loader
Осмонлару ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Сўнгра куфр келтирганлар ўз Роббиларига (ўзгаларни) тенглаштирадилар.
У сизларни лойдан яратган, сўнгра ажални белгилаб қўйган зотдир. Белгиланган ажал эса Унинг ҳузуридадир. Шундан кейин ҳам сиз шак келтирасиз.
У осмонларда ҳам, ерда ҳам Аллоҳдир. Сирингизни ҳам, ошкорингизни ҳам биладир. Қилган касбу корингизни ҳам биладир.
Мудом уларга ўз Роббилари оятларидан бир оят келса, ундан юз ўгирувчи бўлдилар.
Уларга ҳақ келганда уни ҳам ёлғонга чиқардилар. Тезда уларга ўзлари истеҳзо қилган нарсанинг хабари келадир. (Юқоридаги оятларда сифатлари зикр қилинган мушриклар Аллоҳ таолодан уларга ҳақиқат, яъни, ҳақ дин, ҳақ китоб, ҳақ Пайғамбар ва ҳақ шариат келганида, бурунги саркашликларини ишга солиб, уни ҳам ёлғонга чиқардилар.)
Улардан олдин қанча асрларни ҳалок қилганимизни билмасларми? Ўшаларга ер юзида сизларга бермаган имконларни берган эдик. Осмондан устларига барака ёмғири юборган ва остларидан анҳорлар оқиб турадиган қилиб қўйган эдик. Бас, гуноҳлари туфайли уларни ҳалок қилдик ва ўринларига бошқа асрларни пайдо қилдик. («Аср» сўзи юз йиллик муддатни англатишини биламиз. Бу ерда ўша муддат орасида яшаган одамлар кўзда тутилмоқда. Инсон ўзи билан ўзи овора бўлиб қолиб, ўтмишга ибрат ила назар солишни унутиб қўяди.)
Агар сенга қоғоз-китоб туширсак, уни қўллари билан ушлаб кўришса ҳам, куфр келтирганлар: «Бу аниқ сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», дерлар. (Агар улар ҳақиқатга етиш истагида бўлсалар, Қуръони Каримнинг оғзаки шаклда нозил бўлиб турганинг ўзи ҳам етар эди. Ҳақиқатни истаганлариданми? Йўқ, уларда бундай мақсад йўқ.)
Улар: «Агар унга фаришта туширилса эди», дедилар. Агар фаришта туширсак, иш битди ҳисоб. Сўнгра уларга қараб турилмас.
Агар уни фаришта қилсак ҳам, эркак қилган бўлар эдик ва ўзлари мушкуллаштирган нарсани уларга яна ҳам мушкуллаштирар эдик. (Кофир-мушриклар одам-Пайғамбарга ишонмай, уни тасдиқловчи фаришта ҳам тушишини даъво қилиб, ишни мушкуллаштирдилар. Шу билан бирга, улар фаришталар ҳақидаги тасаввурни ҳам, фаришталар–аёл, улар Аллоҳнинг қизларидир, деган ақида билан мушкуллаштирган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг Пайғамбарликни тасдиқ этиш учун фаришта тушириш иддиолари қондирилса, улар учун мушкулот яна ҳам оғирлашган бўлар эди. Яъни, улар эътиқод қилганларидек, осмондан Пайғамбарни тасдиқлаш учун юборилган фаришта аёл сувратида бўлмас эди. Буни кўрган мушриклар фаришта бўлса, аёл бўлиши керак эди, бу ҳам бошқа бир нарса шекилли, деб турли хом хаёллар билан чалғир эдилар.)
Сендан олдинги Пайғамбарлар ҳам истеҳзо қилинганлар. Уларни масхара қилганларни қилган истеҳзолари ўз домига тортган.
Сен: «Ер юзида сайр қилингиз, сўнгра (Пайғамбарларни) ёлғончи қилувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солингиз», деб айт.
Сен: «Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?» деб айт! «Аллоҳники», деб айт! У Ўзига Ўзи раҳматни ёзиб қўйган. Сизларни бўлишида шубҳа йўқ қиёмат куни албатта жамлайдир. Ўзига ўзи зиён келтирувчиларгина, ўшаларгина иймон келтирмаслар.
Кечада ва кундузда сокин бўлганлар Уникидир. У эшитгувчи ва билгувчи зотдир.
Сен: «Аллоҳдан ўзгани валий-дўст қилиб оламанми? У осмонлару ерни яратгувчидир. У таом беради ва таомланмайди», деб айт. Сен: «Мен аввалги таслим бўлувчи бўлмоққа амр қилиндим ва менга ҳеч мушриклардан бўлмагин, деб айтилди», деб айт.
Сен: «Албатта, мен агар Роббимга осий бўлсам, улуғ кун азобидан қўрқаман», деб айт.
Ким ўша куни ундан четланса, бас, батаҳқиқ, Аллоҳ унга раҳм қилибди. Ана ўша аниқ ютуқдир.
Агар Аллоҳ сени зарарига оладиган бўлса, унинг ўзидан бошқа кушойиш берадиган йўқ. Агар у сени яхшиликка оладиган бўлса, бас, у ҳар бир нарсага қодирдир. (Бу дунёда хоҳласа зарар етказувчи Зот ягона Аллоҳнинг Ўзидир. Агар У Зот бирор бандага зарар етказадиган бўлса, бутун дунё бир бўлиб ҳаракат қилганда ҳам, ўша бандадан зарарни кетказишга қодир бўла олмайдилар. Мазкур зарардан кушойиш берувчи ҳам фақат Аллоҳнинг ўзидир. Аксинча, Аллоҳ таоло бирор бандага яхшилик етказмоқчи бўлса, дунё бирлашиб ҳаракат қилганда ҳам, ўша бандадан яхшиликни тўса олмайди. Ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ Ўз иродасини амалга оширади.)
У бандалари устидан ғолибдур. У ҳикмат эгаси ва ҳар бир нарсадан хабардордир.
Сен: «Қайси нарса энг катта гувоҳликдир», деб айт. «Аллоҳ», деб айт. У мен билан сизларнинг ўртангизда гувоҳдир. Менга ушбу Қуръонни, унинг ила сизларни ва у етиб борганларни огоҳлантиришим учун ваҳий қилинди. Сизлар «Аллоҳ билан бирга, албатта, бошқа худолар бор», деб гувоҳлик берасизларми? «Мен гувоҳлик бермайман», деб айт. «Албатта, У битта илоҳдир ва мен сиз келтираётган ширкдан покдирман», деб айт. (Аллоҳни қўйиб ўзларига ўзга валий тутганларга бошқа нарсалар ҳам гувоҳлик бера олмайди. Шунинг учун Аллоҳ Пайғамбаримизга (с. а. в.) гувоҳ ҳақида савол беришни амр қилди. Демак, баҳсли масалага Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳакам бўлди. Унинг Ўзи гувоҳ бўладиган бўлди. Унинг шаҳодати Қуръони Каримдир. Мазкур баҳсли масала ҳам унда бор. Демак, кимга ушбу Қуръон етиб борган бўлса, унга гувоҳ муқаррар келган ҳисобланади. Ушбу гувоҳга–Қуръонга амал қилмаса, унинг огоҳлантиришидан ҳушёр тортмаса, азобга дучор бўлади.)
Биз китоб берганлар уни ўз фарзандларини танигандек танирлар. Улар ўзларига зиён қилганлардир, ана ўшалар иймон келтирмаслар.
Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарганлардан ҳам кўра золимроқ кимса борми? Албатта, золимлар нажот топмаслар.
Ҳаммаларини жамлайдиган, сўнгра ширк келтирганларга: «Сиз худо деб гумон қилган шерикларингиз қани?» деб айтадиганимиз кунни эсла.
Сўнгра, Роббимиз Аллоҳга қасамки, мушрик бўлмаган эдик, дейишдан бошқа фитналари бўлмас. (Боқий дунёда кўпчилик наздида сўроққа тутилганларида ва ҳамма нарса аниқлангандан сўнг ҳам мушриклар қасам ичиб, ўзларини ҳеч қандай гуноҳ қилмаган, ширк келтирмагандек тутишади.)
Назар сол! Улар ўзларини қандай алдарлар ва тўқиб юрган нарсалари улардан қандай йўқолди.
Улардан сенга қулоқ тутадиганлари ҳам бор. Биз уни фаҳмламасликлари учун қалбларига парда ва қулоқларига тўсиқ қилиб қўйдик. Барча оятларни кўрсалар ҳам, улар иймон келтирмаслар. Ҳатто олдингга сен билан тортишувга келганларида куфр келтирганлар: «Бу ўтганларнинг афсоналаридан бошқа нарса эмас», дерлар.
Ва улар (одамларни) ундан қайтарадилар ва ундан узоқлашадилар. Улар сезмаган ҳолларида ўзларини ҳалок қиладилар, холос.
Дўзах устида тўхтатилганларида: «Қани энди (у дунёга) қайтарилсак эди, Роббимизнинг оятларини ёлғонга чиқармас эдик ва мўминлардан бўлар эдик», дейишларини кўрсанг эди.
Йўқ! Ундай эмас. Улар олдин махфий тутган нарса ўзларига ошкор бўлди, холос. Агар улар ( дунёга) қайтарилсалар ҳам, ўзлари ман қилинган нарсага қайтарлар ва, албатта, улар ёлғончилардир.
Улар: «Ҳаёт–бу дунё ҳаёти, холос, биз қайта тирилтилмасмиз», дедилар.
Аллоҳнинг ҳузурида тўхтатилганларида, У: «Мана шу ҳақ эмасми?!» деганида, «Роббимизга қасамки ҳақдир», деганларини, У: «Бас, куфр келтирганингиз учун азобини чекинг», дейишини кўрсанг эди.
Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деганлар, шубҳасиз, зиёнга учрадилар. То тўсатдан қиёмат келиб қолганда, устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: «У (дунё)да қилган камчиликларимизга ҳасрат-надоматлар бўлсин», дейдилар. Улар орқалаган нарса қандай ёмон-а!
Бу дунё ҳаёти ўйин-кулгудан ўзга ҳеч нарса эмас. Тақво қилувчилар учун охират ҳовлиси яхшироқдир. Ақл юритмайсизларми? (Дунё ва охират илоҳий мезон билан ўлчаняпти. Аллоҳнинг эътиборида бу дунё ҳеч нарсага арзимайди ва у дунёга солиштирганда ҳеч нарсага айланиб қолади.)
Сени, албатта, уларнинг айтаётганлари хафа қилишини яхши биламиз. Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар.
Сендан олдин ҳам Пайғамбарлар ёлғончига чиқарилганлар. Бас, улар то нусрат келгунча ёлғончига чиқарилганларига ва берилган озорларга сабр қилганлар. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартирувчи йўқ. Батаҳқиқ, сенга Пайғамбарларнинг хабари келган.
Агар сенга уларнинг юз ўгиришлари оғир ботаётган бўлса, қодир бўлсанг, ер остидан йўл қилиб ёки осмонга нарвон қўйиб, уларга оят-мўъжиза келтир. Аллоҳ хоҳлаганида, уларни ҳидоятга жамларди. Ҳаргиз жоҳиллардан бўлма. (Ояти каримада Пайғамбаримизга, агар қодир бўлсалар, мушрикларни ишонтириш, иймонга келтиришга ярайдиган оят-мўъжизани ерни кавлаб кириб бўлса ҳам, осмонга шоти қўйиб чиқиб бўлса ҳам, келтириш таклиф этиляпти. Аммо кофирлар оят-мўъжизалар йўқлигидан иймондан юз ўгираётгани йўқ. Улар нафсларининг бузуқлиги, ҳасад ва саркашликлари оқибатида куфр йўлини ихтиёр қиляптилар. Аллоҳ таоло одамларни ҳар хил табиатли ва айри истеъдод соҳиби қилиб яратгандир. Баъзиси ўз-ўзидан ҳидоят йўлига кириб қолади. Баъзилари даъватга, тушунтиришга муҳтож бўладилар. Бошқалари эса, бир оз қўрқитишга, яна бирлари тарғибот ишларига эҳтиёж сезади. Аммо яна бир тоифа борки, уларга ҳеч нарса таъсир қилмайди. Улар ҳар қанча даъват қилинмасинлар, шу қадар баҳона топаверадилар.)
Албатта, тинглай оладиганларгина қабул қилурлар. Ўликларни эса Аллоҳ тирилтирур ва сўнгра Унинг Ўзига қайтарилурлар.
Улар: «Унга Роббидан бир оят-мўъжиза тушса эди?» дерлар. Сен: «Албатта, Аллоҳ оят-мўъжиза туширишга қодирдир», деб айт. Лекин кўплари билмаслар.
Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар. (Ояти каримада ердаги ва осмондаги жонзотлар ҳам, инсонлар каби, умматлар экани таъкидланмоқда. Яъни, уларнинг ҳаётларида ҳам тирикчилик, оила, туғиш, кўпайиш сингари инсонларга хос ишларда ўхшаш жиҳатлар бор. Уларни ким бундай қилиб яратди? Уламолар мисол қилиб кўпинча асалари ва чумолини келтирадилар. Мутахассисларнинг фикри билан танишган одам бу икки умматнинг жамоа ҳаёти Аллоҳнинг қудратидан эканлигига тан бермай иложи йўқ.)
Оятларимизни ёлғонга чиқарганлар кар ва соқовлардир. Аллоҳ кимни хоҳласа, адаштирар ва кимни хоҳласа, тўғри йўлда барқарор қилиб қўядир.
Сен: «Агар ростгўй бўлсаларингиз, айтинг-чи, сизга Аллоҳнинг азоби ёки қиёмат соати келганда Аллоҳдан бошқага дуо қиласизларми?
Йўқ! Фақат Унгагина дуо қиласиз. У эса, хоҳласа, сиз дуо қилган нарсага кушойиш берадир. Сиз эса ширк келтираётган нарсангизни унутарсиз», деб айт.
Батаҳқиқ, Биз сендан олдинги умматларга ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Сўнгра, шояд тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнларга тутганмиз. (Аллоҳ таоло Ислом умматидан аввалгиларга ҳам Пайғамбарлар юборган. Улардан Пайғамбарларнинг даъватига юрмаганларини бало-офатларга дучор қилган Бундан, шоядки бошига оғир кун тушганда ўзига келиб, ҳушини йиғиб, хатосини тушунса ва иймон йўлига юрса, деган мақсад кўзда тутилган.)
Бизнинг баломиз уларга етганда, тазарруъ қилсалар эди! Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини зийнатлаб кўрсатди.
Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар. (Яъни, улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Аммо иймонсиз, тазарруъсиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Кофир-мушрикларга бу нарсалар берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Бирданига Аллоҳнинг азоби уларни тутди. Энди тавба-тазарруъ қилишга имкон қолмади.)
Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Уларга: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни олиб қўйса, қалбларингизга муҳр босса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ уни сизга беради», дегин. Биз оятларни қандай келтиришимизга, сўнгра уларнинг қандай юз ўгириб кетишига назар сол.
Уларга: «Аайтинг-чи, агар сизга Аллоҳнинг азоби бирданига ёки очиқчасига келса, золим қавмларгина ҳалок қилинадилар-ку!» деб айт.
Биз Пайғамбарларни фақат башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборамиз. Ким иймон келтириб, амали солиҳ қилса, уларга хавфу хатар йўқ ва улар ранжимаслар.
Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни фосиқлик қилганлари учун азоб тутадир.
Сен: «Сизларга, ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор, демайман. Ғайбни биламан ҳам, демайман. Ва яна сизларга, мен фариштаман, ҳам демайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», деб айт. Сен: «Кўр билан кўзи ўткир тенг бўла оладими? Ўйлаб кўрмайсизларми?» деб айт. (Ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳақиқатни бугунги кунда ҳам чуқур англашга эҳтиёж сезилади. Пайғамбар (с. а. в.) меросхўрлари бўлмиш уламолар динга даъват қилсалар, даъватга қўшиб, молу дунё беришларини ҳам сўрайдилар. Шунингдек, ғайб хабарларидан «фол очиш»ни, бошқалар айни шундай қилишаётганини айтишади. Ёки даъватчи шахсида фариштанинг худди ўзини кўришни хоҳлайдилар. Бу ҳам одам-ку, деб ўйлаб кўрмайдилар.)