loader
(Бу) Аллоҳдан ва Унинг Расулидан мушрикларнинг сиз аҳдлашганларига «бароат»–ора очиқлик (эълони)дир.
Бас, ер юзида тўрт ой сайр қилиб юринглар ва билингларки, албатта, сиз Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассиз ва, албатта, Аллоҳ кофирларни хор қилгувчидир. (Бу иш мусулмонлар билан тузган аҳдни бузган мушрикларга тегишлидир.)
(Бу) Аллоҳ ва Унинг Расулидан одамларга «ҳажжул акбар» куниги билдиришдир. Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расулининг мушриклар билан оралари очиқдир. Бас, агар тавба қилсангиз, у ўзингиз учун яхшидир. Агар юз ўгириб кетадиган бўлсангиз, билингларки, албатта, сизлар Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассиз. Куфр келтирганларга аламли азобнинг «башоратини» беравер.
Магар мушриклардан сиз аҳдлашганингиздан кейин ҳеч нарсани нуқсон қилмаганлари ва сизга қарши бировга ёрдам бермаганларининг аҳдларини муддатларигача батамом қилинг. Албатта, Аллоҳ тақводорларни севадир.
Бас, ҳаром ойлар чиққанда, мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар жойда пойланглар. Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларига қўйиб юборинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Оятдаги амр йигирма икки йиллик сабр-чидам натижасидир, тушунтириш, турли йўлларни ахтариш ва аҳднома тузишлар наф бермаганидан сўнг, шунингдек, чор атрофни хавф-хатар ўраб олгандан кейин Ислом марказини ички душмандан тозалаш ниятида қилинган буйруқдир. Бу амрдан мақсад қириб ташлаш эмас, балки ҳақиқатни яхшилик билан тушунмаганларга бир оз таъсир ўтказиш эканлиги оятнинг иккинчи ярмидан ҳам билиниб турибди.)
Агар мушриклардан биронтаси паноҳ сўраса, унга паноҳ бер, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни омонлик жойига етказиб қўй. Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир.
Қандай қилиб мушрикларга Аллоҳнинг ҳузурида ва Унинг Расулининг ҳузурида аҳд бўлсин?! Магар сиз билан Масжидул Ҳаром олдида аҳдлашганлар, сизга нисбатан мудом мустақим турсалар, сиз ҳам мустақим туринг. Албатта, Аллоҳ тақводорларни севадир. (Аҳду паймон уларнинг фақат бир тоифасига, яъни, мусулмонлар билан Масжидул Ҳаром олдида, яъни, Ҳудайбияда аҳдлашган мушрикларгагина бўлиши мумкин. Агар улар аҳдларида турсалар, мусулмонлар ҳам аҳдида туради. Модомики улар аҳдларида турган экан, мусулмонлар ҳам вафоли бўлишлари шарт. Чунки Ислом–аҳдга вафо динидир.)
Қандай қилиб (уларга аҳд бўлсинки), улар агар сиздан устун келсалар, на аҳдга ва на бурчга риоя этмаслар. Сизни оғизлари билан рози қиладилар-у, қалблари кўнмайдир. Уларнинг кўплари фосиқлардир.
Улар Аллоҳнинг оятларини озгина баҳога сотиб, Унинг йўлидан тўсдилар. Дарҳақиқат, уларнинг қилганлари қандай ҳам ёмон бўлди?! (Мушриклар ҳаммага баробар келган Аллоҳнинг оятларини қабул қилмай, ундан бу дунёнинг озгина баҳосини устун кўрдилар. Дин йўлига юрсалар, дунёнинг матоҳидан ажралиб қоламан ёки камроқ улуш оламан, деб ўйлашди. Шунингдек, бу дунёдаги молидан садақа беришдан чўчишди. Шуларни ўйлаб, одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсишди.)
Улар мўмин ҳақида на аҳдга ва на бурчга риоя қилмаслар. Ана ўшалар ўзлари тажовузкорлардир. (Улар бошқаларга нисбатан аҳдга риоя қилишлари мумкин. Аммо мўминга келганда: «... на аҳдга ва на бурчга риоя қилмайдилар».)
Бас, агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, дин қардошингиздирлар. Биладиган қавм учун оятларимизни батафсил баён қилурмиз.
Агар, аҳд берганларидан кейин аҳдларини бузсалар ва динингизга таъна тошини отсалар, куфрбошиларга қарши жанг қилинг! Зеро, уларнинг аҳдлари йўқдир. Шоядки, тўхтасалар. (Улар ўзлари рози бўлиб аҳднома тузганларидан сўнг, ўзлари уни бузсалар, бунинг устига, сизнинг динингиз Исломга таъна тошини отсалар, улар куфрбоши, кофирларнинг бошлиғи–имоми бўладилар. Уларга қарши жанг қилиш лозим. Чунки улар аҳдга вафо қилмайдиган одамлардир. Уруш уларни йўқотиш учун эмас, душманликларини тўхтатиш учундир.)
Аҳдларини бузган, Расулни (юртдан) чиқаришга қасд қилган ва сизга (қарши) биринчи бўлиб (уруш) бошлаган қавм билан урушмайсизми?! Улардан қўрқасизми?! Агар мўмин бўлсангиз, қўрқишингиз лойиқ зот Аллоҳдир!!! (Ушбу ояти каримада мушрикларга қарши урушнинг баъзи сабаблари баён қилинмоқда. Мусулмонлар орасида ҳам, қавм билан нима учун урушамиз, деган савол туғилиши мумкин. Шундай саволга савол билан жавоб берилмоқда.)
Уларга қарши жанг қилинглар! Аллоҳ уларни сизнинг қўлингиз билан азоблайдир, хорлайдир ва уларга қарши сизга ёрдам берадир. Ва мўмин қавмларнинг кўнгилларига шифо берадир.
Ва қалбларидаги аччиқни кетказадир. Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшанинг тавбасини қабул қиладир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Яъни, муҳими сизлар жанг қилаверинглар, бу ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ сизларни қудратига парда қила туриб, қўлларингиз билан мушрикларни азоблайди, хорлайди. Мўминларга нусрат, мушрикларга мағлубият бериш билан аввалда мушриклар озорлаган мўминларнинг кўнгилларини даволайди. Исломга ёрдам бериб, уни куфрдан устун қилиш билан мўминларнинг қалбида йиғилиб қолган аччиқларни кетказади.)
Сиздан жиҳод қилганларни, Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва мўминлардан ўзгани дўст тутмаганларни билмай туриб, Аллоҳ томонидан тарк этиб қўйилмоғингизни ўйладингизми? Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардор зотдир. (Даъват қилиб динга қизиқтирилганда, одамлар кўпчиликка қўшилаверадилар. Турли фикр, мақсад ва ғараз билан ўзини мусулмон кўрсатишга ҳамма уринаверади. Баъзилар сиртдан ўзини мусулмон кўрсатиб, ичдан Аллоҳдан бошқани дўст тутган бўлиши мумкин. Мўминлардан бошқани дўст тутган бўлиши мумкин. Бундай кишиларнинг ҳақиқий башараларини очиш учун сохтакорлар чидай олмайдиган қийинроқ иш таклиф қилинади. Жиҳод ана ўша ишлардан биридир. Жиҳодда ҳақиқий мўмин-мусулмонлар бошқалардан ажралиб чиқиб қоладилар.)
Мушрикларга ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Ана ўшалар амаллари ҳабата бўлганлардир ва улар дўзахда абадий қолувчилардир.
Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қиларлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар.
Ҳожиларга сув беришни ва Масжидул Ҳаромни обод қилишни, Аллоҳга, охират кунига иймон келтирган ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилган каби қилдингизми?! Улар Аллоҳнинг ҳузурида тенг эмаслар. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас. ( Макка мушриклари Масжидул Ҳаромнинг ва ҳажнинг хизматларини тақсимлаб олишган эди, айниқса, ҳожиларга сув бериш алоҳида мартаба ҳисобланарди. Бу ишлардан мушриклар доимо фахрланиб юришар эди. Ҳатто кишилар орасида бу ҳақда тортишувлар ҳам бўлиб турарди. Оятда бу ишнинг ҳақиқий баҳоси берилмоқда.)
Иймон келтириб, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилганларнинг даражалари Аллоҳнинг ҳузурида жуда улуғдир. Ана ўшалар ютуққа эришувчилардир.
Роббилари уларга Ўз тарафидан бўлган раҳмат, розилик ва ичида уларга аталган доимий неъматлар бор жаннатларнинг башоратини беради. (Яъни, иймон келтириб, ҳижрат қилиб, моллари ва жонлари билан жиҳодга чиққан бандалар, ана шундай ютуқларга эришадилар.)
Улар унда абадий қолувчилардир. Албатта, Аллоҳ, ҳузурида улуғ ажр бор зотдир.
Эй иймон келтирганлар! Агар куфрни иймондан устун кўрсалар, ота-онангиз ва ака-укаларингизни дўст тутманг. Сиздан ким уларни дўст тутса, бас, ана ўшалар, ўзлари золимлардир. (Ислом ақидаси учун соф қалб керак. Ақида тоза қалбдан жой олиши учун ундан бошқа манфаатлар узилиши лозим. Яъни, иймон, эътиқод, дину диёнат масаласи ҳамма нарсадан устун қўйилмоғи керак. Ҳатто ота-она ва ака-ука каби дунёдаги энг яқин кишилар бошқа диёнатни танлаган бўлсалар, уларни ҳам дўст тутиб бўлмайди. Яъни, қалбдан яхши кўриш мумкин эмас. Улар билан алоқа, муомалалар бўлаверади, аммо қалб фақат ақида учун холис қолади. Куфрни ихтиёр этган қариндошларни дўст-валий тутиш ширкнинг бир кўринишидир. Шунинг учун бу ишни қилганлар оятда золимлар деб аталмоқдалар.)
Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз амрини келтургунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас. (Ояти каримада инсон учун бу дунёда энг қадрли саккиз нарса эслатилиб, улардан ҳам маҳбуброқ нарса Аллоҳ, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилиш бўлмоғи лозимлиги уқтирилмоқда. Мазкур саккиз нарсанинг ҳаммаси ёки бирортаси инсонга Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуб бўлса, унда у инсоннинг иймони нуқсонга учрайди. Бу дунёда ота-она инсонлар учун жуда қадрдон ҳисобланадилар. Ислом дини уларга яхшилик қилишни, уларни ҳурматлаш ва эъзозлашни қаттиқ тайинлаган. Аммо шундай бўлса-да, уларнинг муҳаббати Аллоҳдан, Унинг Расулидан ва жиҳоддан устун бўла олмайди. Мусулмон одам бу ҳақиқатни билмоғи лозим.)
Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз.
Сўнгра Аллоҳ сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ҳамда сиз кўрмайдиган лашкарларни туширди ва куфр келтирганларни азоблади. Ана ўша кофирларнинг жазосидир.
Сўнгра ўшандан кейин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
Эй иймон келтирганлар! Албатта, мушриклар нажасдирлар, бунга шубҳа йўқ, бу йилларидан кейин Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар. Агар фақирликдан қўрқсангиз, тезда Аллоҳ Ўзи хоҳласа, сизни фазли ила бой қилиб қўядир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Ақидалари бузуқ мушриклар маънавий жиҳатдан нажас ҳисобланадилар. Ушбу ояти карима ҳукмига биноан улар Масжидул Ҳаромга яқин келишлари мумкин эмас. Оятда «бу йилларидан» ибораси билан тўққизинчи ҳижрий йили назарда тутилган. Ўша йили, юқорида ўрганганимиздек, Ҳазрати Абу Бакр амирликларида ҳаж бўлган ва ҳазрати Али бу оятларни ҳажга келганларга ўқиб, ҳукмини тушунтирганлар. Ўша йилдан бошлаб мушрикларнинг Масжидул Ҳаромга келишлари ман қилинган. Бунинг учун ҳарам чегараси белги қилиб олинди. Маккаи Мукарраманинг атрофидаги ўша чегарадан мусулмон эмасларга ичкари киришга рухсат берилмайдиган бўлди.)
Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиганларга, Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиган ва ҳақ динга юрмайдиган китоб берилганларга қарши, то улар бўйинсунган ҳолларида ўз қўллари билан «жизя» бермагунича, жанг қилинг. (Жизя, ғайридин кишининг Ислом ҳимояси остида яшаши, мусулмонлар томонидан тақдим этилган оммавий хизматлардан фойдаланиши ва бошқа сабаблар учун Ислом давлатига тўлаб туриладиган маблағдир. Жизяни ўз қўли билан бўйинсунган ҳолда берадиган аҳли китобларга қарши мусулмонлар урушмайдилар.)
Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Насоролар: «Масиҳ Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар. Бу оғизлари билан айтган гапларидир. Аввалги куфр келтирганларнинг гапига ўхшатадилар. Аллоҳ уларни лаънатласин. Қаён бурилмоқдалар?!
Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар. Ундан ўзга ибодатга сазовар зот йўқ. У зот улар ширк келтираётган нарсадан покдир. (Адий ибн Ҳотим Жоҳилият даврида насронийлик динига кирган экан. Синглиси бориб акасини Исломга тарғиб қилибди. Расулуллоҳ (с. а. в.) ҳузурларига боришга ундабди. У Мадинага борганида, бўйнига кумушдан ясалган хоч таққан ҳолида Расулуллоҳнинг (с. а. в.) ҳузурлариига киради. Шунда у зот: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар», оятини тиловат қилаётган эдилар. Адий (р. а.) айтадиларки: «Мен: «Уларга ҳеч ибодат қилишгани йўқ», дедим. У зот (с. а. в.): «Лекин уларга ҳалолни ҳаром қилдилар ва ҳаромни ҳалол қилдилар, улар эса эргашдилар. Ана ўша уларга ибодат қилишдир», дедилар»)
Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир. (Яъни, фақат ўз нурининг тўкис бўлишини истайди.)
У гарчи мушриклар ёқтимаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган зотдир. (Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммадни (с. а. в.) ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган. У дини Исломнинг дунёдаги барча динлардан устун бўлишини хоҳлайди. Аҳли китоблар Аллоҳниг бу хоҳишига қарши чиқадилар. Улар Исломнинг бошқа динлардан устунлигини кўра олмайдилар. Шунинг учун қўлларидан келган барча ёмонликларни қиладилар.)
Эй иймон келтирганлар! Албатта, ҳибр ва роҳибларнинг кўплари одамларнинг молларини ботил йўл билан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар. Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер. (Аҳли китобларнинг ҳибр ва роҳиблари мол-дунёга ўчлиги тарихда маълум ва машҳурдир. Улар одамларнинг молларини ботил йўл билан еганлар. Ушбу ояти каримада бу қабиҳ иш уларнинг «кўпларига» нисбат берилмоқда. Озчилиги ботил йўл билан одамларнинг молини ейишга қизиқмайди. Бу эса, воқеъликка тўғри келади. Бир вақтлар ҳибр ва роҳиблар тўплаган дунёлари подшоҳ ва императорларникидан ҳам кўплиги ошкор бўлган. Ояти каримада баён қилинишича, ҳибр ва роҳиблар фақат одамларнинг молларини ботил йўл орқали ейиш билан кифояланиб қолишмайди. Балки Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар ҳам:)
Бир куни ўша(олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилади ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» дейилур.
Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони, Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир. (Ушбу ояти карима ойларнинг ҳисоби, табиий равишда, Аллоҳ осмонлару ерни яратган пайтдаёқ, уларнинг ҳаракатига боғлиқ қилиниб ўн икки этиб белгиланганлигини баён қилмоқда. Бу доимий равишда бир хил турадиган собит ҳисобдир. Унда инсоннинг ҳеч даҳли йўқ. Инсон фақат Аллоҳ яратган нарсаларга қараб, Аллоҳ берган ақл билан ойларни санайди, холос.)
Албатта, «насийу» куфрда зиёда бўлишдан ўзга нарса эмас. Бу билан куфр келтирганлар залолатга кеткизилурлар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қиларлар, бир йил ҳаром қиларлар. Бас, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қиларлар. Уларга амалларининг ёмонлиги зийнатланди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас. (Ояти каримадаги «насийу» луғатда ортга суриш маъносини ифода қилади. Жоҳилият аҳлида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати урф бўлган эди. Яъни, араб мушриклари ҳам тўрт ой ҳаром ойлар эканлигини айтар эдилар. Ўша ойларда уруш тамоман тўхтар эди. Агар бирор киши шу ойларда отасини ўлдирган одамни учратиб қолса, унга тегмасди. Аммо бордию урушни хоҳлаб қолсалар, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилаверар эдилар. Мисол учун, Муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, бу йил унинг ҳаромлигини Сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз, деб Муҳаррамда уруш қилишар эдилар. Сафарда эса, уруш қилишмасди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш қилишар эди. Оятда уларнинг бу тасарруфларига баҳо ва шарҳ берилмоқда.)
Эй иймон келтирганлар! Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида қўзғолинг дейилса, ерга ёпишиб олдингиз. Ёки охиратни қўйиб, ҳаёти дунёга рози бўлдингизми? Охират олдида бу ҳаёти дунё жуда оз-ку?! (Бу ояти карима Табук урушига оммавий сафарбарлик эълон қилингандан сўнг юз берган баъзи ҳолатлар туфайли нозил бўлган.)
Агар қўзғолмасангиз, У зот сизни аламли азоб билан азоблайдир. Ўрнингизга бошқа қавмни келтирадир. Сиз Унга зарар келтира олмассиз. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Эй мўминман деб юрганлар, агар сиз бу сафар Пайғамбарга ёрдам бермасангиз, ҳечқиси йўқ, сизга ёмон бўлади. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ёрдам бериши турган гап. Уни Маккада кофирлар ўлдирмоқчи бўлиб, гапни бир жойга қўйганларида ҳам Аллоҳ унга нусрат берган. Аллоҳ кофирларнинг ёмон ниятларини унга билдирган ва унга чиқиб кетишни амр қилган. Пайғамбар (с. а. в.) Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ҳижратга чиққанлар. Мушриклар кўп эдилар, Аллоҳ Пайғамбарига ёрдам берган.)
Енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам, қўзғолингиз ва Аллоҳнинг йўлида молларингиз ва жонларингиз ила жиҳод қилингиз. Агар билсангиз, шу ишингиз ўзингиз учун яхшидир. (Мусулмон инсон Аллоҳнинг йўлида молини ҳам, жонини ҳам қурбон қилишга доим тайёр турмоғи зарурдир. Ана шундагина ўзларига яхши қилган бўладилар. Мухлис мусулмонлар бу олий маънони тўлиқ тушунган пайтларида «енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам», қўзғолганлар. Аллоҳнинг йўлида молларини ва жонларини фидо қилганлар, ваъда қилинган яхшиликка эришганлар. Бутун дунёга етакчи халқ бўлганлар.)
Агар осон манфаат ва яқин сафар бўлганида, албатта, сенга эргашар эдилар. Лекин уларга масофа узоқ кўринди. Улар тезда Аллоҳ номи билан қасам ичиб: «Агар қодир бўлганимизда, албатта, сиз билан чиқар эдик», дерлар. Улар ўзларини ҳалок қиладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ улар ёлғончи эканларини, албатта, билади. (Мунофиқлар шахсий манфаатларини кўзлаб, мусулмонлар орасига суқилиб олган кимсалар эди. Ўзларини сиртдан мухлис мусулмон қилиб кўрсатишарди. Лекин Табук ғазотига умумий сафарбарлик эълон қилиниши билан уларнинг сирлари фош бўлиб қолди.)
Аллоҳ сени авф қилди. Нима учун уларга то сенга ростгўй бўлганлар равшан бўлмай туриб ва ёлғончиларни билмасингдан туриб, изн бердинг? (Пайғамбар (с. а. в.) мунофиқлардан баъзиларига урушга бормасликка изн бериб қўйган эдилар. Аслида, шошилиб рухсат бергандан кўра, кутиб турганларида яхши бўлар эди. Чунки изн олганларнинг кимлиги билинмай қолди. Изн бўлмаганда ҳам сафарбарликдан қолар эдилар. Шунда уларнинг мунофиқлиги ҳаммага ошкор бўларди.)
Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар сендан моллари ва жонлари билан жиҳод қилишдан қолишга изн сўрамайдилар. Аллоҳ тақводорларни билгувчи зотдир.
Албатта фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиганлар ва қалблари шубҳага тўлганларгина сендан изн сўрарлар. Бас, улар шубҳаларида иккиланаверадилар.
Агар чиқишни хоҳлаганларида, унга тайёргарлик кўрар эдилар. Лекин Аллоҳ уларнинг ҳаракатланишларини ёқтирмай тутиб қолди. Уларга, ўтирувчилар билан ўтиринглар, деди. (Ўша иймонсиз мунофиқларда, аслида, жиҳодга чиқиш нияти бўлса, аввалдан тайёргарлик кўриб қўйган бўлар эдилар. Сафарбарлик эълон этилгандан сўнг турли баҳоналар қилиб, жиҳоддан қолишга изн сўраб келишлари, уларнинг жиҳодга чиқиш ниятлари йўқлигидандир.)
Агар улар ичингизда чиққанларида ҳам сизга ёмонликдан бошқа нарсани зиёда қилмасдилар, тезлаб орангизга фитна солишга уринардилар. Ҳолбуки, ичингизда уларга қулоқ солувчилар бор эди. Аллоҳ золимларни билгувчи зотдир.
Батаҳқиқ, бундан аввал ҳам, улар ёқтирмасалар-да, ҳақ келиб, Аллоҳнинг иши устун бўлгунича, фитна қўзиб, сенга ишларни ағдар-тўнтар қилишар эди. (Яъни, мунофиқлар аввалдан фитначи бўлиб келганлар. Улар Пайғамбаримиз (с. а. в.) Мадинаи Мунавварага келган пайтларида устма-уст фитна қўзғашган. Доимо ишларни остин-устин қилиб бузиб юришган. Токи Аллоҳ имкон бериб, душманлар устидан ғалаба қозониб, Ислом куч-қувватга эга бўлгандагина, қўрққанларидан бир оз бўшашиб қолишган эди.)
Улардан: «Менга изн бер, мени фитнага солма», дейдигани ҳам бор. Ажабо, улар фитнага тушмадиларми? Албатта, жаҳаннам кофирларни ўраб олгувчидир. (Ушбу ояти кариманинг сабаби нузули ҳақида Муҳаммад ибн Исҳоқ қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Расулуллоҳ (с. а. в.) бир куни жангга ҳозирлик кўриб (Табук жангига) Жадд ибн Қайсга: «Эй Жадд, Бани Асфарга (яъни, румликларга) қарши курашга тайёрмисан?» дедилар. У бўлса: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга изн бер, мени фитнага солма. Мен Бани Асфар (сариқлар)нинг хотинларини кўрсам, чидай олмайман, деб қўрқаман», деди. Шунда Расулуллоҳ (с. а. в.) ундан юз ўгирдилар ва: «Сенга изн бердим», дедилар.)
Агар сенга яхшилик етса, уларни хафа қиладир. Агар сенга мусибат етса: «Олдиндан ишнинг олдини олган эдик», деб хурсанд бўлиб юз ўгириб кетарлар. (Аҳли Исломга етган яхшилик мунофиқлар учун мусибатдир. Аммо аҳли Исломга мусибат етса, мунофиқлар хурсанд бўладилар. Яхшиям уларга қўшилмаганимиз, уларнинг гапига кирмай, ишнинг олдини олган эканмиз, соғ-саломат қолдик, дейишади.)