loader
Фиръавн ўз қавмига: «Эй қавмим! Миср мулки ва мана бу остимдан оқиб турган анҳорлар меники эмасми?! Кўрмаяпсизларми?!
Мен мана бу хор, гапини очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхши эмасманми?
Унга тиллодан бўлган билакузуклар ташланса ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келса бўлмас эдими?!» деб нидо қилди.
Бас, у қавмини лақиллатди ва улар унга итоат қилдилар. Чунки улар фосиқ қавм эдилар.
Бас, қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, улардан интиқом олдик–уларнинг барчаларини жамлаб, ғарқ қилдик.
Бас, уларни ўтмишга айлантирдик ва кейингиларга мисол қилиб қўйдик.
Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) Анбиё сурасидаги «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз. Сизлар унга киргувчидирсиз» оятини тиловат қилганларида, Абдуллоҳ ибн аз-Забъарий ат-Тамимий исмли мушрик: «Бу биз ва бизнинг олиҳаларимиз учунми ёки ҳамма умматлар учунми?» деб сўраган. Расулуллоҳ (с. а. в.): «У сиз учун ҳамма умматлар учун», дедилар. У: «Шубҳасиз, энди сени енгдим, Каъбанинг Роббига қасам! Насоролар Масийҳга, Яҳудийлар Узайрга, Бани Фулон фаришталарга ибодат қилмайдиларми?! Агар ана ўшалар ҳам жаҳаннамга тушсалар, бизнинг ва олиҳаларимизнинг жаҳаннамда бўлишига розимиз», деди. Шунда Аллоҳ таоло: «Албатта, биздан уларга олдин гўзал сўз ўтганлар у (жаҳаннам)дан узоқлаштирилгандирлар», оятини туширди. «Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар» ояти билан ўша ҳодисани ёдга солмоқда.)
Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар.
У фақат бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик.
Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик.
Албатта, у(Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва Менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир. (Вақти келиб Ийсо қиёмат кунининг белгиси бўлади. Унинг қайта тушишидан қиёмат жуда ҳам яқин қолгани билиб олинади.)
Шайтон сизни ҳаргиз (тўғри йўлдан) тўсмасин. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир.
Ийсо очиқ-ойдин мўъжизалар билан келган чоғида: «Батаҳқиқ, мен сизга ҳикматни келтирдим ва баъзи сиз ихтилоф қилаётган нарсаларни баён қилиш учун келдим. Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар.
Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир», деди. (Ийсо алайҳиссалом қавмларига: «Аллоҳ менинг Роббим», деганлар. Аллоҳ менинг отам, деган эмаслар. Демак, Аллоҳ таоло бошқа бандаларга Робб бўлгани каби, Исога алайҳиссалом ҳам Роббдир. Бу ҳақда бошқа гап бехуда.)
Бас, уларнинг орасидан фирқалар ихтилоф қилдилар. Зулм қилганлар ҳолига аламли кун азобидан вой бўлсин! (Ийсо алайҳиссалом Бани Исроилга Пайғамбар қилиб юборилган эдилар. У зот Бани Исроилга уларнинг Мусо алайҳиссалом шариати хусусидаги ихтилофларига барҳам бериш, ягона Аллоҳнинг ибодатига чақириш учун ҳикмат ила келган эдилар. Аммо улар бу чақириққа муносиб жавоб бермадилар. Балки Ийсо алайҳиссаломга қарши чиқдилар. Турли фирқаларга бўлиниб олиб, ҳозиргача ихтилоф қилиб келмоқдалар.)
Улар фақат ўзлари ҳам сезмай қолган ҳолда (қиёмат) соати келиб қолишини кутмоқдалар, холос.
Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир. (Қиёмат куни ҳамма ўз оқибатини билгач, гарчи бу дунёда яқин ўзаро дўст бўлса ҳам, бир-бирига душманга айланади. Чунки у дунёда бир-бирларини турли амалларга ундаган дўстларнинг дўзахга тушиб жазо тортишлари аниқ маълум бўлиб қолади. Ана ўшанда, ёмон билан дўст бўлганига афсусланади.
Эй бандаларим! Бугунги кунда сизга хавф йўқ ва маҳзун ҳам бўлмассиз.
Оятларимизга иймон келтирганлар ва мусулмон бўлганлар.
Жаннатга киринглар, сизлар ва жуфтларингиз шод бўлурсизлар.
Уларга тиллодан бўлган товоқлар ва қадаҳлар айлантирилур. У ерда кўнгил иштаҳа қиладиган ва кўзлар лаззатланадиган нарсалар бордир. Сизлар у ерда абадий қолурсизлар.
Мана шу қилиб юрган амалларингиз сабабли сизга мерос қилиб берилган жаннатдир.
Сизга у ерда кўплаб мевалар бор, улардан ерсизлар.
Албатта, жиноятчилар жаҳаннам азобида абадий қолурлар.
У улардан енгиллатилмас ва улар у (азоб)да ноумид ҳолда қолурлар. (Яъни, азоб аҳли жаҳаннамдан ҳеч енгиллатилмайди. Улар ўша азоб ичида ноумид бўлган ҳолларида абадий қолиб кетадилар.)
Биз уларга зулм қилганимиз йўқ. Лекин улар ўзлари золим бўлдилар.
Улар: «Эй Молик! Роббинг бизни битирсин!» деб нидо қилдилар. У: «Албатта, сиз туриб қолгувчисиз», деди. (Яъни, дўзахилар ўзларига берилаётган азоблар оғриғи, алами ва шиддатига чидай олмай, дўзах ишларига қараб турувчи Молик исмли фариштага қараб: «Эй Молик! Роббинг бизни битирсин!» дейдилар.)
Батаҳқиқ, Биз сизга ҳақни келтирдик. Лекин кўпларингиз ҳақни ёмон кўргувчисиз. (Шунинг учун бугунги кунда ушбу аянчли ҳолга тушиб турибсиз.)
Ёки улар бирон ишга қарор қилдиларми? Бас, Биз, албатта, қарор қилгувчимиз.
Ёки улар Бизни уларнинг сирларини (билмайди) ва пичирлашиб қилган маслаҳатларини эшитмайди деб ҳисоблайдиларми? Йўқ! Ҳолбуки, элчиларимиз уларнинг олдиларида ёзмоқдалар.
Сен: «Агар Роҳманнинг боласи бўлганида, мен унга ибодат қилгувчиларнинг биринчиси бўлар эдим», деб айт.
Осмонлару ернинг Робби, Аршнинг Робби улар қилаётган васфдан покдир.
Бас, уларни қўйиб бер, ўзларига ваъда қилинаётган кунга рўбарў бўлгунларича (ёмонликка) шўнғийверсинлар, ўйнайверсинлар.
У зот осмонда ҳам илоҳдир, ерда ҳам илоҳдир. У зот ўта ҳикматли, ўта илмлидир.
Осмонлару ернинг ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг мулкига эга бўлган зот баракотли-буюкдир. (Қиёмат) соати илми Унинг ҳузуридадир. Унгагина қайтарилурсизлар.
Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсалари шафоатга эга бўлмаслар. Магар билган ҳолларида ҳақ шаҳодат берганларгина (эга бўлурлар).
Агар сен улардан ўзларини ким яратганини сўрасанг, албатта, «Аллоҳ», дерлар. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!
У(Муҳаммад)нинг: «Эй Роббим, албатта, анавилар иймон келтирмайдиган қавмлардир», деган гапини ҳам (билур).
Бас, сен улардан юз ўгир ва: «Сизларга салом бўлсин», дегин. Бас, улар тезда билурлар.