loader
Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт. (Яъни, бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз.)
Сен: «Сиз биз учун фақат икки яхшиликдан бирини кутмоқдасиз, холос. Биз эса, Аллоҳ сизни Ўз ҳузурида бўладиган ёки бизнинг қўлимиздан етадиган азобга дучор қилишини кутмоқдамиз. Бас, кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан бирга кутувчилармиз», деб айт. (Жиҳодга бормай қолган мунофиқлар жиҳодга кетган мусулмонлар учун икки нарсадан бирини кутадилар, холос. Ўша икки нарса ҳам мусулмон учун яхшиликдир. Улардан бири–мусулмон инсоннинг олий мақсади–Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиб шаҳид бўлишдир. Иккинчиси эса–урушда ғолиб келишдир.)
Сен: «Хоҳлаб ёки хоҳламай нафақа қилаверинглар. Сиздан зинҳор қабул қилинмайди. Сизлар, шубҳасиз, фосиқ қавм бўлдингиз», деб айт.
Уларнинг нафақаларининг қабул этлишидан ман қилган нарса фақат Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирганлари, намозга доимо дангаса ҳолларида келганлари ва доимо ёқтирмай инфоқ қилганларидир.
Уларнинг моллари ва болалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни ҳаёти дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишни хоҳлайди, холос.
Улар ўзлари, албатта, сиздан эканликларига Аллоҳ номи ила қасам ичарлар. Ҳолбуки, улар сиздан эмас. Лекин улар қўрқадиган қавмдирлар.
Агар бирор бошпаноҳми, ғорми ёки кириб оладиган жойми топсалар, шошилиб ўша томонга юзланарлар. (Мунофиқларнинг мунофиқ бўлишининг асосий сабабларидан бири ҳам уларнинг қўрқоқликларидир. Уларга жон ширин туюлиб, ҳамма нарсадан қўрқиб, доимо ўзларини панага олиб юрадилар. Қаердан паноҳ топсалар, ўша ерга жойлашадилар. Бошпаноҳ берганга маъқул тўнни киядилар.)
Улардан садақалар ишида сенга айб қўядиганлари ҳам бор. Агар ўша садақалардан уларга берилса, улар рози бўладилар. Агар берилмаса, кўрибсанки, ғазабланадилар.
Агар Аллоҳ ва Унинг Расули уларга берган нарсаларидан рози бўлганларида ва Аллоҳ бизга кифоя қилур, бизга тезда Аллоҳ ва Унинг Расули Ўз фазлидан беради, албатта, биз Аллоҳга рағбат қилувчилармиз, деганларида, яхши бўларди.
Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. («Садақалар» деганда «закот» назарда тутилгандир. Демак, садақаларни ҳар ким ҳам олавермайди, балки Аллоҳ таоло Ўзи тайинлаган кишиларгина оладилар. Бошқаларга закот олиш ҳаромдир. «Кўнгилларини улфат қилинадиганлар». Яъни, баъзи кишиларнинг кўнгилларини Исломга моил қилиш учун ҳам закотдан тушган молдан берилади. «қарздорларга»–турли сабабларга кўра қарз бўлиб қолган одамга уни узиш учун ёрдам тариқасида закотдан берилади. «Аллоҳнинг йўли»–энг аввало, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётганларни, қолаверса, дину диёнат, мусулмонлар оммаси фойдаси учун бўладиган ишларни ичига олади. «йўл ўғли»–яъни, сафарда, ватанидан узоқда оғир ижтимоий ҳолга тушиб қолган шахс.)
Улардан Пайғамбарга озор берадиган ва: «У қулоқдир» дейдиганлар бор. Сен: «У сизга яхшилик нарсаларга қулоқдир. Аллоҳга иймон келтирадир, мўминларга ишонадир, сизлардан иймон келтирганларга раҳматдир. Аллоҳнинг Расулига озор берадиганларга аламли азоб бордир», деб айт. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) ҳамма билан яхши муомалада бўлардилар. Ҳамманинг дардига қулоқ осар эдилар. Мунофиқлар бу юксак одоб намунасидан ҳам эгри хулоса чиқариб, моғор босган қалблари ҳиқду ҳасадга тўлиб, фитна гап ўйлаб чиқардилар. Пайғамбаримизга (с. а. в.) «қулоқ» деб лақаб қўйдилар.)
Улар сизларни рози қилиш учун Аллоҳнинг номи ила қасам ичарлар. Агар мўмин бўлсалар, Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмоқлари ҳақли эди.
Улар кимки Аллоҳга ва Унинг Расулига хилоф қилса, албатта, унга жаҳаннам оташ бўлиб, унда абадий қолишини. Ана шу катта ор эканлигини билмайдиларми?!
Мунофиқлар уларга қалбларидаги нарсанинг хабарини берадиган сура нозил бўлишидан қўрқарлар. Сен: «Истеҳзо қилаверинглар, албатта, Аллоҳ сиз қўрқаётган нарсани чиқаргувчидир», деб айт. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) замонларида яшаган мунофиқлар ҳар доим мусулмонлар билан бирга юрганларидан, нозил бўлаётган оятлар ва суралардан хабардор эдилар. Улар баъзи вақтларда сура нозил бўлиб, ҳеч ким билмайдиган яширин ишлар ҳам фош қилинаётганининг жонли гувоҳи эдилар. Ўзлари мунофиқлик қилиб, яширин гаплар айтиб ёки дилларида Исломга, мусулмонларга қарши ўй-фикрларни тугиб юришар эди. Аммо, бирон сура нозил бўлиб, қалбимиздаги сирни очиб қўймаса эди, деб қўрқардилар ҳам.)
Агар улардан сўрасанг, албатта: «Биз фақат ўзимизча гап қилиб ўйнаётган эдик, холос», дерлар. Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт. (Яъни, агар мунофиқлардан ўша истеҳзо қилиб айтган гаплари ҳақида сўрасанг, улар, биз ҳеч нарса деганимиз йўқ, фақат шундай ўзимизча гаплашдик, ўйнашдик, холос, дейдилар.)
Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз. Агар сиздан бир тоифани авф этсак, бошқа тоифани жиноятчи бўлганлари учун азоблаймиз. (Сиз қилар ишни қилиб қўйиб, узр айтишингиздан фойда йўқ. Иймон келтиргандан сўнг, унда собит турганингизда, бошқа гап эди. Аммо сиз иймондан кейин куфр келтириб, мунофиқ бўлдингиз. Энди узр айтманг. Билмасдан, жаҳолат билан сизга қўшилиб қолган тоифани афв этсак ҳам, бошқаларингизни жиноятчи бўлганларингиз учун, албатта, азоблаймиз.)
Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар ҳаммалари бирдирлар, ёмонликка буюрарлар, яхшиликдан қайтарарлар ва қўлларини маҳкам юмарлар. Аллоҳни унутдилар, бас, У ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар–улар фосиқлардир. (Мунофиқлар қаерда бўлсалар ҳам, кимлигидан қатъи назар, эркак-аёл бўлсин, нима иш қилмасин, барибир мунофиқдир. Ҳаммалари ҳам бир гўр. Чунки асллари бир. Кўрсатадиган фаолиятларининг маъноси бир.)
Аллоҳ мунофиқ эркакларга, мунофиқ аёлларга ва кофирларга жаҳаннам оташини ваъда қилди. Унда абадий қолурлар. Ўша улар учун етарлидир. Ҳамда Аллоҳ уларни лаънатлади. Уларга доимий азоб бордир.
Ўзингиздан аввалгиларга ўхшайсиз. Улар сизлардан кўра қувватлироқ, молу дунё ва бола-чақалари кўпроқ эдилар. Бас, ўз насибалари ила маза қилдилар, ўзингиздан олдингилар насибалари ила маза қилганларидек, сиз ҳам ўз насибангиз ила маза қилдингиз. Улар шунғигандек, сиз ҳам шунғидингиз. Ана ўшаларнинг амаллари дунёю охиратда ҳабата бўлди. Ана ўшалар, ўзлари зиён кўргувчилардир.
Уларга ўзларидан олдин ўтганларнинг, Нуҳ, Од, Самуд қавмининг ва Иброҳим қавмининг, Мадян эгаларининг ва тўнтарилган(қишлоқ)ларнинг хабари келмадими? Уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келдилар. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилмас эди. Лекин улар ўзларига зулм қилар эдилар. (Кофир ва мунофиқлар Нуҳ қавмини тўфон босиб ҳалокатга учратганини ҳам, Од қавмини қаттиқ ўт шамол ҳалок қилганини ҳам, Самуд қавмини қаттиқ қичқириқ яксон этганини ҳам, Иброҳим алайҳиссалом ўзи қутулиб қолиб, қавмлари қандай ҳалок бўлганини ҳам, Мадян эгаларини зилзила олганларини ҳам, Лут алайҳиссаломнинг қавми қишлоқлари қандай тўнтарилиб, жинояткор аҳолисини босиб қолганини ҳам яхши билишар эди. Пайғамбарлари очиқ-ойдин ҳужжат билан келганида, уларни ёлғончига чиқариб, бошларига ўша мусибатлар тушганини ҳам яхши билишарди. Шу қилмишлари билан улар ўзларига ўзлари зулм қилдилар. Бўлмаса, Аллоҳ уларга зулм қилмас эди.)
Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Бу васфлар мунофиқлар ҳақида келган васфга тамоман зид эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Мунофиқларнинг бир хил эканликлари, улар доимо бир-бирларига ўхшашлари таъкидланган бўлса, мўминларнинг ўзаро дўст-валий эканликлари айтилмоқда.)
Аллоҳ мўмин эр ва мўмина аёлларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларда абадий қолишни ва барқарорлик жаннатидан покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳдан бўладиган розилик эса, энг улуғидир. Ана ўша улкан ютуқдир. (Кофир ва мунофиқларни жаҳаннам кутиб турган бўлса, мўмин ва мўминаларни ажойиб жаннатлар кутиб турибди. Кофирлар ва мунофиқлар дўзахда абадий азоб чексалар, мўмин ва мўминалар жаннатда абадий маза қиладилар. Уларнинг доимий истиқомат қиладиган жаннатларида покиза масканлар кутиб турибди. Лекин бу мўмин ва мўминаларга берилган мукофотнинг охирги даражаси эмас. Уларга бериладиган мукофотнинг энг улуғи Аллоҳнинг розилигидир. Бу мукофотнинг олдида жаннатлар ва уларнинг битмас-туганмас неъматлари ҳам ҳеч гап бўлмай қолади.)
Эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқларга қарши жиҳод қил ва уларга нисбатан қаттиққўл бўл. Уларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон қайтадиган жой. (Маълумки, Пайғамбаримиз (с. а. в.) аввалда мунофиқларга нисбатан жуда ҳам кечиримли бўлганлар. Уларнинг кўпгина беодоблик ва душманликларини авф қилганлар. Ҳатто баъзи саҳобалар ҳаддан ошиб кетган мунофиқларни ўлдиришга изн сўраганларида ҳам, қўй, одамлар, ўз шерикларини ўлдиряпти, демасин, деганлар. Аммо ушбу ояти карима энди юмшоқ муомалаларнинг вақти ўтганини, энди мунофиқларга ҳам кофирларга қилгандек муомала қилиш вақти келганини билдирмоқда. Уларга қарши жиҳод қилиб, қаттиққўл бўлиш тайинланмоқда. Уламоларимиз Расулуллоҳ (с. а. в.) мунофиқларга қарши уруш қилмаганларини, уларни ўлдирмаганларини алоҳида таъкидлайдилар. Лекин шу оятдан кейин муомала кескин ўзгариб, уларга нисбатан қаттиққўл бўлинган ва кирдикорлари аёвсиз фош этилган.)
Улар гапирмаганлари ҳақида Аллоҳнинг номи ила қасам ичарлар. Батаҳқиқ, куфр калимасини айтдилар ва Исломларидан кейин куфр келтирдилар ҳамда ета олмаган нарсаларга қасд қилдилар. Аллоҳ ва Унинг Расули уларни Ўз фазлидан бой қилиб қўйганларидан бошқа «айб» топа олмадилар. Агар тавба қилсалар, ўзларига яхши бўладир. Гар юз ўгириб кетсалар, Аллоҳ уларни бу дунёю охиратда аламли азоб билан азоблайдир. Ер юзида уларга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқ. ( Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) вақтларида мунофиқлар бир неча бор куфр гапларни айтганларидан кейин тониб, айтганимиз йўқ, деб қасам ичишган. Ояти каримада ўша ҳақиқат таъкидланиб, улар куфр гапни айтганлари ва шу билан мусулмонликдан чиқиб қайта кофир бўлганликлари баён қилинмоқда. Оятдаги «»ета олмаган нарсаларга қасд қилдилар»дан мурод Расулуллоҳни (с. а. в.) ўлдирмоққа қасд қилганлари ва мақсадларига ета олмаганларидир.)
Улардан: «Агар У зот Ўз фазлидан берса, албатта, садақа қиламиз ва, албатта, аҳли солиҳлардан бўламиз», деб Аллоҳга аҳд берувчилар бор.
У зот Ўз фазлидан берган чоғда эса, бахиллик қилиб, юз ўгириб, орқага қараб кетарлар.
Бас, Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва ёлғон гапирганлари учун Унга рўбарў бўладиган кунгача қалбларида нифоқни оқибат қилиб қўйди.
Улар Аллоҳ уларнинг сирларини ҳам, яширин гапларини ҳам албатта билишини ва Аллоҳ, албатта, ғайбларни билгувчи зот эканини билмасмидилар?
Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганларни Аллоҳ масхара қилади ва уларга аламли азоб бўладир.
Улар учун истиғфор айтсанг ҳам ёки истиғфор айтмасанг ҳам (барибир). Агар улар учун етмиш марта истиғфор айтсанг ҳам, Аллоҳ уларни зинҳор мағфират қилмас. Бу уларнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига куфр келтирганлари учундир. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас. (Мунофиқлар сурасидан маълумки, мунофиқларнинг гуноҳларини мағфират қилишни сўраб, улар учун истиғфор айтиш таклиф қилинган. Пайғамбаримиз (с. а. в.) бу ишга моил бўлганлар. Ўшанда ҳам шу маънодаги ояти карима нозил бўлган. Биз ўрганаётган ояти каримадан билиниб турибдики, Табук ғазоти асносида мунофиқларнинг кирдикорлари кетма-кет фош бўлгандан кейин яна улар учун истиғфор айтиш таклифи бўлган ёки ҳолат шуни тақозо қилиб қолган. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммадга (с. а. в.) хитоб қилиб, мунофиқлар учун истиғфор айтишлари ва айтмасликлари барибир эканлигини, фойдаси йўқлигини билдирмоқда.)
Улар Аллоҳнинг Расулига хилоф қилиб ортда қолганлар ўтирган жойларида хурсанд бўлдилар ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилишни ёқтирмадилар ҳамда «Иссиқда қўзғолманглар», дедилар. Сен: «Жаҳаннамнинг оташи иссиқроқ, агар тушунсалар», деб айт. (Яъни, улар одамларни ҳам ўзларига ўхшаб сафарбарликдан қочишга чақирдилар. Улар бу дунёнинг арзимаган иссиғидан қочишмоқдаю, аммо ўзларини охиратнинг ашаддий иссиғига дучор қилишмоқда.)
Бас, қилган касблари туфайли оз кулиб, кўп йиғласинлар. (Улар бу дунёда қанча кўп кулсалар ҳам оз бўлади, охиратда кўп йиғлашлари турган гап.)
Бас, Аллоҳ сени улардан бир тоифасига қайтарса-ю, улар сендан (урушга) чиқишга изн сўрасалар: «Мен билан ҳеч қачон чиқмайсизлар ва мен билан бирга ҳеч қачон жанг қилмайсизлар, сизлар биринчи мартада ўтиришга рози бўлдингиз, бас, ортда қолувчилар билан ўтираверинглар», деб айт.
Ва ҳеч қачон улардан ўлган бирортасига ҳам (жаноза) намоз ўқима, қабри устида турма. Чунки улар Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирдилар ҳамда фосиқ ҳолларида ўлдилар. (Чунки, жаноза намозини ўқиш, бировнинг қабри устида туриш ўлган учун катта ҳурмат ва эъзоздир. Бу улкан ҳурмат ва эъзозни ҳақдор кишиларга қилиш керак. Мунофиқ ва фосиқлар бунга лойиқ эмаслар.)
Уларнинг мол-дунёлари ва бола-чақалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишни хоҳлайди, холос.
«Аллоҳга иймон келтиринглар ва Унинг Расули билан жиҳод қилинглар», деб сура нозил қилинган пайтда улардан бой-задагонлари: «Бизни тек қўй, ўтирувчилар билан бирга бўлайлик», деб изн сўрарлар.
Улар хотин-халажлар билан бирга бўлишга рози бўлдилар ва қалбларига муҳр босилди. Бас, улар англамаслар. (Улар ўзлари хоҳлаб пасткашлик қилдилар. Шу сабабдан қалбларига муҳр босилди. Энди улар ўз фойдаларини англамайдилар. Агар англаганларида жиҳоддан қочмас эдилар.)
Лекин Пайғамбар ва у билан бирга иймон келтирганлар моллари ва жонлари билан жиҳод қилдилар. Ана ўшаларга, ўзларига яхшиликлар бўладир. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир. (Булар мунофиқларга ўхшаб молу дунёга берилиб, унинг кетиб қолишидан қўрқиб, бахиллик қилмадилар. Топганларини Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодга сарфладилар. Улар мунофиқларга ўхшаб жонлари ширин кўриниб, қўрқиб, урушдан қочиб, хотин-халаж орасига кириб ўтириб олмадилар. Улар Аллоҳнинг розилиги учун, Унинг йўлида шаҳид бўлишни орзу этиб жиҳод қилдилар. Шунинг учун уларга барча яхшиликлар берилади. Шунинг учун улар нажот топадилар.)
Аллоҳ улар учун остида анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Унда абадий қолурлар. Ана шу буюк ютуқдир.
Аъробийлардан узр айтувчилар уларга изн берилишини сўраб келдилар. Аллоҳга ва Расулига ёлғон гапирганлар эса, ўтириб қолдилар. Улардан кофир бўлганларга аламли азоб етадир. (Араб тилида «аъробий» деб саҳрода истиқомат қилувчи арабларга айтилади. Уларнинг ичидан ҳам Табук урушига бормай қолганлари бор эди.)
Заифҳолларга, беморларга ва сарф-харажат қиладиган нарса топа олмаётганларга, Аллоҳга ва Расулига ихлосли бўлсалар, насиҳат қилсалар, гуноҳ йўқ. Чиройли амал қилувчиларни айблашга йўл йўқ. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Урушга ярамайдиган заифҳол кишилар, беморлар ёки урушга бориш учун керак сарф-ҳаражатларни кўтара олмайдиган одамлар урушга бормай қолсалар, айб эмас. Гуноҳ ҳам бўлмайди. Чунки Ислом инсонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.)
Яна сенга улов беришинг учун келганларида: «Сизларни миндиргани нарса топа олмаяпман», деганингда ғамгин бўлиб, кўзларидан ёшлари тўкилиб, орқага қайтиб кетганларга ҳам, сарф-харажат қиладиган нарса топа олмаганлари учун гуноҳ йўқ. (Бу тоифадагилар ўзлари соғ-саломат, бақувват, урушга ярайдилар. Рағбатлари ҳам бор. Урушга бориш учун жўнаб йўлга ҳам чиққанлар. Аммо Табук узоқ жой бўлгани учун миниб оладиган улов керак. Уларнинг эса, уловлари йўқ. Шунинг учун Расулуллоҳнинг (с. а. в.) олдиларига улов сўраб келишган.)
Бой-бадавлат бўлиб туриб сендан изн сўрайдиганларни айблашга йўл бор. Улар хотин-халажлар билан бирга бўлишга рози бўлдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босди. Бас, улар билмаслар.
Ҳузурларига қайтиб келганингизда, сизга узр айтадилар. Сен: «Узр айтманглар, биз сизларга ҳеч қачон ишонмаймиз. Батаҳқиқ, Аллоҳ бизга сизларнинг хабарларингизни берди. Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули амалингизни кўрадир, сўнгра ғайбни ва шаҳодатни билгувчи зотга қайтарилурсизлар. Бас, у сизга қилиб юрган амалингизнинг хабарини берадир», деб айт.
Уларнинг ҳузурларига қайтиб келганингизда уларни айбламаслигингиз учун сизга Аллоҳнинг номи ила қасам ичадилар. Бас, улардан юз ўгиринглар! Албатта, улар нопокдирлар. Қилиб юрган касблари жазосига жойлари жаҳаннамдадир. (Урушдан қочиб, сафарбарликдан ортда қолган ўшалар фақат оддий узр айтиш билан кифояланмайдилар, балки узрлари ҳақиқий эканлигига ишонтириш учун қасам ичадилар. Қасам ичганда Аллоҳнинг номини тилга оладилар. Лекин уларнинг қасамларига ҳам ишонмаслик керак экан. Чунки пасткаш мунофиқнинг ўз манфаати йўлида Аллоҳ номи ила ёлғон қасам ичиши ҳеч нарса эмас.)
Улар сизлар улардан рози бўлишингиз учун сизга қасам ичарлар. Агарчи сиз улардан рози бўлсангиз ҳам, Аллоҳ фосиқ қавмлардан рози бўлмас. (Мунофиқлар Аллоҳнинг розилигини эмас, балки банданинг розилигини олишга уринадилар. Мунофиқлик шу асосга қурилган.)
Аъробийлар куфр ва нифоқда ашаддийроқ ва Аллоҳ Ўз Пайғамбарига нозил қилган нарсанинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Оятда аъробийларнинг асл табиатлари васф қилинмоқда. Улар ўзлари яшаб турган муҳитга мослашиб қолганлар. Улар куфр ва нифоқда ашаддий бўладилар. Аъробийлар шафқатсиз табиий шароитда узоқ яшагани учун кўнгли қаттиқ, қўпол табиатли бўлиб қоладилар. Яна бунга ўхшаган сабаблар жуда ҳам кўп бўлиши мумкин.)
Аъробийлардан қилган инфоқни зиён деб биладиган ва сизга бало-офат келишини кутиб турадиганлари ҳам бор. Ёмон балолар ўзларига урсин! Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зотдир. (Оятда васфи келган мунофиқлар аъробийлардир. Улар мусулмонларга ўзларининг сири очилиб қолишидан қўрқиб, закот беришга ва жиҳод учун баъзи бир сарфларни қилишга мажбур бўладилар.)
Аъробийлардан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган ҳамда инфоқ қиладиган нарсасини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ва Расулнинг дуосига мушарраф этиш воситаси деб биладиганлари ҳам бор. Билсинларки, албатта, ўша нарсалар улар учун қурбатдир. Албатта, Аллоҳ уларни ўз раҳматига киритади. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Бу оятда васфлари келган аъробийлар мухлис, мўмин-мусулмон аъробийлардир. Улар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган саодатманд кишилардир.)
Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир.