loader
Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар зоҳир бўлса, сизга ёмон бўлади. Агар Қуръон нозил қилиниб турган чоғда сўрасангиз, сизга зоҳир бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни авф қилган эди. Аллоҳ мағфиратли ва ҳалим зотдир. (Ҳамма нарсанинг меъёри ва чегараси бўлганидек, саволнинг ҳам чегараси ва услуби бор. Ислом воқеълик дини бўлганидан, маърифат учун бериладган саволлар ҳам воқеъликдан келиб келиб чиқиши, кишиларга манфаат жалб этиши лозим. Инсоннинг илмини оширмайдиган, маърифатига хизмат қилмайдиган, воқеъликда бўлмайдиган икир-чикирларни сўрайверишдан нима ва кимга фойда бор? Айниқса, Қуръон нозил этилиб турган пайтда. Чунки шариатнинг янгидан-янги ҳукмлари жорий этилиб турган пайтда ҳар хил саволлар берилаверса, қўшимча ҳукмлар тушиб, кўпчиликка жабр бўлиб қолиш эҳтимоли бордир.)
Сиздан олдин ҳар бир қавм уларни сўраган, сўнгра эса, уларга кофир бўлган эди.
Аллоҳ баҳийра, соиба, васийла ва ҳоммларни қилгани йўқ. Лекин куфр келтирганлар Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқирлар. Уларнинг кўплари ақлсиздирлар. (Бешинчи бўталоқ урғочи туғилса, она туянинг қулоғини тилиб, белгили қилиб қўйиб юборилар ва у «баҳийра» деб айтилар эди. Жоҳилий арабларнинг бузуқ эътиқодларига кўра, бундай туянинг гўштини ейиш, сутини ичиш, ўзини миниш ёки устига юк юклаш ҳаром ҳисобланарди. «Баҳийра» деб қўйиб юборилган туя эркин ҳолда юраверар, унга биров тегмас эди. «Соиба» луғатда «қўйиб юборилган» маънони англатиб, бир киши сафардан келгани, касалдан тузалгани учун назр қилган туяга айтиларди. «Васийла» луғатда «уловчи» маъносини англатиб, бирин-кетин улаб урғочи бола туққан қўйга айтиларди. Уни ҳам сўймас эдилар. «Ҳомм» эса, луғатда «ҳимоя қилувчи» маъносини англатиб, урғочи ҳайвонларга қочириш учун қўйиладиган эркак ҳайвонга айтилади. Жоҳилий араблар бир эркак ҳайвон ўнта урғочини қочирса, уни «ҳомм» деб атар эдилар ва унга ҳам алоҳида муносабат кўрсатилар, минилмас, юк юклатилмас эди.)
Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага, Пайғамбарга келинглар», дейилса, «Бизга ота-боболаримизни нимани устида топган бўлсак, ўша етарли», дерлар. Агар ота-боболари ҳеч нарсага ақли етмайдиган ва ҳидоятга эришмаган бўлсалар ҳам-а?!
Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг. Агар ҳидоятда бўлсангиз, уларнинг адашганлари сизга зарар қилмас. Ҳаммангизнинг қайтиб борадиган жойингиз Аллоҳнинг ҳузурида. Ўшанда сизга қилиб юрган ишларингизнинг хабарини берадир. (Аллоҳнинг шариатида юрмай кофир бўлаётганларга ваъз-насиҳат, амри маъруф ва наҳйи мункар қилиб, уларни тўғри йўлга солиш учун қўлингиздан келган ҳаракатни қилдингиз. Аммо улар кўнмадилар, айтганингизни қабул қилмадилар. Энди «ўзингизни билинг», ишларингизни жойига қўйинг. Аллоҳнинг амрини бажо қилишда давом этинг. Кофирларнинг қилмишлари сизни турли хаёлларга олиб бормасин, улар ўз қилмишлари учун ўзлари жавоб берадилар.)
Эй иймон келтирганлар! Бирортангизга ўлим келганда–васият қилар чоғида ўзингиздан бўлган икки адолатли киши, агар ер юзида сафардалик чоғингизда ўлим мусибати етса, ўзгалардан икки киши ўртангизда гувоҳ бўлсин. Агар шубҳа қилсангиз, гувоҳларни намоздан кейин тутасиз ва улар: «Гарчи қариндошимиз учун бўлса ҳам, қасамни озгина қийматга сотмаймиз ва Аллоҳ учун гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан, у ҳолда, албатта, гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз», деб Аллоҳ номи ила қасам ичадилар.
Агар икковларининг гуноҳлари билиниб қолса, ўринларига устиларига ноҳақлик тушган яқинлардан иккиталари ўтадилар ва Аллоҳ ила қасам ичиб: «Бизнинг гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳликларидан тўғрироқ ва биз тажовуз қилмадик. Агар қилган бўлсак, албатта, золимлардан бўламиз», дерлар.
Ана шундай қилмоқлик, гувоҳликни ҳаққоний адо этишларига ёки қасамларидан сўнг раддия қасам бўлишидан қўрқишларига яқинроқдир. Аллоҳга тақво қилинглар ва қулоқ осинглар. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас. (Яъни, юқоридаги икки оят кўрсатмаларига амал қилмоқлик, аввало, гувоҳликни ҳаққоний адо этишларига яқинроқдир. Намоздан кейин кўпчилик ичида Аллоҳ номи билан қасам ичтирилиб, сўнгра: «Гарчи қариндошимиз учун бўлса ҳам, қасамни озгина қийматга сотмаймиз ва Аллоҳ учун гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан, у ҳолда, албатта, гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз», дейишлари ҳақиқатан ҳам ҳаққоний гувоҳлик беришларига кучли омил бўлади. Боз устига, улар яна бир нарсадан қўрқиб туришади. Агар юқорида айтилган ишлардан кейин ҳам хиёнат қиладиган бўлсалар, меросхўрлардан икки киши раддия қасами ила уларни фош қилишлари, шарманда бўлишлари эҳтимоли бор. Шундан қўрқиб ҳам ўзларига ишонилган вазифани виждонан адо этадилар. Булар ҳаммаси эҳтиёт чоралари. Аммо гувоҳликни ҳаққоний адо этишнинг асосий таянчи тақводир.)
Аллоҳ Пайғамбарларни жамлаган кунда: «Сизга қандай жавоб қилинди?» деб сўрайдир. Улар: «Биз билмайсмиз, албатта, Сенинг Ўзинггина ғайбларни яхши билгувчисан», дерлар.
Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни эсла. Сени муқаддас руҳ билан қўллаганимни, одамларга бешикда ҳам, катталигингда ҳам гапирганингни эсла. Сенга китобни, ҳикматни, Тавротни ва Инжилни ўргатганимни эсла. Менинг изним ила лойдан қуш шаклини ясаганингда ва унга пуфлаганингда, Менинг изним ила қуш бўлганини, Менинг изним ила туғма кўрни ва песни тузатганингни эсла. Менинг изним ила ўликларни чиқарганингни эсла. Бани Исроилга аниқ мўъжизалар келтирганингда, улардан куфр келтирганлари: «Бу очиқ сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», деганида, сени улардан қутқарганимини эсла», деганини ёд эт! (Ушбу оятда Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни барча Пайғамбарлар ҳузурида, масаланинг бош қаҳрамони Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг ўзларига эслатиш билан тасдиқламоқда. Аввало, насоролар «худо» деб эътиқод қилаётган Ийсонинг волидаси бор экан. Худонинг эса, онаси бўлиши мумкин эмас. Дунёга келишда онага муҳтож бўлган шахс Худо бўла олмайди. Иккинчидан, Ийсо ибн Марямга ҳам, унинг волидаси Марям бинти Имронга ҳам Аллоҳ неъмат берган экан. Бошқанинг неъматига муҳтож шахслар Худо бўлиши мумкин эмас. «Муқаддас руҳ» Жаброил фаришта алайҳиссаломдир. «Гапириш» деганда эса, Аллоҳга даъват, Пайғамбарлик гаплари назарда тутиляпти. Одамларнинг оддий гапларидек гап бўлганида, бунча гувоҳлар ҳузурида ҳужжат сифатида келтирилмас эди. Агар бешикда гапирганинг ёки доимо Пайғамбарларга хос гапирганинг учун сени «худо» деб эътиқод қилишаётган бўлса, бу нарса сени Мен Жаброил билан қўллаганим ва у орқали ўз сўзларимни юбориб турганимдан эканлигини билсинлар.)
Ҳаворийларга: «Менга ва Менинг Пайғамбаримга иймон келтиринг», деб ваҳий юборганимда, улар: «Иймон келтирдик ва шоҳид бўл, биз албатта, мусулмонлармиз» деганини эсла! (Ҳаворийлар, Ийсо алайҳиссаломга ихлослари зўр, дин иши учун бутунлай ажралиб чиққан инсонлар эди. Ийсо алайҳиссаломга ҳақиқий кўмакчи бўлган кишилар ҳам ўшалар. Бу оятдаги «ваҳий юборганимда» деган сўзлардан Пайғамбарларга юбориладиган ваҳийни тушунмаслик керак. Араб тилида, Қуръон истилоҳида «ваҳий» сўзи «илҳом» маъносида ҳам ишлатилади.)
Ҳаворийлар: «Эй Ийсо ибн Марям, сенинг Роббинг бизга осмондан тузатилган дастурхон тушира оладими?» деганларида, у: «Агар мўмин бўлсаларингиз, Аллоҳга тақво қилинглар», деганини эсла.
Улар: «Ундан емоқни, қалбларимиз таскин топмоғини, бизга рост гапирганингни билмоқни ва бунга гувоҳ бўлмоқни истаймиз», дедилар.
Ийсо ибн Марям: «Эй бор Худоё! Роббимиз! Бизга осмондан ясатилган дастурхон туширгин, у аввалимизгаю охиримизга байрам бўлиб қолсин. Сендан мўъжиза бўлиб қолсин. Ва бизга ризқ бергин, зотан Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан», деди.
Аллоҳ: «Мен, албатта, уни сизларга туширгувчиман. Бас, бундан кейин сизлардан ким куфр келтирса, уни оламларда ҳеч кимни азобламаган азоб ила азоблагайман», деди. (Аллоҳ таоло дастурхон тушириш ҳақидаги сўровни ижобат қилиш билан бирга, Ўзининг доимий одатини ҳам эсга солмоқда. У одат мўъжиза талаб қилган қавм, мўъжиза келгандан кейин ҳам куфр келтирса, уни қаттиқ азобга дучор қилишдир. Бу азоб ҳам бу дунёда, ҳам у дунёда бўлади.)
Аллоҳ: «Эй Ийсо ибн Марям, сен одамларга, Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар, дедингми?» деганини, у эса: «Эй пок Зот, ҳаққим йўқ нарсани мен айта олмайман-ку. Агар айтган бўлганимда, батаҳқиқ, Сен уни билар эдинг. Сен менинг дилимдагини биласан, мен Сендаги ҳеч нарсани билмайман. Албатта, Сен Ўзинг ғайбларни энг яхши билгувчи зотсан.
Мен уларга Ўзинг менга амр қилган нарса; Аллоҳга менинг Роббим ва сизнинг Роббингизга ибодат қилингдан, бошқани айтганим йўқ. Ва модомики ораларида эканман, уларга гувоҳ бўлдим. Мени Ўзингга олганингдан сўнг, Сенинг Ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, сен ҳар бир нарсага гувоҳсан. (Яъни, қилган ишлари, айтган гаплари ва бошқа нарсаларига гувоҳ бўлдим. Жумладан, сенинг амрингни қанақа қабул қилишларига гувоҳ бўлдим. Менинг улар ичида бўлган вақтимдаги гаплар шулардан иборат. Мен худолик даъвосини қилганим йўқ. Мендан кейин нима бўлганини Ўзинг биласан.)
Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азиз-ғолиб ва ҳикматли зотсан», деганини эсла.
Аллоҳ: «Бу кун ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир» деди. (Оятдаги «ростгўйлар»дан мурод иймони содиқлардир.)
Осмонлару ер ва улардаги нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Ва У зот ҳар бир нарсага қодирдир.