоқчи бўлган эркак ўша хотиннинг ажрашиш истаги йўқлигини билгач, унга яхшилик қилиб, тақво юзасидан ўзи билан олиб қолса, яхши бўлади. Аллоҳ унга ажр ва савоб беради.)
Агар роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмайсизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, (баъзисини) муаллақга ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. («Хотинлар ўртасида адолат» кўп хотинли эрнинг хотинларига нисбатан қалбидаги муҳаббати борасидадир. Яъни, кўнглингизда муҳаббати ўрнашган баъзихотинингизга бир йўла мойил бўлиб кетиб, хотинларингизнинг баъзисини муаллақ аёлга ўхшатиб қўйманг. «Муаллақ аёл» деб хотин бўлиб хотин эмас, боши очиқ бўлиб, боши очиқ эмас, аросат бир ҳолда қолган аёлга айтилади. Бундай муаллақлик азоб, шунинг учун ояти карима эрни бу масалада адолатли бўлишга чорламоқда. Кўп хотинли эр яхши кўрган хотини билан доимо бирга бўлиб, бошқасини тарк этса, шариатга ҳеч тўғри келмайди.)
Агар ажрашсалар, Аллоҳ Ўз фазлидан ҳар бирини беҳожат қилур. Аллоҳ фазли кенг ва ҳикматли зотдир.
Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Батаҳқиқ, Биз сиздан олдин китоб берилганларга ҳам, сизга ҳам: «Аллоҳга тақво қилинглар», деб тавсия қилдик. Агар куфр келтирсангиз, албатта, осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир.
Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳникидир. Вакил бўлишга Аллоҳ кифоядир.
Агар у зот хоҳласа, эй одамлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтирур. Ва Аллоҳ бунга қодир бўлган зотдир. (Агар Аллоҳ хоҳласа, бир зумда ҳамма одамларни бу дунёдан йўқ қилиб, уларнинг ўрнига Ўзига иймон келтирадиган, айтганидан чиқмай юрадиган, янги бошқа бир одамларни келтириб олади. Аллоҳ бу ишга ва бундан ҳам катталарига қодирдир.)
Ким бу дунё савобини истаса, билсинки, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бу дунёнинг, ҳам у дунёнинг савоби бордир. Ва Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир.
Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавои нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Демак, гувоҳлик Аллоҳ учун бўлиши керак. Бошқа нарса учун эмас. Бирор шахс учун эмас, қабила учун эмас, ҳизб ёки халқ учун эмас. Ана шундагина адолатли гувоҳлик бўлади. Албатта, одамнинг ўзига қарши гувоҳлик бериши, ота-онаси ёки қариндош-уруғига қарши гувоҳлик бериши осон эмас. Бу иш гапиришга осон, холос. Лекин илоҳий таълимот шуни ирода қилади. Ана шундагина ҳақиқий адолат юзага чиқиши мумкин.)
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга, Унинг Расулига, У Ўз Расулига туширган китобга ва бундан олдин туширган китобга иймон келтиринг. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашган бўладир.
Албатта, иймон келтирганларидан кейин куфр келтирганлар, сўнгра иймон келтириб яна куфрга кетган ва куфрида зиёда бўлганларни Аллоҳ мағфират қилмас ва тўғри йўлга ҳидоят этмас. (Иймон билан куфр орасида бориб-келиб, бориб-келиб, охири куфрда зиёда бўлаётганлар–мунофиқлардир. Агар инсон кофир бўлиб юриб кейин иймонга келса, унинг иймони кофирлигини ювиб кетади. Иймонга келгандан кейинги даврдан бошлаб ҳисоб-китоби бошланади.)
Мунофиқларга, албатта, уларга аламли азоб бўлишининг башоратини бер.
Улар мўминларни қўйиб, кофирлрни дўст тутадиганлардир. Уларнинг олдида иззат–куч-қудрат излайдиларми? Албатта, иззат–куч-қудратнинг барчаси Аллоҳнинг ҳузуридадир.
Батаҳқиқ, сизларга китобда: «Аллоҳнинг оятларига куфр келтирилган ва уларни истеҳзо қилинган чоғда, бошқа гапга ўтмагунларича улар билан ўтирманглар», деб туширди. Агар ўтирсангиз, сиз ҳам уларга ўхшашсиз. Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларнинг барчасини жаҳаннамда жамловчидир. (Аллоҳ таоло китобда, яъни, Қуръони Каримда мўминларга Аллоҳнинг оятлари ҳақида куфр ва истеҳзо гаплар бўлаётган мажлисда ўтирмасликка амр қилган эди. Бу амр Маккаи Мукаррамада нозил бўлган ал-Анъом сурасида келган. Чунки мўмин кишининг бу каби мажлисларда жим ўтириши мунофиқликнинг бошланишидир. Xар бир мўмин Аллоҳ, Ислом, Пайғамбар (с. а. в.) ва Қуръон каби мўътабар тушунчалар ҳақида ёмон, ахлоқсиз гап-сўзларни эшитган чоғида қарши чиқмоққа, ҳаттоки тўғриламоққа бурчлидир. Кимки бундай ҳолларда жим ўтирса, мунофиқлик йўлига қадам қўйган бўлади.)
Улар сизларни кузатиб турарлар. Сизларга Аллоҳ томонидан фатҳ бўлса: «Сизлар билан бирга эмасмидик?!» дерлар. Агар кофирларга насиба бўлса: «Сизларга устун келиб, мўминлардан ҳимоя қилмадикми?» дерлар. Аллоҳ қиёмат куни улар орасида ҳукм қилур. Аллоҳ ҳаргиз кофирларга мўминлар устидан йўл бермас. (Мунофиқ ҳар доим мунофиқлигини қилади. Иймон масаласидаки иккиёқламалик қилгандан кейин, бошқа масалаларда бундан баттар бўлади. Улар доимо иймон ва куфр, мўминлар ва кофирлар орасида тарозининг палласи қаёққа оғишини кузатиб турадилар.)
Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўларлар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдовчи»дир. Агар намозга турсалар, дангасалик билан, хўжакўрсинга турарлар ва Аллоҳни камдан кам зикр қиларлар.
Улар орада сарсондирлар. На анавиларга қўшила оларлар ва на манавиларга қўшила оларлар. Аллоҳ кимни йўлдан адаштирса, ҳаргиз унга йўл топа олмассан.
Эй иймон келтирганлар! Мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманг. Аллоҳнинг ҳузурида ўз зиддингизга очиқ ҳужжат қилишни хоҳлайсизми?! (Мўминни қўйиб, кофирни дўст тутиш ҳам бир нави ҳужжатдирки, охиратда бу ҳужжат уларнинг зарарларига ишлайди ва Аллоҳ уларни шу ҳужжат асосида азоблайди.)
Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассан. (Ислом дини учун мунофиқлар кофирлардан ҳам зарарли ва хавфлидирлар. Шунинг учун охиратда ҳам улар кофирлардан-да кўра қаттиқроқ азобга дучор бўладилар. Дўзахнинг энг қаърига–энг остки қаватига ташланадилар. Бу жойни оятда «ад-Даркул асфали» дейилган.)
Магар тавба қилиб, солиҳ амаллар қилган, Аллоҳни маҳкам ушлаган ва Аллоҳ учун динга ихлос қўйганлар–ана ўшалар мўминлар ила биргадирлар. Аллоҳ, албатта, мўминларга улуғ ажр берур.
Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади? Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи зотдир. (Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима учун азоблайди? Уларни азоблашдан бир фойда топадими? Ёки уларни азоблашдан лаззат оладими? Албатта, Аллоҳ ношукр ва иймонсизларни азоблашдан ҳеч фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди. Бу азобнинг асосий сабаби банданинг шукр қилмагани ва иймон келтирмаганидир. Ношукр ва иймонсиз бу дунёда азобланса, қилган хатоси эвазига, тўғри йўлга қайтсин, деб қилинади. Уни охиратда азоблаш эса, ношукрлиги ва кофирлигининг жазосидир. Аслида,»Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи зотдир». Яъни, шукр қилган бандаларидан рози бўлади ва уларга улуғ ажрларни беради.)
Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмайди. Магар мазлумдан бўлса, майли. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир. (Қалбида тақвоси, виждонида ҳассослик бўлмаган одам ҳар қандай ёмон сўзни осонгина ошкора қилади, атрофга ёяди. Ёмон гапни ошкор қилиш икки одамнинг бир-бирини сўкишидан, ёмонлашидан ва ғийбат-бўҳтон қилишидан бошланади. Сўнгра аста-секин катталашиб, жамиятни ҳалокат жари ёқасига олиб келади. Шунинг учун ҳам Ислом жамиятида ёмон сўзни ошкор қилиш қатъиян тақиқланади. Фақат бир тоифага–мазлумга рухсат. Шунда ҳам, мазлум инсон ўз устидаги зулмни кўтариши учунгина изн берилади. Жумладан, золимнинг зулмидан жамиятни хабардор этиш учун мазлумгина ёмон гапни ошкор қилиши мумкин.)
Агар яхшиликни ошкора ёки махфий қилсангиз ёки ёмонликни афв этсангиз, албатта, Аллоҳ афвли ва қодир зотдир.
Албатта, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига куфр келтирадиганлар ва Аллоҳ ила Пайғамбарлари орасида айримчиликни ирода қиладиганлар ҳамда баъзиларига иймон ва баъзиларига куфр келтирамиз, деб ана ўшандай ора йўлни тутишни хоҳлайдиганлар.