loader
Биз сенга ана ўша қишлоқларнинг хабарларини қисқа қилиб айтиб бермоқдамиз. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Аммо улар олдин ёлғонга чиқарган нарсаларига иймон келтирмадилар. Аллоҳ шундай қилиб кофирлар қалбига муҳр босди.
Уларнинг кўпларида аҳдга вафо кўрмадик. Агар уларнинг кўпларини топсак ҳам, фосиқликда топдик. (Яъни, улар субутсиз кимсалар бўлиб, аҳдга ҳеч вафо қилмасдилар. Бу қавмнинг аксари қисми фақат фосиқлик билан машғул эди. Фосиқликнинг маъноси Аллоҳ чизиб кўрсатган чегарадан чиқишдир. Яъни, улар Аллоҳ кўрсатган йўлдан озган кимсалар сирасидан эдилар.)
Сўнгра уларнинг ортидан Мусони Ўз оятларимиз ила Фиръавн ва унинг зодагонларига юбордик. Бас, у(оят)ларга зулм қилдилар. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлишига назар сол.
Мусо: «Эй Фиръавн, албатта, мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман.
Менга Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтмаслик лозимдир. Батаҳқиқ, мен сизларга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжат келтирдим. Мен ила Бани Исроилни қўйиб юбор», деди. (Фиръавн Бани Исроилни қул-банда қилиб олган ва уларга Робб эканига шубҳаланмас эди. Мусо (а. с.) унга ҳақиқий Робб Аллоҳ эканини тушунтириб, Бани Исроилни озод қилиш ўша ягона Аллоҳнинг–ҳақиқий Роббнинг амри ни изҳор этдилар.)
У: «Агар оят-мўъжиза келтирган бўлсанг, ростгўйлардан бўлсанг, келтир уни», деди.
Асосини ташлаган эди... баногоҳ у аниқ аждар бўлди.
Ва қўлини чиқарган эди... баногоҳ у назар солувчиларга оппоқ бўлиб кўринди. (Аслида, Мусо (а. с.) буғдойранг тусда эдилар. Фиръавн мўъжиза кўрсатишни талаб қилганда қўлларини қўлтиқларидан чиқарган заҳоти оппоқ тусда намоён бўлди.)
Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, бу билимдон сеҳргардир!
Сизларни ерингиздан чиқаришни хоҳлайди. Бас, нимага амр қиласизлар?» дедилар.
Улар: «Уни ва акасини қўйиб тургин-да, шаҳарларга тўпловчиларни юбор.
Ҳамма билимдон сеҳргарларни сенга олиб келсинлар», дедилар. (Мусо ва акаси Ҳорунни қўйиб тургин-да, барча шаҳарларга одам юбор, улар бор билимдон сеҳргарларни тўплаб келсинлар.)
Сеҳргарлар Фиръавнга келиб: «Агар биз ғолиб бўлсак, албатта, мукофот олсак керак?» дедилар.
У: «Ҳа. Ва, албатта, менинг яқин кишиларимдан бўлурсизлар», деди.
Улар: «Эй Мусо, ёки сен ташла, ёки биз ташловчи бўлайлик», дедилар.
У: «Сизлар ташланглар», деди. Улар ташлаганларида, одамларнинг кўзини сеҳрладилар, қўрқитдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар. (Улар қўлларидаги арқон ва асоларини ташладилар. Бояги арқон ва асолар одамларнинг назарига илон бўлиб кўринди.)
Биз Мусога: «Асонгни ташла», деб ваҳий юбордик. Бирдан у улар уйдираётган нарсани юта бошлади. (Уста сеҳргарларнинг кўзбўямачилиги тўпланганларни даҳшатга солиб қўйган эди. Мусо (а. с.) ҳам кўпчилик билан бирга содир бўлаётган воқеани кузатиб турар эдилар. Аллоҳ у зотга «Асонгни ташла», деб ваҳий юборди. Мусо (а. с.) ерга асони ташладилар. Асо аждарга айланди ва бирдан сеҳргарлар намойиш этаётган уйдирма–кўзбўямачиликларни юта бошлади.)
Бас, ҳақ қарор топди ва уларнинг қилаётганлари ботил бўлди.
Ўша ерда енгилдилар ва беобрў бўлдилар.
Ва сеҳргарлар саждага ташланиб:
Мусо ва Ҳоруннинг Роббига иймон келтирдик», дедилар. (Не боисдан сеҳргарлар биринчи бўлиб иймон келтирдилар? Чунки улар Мусо (а. с.) келтирган нарса сеҳр эмас, ҳақиқий илоҳий мўъжиза эканини ҳаммадан бурун англаб етдилар. Сеҳргарларга ҳақиқат биринчи бўлиб етиб борди. Виждонлари уйғонди ва қалбларини иймон нури ёритди. Улар Аллоҳга сажда қилиш учун ўзларини ерга ташладилар.)
Фиръавн: «Мен сизга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир. Ҳали биласиз.
Албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман», деди. (Бу ҳам барча фиръавнларга хос хусусият. Улар ўзларига қул бўлган фуқароларнинг ҳатто Аллоҳга иймон келтиришни ҳам ундан сўраб, илтижоланиб, адо этишларини хоҳлайдилар. Барча давр фиръавнларининг мўминларга қарши қўллайдиган услуби шу: қадимда қўл-оёқларини кесиб, осишган; ҳозирда қамайдилар, азоблайдилар, отадилар. Аммо уларнинг бу усуллари иймон нури билан чароғон бўлган қалбларга заррача қўрқинч сола олмайди.)
Улар: «Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.
Сен биздан фақат Роббимизнинг оятлари келганда уларга иймон келтирганимиз учунгина ўч олмоқдасан! Эй Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин», дедилар.
Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: «Сени ва худоларингни тарк қилса ҳам, Мусо ва унинг қавмини ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўйиб берасанми?» дедилар. У: «Ўғилларини ўлдирамиз ва аёлларини тирик қолдирамиз ва, албатта, биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз», деди.
Мусо ўз қавмига: «Аллоҳдан ёрдам сўранглар ва сабр қилинглар. Ер Аллоҳники, уни бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мерос қилиб беради. Ва оқибат тақводорларникидир», деди.
Улар: «Сен бизга келмасингдан олдин ҳам, келганингдан кейин ҳам озор тортдик», дедилар. У: «Шоядки Роббингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни ер юзига халифа қилиб, қандай амал қилишингизга назар солса», деди. (Қавм Пайғамбарига таъна қилди. Сен келмасингдан бурун ҳам озор тортар эдик, ўшанда ҳам ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдирар эдилар, сен келганингдан кейин ҳам бари бир озор топмоқдамиз. Уларнинг фикрича, Пайғамбар келиши ҳамоно ҳамма нарса уларнинг фойдасига ҳал бўлиб қолиши керак экан. Улар Пайғамбар шахсига таъна қилмоқдалар. Аммо нега ўзларига назар солмайдилар? Ўзлари нималар қилдилар? Иймон келтирдиларми? Иймон тақозо этган бирор-бир ишни қилдиларми?)
Биз Фиръавн аҳлини, шояд эсласалар, деб (қаҳатчилик) йиллар ва мевалар танқислиги ила тутдик.
Улар ўзларига яхшилик етганда: «Бунга биз ҳақдормиз», дедилар. Агар уларга ёмонлик етса, Мусо ва у билан бирга бўлганлардан шумландилар. Огоҳ бўлсинларким, уларнинг шумликлари Аллоҳнинг ҳузуридан бошқа жойда эмас. Лекин кўплари билмайдилар.
Улар: «Ҳар қанча оят келтириб бизни сеҳрламоқчи бўлсанг ҳам, биз сенга иймон келтиргувчи эмасмиз», дедилар.
Бас, уларнинг устидан тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қонларни очиқ-ойдин ва муфассал белгилар қилиб юбордик. Бас, улар мутакаббирлик қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар. (Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг аҳли ваъз-насиҳатга қулоқ тутсин, инсофу иймонга келсин, қилаётган жиноятларидан қайтсин, деб уларга муфассал қилиб, алоҳида-алоҳида тарзда оят-белгиларни юборди. Баъзи уламоларнинг фикрича, Исро сурасидаги «Мусога тўққизта очиқ-ойдин, оят-белги бердик», дейилишига қараганда, тўққиз йилда тўққизта оят юборган, чунончи: асо, қўл, қаҳатчилик, мева ва жонларни нуқсонга учратиш, тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қон. Аллоҳ таоло ҳар гал бало юборганида, Фиръавн аҳли дод-вой солишиб, тавба қилишар, жиноятларини тарк этишга ва Бани Исроилни қўйиб юборишга Мусога (а. с.) ваъда беришар эди.)
Қачонки устиларига азоб тушса: «Эй Мусо, сенга берган аҳд ҳурмати, Роббингга дуо қил, агар биздан азобни кўтарсанг, албатта, сенга иймон келтирамиз ва Бани Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», дер эдилар.
Қачонки устиларидаги азобни ўзлари етиб борадиган муддатга кўтарсак, қарабсанки, қасамларини бузиб турибдилар.
Бас, улардан интиқом олдик. Оятларимизни ёлғонга чиқарганлари ва улардан ғофил бўлганлари учун уларни денгизга ғарқ қилдик. (Аллоҳ таоло вақти-соати етганида, қоил мақом қилиб интиқом олди. Аллоҳнинг оятларини рад этиб, кофирлардан ибрат олмай, ғофил бўлганлари учун сув қаърига ғарқ бўлиб, ҳаммалари бирданига ҳалок бўлдилар. Ояти каримада, денгизга ғарқ қилдик, дейилади.)
Ва хўрланиб юрган қавмни эса, Ўзимиз баракали қилган ернинг машриқию мағрибига меросхўр қилдик. Сабр қилганлари учун Роббингнинг гўзал сўзлари Бани Исроилга батамом бўлди. Фиръавн ва унинг қавми қурган нарсаларни ва улар юксалтирган нарсаларни вайрон қилдик. (Оятдаги «хўрланиб юрган қавм»дан мурод Бани Исроилдир. Фиръавн ва унинг аҳли Бани Исроил ўғлонларини ўлдириб, қизларини чўри, ўзларини хизматкор қилиб, мудом хўрлашар эдилар. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини улкан жиноятлари боисидан ғарқ этиб, ҳалок қилганидан сўнг, «хўрланиб юрган қавм»ни Ўзи баракали қилиб қўйган ернинг машриқ ва мағрибига меросхўр қилганини эслатмоқда. Энди улар хорликдан қутулиб, озод ва фаровон турмуш кечириш имконига эга бўлдилар.)
Ва Бани Исроилни денгиздан олиб ўтдик. Бас, улар ўз санамларига берилиб сиғинаётган қавм устига келдилар. Улар: «Эй Мусо, бизга ҳам худди уларнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер», дедилар. У: «Албатта, сиз жоҳил қавм бўлаётибсиз.
Ахир, анавилар этиб турган нарса ҳалокатдир ва қилаётган ишлари ботилдир», деди. (Аслида, уларни Фиръавн ва унинг аҳлининг узоқ муддатли эзишидан, хўрлашидан халос этган Аллоҳга шукр айлаб, ёлғиз Унгагина ибодат қилишлари керак эди. Аслида, уларни даҳшатли азоб-уқубатлардан Аллоҳнинг амри ва ёрдами ила фидокорлик қилиб қутқазиб олиб чиққан Пайғамбарлари Мусонинг (а. с.) маслаҳатисиз ҳеч бир иш қилмасликлари лозим эди. Лекин улар бир золим бутпараст қавмни йўл-йўлакай кўриб қолиб, уларга ҳавас қиляптилар.)
У: «Сизларга Аллоҳдан ўзгани худо қилиб берайми?! Ҳолбуки, У сизларни оламлардан афзал қилган зот-ку!» деди. ( Аллоҳ таоло уларга Пайғамбар юбориб, илоҳий китоб нозил қилса, шариат бериб, ўз замонасидаги одамлардан афзал этиб қўйса-ю, улар ўз Пайғамбарларига, бизга ҳам анави қавмнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер, деб туришса. Бу ғоят даражада ношукрлик ва ўтакетган шаккоклик эди)
Сизларни ёмон азобларга қўяётган, ўғилларингизни ўлдириб, қизларингизни тирик қолдираётган Фиръавн аҳлидан қутқарганимизни эсланг! Ва бу ишда Роббингиздан улуғ синов бордир.
Ва Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса, уни ўн (кеча) билан тугал қилдик. Бас, Роббининг белгилаган вақти тўлиқ қирқ кеча бўлди. Мусо акаси Ҳорунга: «Қавмимда менинг ўрнимни ол, яхши иш қил, бузғунчиларнинг йўлига эргашма», деди.
Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, сенга назар солай», деди. У зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди. (Башар фарзанди тарихидаги тенги ва ўхшаши йўқ ҳодиса. Робб ила банданинг учрашуви. Бутун оламларни яратган Зот билан ўша оламларнинг кичик бир заррасининг юзлашуви. Бу учрашув тафсилотини ва қандай ҳолда рўй берганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса, Қуръонда зикр этилгани билан кифояланамиз, холос. Эҳтимол ушбу учрашув келажакдаги машаққатларни енгиб ўтиш учун Мусога (а. с.) қувват ва сабот манбаи бўлар. Эҳтимол шунинг учун учрашувдан бурун қирқ кун ҳамма нарсани тарк этиб, чилла ўтириб алоҳида ҳозирлик кўрилгандир. Вақти-соати етиб, учрашув ўз вақтида, белгиланган жойда содир бўлди. Бу учрашув араб лафзида «мийқот», яъни, исми замон ва исми макон бўлиб ва учрашув вақти ва замони маъносини билдиради.)
У зот: «Эй Мусо, Мен сени одамлар ичидан Пайғамбарлигим ва гаплашишим ила танлаб олдим. Бас, сенга берган нарсамни ол ва шукр қилувчилардан бўл!» деди.
Ва унга лавҳларда ҳамма нарсадан мавъиза ва ҳар бир нарсанинг тафсилотини ёзиб бердик. «Бас, уларни қувват ила тут ва аҳлингга буюр, уларнинг энг яхшиларини олсинлар. Энди сизларга фосиқларнинг диёрини кўрсатаман», дедик. (Ушбу ояти каримада зикр қилинган «лавҳлар» ҳақида тафсир уламолари кўплаб маълумотлар келтиришган, кўплаб баҳс мунозара қилишган. Аммо кейинги даврдаги муҳаққиқ тафсирчи олимларимиз, маълумотларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбалардан олинмаганлиги учун улар ҳақида тортишувнинг ҳожати йўқ, деган хулосага келганлар. Биз учун «лавҳлар» нимадан иборатлиги, қайси моддадан бўлгани, шакли ёки ҳажми аҳамиятсиз, балки уларга ёзилган маънолар аҳамиятлидир, дейди муфассирлар.)
Энди ер юзида ноҳақдан мутакаббирлик қилаётганларни, барча оятларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмаётганларни, тўғрилик йўлини кўрсалар ҳам, уни ўзларига йўл тутмаётганларни, агар адашув йўлини кўрсалар, уни ўзларига йўл тутаётганларни Ўз оятларимдан бураман. Бундай бўлиши уларнинг оятларимизни ёлғонга чиқаришлари ва улардан ғофил бўлишлари сабабидандир.
Оятларимизни ва охират мулоқотини ёлғонга чиқарганлар амаллари бехуда кетганлардир. Улар фақат қилиб юрган амалларининг жазосини олурлар.
Мусонинг қавми ундан кейин тақинчоқларидан (бўлган) бўкирадиган бузоқ жасадини (худо) тутдилар. Унинг уларга гапирмаслигини ва уларни ҳидоят қилмаслигини билмадиларми?! Уни (худо) тутдилар ва зулм қилувчилардан бўлдилар. (Яъни, Мусонинг (а. с.) қавми бўлмиш Бани Исроил, у зот Роббининг мийқотига кетганларидан сўнг, ўзлари билан Мисрдан олиб чиққан тақинчоқлардан ясалган бузоқ жасади–ҳайкалини ўзларига худо қилиб олдилар. Бу тақинчоқлар Миср аҳолиси–қибтийларнинг тақинчоқлари эди. Қавм ичидан Самурий исмли одам ўша тақинчоқлардан бузоқ шаклини ясаб, устакорлик билан ундан хўкизнинг бўкиришига монанд овоз чиқадиган ҳолга келтирди. Мусо (а. с.) Бани Исроилга маълум ўттиз кундан ортиқ қолиб кетганларидан сўнг, Самурий: «Мусо мийқотига кетган Робби шунинг ўзи, у унутиб қўйиб бошқа ёқларда адашиб юрибди», деди. Бани Исроил Пайғамбарлари Мусонинг сўзларини унутиб, унинг халифаси Ҳоруннинг ҳам гапига кирмай, Самурийнинг иғвоси ила тилла тақинчоқлардан ясалган алланечук бўкиргувчи бузоқ ҳайкалига сиғинмоққа ёпирилдилар.)
Қўллари тушган пайтда ва ўзларининг адашганларини билганларида: «Агар Роббимиз бизга раҳм қилмаса ва мағфират этмаса, албатта, зиёнкорлардан бўламиз», дедилар.
Қачонки Мусо ўз қавмига ғазабланган ва афсус қилган ҳолида қайтганида: «Менинг кетимдан қандай ҳам ёмон халифа бўлдингиз. Роббингизнинг амридан (олдин) шошилдингизми?!» деди ва лавҳларни ташлаб, акасининг бошидан тутиб, ўзига торта бошлади. У (Ҳорун): «Эй онамнинг боласи, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди. Энди сен душманларни устимдан кулдирмагин ва мени ҳам золим қавмлардан деб билмагин», деди. ( Дарғазаб бўлган укадан бу тасарруфни кўрган Ҳорун (а. с.) уни бир оз ҳовридан тушириш учун ораларидаги ака-укалик ҳурматини эслатиб: «Эй онамнинг боласи, шубҳасиз, бу қавм мени хўрлади ва ўлдириб қўйишларига сал қолди», дедилар.)