loader
Динларини ўйин-кулги қилиб олган ва ҳаёти дунё ғурурига кетганларга», дерлар. Бас, бу Кунда улар бугунги ҳолга дучор бўлишларини унутганлари ва оятларимизни инкор қилганларидек, Биз ҳам уларни унутамиз.
Батаҳқиқ, Биз уларга илм ила муфассал қилинган, иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган китобни келтирдик.
Улар унинг таъвилини–оқибатини кутмоқдалар, холос. Унинг таъвили келган кунда илгари уни унутганлар: «Роббимизнинг Пайғамбарлари ҳақ ила келган эканлар. Энди бизга шафоат қилувчилар борми, шафоат қилсалар ёки ортга қайтарилсагу қилган амалларимиздан бошқача амалларни қилсак», дерлар. Батаҳқиқ, улар ўзларига зиён қилдилар ва тўқиб олган нарсалари улардан ғойиб бўлди. ( Қиёматда шафоат қилгувчиларнинг улуғи ва ишончлиси Муҳаммад (с. а. в.) эдилар. Аммо кофирлар у Зотга бу дунёда иймон келтирмадилар. У кишининг (с. а. в.) шафоатларидан умид қила олмайдилар. Қиёматда шафоат қилувчиларнинг яна бири Қуръони Карим эди. Аммо кофирлар унга ҳам иймон келтирмадилар. Демак, Қуръони Каримнинг шафоатидан ҳам умид қила олмайдилар. Қиёматда шафоат қилувчи воситалардан бири иймон эди, иймонлари йўқ. Имкони бўлса эди, улар бу дунёга қайтиб, аввал қилган гуноҳларини такрорламай, иймон ва ихлос билан яшашга жон деб кўнардилар. Балки бирдан-бир орзулари шудир. Аммо бунинг сира ҳам иложи йўқ.)
Албатта осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнгра Аршни эгаллаган Роббингиз кеча ила кундузни қоплайдир. Уни шошилиб қувлайдир. Қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган қилиб яратди. Огоҳ бўлинг, яратиш ва амр қилиш унинг Ўзига хосдир. Оламларнинг Робби–Аллоҳ буюкдир. (Ислом ақидасига кўра, Аллоҳ таоло ўхшаши йўқ Зотдир. Ким уни бирор нарсага қиёслашга уринса, кофир бўлади. Нега, нима учун, деб сўраш ҳам мумкин эмас. Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратгани ҳақ. Аммо қандай усулда яратганини билмаймиз. Уларни олти кунда бунёд этганлиги ҳам ҳақ. Аммо бу кунлар қандай кунлар эканини билмаймиз. Билишга имконимиз йўқ. Бу кунлар ҳам Аллоҳ таолонинг ўзига хос бўлган кунлардир. Аллоҳ таоло аршни эгаллагани, ҳам ҳақ. Аммо қандай, нечук эгаллаш эканини билмаймиз. Бу ҳақда сўраб-суриштирмаймиз ҳам. Ўтган салафи солиҳларимиз бундай масалаларни қўзиганларни бидъатчи, бузғунчи, фитнакаш, деб атаганлар ва баъзиларини жазолашга ҳукм қилганлар.)
Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас.
Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир.
У Ўз раҳматидан олдин шамолларни хушхабар қилиб юборадиган Зотдир. Қачонки, улар оғир булутларни кўтариб келтиргач, у ила ўлик юртни суғорамиз. Ундан сув тушириб, ўша ила турли мевалар чиқарамиз. Ўликларни ҳам шундай қилиб чиқарамиз. Шоядки эсласангизлар.
Пок юртнинг набототи Роббининг изни ила чиқадир. Нопок бўлгани эса, фақат қийинчилик ила чиқадир. Шукр келтирган қавмлар учун оятларимизни шундай хилма-хил баён қилурмиз. (Юқоридаги оятда бўлгани каби, ушбу ояти каримада ҳам жуда катта ва нозик қиёс бор. Қуръони Карим оятларида, Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) ҳадиси шарифларида пок ва саҳий қалб тоза ва сермаҳсул ерга–тупроққа қиёс этилади. Нопок ва ифлос қалб эса, ғажд ва маҳсулсиз ерга ўхшатилади. Покиза заминдан яхши маҳсуллар етишиб чиққанидек, пок ва саҳий қалбда ҳам иймон, ихлос, етук мафкура ва эзгу ниятлар яшайди. Уларнинг меваси Аллоҳ рози бўладиган амаллардангина иборат бўлади. Нопок ва нобоп ердан бир ҳосилнинг униб чиқиши машаққат бўлганидек, нопок қалбдан ҳам яхшилик чиқиши қийин. Чиркин қалбдан чиқса ҳам, фақат ёмонлик чиқади.)
Батаҳқиқ, Биз Нуҳни ўз қавмига юбордик. Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Албатта, мен сизларнинг буюк куннинг азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман», деди. (Аввал-бошда Одамнинг (а. с.) қиссалари баён этилган эди. Энди у зотнинг зурриётлари пушти камаридан яралган Нуҳнинг (а. с.) қиссалари келтирилмоқда.)
Унинг қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, биз сени очиқ-ойдин залолатда эканингни кўряпмиз», дедилар. (Ҳар бир қавмнинг ўз зодагонлари бўлади. Уларни зодагон қилган уларнинг мол-дунёси, пули, куч-қудрати, маккорлиги ва устамонлиги бўлади. Бу зотлар қавм номидан гапириш ҳаққини ўзларига ўзлари берганлар. Шу тоифа зодагонлар Нуҳ (а. с.) қавмларида ҳам бор эди.)
У: «Эй қавмим, менда залолат йўқ. Балки мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман.
Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман, насиҳат қиламан ва Аллоҳ томонидан сиз билмаган нарсани биламан.
Ўзингиздан бўлган бир кишига, сизларни огоҳлантириш учун ва тақво қилиб, шояд раҳматга эришсангиз деб Роббингиздан эслатма келганидан ажабланасизларми?!» деди.
Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Сўнг Биз уни ва у билан бирга бўлганларни кемада қутқардик ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларни ғарқ қилдик. Чунки улар кўр қавм эдилар.
Ва Одга ўз биродари Ҳудни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Тақво қилмайсизларми?!» деди.
Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Албатта, биз сени эси пастликда кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан деб биламиз», дедилар.
У: «Эй қавмим, менда эси пастлик йўқ. Лекин мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман.
Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман.
Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?! Сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг. Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки, нажот топсангиз», деди. (Аллоҳ таоло Нуҳ қавмини оғир гуноҳлари туфайли ер юзидан гумдон қилиб ташлаган эди. Худди шу осий қавмдан сўнг сизларни ер юзида ўзининг халифаси қилиб танлади. Бу–улуғ неъмат. Бунга, албатта, шукр қилиш лозим эди. Аммо Од қавми ҳам жаҳолатида қаттиқ туриб олди.)
Улар: «Сен бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?! Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар.
У: «Батаҳқиқ, устингизга Роббингиз томонидан азоб ва ғазаб тушди. Мен билан Аллоҳ ҳеч бир ҳужжат туширмаган, ўзингиз ва ота боболарингиз қўйиб олган номлар ҳақида тортишасизларми?! Бас, интизор бўлиб туринглар! Мен ҳам сизлар билан интизор бўлувчиларданман», деди.
Бас, унга ва у билан бирга бўлганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва оятларимизни ёлғонга чиқарганларнинг кетларини уздик. Улар мўмин эмас эдилар. (Мазкур баҳснинг оқибатида Биз Ҳудга (а. с.) ва у зот билан бўлган мўминларга нажот бердик. Улар Аллоҳ юборган бало-офатлардан омонда бўлдилар. Яъни, батамом ҳалокатга гирифтор қилдик. Уларнинг Муғайс деб аталгувчи водийлари узра узоқ муддат давом этган қурғоқчиликдан сўнг бир булут намоён бўлди. Од қавми, мана шу келаётган булут бизга ёмғир ёғади, деб шод бўлишди. Аммо орзиқиб кутилган булут етиб келганида ундан қаттиқ шамол уфурилиб, барчаларини ҳалок қилди. Улардан бирортаси омон қолмай, «кетлари узулди».)
Ва Самудга ўз биродари Солиҳни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Сизга Роббингиздан ҳужжат келди. Мана бу Аллоҳнинг туяси сизларга оят-белгидир. Уни Аллоҳнинг ерида тек қўйинглар. Унга ёмонлик етказманглар. Яна сизни аламли азоб тутмасин-а! (Бошқа сураларда баён қилинишича, Самуд қавми Солиҳдан (а. с.) Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи оят-белги келтиришни талаб қилганларида, Аллоҳ таоло катта харсанг тошдан бир туяни чиқарган. Шунинг учун ҳам у «Аллоҳнинг туяси» деб аталмоқда. Самуд қавмидан баъзи шахслар бу мўъжизавий туяни кўриб иймон келтирдилар. Туя яйловда ўтлаб юраверди. Сувдан истифода қилиш эса, навбатли бўлди. Чунончи, сувни бир кун туя, бир кун Самуд қавми истеъмол этар эдилар.)
Ва сизларни Оддан кейин халифа қилганини ва сизга ер юзида имкон бериб, текисликларида қасрлар қуриб, тоғлардан уйлар ўйганларингизни эсланг. Аллоҳнинг неъматларини эсланг ва ер юзида фасод-ла бузғунчилик қилманг!» деди. (Ривоятларда баён этилишича, Аллоҳ таоло гуноҳ амаллар қилгани учун Од қавмини ҳалокатга гирифтор этганидан сўнг, уларнинг диёрида Самуд номли қавм макон этиб, ўша ерларни обод қилганлар. Уларнинг умрлари бардавом бўлиб, фаровон турмуш кечирганлар. Паст-текислик жойларни танлаб, улкан қасрлар бунёд этганлар. Тоғлар бағрида тошларни ўйиб уйлар ясаганлар. Ҳозиргача ўша масканларнинг баъзилари сақланиб қолган. Солиҳ (а. с.) уларга бу нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг неъмати эканини эслатиб, уларни шукр қилишга ундадилар.)
Унинг қавмидан мутакаббир бўлган зодагонлар, заифҳол бўлганлардан иймон келтирганларига: «Солиҳни Роббидан Пайғамбар қилиб юборилган, деб билмоқдамисиз?!» дедилар. Улар: «Албатта, биз у ила юборилган нарсага иймон келтирувчилармиз» дедилар.
Мутакаббир бўлганлар: «Албатта, биз сиз иймон келтирганга кофирмиз», дедилар.
Бас, туяни сўйдилар, Роббилари амрида тажовузкорлик қилишди ва: «Эй Солиҳ, агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар. (Аллоҳнинг, туяни тек қўйинглар, унга ёмонлик етказманглар, деган амрига қасдма-қасд уни ўлдирдилар. Куфрда ҳаддан ошдилар.)
Бас, уларни шиддатли зилзила олди ва жойларида ўтириб қолдилар.
Кейин, У улардан юз ўгирди ва: «Эй қавмим, батаҳқиқ, мен сизга Роббимнинг юборганини етказдим ва насиҳат қилдим. Лекин сиз насиҳат қилувчиларни севмас экансиз», деди.
Ва Лутни (юбордик). Унинг ўз қавмига: «Сиздан олдин оламларда ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қиласизларми?!
Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деганини эсла. (Лут (а. с.) қиссаларида, у зот дафъатан ўз қавмларининг улкан қабиҳ ишлари–баччабозликларини қоралашга бошлайдилар. Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратди. Ҳар бирига ўзига хос аъзолар ва хусусиятлар берди. Аллоҳ таоло инсон зотини жинсий яқинлик йўли билан яратиб, унинг насли покиза йўл билан кўпайиб туришини ирода ва ҳаётий зарурат қилди. Бу йўлдан тажовуз қилганлар ва Аллоҳ иродасига зид бориб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қиладиганлар ақидаси бузуқ ва тубан кишилар ҳисобланадилар. Шу боисдан мазкур қиссада худди шу фоҳишалик бош масала қилиб кўтарилади. Бинобарин, Лут (а. с.) бу ёруғ оламда ҳеч бир зот қилмаган улкан гуноҳга биринчи бўлиб қўл урган қавмларини: «Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!» деб таърифламоқдалар.)
Қавмнинг жавоби: «Уларни қишлоғингиздан чиқариб юборинг, чунки улар жуда ҳам покиза бўлаверадиган одамлар экан», дейишларидан бошқа нарса бўлмади. (Инсофни кўринг. Инсон табиатига мувофиқ иш қилган, ҳалолу пок бўлиб, бошқаларни покизаликка чақирган кишилар юртларидан ихрож қилинар эканлар. Уларнинг «айблари» битта–жуда ҳам покиза одам бўлганликлари. Инсонийлик қиёфасини йўқотган қавм шу даражага етар экан-да. Ўзлари инсоният бўйнига тавқи лаънат бўлиб осиладиган амалларни тап тортмай қилаётганлари етмаганидек, уларга ўхшашни хоҳламаган, инсонлигини йўқотмаган, Аллоҳнинг амрида юришга ҳаракат қилганларни покизаликда айблайдилар.)
Бас, унга ва аҳлига нажот бердик. Магар хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлди. (Пайғамбарга фақат унинг оила аъзоларигина иймон келтирдилар. Аммо уларнинг орасидан ҳам энг яқин кишиси–хотини иймон келтирмади. Оқибатда у жинояткор қавмга қўшилиб ҳалок бўлди.)
Ва Биз уларнинг устидан «ёмғир» ёғдирдик. Жинояткорларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол! (Аллоҳ таоло уларнинг устидан тош селини ёғдирди ва барчалари ҳалок бўлдилар. )
Ва Мадянга ўз биродарлари Шуайбни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сизга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан ҳужжат келди. Бас, ўлчов ва тарозуни тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларидан камитиб қолманг ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг. Агар мўмин бўлсангиз, шундай қилмоғингиз ўзингиз учун яхшидир.
Ҳар кўчада ўтириб олиб қўрқитманг. Аллоҳнинг йўлидан Унга иймон келтирганларни тўсманг ва у(йўл)ни эгри бўлишини истаманг. Оз бўлган чоғингизда сизни кўпайтириб қўйганини эсланг. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг.
Агар сиздан бир тоифа мен ила юборилган нарсага иймон келтирган ва бошқа тоифа иймон келтирмаган бўлса, бас, Аллоҳ орамизда ҳукм қилгунча сабр қилинглар. У ҳукм қилувчиларнинг яхшисидир», деди. (Аллоҳ таоло ушбу ояти карималарда аввало Шуайбни (а. с.) Мадянга Пайғамбар қилиб юборганини, кейин эса, у кишининг ўз қавмларига қилган пандларини келтирмоқда. Мадянликлар ҳам асли араблар бўлиб, уларнинг ерлари Ақаба қўлтиғидан Тури Синога қадар чўзилган. Шуайбнинг (а. с.) қавми кўпроқ амалий ширкка мубтало бўлганга ўхшайди. Чунки муомала ишларида Аллоҳнинг буйруғини адо этмай, бошқанинг амрини бажаришдан, ўлчов ва тарозудан уриб қолиб, бировларнинг ҳаққини ейишдан қайтаришлари шунга далолат қилмоқда. Бу ва бу каби, Аллоҳ йўриқларини четлаб, бошқа йўлга юриш Аллоҳ таоло ер юзини ислоҳ қилиб қўйганидан кейин уни бузишдан иборат эканига ишора этиб: «ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг», демоқдалар.)
Унинг қавмидан мутакаббир бўлган зодагонлар: «Эй Шуайб, ёки, албатта, сени ва сен билан бирга иймон келтирганларни ўз қишлоғимиздан чиқарамиз, ёки ўз миллатимизга қайтасизлар», дедилар. У: «Гарчи ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а?!
Агар сизнинг миллатингизга Аллоҳ бизга ундан нажот бергандан сўнг қайтсак, батаҳқиқ, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган бўламиз. Биз учун унга қайтиш мутлақо мумкин эмас, магар Роббимиз–Аллоҳ хоҳласагина (мумкин). Роббимиз ҳамма нарсани ўз илми ила қамраб олгандир. Аллоҳга таваккал қилдик. Эй Роббимиз, биз билан қавмимизнинг орамизни ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан», деди. (Яъни, биз учун ширк ва куфр миллатига, яъни, ортга қайтиш мутлақо мумкин эмас. Биз иймон келтирдик ва унинг лаззатини татиб кўрдик. Энди ёлғиз, бир ҳолатдагина–Аллоҳ бизни адаштиришни ирода қилсагина, ортга қайтишимиз мумкин. Зеро, Унинг иродасига ҳеч қачон бас келиб бўлмайди. Келажакда қилажак жамики амалларимизни ҳам унинг Ўзига топширдик. Биз фақат Аллоҳга суянамиз. Сизнинг таҳдид ва зўрлигингиз, сохта худоларингиздан заррача ҳайиқмаймиз, уларга эътибор бермаймиз ҳам. Шу йўл билан ишни ўзининг ҳақиқий эгаси ҳукмига ҳавола қилиб, иймон ва куфр ўртасида ҳукм чиқарувчи ҳокими мутлаққа мурожаат этдилар.)
Унинг қавмидан бўлган, куфр келтирган зодагонлар: «Агар Шуайбга эргашсангиз, у ҳолда, албатта, зиён кўрувчидирсиз», дедилар.
Бас, уларни шиддатли зилзила олди ва жойларида ўтириб қолдилар.
Шуайбни ёлғончига чиқарганлар худди у ерда яшамагандек бўлдилар. Шуайбни ёлғончига чиқарганлар, ўшалар зиён кўрувчилар бўлдилар. (Яъни, мазкур шиддатли зилзиладан кейин Шуайбга (а. с.) мухолиф бўлган кофирлар ҳалок бўлиб, батамом гумдон бўлиб кетдилар.)
Кейин У улардан юз ўгирди ва: «Эй қавмим, батаҳқиқ, сизга Роббимнинг юборганларини етказган эдим ҳамда сизга насиҳат қилган эдим. Қандай қилиб кофир қавмларга қайғурай», деди.
Қайси бир қишлоққа Пайғамбар юборсак, албатта, унинг аҳлини тазарруъ қилишлари учун зарарлар ва мусибатлар ила тутганмиз.
Сўнгра ёмонликни яхшиликга алмаштирганмиз. Токи кўпайишиб ва «ота-боболаримизга ҳам қийинчилик ва хурсандчилик етган эди», деганларида, уларни ўзларига сездирмай тўсатдан тутганмиз. (Вақт-соати келиб Аллоҳ таоло мазкур ёмон ҳолатларни яхшилик ҳолатларга алмаштириб қўяди. Одамлар бу яхши ҳолларда янада кўпайишади. Аммо бу зиёдалик ҳам улар учун синов эканлигини англаб етмайдилар. Аллоҳ уларни шукр қилармикин, деб яхши ҳолатларга солганини билмайдилар.)
Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик. (Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин.)
Қишлоқлар аҳли уларга Бизнинг бало-қазойимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келишидан хотиржаммилар?!
Қишлоқлар аҳли уларга Бизнинг бало-қазойимиз чошгоҳда, ўйнаётган ҳолларда келишидан хотиржаммилар?!
Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлдиларми?! Аллоҳнинг макридан фақат зиён кўрувчи қавмларгина хотиржам бўларлар. (Ғафлатга солиб, гуноҳ қилса ҳам, дахлсиз тек қўйиб, кейин туйқусдан сездирмай олиш Аллоҳнинг ишидир, яъни, макридир.)
Ерга унинг аҳлидан кейин меросхўр бўлганларга, агар хоҳласак, гуноҳлари туфайли уларга мусибат етказишимиз ва қалбларига муҳр босиб, эшитмайдиган қилиб қўйишимиз аён бўлмадими?!