loader
Эй иймон келтирганлар! Яҳудий ва насороларни ўзингизга дўст тутманг. Улар бир-бирлари билан дўстдирлар. Сиздан ким уларни дўст тутса, алббатта, у улардандир. Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят этмас.
Қалбларида касаллик борларнинг, замон айланиб бизга мусибат етишидан қўрқамиз, деб улар томон шошилганини кўрасан. Шоядки, Аллоҳ фатҳу нусрат берса ёки Ўз томонидан бирон иш ато қилсаю ўзларича сирлашган нарсаларига надомат қилсалар. (Яъни, мазкур кофирлар замон айланиб мусулмонлар енгилиб қолса, ғолибларнинг зарбаси остида қолмайин, деб қўрқади. Демак, Исломга у ихлос билан кирган эмас. Мусулмонлар устун келиб турганда, улардан қўрқиб, тили билан мусулмонлигини изҳор қилган, баъзи ибодатларга ва диний кўрсатмаларга ҳам амал қилиб турган. Мусулмонларга қарши бўлган кофирлар билан ҳам дўстлашиб, ҳамкорлик қилиб, мабодо замон айланиб улар мусулмонлардан устун келиб қолса, менга зарар беришмасин, деб туради. Лекин иш тамоман бошқача бўлиб чиқиши ҳам мумкин.)
Иймон келтирганлар: «Ўзларини сизлар билан деб Аллоҳнинг номи ила жон-жаҳдлари ила қасам ичганлар анавиларми?» дейишади. Амаллари бехуда кетди. Бас, зиён кўргувчилардан бўлдилар.
Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтиради. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қиларлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига беради. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи зотдир. (Аллоҳ таоло динининг ер юзида барқарор бўлишни ирода этган. Бу иродани юзага чиқаришда баъзи бандаларини восита–сабаб қилади. Мана шу шарафли ишга мусулмон уммати танланган. Ким бу шарафни етарли тақдир этса, чин қалбидан ихлос билан бу динга хизмат қилади. Бу дин йўлида жонини ҳам, молини ҳам бахш этади. Аммо ким бу улкан бахтнинг қадрига етмаса, турли баҳоналар билан Исломдан қайтса–муртад бўлса, ёмонлиги ўзигадир. Исломга ҳеч қандай зарар етмайди. Қайтага, унга ўхшаган номаъқул шахслардан холи бўлади. Аллоҳ ундайларга муҳтож эмас.)
Албатта, сизнинг валийларингиз Аллоҳ, Унинг Пайғамбари ва бўйинсунган ҳолларида намозни қоим қилиб, закотни ато этадиган иймон келтирганлардир.
Ким Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва иймон келтирганларни валий қилиб олса, бас, албатта, Аллоҳнинг ҳизби–ана ўшалар ғолиблардир.
Эй иймон келтирганлар! Динингизни масхара ва ўйин қилиб олган сиздан олдин китоб берилганлар ва куфр келтирганларни валий-дўст тутманг. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг.
Агар намозга нидо қилсангиз, улар уни масхара ва ўйин қилишади. Бу уларнинг ақл қилмайдиган қавмлигидандир.
Сен: «Эй аҳли китоблар! Бизни фақат Аллоҳга ҳамда ўзимизга нозил қилинган ва авваллари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирганимиз учун ва сизларнинг кўпчилигингиз фосиқ бўлганингиз учун айблайсизларми?!» деб айт. (Аҳли китоб бўлсин, худосиз бўлсин, мушрик бўлсин, мунофиқ бўлсин, ким бўлишидан қатъи назар, мусулмон бўлмаганлар мусулмонларни ёмон кўришига асосий сабаб иймондир. Кофирларнинг бу ишлари ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайдиган бир ҳолат. Ўйлаб кўринг-а: иймонсиз одам мўмин инсонни мўмин бўлгани учун ёмон кўрса!.. Қўполроқ мисол келтирадиган бўлсак, бу нарса ароқхўр-алкаш ароқ ичмайдиган пок одамни фақат ароқ ичмагани учун ёмон кўришидек гап.)
Сен: «Сизларга Аллоҳнинг ҳузуридаги бундан ҳам кўра ёмонроқ «савоб»нинг хабарини берайми? Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир», деб айт! (Ўзлари шундай улкан «савоб»га–Аллоҳнинг лаънатига учраб туриб, яна мусулмонларни Аллоҳга ва У нозил қилган нарсага иймон келтирганлари учунгина айблашни уларга ким қўйибди?!)
Улар ҳузурингизга келсалар, иймон келтирдик, дерлар. Ҳолбуки, уларнинг куфр ила кириб, куфр ила чиқишлари шубҳасиз. Аллоҳ улар беркитган нарсани яхши биладир.
Ва улардан кўпларининг гуноҳга, душманликка ва ҳаром емоққа ошиқаётганини кўрасан. Қилаётган ишлари қандай ҳам ёмон!
Роббонийлари ва аҳборлари уларни гуноҳ айтиш ва ҳаромни ейишдан қайтарсалар бўлмасми?! Қилаётган ҳунарлари қандай ҳам ёмон-а!
Яҳудийлар: «Аллоҳнинг қўли боғлиқдир», дедилар. Қўллари боғлсин уларнинг. Айтганлари учун лаънатга учрасинлар. Балки Аллоҳнинг икки қўли очиқ, хоҳлаганича нафақа қилар. Сенга Роббингдан нозил қилинган нарса улардан кўпларининг туғён ва куфрини зиёда қилар. Уларнинг орасига қиёмат кунигача душманлик ва ёмон кўришни солдик. Улар қачон уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ ўчирар. Улар ер юзида фасод қилиб юрарлар. Аллоҳ фасод қилгувчиларни севмас. (Ушбу ояти карима яҳудийларнинг Аллоҳ таолога нисбатан катта беодобликларидан бирини келтириш билан сўз бошланмоқда. Улар Аллоҳ таоло тўғрисида нотўғри тасаввурга бориб: «Аллоҳнинг қўли боғлиқдир» дедилар». Ҳамма айблардан холи бўлган Аллоҳ таолони бахил дея сифатлаш учун фақат яҳудий бўлиш керак. Фақат уларгина бундай даъво қилишга журъат этишлари мумкин. Аслида, бахиллик яҳудийларнинг ўзларига хос.)
Агар аҳли китоблар иймон келтириб, тақво қилганларида эди, уларнинг гуноҳларини ювган ва жаннати наъимга киритган бўлардик.
Агар улар Тавротга, Инжилга ва уларга Роббиларидан нозил бўлган нарсага амал қилганларида эди, албатта, тепаларидан ҳам, оёқлари остидан ҳам (ризқ) еган бўлардилар. Улардан мўътадил тоифалар ҳам бор. Уларнинг кўпларининг қилган нарсалари жуда ҳам ёмон. (Албатта, иймон ва тақво Аллоҳ таолодан нозил бўлган Таврот ва Инжилни, бошқа илоҳий китобларни, жумладан, Қуръони Каримни ҳаётга татбиқ этишни тақазо қилади. Таврот ҳам, Инжил ҳам Муҳаммадга (с. а. в.) иймон келтиришга, у кишининг динига киришга амр қилган. Ҳамма Исломга кириши, сўнгги Пайғамбарга эргашиши ва Қуръони Каримга амал этиши лозим. Қуръони Карим келишидан олдин Таврот ва Инжилга амал қилганларида ҳам, ушбу оятдаги илоҳий ваъдага ноил бўлар эдилар. Қуръони Карим келгандан кейин унга амал қилинса ҳам, албатта, ўша ваъдага вафо қилинади.)
Эй Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлайдир. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас.
Сен: «Эй аҳли китоблар! Таврот, Инжил ва сизга Роббингиздан нозил қилинган нарсага амал қилмагунларингизгача ҳеч нарсага арзимайсизлар», деб айт. Сенга Роббингдан нозил қилинган нарса улардан кўпларининг туғён ва куфрларини зиёда қилади. Кофир қавмлар учун ачинма.
Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиъунлар ва насоролардан ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса ва яхши амал қилса, уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар. (Ким бўлишидан қатъи назар–хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ Пайғамбаримиз (с. а. в) келишларидан олдин бутларга сиғинишни тарк этиб, ўз ҳолича, муайян бир динга эргашмасдан, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилган собиъунлар тоифаси бўлсин, хоҳ насроний динидагилар бўлсин–Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтириб, яхши амал қилиши керак. Ҳар диннинг муддати тугаб, уни бекор қилувчи дин келганда, янги динга ўтиш зарур. Муддати қиёмат кунигача тугамайдиган охирги ва мукаммал дин бўлмиш Ислом келганидан кейин ҳамма бунга ўтиши, Аллоҳга, Муҳаммадга (с. а. в.), Қуръонга ва иймон келтирилиши лозим бўлган яна бошқа нарсаларга иймон келтириши ҳамда яхши амаллар қилиши лозим.)
Батаҳқиқ, Биз Бани Исроилдан мийсоқ–аҳднома олдик ва уларга Пайғамбарлар юбордик. Ҳар қачон уларнинг ҳавои нафсларига тўғри келмайдиган нарса келтирган Пайғамбарни: бир гуруҳларини ёлғончи дедилар, бир гуруҳларини ўлдирдилар.
Улар, ҳеч қандай синов бўлмайди, деб кўру кар бўлиб олдилар. Сўнгра Аллоҳ уларни кечирди. Кейин улардан кўплари яна кўру кар бўлиб олдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётганини кўрувчи зотдир. (Яҳудийларнинг синов, ҳисоб-китоб бўлишига иймонлари йўқ эди. Улар шундай ўтиб кетишларига, амалларининг сарҳисобини бермасликларига қаттиқ ишонардилар. Бундай ботил ишонч уларни кўру кар қилиб қўйган эди. Кўзлари ўнгида рўй бериб турган ҳодисалардан ибрат олмасдилар. Қулоқлари билан эшитаётган нарсалар ҳам уларга таъсир қилмас эди. Ҳеч қандай синов, ҳисоб-китоб бўлмайди, деб қаттиқ ишонишлари уларни шу ҳолга олиб келганди.)
Аллоҳ, албатта, Масиҳ ибн Марямдир, деганлар кофир бўлдилар. Масиҳ ибн Марям эса: «Менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз Аллоҳга ибодат қилинг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қиладир ва унинг турар жойи дўзах бўладир. Ва золимларга нусрат берувчилар йўқдир», деди.
Аллоҳ, учтанинг учинчисидир, деганлар, батаҳқиқ, кофир бўлдилар. Ягона илоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ! Агар айтаётганларидан қайтмасалар, улардан куфр келтирганларини аламли азоб тутадир. (Насроний динидагиларнинг мантиқсиз, ўзлари ўйлаб чиқарган, ҳақиқий диний таълимотни бузиб кўрсатадиган ақидаларидан бири ушбу оятда муҳокама қилинмоқда. Улар: «Аллоҳнинг табиати бир-бирига тенг учта кўринишдан–Ота худо, ўғил худо ва муқаддас руҳдан иборатдир. Ўғил худо, яъни, Ийсо воситаси ила бутун махлуқот Ота худога улашади. Ўғил худога фидо қилинганлик, Муқаддас руҳга «тозалаш» нисбати берилади», дейдилар. Шу билан бирга, ўзларини тавҳид ақидасида деб даъво қиладилар.)
Аллоҳга тавба қилиб, Унга истиғфор айтмайдиларми?! Зотан, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
Масиҳ ибн Марям бир Пайғамбар, холос. Ундан олдин ҳам Пайғамбарлар ўтган. Унинг онаси эса, сиддиқадир. Икковлари ҳам таом ер эдилар. Биз уларга оятларни қандай баён қилаётганимизга назар сол-у, кейин уларнинг қандай бурилиб кетаётганларига назар сол. (Биби Марям бинти Имрон Аллоҳнинг айтганларини, амру фармонини тасдиқловчи–сиддиқадир. Содиқ, пок бир бандадир. Бу кишини ҳам «она Худо» деб эътиқод қилиб бўлмайди. Демак, Масиҳ ибн Марямни ҳам, унинг онаси Марям сиддиқани ҳам «худо» деб эътиқод қилиш хатодир.)
Сен: «Аллоҳни қўйиб, сизга зарар ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган нарсага ибодат қиласизларми?! Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир», деб айт. (Ҳақиқий фойда ва зарар берувчи зот Аллоҳдир, уни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайдиган нарсага, жумладан, Масиҳ ибн Марям ва унинг онасига ибодат қилиш мутлақо нотўғри ишдир. Ким шундай иш қилса, албатта, эътиборсиз қолмайди.)
Сен: «Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилманг. Ва олдин ўзлари адашиб ва кўпчиликни адаштириб, тўғри йўлдан умуман чиққанларнинг ҳавои нафсларига эргашманг», деб айт. (Динда ҳаддан ошишлик арабчада «ғулув» дейилади. Ғулув–аслида, динда бўлмаган нарсаларни ўзини яна ҳам диндорроқ, тақводорроқ кўрсатиш мақсадида динга киритишдир.)
Бани Исроилдан куфр келтирганлари Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатландилар. Бу эса, исён қилганлари ва тажовузкор бўлганлари учун бўлди. (Довуд ва Ийсо алайҳиссаломлар Бани Исроилни исёни ва тажовузкорлиги учун лаънатлаган эдилар. Аслида, ҳидоятга бошлаш учун, Аллоҳ томонидан раҳмат бўлиб келган Пайғамбар бўлар-бўлмас ишга бир қавмни лаънатлайвермайди. Жуда ҳам ўтиб кетганидан, чидаб бўлмайдиган ҳолга етганлигидангина қилиши мумкин бу ишни. Шунинг ўзи ҳам Бани Исроилнинг ким эканлигини кўрсатиб турибди.)
Улар қилинган ёмон ишдан бир-бирларини қайтармас эдилар. Бу қилмишлари қандай ҳам ёмон бўлди!
Улардан кўпларининг куфр келтирганларни валий-дўст тутганини кўрасан. Уларга нафслари тақдим қилган нарса қандай ҳам ёмон бўлди. Аллоҳ уларга ғазаб қилди. Ва улар азобда боқий қолувчилардир. (Яҳудийлар доимо мусулмонларга қарши кофирлар билан тил бириктириб, ўзаро ҳамкорлик қилиб келганлар. Пайғамбаримиз (а. с.) вақтларида мушрикларни афзал кўриб, мусулмонларга қарши тил бириктирган бўлсалар, ҳозиргача турли кофирлар билан тил бириктириб, Исломга қарши бўлиб келмоқдалар.)
Агар Аллоҳга, Пайғамбарга ва унга нозил қилинган нарсага иймон келтирганларида эди, уларни валий-дўст тутмас эдилар. Лекин улардан кўплари фосиқлардир. (Яъни, ўша яҳудийлар Аллоҳ таолога, Муҳаммадга (с. а. в.) ва Қуръонга иймонлари бўлганда эди, кофирларни дўст тутмас эдилар. Ушбу оятда улар Аллоҳга ҳам иймонлари йўқликда айбланмоқдалар. Яҳудий ва бошқа аҳли китобларнинг, биз мўминмиз, деган даъволари шу билан пучга чиқади. Уларнинг кўплари фосиқ эканликлари ҳам тасдиқланмоқда. Фосиқлик эса, дин кўрсатган чегарадан четга чиқишдир.)
Яҳудий ва ширк келтирганларни иймон келтирганларга нисбатан одамларнинг ашаддий адоватлиси эканини топасан. Улардан иймон келтирганларга дўстликка яқинроғи, биз насоролармиз, деганлар эканини топасан. Бу уларнинг ичида диний олимлар ва роҳиблар бўлганидан ва уларнинг такаббурлик қилмасликларидандир. (Бу уч тоифа мусулмонларга муносабатда иккига бўлинади. Биринчиси–мусулмонларга нисбатан ашаддий адоватли тоифа бўлиб, улар яҳудий ва мушриклардан иборатдир. Иккинчи тоифа–мусулмонларга нисбатан, бошқа кофирларга қараганда, дўстликка яқинроқ тоифа бўлиб, улар насоролардан иборатдир.)
Уларни Пайғамбарга нозил қилинган нарсани тинглаганларида, ҳақни билганликларидан, кўзлари ёш тўкканини кўрасан. Улар: «Эй Роббимиз, биз иймон келтирдик, бас, бизни шоҳидлар қаторига ёзгин.
Нима учун Аллоҳга ва бизга келган ҳаққа иймон келтирмас эканмиз ва Роббимиз бизни ҳам солиҳ қавмлар қаторига киритишини тамаъ қилмас эканмиз?!» дерлар. (Яъни, мазкур насоролар, Аллоҳга ва ундан келган ҳақ дин бўлмиш Исломга иймон келтирмасликни, тушуниб бўлмайдиган ҳол деб ҳисоблайдилар.)
Айтганларига яраша Аллоҳ уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларда боқий қолишни мукофот қилиб берди. Яхшилик қилувчиларнинг мукофоти шулдир.
Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар–ана ўшалар жаҳаннам эгаларидир.
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас.
Ва Аллоҳ сизгаризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг. ( Ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг ўзигагина хосдир. Аллоҳ ҳалол деган нарсани ким ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким ҳалол деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига–шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган бўлади. Шунингдек, бир киши ўзи учун ҳам бундай ҳукмни чиқариб, қандайдир диндорлик сифатини зиёда қилишга уриниш, деб ўйлаши ҳам нотўғридир. Бундай иш диндаги ғулув–ҳаддан ошиш ҳисобланади.)
Аллоҳ сизларни бехуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутар. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб Ўз оятларини баён этади. Шоядки шукр қилсангиз. (Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, исломий таълимотларда умуман қасам ичишга тарғиб қилинмайди. Аввало, қасамни фақат Аллоҳнинг номи билан ичилади. Бошқаси мумкин эмас. Бу жумлада қасамнинг маҳкамлиги ҳиссий таъбир ила баён қилинмоқда. Бунинг учун «қасд ила» иборасининг маъносига «туккан» ибораси ҳам боғланмоқда. Худдики, қасам бир ҳиссий нарсаю уни маҳкамлаш учун тугиш мумкин бўлганидек. Бундан шу нарса келиб чиқадики, тутиш–айб санаш учун қасам қасд ва мустаҳкам ният ила ичилган бўлиши шарт экан. Ана шундай ҳолатда қасам ичувчи агар қасамхўр бўлса, яъни, қасамини ўринлата олмаса, шариат бўйича унга нисбатан жазо чораси кўрилади.)
Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз.
Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?! (Аллоҳ таоло бу икки нарсани–хамр ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши», деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади. Ушбу ояти каримада зикр қилинган ароқ билан қиморнинг зарарларидан иккинчиси–улар одамларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсиши. Бу маълум ва тушунарли ҳол. Ароқхўрнинг ароқ ичишининг ўзи Аллоҳни эсламаслигига далил. Ичиб маст бўлиб олгандан кейин эса, умуман эсга олмайди. Намоз ҳам, бошқа ишлар қатори, ароқхўрнинг эсидан чиқади. Шунингдек, қиморга берилиб кетган қиморбоз Аллоҳнинг зикрини ҳам, намозни ҳам унутади. Бу нарса ароқ ва қимор келтирадиган зарарларнинг энг каттасидир. Бошқа жиноятлар шу унутишдан келиб чиқади.)
Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Пайғамбаримиз вазифаси аниқ етказиш, холос.
Иймон келтирганлар учун, агар тақво қилиб, иймон келтириб, яхши амалларни қилган бўлсалар, сўнгра тақво қилиб, иймон келтирсалар, кейин тақво қилиб эҳсон қилсалар, еб-ичганларида гуноҳ йўқдир. Зотан, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни севадир.
Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ ундан ким ғойибона қўрқишини билиш учун сизларни қўлларингиз ва найзаларингиз етадиган овларда бир оз синаб кўради. Бундан кейин ким тажовуз қилса, унга аламли азоб бор.
Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалик ҳолингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси сиздан икки одил киши ҳукмига мувофиқ чорва ҳайвонларидан у(ов)га тенг келадиганини ҳадий қилиб Каъбага етказишдир. Ёхуд унинг каффорати мискинларга таом бериш ёки шу баробарида, ўз қилмишининг ёмон оқибатини татиб кўрсин учун, рўза тутишдир. Ўтганларини Аллоҳ авф қилди. Ким қайтарса, Аллоҳ ундан интиқом оладир. Зотан, Аллоҳ азиз, интиқом эгасидир. (Демак, «овда синаб кўриш» деганда, мусулмон кишига эҳромдалик ҳолида ов қилиш ҳаром эканлиги тушунилади. Зотан, ҳаж ва умра ибодати мусулмон киши учун кўптомонлама синов саналади. Жумладан, молу мулк сарфлашга тайёрми-йўқми экани, жисмоний қийинчиликларга дош бера оладими, ўзини шаҳватдан, турли фаҳш гап-сўзлардан тийишга қурби етадими-йўқми–булар синалади.)
Денгиз ови ва унинг таоми сизга ва сайр қилувчиларга ҳалол қилинди. Модомики эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди. Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг.
Аллоҳ Каъбани–Байтул Ҳаромни, ҳаром ойни, ҳадийни ва осиладиган белгиларни одамлар учун асос қилиб қўйди. Бу эса, Аллоҳ албатта осмонлару ердаги нарсаларни билишини ва албатта Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зот эканини билишингиз учундир.
Билингки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир ва, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор, холос. Аллоҳ ошкор қилганингизни ҳам, яширганингизни ҳам биладир.
Сен: «Агар нопокнинг кўплиги сени ажаблантирса ҳам, пок билан нопок тенг бўла олмас, эй ақл эгалари, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз», деб айт.