loader
У: «Мени ва акамни мағфират қилгин ва бизларни Ўз раҳматингга киритгин. Сенинг Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғисан», деди.
Албатта, бузоқни (худо) тутганларга Роббиларидан ғазаб ва ҳаёти дунёда хорлик етадир. Ёлғон тўқувчиларни мана шундай жазолаймиз.
Гуноҳ ишларни қилганлар, ундан кейин тавба қилсалар ва иймон келтирсалар, албатта, Роббинг ундан сўнг мағфират қилгувчи ва меҳрибон зотдир.
Қачонки Мусонинг ғазаби босилгач, лавҳларни олди. Уларнинг нусхасида Роббиларидан ҳақиқатда қўрқадиганлар учун ҳидоят ва раҳмат бор эди. (Ҳоруннинг гапидан кейин бир оз ўзига келиб, Аллоҳдан мағфират сўраб, унинг раҳматидан умидворликларини билдирганларидан сўнг, Мусонинг (а. с.) ғазаблари босилди. Шунда ерга қўйган лавҳларни қўлларига олдилар. Бу лавҳларда Аллоҳ таолодан ҳақиқатда қўрқадиган одамлар учун катта ҳидоят ва улкан раҳматлар борлиги ёзилган эди)
Ва Мусо мийқотимизга қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Уларни даҳшатли зилзила тутган пайтда: «Эй Роббим, агар хоҳласанг, буларни ҳам, мени ҳам бундан олдин ҳалок қилсанг бўларди. Эсипастларимиз қилган иш туфайли бизни ҳалок қиласанми? Бу Сенинг синовингдан бошқа нарса эмас. У ила кимни хоҳласанг, адаштирасан ва кимни хоҳласанг, ҳидоятга соласан. Сен валиймизсан, бас, бизни мағфират қил ва раҳм эт. Сенинг Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисисан. (Бани Исроил тилладан ясалган бузоқ ҳайкалига ибодат қилиб, улкан гуноҳ содир этганлари, кейин афсус билан тавба қилганлари учун Аллоҳ таоло Мусога (а. с.) улардан етмиш кишини Ўз мийқотига олиб келишни амр қилган эди. Мусо (а. с.) Бани Исроилнинг ўн икки уруғидан, бузоққа ибодат қилмаган етмиш кишини танлаб, Аллоҳнинг мийқотига олиб бордилар. Улар эса Мусога (а. с.), бизга худонинг Ўзини кўрсат, деб туриб олдилар. Ҳаттоки улар орасидан танлаб олинганларнинг қилмиши шу бўлди. Бундай шаккоклик содир этганларидан сўнг, уларни даҳшатли зилзила тутиб, ўзларидан кетдилар.)
Ва бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ёзиб қўй. Биз сенинг Ўзингга тавба қилдик», деди. У зот: «Азобим ила кимни хоҳласам, тутаман. Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман.
Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий, Набий, Пайғамбарга эргашадилар. Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар–ана ўшалар нажот топгувчилардир», деди. (Аллоҳдан гуноҳларини кечишини сўраганларидан сўнг, у зот икки дунёнинг яхшилигини ҳам сўрадилар. Фақат охиратнинггина эмас, бу дунё ва у дунёнинг яхшиликларини сўрадилар. Бу ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Мусо (а. с.) танлаб олинган етмиш нафар номидан қилган илтижолари охирида «Биз сенга тавба қилдик», дедилар. Муҳаммаднинг (с. а. в.) сифатлари ҳақиқий Таврот ва ҳақиқий Инжилда ёзилган. Шундай бўлишини Аллоҳ таоло қадимда Мусо (а. с.) билан бирга мийқотга келган Бани Исроилнинг етмишта вакилига ҳам айтган. Кейинчалик шундай бўлди ҳам. Қанчадан-қанча аҳли китоблар ёки бу китоблардан бўлажак Пайғамбарнинг сифатлари ҳақида маълумот олганлар Муҳаммадни (с. а. в.) кўришлари билан иймонга келдилар.)
Сен: «Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг Пайғамбаридирман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига–Пайғамбарига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз», деб айт. (Бурунги Пайғамбарлар ўз қавмлари ва ўз замонларига, ўзларидан сўнг янги Пайғамбар келгунча бўлган даврга Пайғамбар бўлганлар. Улар инсоният тарихининг маълум бир даври учун масъул бўлганлар. Аммо Ислом Пайғамбари Муҳаммад (с. а. в.) бутун олам халқларига ва қиёматга қадар кечадиган замонларга Пайғамбар бўлиб келдилар. У кишининг шариатлари вақт ўтиши билан эскириб қолмайди, балки барча вақт ва маконга салоҳияти бор шариатдир. Шунинг учун ҳам Муҳамадга (с. а. в.) бутун инсониятга қарата, мен барчангизга Пайғамбарман, деб айтиш ҳуқуқи берилган.)
Ва Мусонинг қавмидан баъзи жамоалар борки, ҳақ ила ҳидоят қилиб, у ила адолат қиларлар. (Яъни, Бани Исроил ёппасига ёмон бўлмаган. Мусо (а. с.) даврларида уларнинг орасида баъзи жамоалар ҳақ сўзлар ила одамларни ҳидоятга бошлаб, ҳақ ила уларнинг сафида адолат қилганлар. Кейинчалик Муҳаммад (с. а. в.) Пайғамбар бўлиб келганларида Абдуллоҳ ибн Саломга (р. а.) ўхшаш Бани Исроил аҳли шундай қилдилар.)
Уларни ўн икки уруғ–жамоага бўлиб юбордик. Ва қавми ундан сув талаб қилган пайтда Мусога: «Асонг ила тошни ур!» деб ваҳий юбордик. У(тош)дан ўн иккита булоқ отилиб чиқди. Ҳамма одамлар ўз сувхонасини билди. Ва уларга булутни соябон қилдик, манн ва беданаларни нозил қилдик. «Сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларини енглар» (дедик). Улар бизга зулм қилмадилар. Лекин ўзларига зулм қилар эдилар. (Маълумки, Исроил лақабини олган Яъқубнинг (а. с.) ўн иккита ўғиллари бор эди. Аллоҳ ана ўша ўн иккита ўғилдан тарқалган фарзандларнинг ҳар бирини бир жамоа–қабила қилиб қўйди. Саҳрода сув билан таъминлашнинг устига, Бани Исроил бошида булутни соябон бўлиб сузиб юрадиган қилиб қўйди. Улар қаерга бормасинлар, бошлари узра булут соя солиб турар эди. Таом сифатида осмондан манн (асалли ҳалво) ва бедана гўштини ҳозир қилиб қўйди)
Уларга: «Мана бу шаҳарни маскан тутинглар, унда хоҳлаган жойингизда таом енг ва «Ҳиттатун» (гуноҳларимизни кечир) деб эшикдан сажда қилган ҳолингизда кирсангиз, сизнинг хатоларингизни мағфират қиламиз, эҳсон қилувчиларга зиёда қиламиз», деганимизни эсла.
Бас, улардан зулм қилганлари уларга айтилгандан ўзга гапни алмаштирдилар. Бас, зулм қилганлари туфайли устларига осмондан азоб юбордик. (Улардан зулм қилганлари айтишлари лозим бўлган «Ҳиттатун» деган иборани, «Ҳинтатун», яъни, «буғдой» деган сўзга алмаштирдилар ва шаҳарга сажда қилган ҳолларида эмас, ортлари билан сурилиб кирдилар. Ана шу итоатсизлик ва зулмлари учун Аллоҳ таоло уларнинг устидан азоб туширди.)
Улардан денгиз соҳилида бўлган қишлоқ ҳақида, шанба кунида ҳаддан ошганлари, шанбалик кунларида балиқлари очиқ келиб, шанбалик қилмаган кунлари келмагани ҳақида сўра. Қилган фосиқликлари туфайли уларни шундай синаймиз. (Оятдаги бу хитоб Пайғамбаримиз Муҳаммадга (с. а. в.) қаратилгандир. Аллоҳ ул зотга яҳудийлардан уларнинг тарихида бўлиб ўтган машҳур воқеа ҳақида сўрашга амр қилмоқда. Бани Исроилнинг талабларига биноан ҳафтанинг шанба куни улар учун байрам, дам олиш куни қилиб белгиланди. Бу куни уларга ишлаш ва тирикчиликка уриниш ҳаром қилинди. Соҳил бўйидаги мазкур қишлоқда яҳудийлар учун катта синов бўлди. Шанба куни балиқлар соҳилга келиб очиқ-ойдин кўриниб, кўзларини ўйнатиб юрар эди. Шанба кунидан бошқа куни эса ҳеч бир балиқ кўринмасди. Шунда Бани Исроилдан баъзилари чидаб тура олмай ман қилинган амрни буздилар. Ривоятларда келишича, улар шанба куни алоҳида тўсиқлар ташлаб, соҳилга келган балиқларни қайтиб кета олмайдиган қилиб қўйишар ва якшанба куни йиғиб олишар, шу билан бирга, биз Аллоҳнинг амрини бузганимиз йўқ, шанба куни дам олдик, ов қилганимиз йўқ, дер эдилар.)
Улардан бир жамоат: «Аллоҳ ҳалок қилувчи ёки шиддатли азоб-ла азобловчи қавмга ваъз қилиб нима қиласиз?!» деганида, улар, Роббингизга узр бўлиши учун ва шоядки тақво қилсалар деб, дедилар. (Яъни, Аллоҳ олдидаги бурчимизни адо этдик. Охират куни Аллоҳ сўраб қолса, узр бўлиши учун уларга насиҳат қилдик ва яна шоядки насиҳат таъсир этиб, тақво қилиб қолсалар, деган умидимиз бор эди, дедилар.)
Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсани унутганларида, ёмонликдан қайтараётганларга нажот бердик ва зулм қилганларни қилган фосиқликлари туфайли шиддатли азоб ила тутдик.
Бас, улар ўзлари қайтарилган нарсадан қайтмай, такаббурлик қилганларида, уларга: «Хўрланган маймунларга айланинг!» дедик. (Солиҳ қавмлар ваъз қилиб қайтарсалар ҳам, улар қайтмадилар. Мутакаббирлик қилдилар ва улар «хўрланган маймунга» айландилар. Чунки Аллоҳ таолонинг «Бўл» деган амри бўлмасдан қолмайди. Улар оддий маймун эмас, «хўрланган маймун»га айландилар.)
Роббинг, албатта, уларнинг устларига қиёмат кунигача уларга ёмон азобни тоттирадиганларни юборишни эълон қилганини эсла! Албатта, Роббинг иқоби тез зотдир ва, албатта, У мағфиратли ва раҳмли Зотдир.
Ва уларни ер юзида жамоатларга бўлиб юбордик. Улардан аҳли солиҳлари бор ва улардан ундай эмаслари ҳам бор. Шоядки қайтсалар, деб уларни яхшиликлар ва ёмонликлар ила синадик.
Бас, улардан сўнг, ортларидан китобни меросга олган бир ўринбосарлар келдики, улар мана бу тубаннинг ўткинчи (матоҳи)ни оларлар ва «бизни кечирилади», дерлар. Агар ўшанга ўхшаш ўткинчи нарса келса, яна олаверадилар. Улардан Аллоҳга нисбатан фақат ҳақдан бошқа нарса айтмасликка Китобнинг аҳду паймони олинган эмасмиди?! Улар у(китоб)даги нарсаларни ўрганганлар-ку?! Охират ҳовлиси тақво қилганлар учун яхшидир. Ақл ишлатмайсизларми?! (Аслида, Аллоҳ гуноҳни билмай қилиб қўйиб, тавба-надомат чеккан, қайта унга яқинлашмаганларнигина кечиради. Аммо билиб туриб гуноҳ қилгач, тавба қилмайдиган, ўзларича «бизни кечирилади», деб ҳукм чиқариб, яна гуноҳ қилаверадиганлар Аллоҳга нисбатан фақат ҳақдан бошқа нарса айтмасликка Китобнинг аҳд-паймонини олган эмасмидилар?! Аллоҳ Тавротда Бани Исроилга буни таъкидлаб айтган эди.)
Китобни маҳкам тутганлар ва намозни қоим қилганлар бўлса, албатта, Биз аҳли солиҳларнинг ажрларини зое қилмасмиз.
Уларнинг устига тоғни худди соябондек кўтарганимизни, улар уни, устимизга тушиб кетади, деб ўйлаганларида, сизга берган нарсамизни қувват ила олинглар ва ундаги нарсани эсланглар, шоядки тақво қилсангиз, деганимизни эсла.
Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғанасидан, қиёмат куни, бундан ғофил эдик, демасликларингиз учун, зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: «Роббингиз эмасманми?» деганида; «Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!» деганларини эсла. (Аллоҳ таоло Ўзига маълум бўлган бир пайтда, даври қиёматгача дунёга келадиган барча одамларни оталарининг сулбидан уруғликларни чиқариб олган ва ўша уруғликларга «Роббингиз эмасманми?!» деб савол берган. Мазкур илоҳий саволга ҳамма зурриётлар «Худди шундай», яъни, албатта, сен Роббимизсан, «гувоҳ бўлдик», деб жавоб беришган. Шунга биноан инсон уруғлик пайтида, яъни, она қорнига ўтганда ва инсон бўлиб яралганда, Аллоҳнинг Робб эканлигини эътироф этгувчи табиат соҳиби бўлади.)
Ёки: «Ҳақиқатда, ширк келтирганлар олдинги ота-боболаримиз, биз, уларнинг кейинги зурриётимиз. Ботил иш қилувчиларнинг қилмиши туфайли бизларни ҳалок этасанми», демаслигингиз учун.
Шояд қайтсалар, деб оятларни мана шундай батафсил баён қиламиз.
Уларга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловот қилиб бер! (Ушбу ояти каримада зикр қилинган шахс ким экани хусусида мўътабар тафсир китобларимизда кўп сонли турли-туман ривоятлар бор. Шунинг ўзи ҳам бу оят муайян бир шахсга хос бўлмай, балки маълум бир тоифа одамларга хос эканини кўрсатиб турибди. Ояти каримада «оятларимизни берганимизда», дейилишига кўра, у одам диний илмдан огоҳ экани кўриниб турибди. Демак, у одамга Аллоҳ таоло диний илмларни эгаллашга имкон берган, аммо у (Аллоҳ) оятларидан ўзини олиб қочган, яъни, илмига амал қилмаган. Шу туфайли, «уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган».)
Агар хоҳласак, уни ўша (оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади. Бу бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар.
Оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисоли қандай ҳам ёмон бўлди! Улар ўзларига зулм қиларлар.
Аллоҳ кимни ҳидоятга солса, ўша ҳидоят топувчидир. Кимни адаштирса, ўшалар ўзлари зиён кўрувчилардир.
Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бору тушуна олмаслар. Кўзлари бору кўра олмаслар. Қулоқлари бору эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар.
Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша(исм)лар ила дуо қилинг ва Унинг исмларидан оғадиганларни тек қўйинг. Яқинда қилган амалларига яраша жазоланурлар. (Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳга дуо қилганида, ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим. Имоми Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайрадан (р. а.) ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с. а. в.): «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта, бир кам юзта исми бордир. Ким уларни санаб чиқса, жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир, тоқни яхши кўради», деганлар.)
Ва Биз яратган кимсалар ичида ҳақ ила ҳидоят қиладиган ва у ила адолат қиладиган жамоат ҳам бор.
Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса, улар билмайдиган томондан аста-секин оламиз. (Яъни, Аллоҳ таоло кофир ва мунофиқларни оҳиста-оҳиста ўзларига билдирмаган ҳолда ҳалок қилади. Даставвал уларнинг хоҳлаган йўриғига юришга имкон бериб қўяди. Кофирлар бу ҳолни ўзларининг тадбири, ақли ва уринишларига йўйиб, залолатда шиддатлайверади. Охир бориб, ҳалокатга дуч келади.)
Уларга муҳлат бериб қўяман. Албатта, менинг «макрим» метиндир.
Улар ўз соҳибларида мажнунлик йўқлигини тафаккур қилиб кўрмайдиларми?! У фақат ошкора огоҳлантирувчи, холос.
Осмонлару ернинг мулкларига, Аллоҳ яратган нарсаларга ва, ажаб эмаски, ажаллари яқинлашиб қолган бўлишига назар солмайдиларми? Бундан кейин, яна қайси гапга ишонарлар?!
Аллоҳ кимни залолатга кетказса, унга ҳидоят қилувчи йўқдир. Уларни тек қўйиб қўяди, туғёнларида адашиб-улоқиб юраверадилар.
Сендан (қиёмат) соати қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўладир. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар. (Kиёмат Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Лекин мушриклар Пайғамбаримизни (с. а. в.) синаш, ул зотни хижолат қилиш учун, қиёмат қачон бўлади, деб сўроқ қиладилар. Қиёматнинг қачон бўлиш илми Аллоҳнинг Ўзига хос илмидир. Уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммадга (с. а. в.) ҳам билдирмаган. У зот фақат қиёматнинг қачон бўлишинигина эмас, бошқа ғайб илмларини ҳам билмайдилар. Бу билмасликлари эса айб эмас.)
Ўзим учун на фойда ва на зарарга молик эмасман. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади. Агар ғайбни билганимда яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмасди. Мен фақат иймон келтирадиган қавмлар учун огоҳлантирувчи ва башорат берувчиман, холос», деб айт.
У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики у (жуфтини) ўраганида енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилдилар.
Уларга солиҳ (фарзанд)ни берганида эса, Аллоҳ берган нарсада Унга шериклар қила бошладилар. Аллоҳ улар келтирган ширкдан олийдир. (Қуръони Карим нозил бўлаётган даврда одамлар ўз болаларини баъзи бутларга назр қилардилар. Уларга шундай маъноларни акс эттирадиган исмларни қўяр эдилар. Ҳозир ҳам шунга ўхшаш ҳодисалар учраб туради. Болага турли мақсадлар асосида ном қўйиш ёхуд фақат шу жиҳатларга эътибор бериш, тарбиясини ҳам ушбу ҳолатга мослаб қилиш кенг тарқалган. Жоҳил инсонлар аҳволлари оғир пайтларда Аллоҳга ёлборганлари, боламизни соғ-саломат қўлимизга олсак, Аллоҳга шукр қиламиз, деб берган аҳду паймонларини унутиб, бошқа турли-туман ширк йўлидаги орзу-ҳавасларга берилиб кетадилар. Натижада Аллоҳ берган неъмат–фарзандда ўша ғалат орзу ҳаваслар камол топиши учун ҳаракат қиладилар. Бу нарса Қуръони Каримда ширк деб номланмоқда.)
Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, ўзлари яратиладиган нарсаларни ширк келтирадиларми? (Ота-оналар ёхуд ўша боланинг камолотига дахлдор барча кишилар Аллоҳга шерик қиладиган нарсалари нима бўлишидан қатъи назар, ҳеч нарсани ярата олмайдилар. Балки уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг қудрат қўли билан яратилгандирлар. Шундай экан, қандай қилиб уларни Аллоҳга ширк килиш мумкин?)
Ва уларга ёрдам беришга қодир эмаслар ҳамда ўзларига ҳам ёрдам бера олмаслар. (Яъни, Аллоҳга ширк қилиб келтирилаётган ўша нарсалари бировга ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто ўзига ҳам ёрдам беришга қодир эмас.)
Агар уларни ҳидоятга даъват қилсангиз, сизга эргашмаслар. Уларни даъват қиласизми ёки жим турувчи бўласизми, сиз учун барибир.
Албатта, сиз Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётганлар ўзингизга ўхшаш бандалардир. Агар ростгўй бўлсангиз, уларни чақириб кўринг, бас, сизга жавоб берсинлар-чи!
Ёки уларнинг оёқлари бормики, юрсалар; ёки қўллари бормики, ушласалар; ёки кўзлари бормики, кўрсалар; ёки қулоқлари бормики, эшитсалар. Сен: «Шерикларингизни чақиринг-да, менга ҳеч муҳлат бермай, зиддимга ҳийла-найранг қилаверинг!
Албатта, менинг валий–эгам Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларни дўст тутадир.
Ундан ўзга сиз ибодат қилаётганлар сизга ёрдам беришга қодир эмаслар ва ўзларига ҳам ёрдам бера олмаслар.
Агар уларни ҳидоятга даъват қилсангиз, эшитмаслар. Уларни сенга назар солиб тургандек кўрасан. Ҳолбуки, улар кўрмаслар», деб айт.
Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар. Ул зот ҳақидаги ривоятларда кишини ҳайрон қолдирарли даражадаги ҳолатлар зикр этилган. Ул зотнинг саҳобаи киромлари, ҳақиқий мўмин-мусулмонлар ҳам доимо ояти каримада таъкидланганидек бўлишга, ана шу қоида асосида яшашга ҳаракат қилганлар.)
Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У яхши эшитувчи ва яхши кўрувчи Зотдир. (Яъни, жоҳиллар билан муомала қилиш мушкул иш. Улардан ҳар нарсани кутиш мумкин. Мабодо ўшандай муомала чоғида бирор кўнгилсизлик содир бўлиб, шайтон васваса қиладиган бўлса, қизишмасдан, дарҳол Аллоҳдан паноҳ сўра. У энг яхши эшитгувчи Зот, сўровингга дарҳол жавоб беради.)