loader
Айн. Сийн. Қо-оф.
Азизу ўта ҳикматли бўлмиш Аллоҳ сенга ва сендан аввалгиларга мана шундай ваҳий қилур.
Осмондаги нарсалар ва ердаги нарслар уникидир. У зот юксак ва улуғдир. (Осмонда нимаики бўлса, Аллоҳникидир. Аллоҳ таолонинг мулкидир. Ерда нимаики бўлса, Аллоҳникидир. Уларнинг ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ талонинг мулкидир. Унинг мулкига ҳеч ким шерик бўла олмас.)
Осмонлар уст томонларидан ёрилиб кетай дейдир. Фаришталар эса, Роббилари ҳамди ила тасбиҳ айтурлар ва ер юзидаги кимсаларга истиғфор сўрарлар. Огоҳ бўлингким, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир. (Аллоҳ таолонинг юксаклиги ва улуғлиги қаршисида чидай олмай, осмонлар ўз устиларидан ёрилиб кетай, деб турадилар.)
Ундан ўзга «дўстлар» тутганларга Аллоҳ кузатгувчидир. Сен уларга вакил эмассан
Ана шундай қилиб, Биз сенга шаҳарларнинг онасини ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учун, бўлишида ҳеч шубҳа йўқ жамлаш кунидан огоҳлантиришинг учун арабий Қуръонни юбордик. Бир гуруҳ жаннатда, бир гуруҳ дўзахда. (Илмий изланишлар кўрсатдики, Маккаи Мукаррама ернинг қуруқлик қисмининг қоқ маркази экан. Бу ҳақиқатдан, ояти каримадаги «шаҳарларнинг онаси ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учун» дегани, бутун ер юзини огоҳлантиришинг учун, дегани эканлиги маълум бўлди. Шу кашфиётга асосланиб, дунёнинг ҳамма нуқтасидан туриб қиблани топиб оладиган асбоб яратилди.)
Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта, уларни бир уммат қилар эди. Лекин У зот хоҳлаган кишини Ўз раҳматига киритур. Золимларга эса, ҳеч бир дўст ҳам, ёрдам берувчи ҳам йўқдир.
Ёки улар ундан бошқа «дўстлар» тутдиларми?! Бас, Аллоҳнинг Ўзигина дўстдир. У зот ўликларни тирилтирур. Узот ҳар бир нарсага қодирдир.
«Бирор нарсада ихтилоф қилсангиз, унинг ҳукми Аллоҳдадир. Ана ўша Аллоҳ Роббимдир. Унгагина таваккал қилдим ва Унгагина қайтурман».
У осмонлару ерни йўқдан бор қилгувчи зотдир. У сизларга ўз жинсингиздан жуфтлар яратди. Чорва ҳайвонларини ҳам жуфт қилиб яратди. У зот сизни ўша (жуфтлик) асосида кўпайтирур. У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У зот ўта эшитгувчи, ўта кўргувчи зотдир.
Осмонлару ер (хазиналари) калитлари Уникидир. У хоҳлаган одамига ризқни кенг ёки тор қилур. Зотан у барча нарсани ўта билгувчи зотдир.
У зот сизларга дин этиб Ўзи Нуҳга васият қилган ва сенга ваҳий қилган нарсамизни ҳамда Иброҳим, Мусо ва Ийсоларга васият қилган нарсамизни шариат қилди. «Динни барпо қилингиз ва унда тафриқага тушмангиз», деди. Мушрикларга сен уларни даъват қилган нарса оғир келди. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисини (Пайғамбарликка) танлаб олур ва У Ўзигагина илтижо этгувчи кишини ҳидоят қилур. (Эй одамлар, динни Аллоҳ таолодан қандай келган бўлса, шундай барпо қилингиз, унга ана шундай ҳолида амал қилингиз. Дин ҳақида турли тафриқага тушиб, ихтилоф қилмангиз.)
Улар фақат ўзларига илм келгандан кейингина, ўзаро ҳасад-адоват қилишиб тафриқага тушдилар. Агар Роббингдан (азоблашни) маълум муддатгача (қолдириш) ҳақида сўз ўтган бўлмаганида, улар орасида албатта ҳукм чиқарилган бўлур эди. Албатта, улардан кейин китобга ворис қилинганлар у ҳақида шак-шубҳададирлар. (Динда тафриқага тушганлари учун мазкур нобакор қавмларини аллақачон ҳалок қилиб юбориш керак эди. Аммо, Аллоҳ таолонинг олдиндан ажални белгилаб қўйганигина бу ишни тўсиб турибди. Илоҳий китоб келганда ўзаро ҳасад ва адоват ила тафриқага тушганларнинг китобига ворис қилинган яҳудий ва насоролар Қуръон тушган пайтда ҳам ўз китоблари ҳақида шак-шубҳададирлар.)
Бас, шунинг учун ҳам даъват қил, ўзингга амр қилинганидек, мустақим тур ва уларнинг ҳавои нафсларига эргашма ҳамда: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир китобга иймон келтирдим ва орангизда адолат ўрнатишга амр қилиндим. Аллоҳ бизнинг Роббимиз, сизнинг ҳам Роббингиз. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизнинг амалларингиз ўзингиз учун. Биз билан сизнинг орамизда жанжал(га ўрин) йўқ. Аллоҳ бизларни жамлайди ва қайтиш ёлғиз Унинг Ўзигадир», деб айт. (Аллоҳ сенга берган динга одамларни даъват қил ва ўз даъватингда Аллоҳ сенга буюрганидек мустақим тур. Ўтган Пайғамбарларнинг динида тафриқага тушган ва китобларига шак-шубҳа қилган нобакор қавмларнинг ҳавои нафсларига эргашма. Эй Пайғамбар, Аллоҳ томонидан менга сиз бандалар орангизда мутлақ адолат ила ҳукм қилишга буюрилдим. Кишиларнинг динига, жинсига, насл-насабига, мансабига, обрў-эътиборига қараб эмас, одамлигига, Аллоҳнинг бандаси эканлигига нисбатан адолат ўрнатишга буюрилдим, деб айт)
Аллоҳ ҳақида Унга ижобат қилинганидан кейин ҳам талашиб-тортишадиганларнинг ҳужжатлари Роббилари ҳузурида ботилдир, уларга ғазаб бордир ва уларга шиддатли азоб бордир. (Яъни, мўмин-мусулмонлар Аллоҳга ва унинг динига ижобат қилганларидан кейин, кофир ва мушрикларнинг ҳақ эканлигига ҳар қанча ҳужжат-далил келтирсалар ҳам, Аллоҳнинг наздида уларнинг ҳужжат-далиллари ботилдир.)
Аллоҳ ҳақ ила китобни ва (адолат) тарозуни нозил қилган зотдир. Қаердан билурсан, эҳтимол (қиёмат) соати яқиндир!
У(қиёмат)га иймон келтирмайдиганлар унинг тезлашини истарлар, иймон келтирганлар эса, ундан қўрқувчидирлар, зотан унинг шубҳасиз ҳақ эканини билурлар. Огоҳ бўлинг! Албатта, (қиёмат) соати ҳақида шубҳа қилгувчилар йироқ залолатдадирлар.
Аллоҳ бандаларига лутфлидир. У хоҳлаган кишига ризқ берур. У зот кучлигу азиздир. (Яъни, бандаларнинг ким бўлишидан қатъи назар, уларга шафқат қилади, яхшилик кўрсатади, исёнларига қарамай, уларга хайру баракаларини сероб қилиб қўяди.)
Ким охират ҳосилини истаса, Биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, Биз унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас. (Бу дунё ризқини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага бу дунё ризқини беради. Аммо бу дунё ризқини истаган ўша бандага охиратдан ҳеч қандай насиба қолмайди. Охират ҳосилини истаган одам эса, бу дунё ҳосилидан ҳам бошқалардан кўра яхшироқ баҳраманд бўлади. Аллоҳга иймон келтириб, Унинг шариатига амал қилганлар яхши оқибатга эришишлари турган гап.)
Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шерик (худо)лари борми?! Агар ажрим калимаси бўлмаганида, албатта, улар ўртасида ҳукм қилинган бўлар эди. Албатта, золим кимсалар учун аламли азоб бордир. (Динсиз, иймонсиз кишилар, Аллоҳнинг амрига юрмасдан, турли гуноҳ ишларни қиладилар. Гуноҳ ишларга Аллоҳ таоло изн бермагани, уларни ман қилгани жуда ҳам равшан. Аммо баъзи одамлар гуноҳ ва маъсиятларни бемолол қилмоқдалар. Уларга мазкур гуноҳ ва маъсиятларни қилишга ким изн беради? Аллоҳга шерик келтирган худоларими?! Ўша шерик худолари уларга Аллоҳ изн бермаган ишларни қилишни қонунлаштириб берганми? Агар бандаларнинг амалларига савоб ёки азоб қиёматда бўлиши ҳақидаги ажрим сўзи бўлмаганида, бандалар орасида ҳозироқ ҳукм қилиниб қўйилган бўлар эди.)
Золимларни ўзлари касб қилган нарсалари(азоби)дан қўрқувчи ўлароқ кўрасан. Ҳолбуки, у уларга тушгувчидир. Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилувчилар эса, жаннат боғларидадир. Улар учун Роббилари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шунинг ўзи катта фазлдир.
Ана ўша, Аллоҳ иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган бандаларига бераётган хушхабардир. Сен: «Мен сиздан бу учун ажр эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман», деб айт. Ким яхшилик қилса, Биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта шукр қилгувчи зотдир. (Ушбу жумла маъноси ҳақида уламоларимиз бир неча хил фикрлар айтишган. Мисол учун, Саъийд ибн Жубайр (р. а) «қариндошлик меҳри» иборасини Пайғамбаримизнинг (с. а. в) аҳл байтлари, деб таъвил қилганлар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос (р. а) эса, Қурайш уруғлари ичидан ҳар бири турли йўллар билан Пайғамбаримиз Муҳаммадга (с. а. в) қариндошлик ришталари ила боғланар эди, шунинг учун бу жумлада у киши қурайшликларга, даъватлари учун улардан ажр сўрамасликлари, балки қариндошлик ҳақ-ҳурматини ўрнига қўйишини сўраётганлари, ифодаланган, дейдилар. Бундан қариндошчилигимиз ҳурмати менинг ишимга қарши чиқманглар, даъватим йўлини тўсманглар, деган маъно чиқади.)
Ёки улар: «У (Муҳаммад) Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиди», дейдиларми?! Бас, агар Аллоҳ хоҳласа, қалбингга муҳр босур ва Аллоҳ Ўз сўзлари ила ботилни йўқ қилиб, ҳақни ҳақ қилур. Албатта, у диллардаги нарсани ўта билгувчидир.
Унинг Ўзи бандаларидан тавбани қабул қилур, гуноҳларини афв этур ва нима қилаётганингизни билур.
У зот иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларнинг (дуосини) ижобат қилур ва уларга Ўз фазлидан зиёда қилур. Кофирларга эса, уларга, шиддатли азоб бордир.
Агар Аллоҳ бандаарига ризқни кенг қилиб қўйса, албатта, улар ер юзида ҳаддан ошиб кетурлар, лекин У Ўзи хоҳлаганига ўлчов билан туширур. Албатта, у ўз бандаларидан ўта хабардор ва уларни ўта кўргувчидир.
У зот (одамлар) ноумид бўлганларидан кейин ёмғирни нозил қилур ва Ўз раҳматини таратур. У валий ва мақталган зотдир.
У зотнинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва уларда турли жониворларнинг таратиб қўйилишидир. Ва У зот агар хоҳласа, уларни жамлашга қодирдир.
Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини афв қилур. (Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусибат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди.)
Ва сиз ер юзида қочиб қутула олмассиз. Ҳамда сиз учун Аллоҳдан ўзга валий ҳам, нусрат бергувчи ҳам йўқ.
Денгизда тоғдек бўлиб сузиб юргувчи кемалар У зотнинг оят-белгиларидандир.
Агар У зот хоҳласа, шамолни тўхтатиб қўюр. Бас, у(кема)лар у(денгиз)нинг устида туриб қолурлар. Албатта, ана шунда ҳар бир сабр қилувчи ва шукр қилгувчи учун оят-белгилар бордир.
Ёки у(кема)ларни аларнинг касби туфайли ҳалок қилур ва У зот кўпни афв қилур.
Токи Бизнинг оятларимиз ҳақида тортишадиганлар билсинларки, улар учун ҳеч бир қочар жой йўқдир.
Сизга берилган нарсалар ҳаёти дунёнинг матоҳи, холос. Аллоҳнинг ҳузуридаги яхши ва боқий нарсалар эса, иймон келтирган ва Роббиларига таваккал қилганлар учундир. (Ушбу берилган нарсалар хоҳ молу дунё бўлсин, нима бўлса бўлсин—ҳаммаси бу дунёнинг матоҳи, ўткинчи ҳой-ҳавас, холос. Уларнинг ҳақиқий қадр мезонида ҳеч бир оғирлиги йўқ. Ҳақиқий қадр-қийматга, боқийликка эга нарсалар бошқа томонда —охиратда, Аллоҳнинг ҳузуридадир. Аллоҳнинг ҳузуридаги ўша нарсалар, бу дунё матоҳи каби, ким бўлишидан қатъи назар ҳамма учун эмас.)
Катта гуноҳлар ва фоҳиша ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир.
Роббиларига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган, ишлари ўзаро шуро ила бўлган ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қиладиганлар учундир.
Ўзларига тажовузкорлик етганда нусрат қозонадиганлар учундир.
Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир. Ким афв этиб ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зот золимларни севмас.
Албатта, ким ўзига бўлган зулмдан кейин нусрат қозонса, бас, ундайларни (айблашга) ҳеч йўл йўқ.
Фақатгина одамларга зулм қиладиган ва ер юзида ноҳақ тажовузкорлик қиладиганларни (айблашга) йўл бордир. Ана ўшаларга аламли азоб бордир.
Шубҳасиз, ким сабр қилиб, кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир. (Яна тавозуъ ила иш кўришга даъват. Яна сабр қилишга даъват. Яна кечиримли бўлишга даъват. Яхшилар сифати бўлган ушбу сифатларга такрор-такрор даъват бежиз эмас. Аввало, бу ишларни амалга ошириш осон эмас. Қолаверса, яхши сифатларга қанча тарғиб қилинса, шунча оз.)
Аллоҳ кимни залолатга кетказса, бас, унга У зотдан ўзга ҳеч бир валий бўлмас. Золимларни кўрурсанки, азобни кўрган чоқларида: «(Ортга) қайтишга ҳеч бир йўл бормикан?» дерлар.
Сен уларни у(дўзах)га кўндаланг қилинаётганларида хору зор ва қўрққан ҳолларида кўз қири билан назар солаётганларини кўрурсан. Иймон келтирганлар: «Албатта, зиёнкорлар қиёмат куни ўзларига ва аҳли аёлларига зиён қилганлардир» дерлар. Огоҳ бўлингким, албатта, золимлар доимий азобдадирлар. (Ҳа, кофир, золим ва осийлар дўзахга тўғри қарай олмайдилар. Балки, фақат кўз қирлари билан назар соладилар. Уларнинг бу дунёдаги гердайишларидан, шаҳдамликларидан асар ҳам қолмайди. Бирор нарсани гапира олмай қоладилар. Охиратда эркин гапира оладиганлар мўминлардир.)
Ва уларга Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган ҳеч қандай валийлар бўлмади. Аллоҳ кимни залолатга кетказса, бас, унга ҳеч бир (тўғри) йўл йўқдир.
Аллоҳ томонидан, қайтариб бўлмайдиган кун келмай туриб, Роббингизга ижобат қилинг! Ўша куни сизга паноҳгоҳ топилмас ва сизга (тушган азобни) инкор қилгувчи топилмас.
Агар улар юз ўгирсалар, бас, Биз сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ. Сенинг зиммангда фақат етказиш бор, холос. Албатта, Биз инсонга Ўзимиздан раҳмат тоттирган чоғимизда у ундан қувонур ва агар уларга ўз қўллари тақдим этган нарса туфайли ёмонлик етса, бас, албатта, инсон куфрони неъмат қилур. (Яхшилик етганда ҳаддан ошганидек, ёмонлик етганда ҳам ўзини тўғри тута ололмайди, куфрони неъмат қилади. Аслида эса, яхшилик етса, инсон шукр қилиб, ёмонлик етса, сабр этиши лозим. Унга нимаики етса, Аллоҳдандир.)
Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур.
Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир. (Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини хис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.)