loader

067. Мулк (Таборак) сураси

Маккада тушган, 30 оятдан иборат

Бу суранинг номи биринчи оятдаги «мулк» (ҳукмронлик, салтанат, мутлоқ подшоҳлик) сўзидан олинган. Яна шу оятнинг биринчи сўзи бўлмиш «Таборак» номи билан ҳам аталади. Бундан ташқари, ушбу сура қабр азобидан сақловчилиги учун унга «Мунжия» (нажот берувчи, қутқарувчи) деб ҳам ном берилган. Яна унинг «Мужодала», «Маниъа», «Воқеа» каби номлари ҳам бор. У Тур сурасидан кейин тушган. Маккада тушган бошқа суралар каби у ҳам ақида масаласи ҳақидадир. Сурада Аллоҳ таоло ўлим ва ҳаётни нима учун яратгани, Коинот, ундаги осмонлар ва самовий жисмларни дақиқ низом асосида яратишдан муроди, борлиқдаги Аллоҳнинг қудрати ва ҳикматига далолат қилувчи далил-ҳужжатлар, охират дунёсида мўминлар учун тайёрлаб қўйилган улкан мукофотлар, куфр келтирганлар ва мушрикларга аталган дўзах азоблари баён этилади. Мулк сураси учта муҳим масалани қамраб олган: 1) Аллоҳнинг қудрати ва азаматини баён этади; 2) Парвардигорнинг ягоналигига далил ва ҳужжатлар келтиради; 3) Қиёмат ва ўлгандан кейин тирилишга ишонмайдиганларнинг оқибати нима билан тугаши хабарини беради. Ушбу сурада Аллоҳ таоло баён этган Ер ва осмонлар, юлдузлар, бутун борлиқ ва махлуқотларнинг яратилиш ҳикмати ҳақидаги кўпгина далил-ҳужжатлар Пайғамбаримиз замонларидаги одамларга унча тушунарсиз бўлган эса-да, ҳозирги даврга келиб инсоният бу борадаги илм-кашфиётлар туфайли Аллоҳ Китобидаги далилларни илм-фан ёрдамида янгидан кашф этишга муяссар бўлди. Бу эса Аллоҳ таоло Китобининг ақлларни лол қолдирувчилиги (мўъжизлиги) туфайли бўлиб, ушбу Китобдаги далил-кўрсатмалар қиёматгача барча замонлар ва маконлар учун дастуриламал эканига далолатдир.

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан)

تَبَارَكَ الَّذِي بِيَدِهِ الْمُلْكُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ {1}

1. Ҳукмронлик «яди»да бўлган Зот энг олийдир ва У ҳар нарсага қодирдир.

Аллоҳ таолонинг«яди», яъни қўли деганда инсонлар тасаввуридаги, махлуқларга хос қўл тушунилмайди. Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг қўли, юзи, нафси ҳақида зикр этилган, аммо булар Парвардигорнинг кайфиятсиз сифатларидир. Абу Ҳанифанинг «Фиқҳул Акбар» китобларида келишича, «йад» сифатини бошқа тилларга таржима қилиб айтиш мумкин эмас, чунки Аллоҳ таоло ўз махлуқотларидан ҳеч бирига ўхшамайди, яратганларидан бирортаси эса У зотга ўхшамайди. «Яди» араб тилидан бошқа тилларда «Аллоҳнинг қўли», «дасти Худо» тарзида қўлланилмайди,   ёки «яди» ўрнига қудрати ёки неъмати деб ҳам ишлатилмайди, чунки бунда Аллоҳ таолонинг бу сифати йўққа чиқарилган бўлади.

«Таборака» сўзи Аллоҳнинг баракоти, Унинг энг олийлиги маъноларини англатади. Аллоҳ таоло ушбу суранинг илк оятиданоқ Ўзининг баракоти, азамати ва қудратидан хабар беряпти. Барча оламларни (коинот, сайёралар, инсонлар, фаришталар, ҳайвонот, наботот, тоғу тошларнинг ҳаммасини) якка Унинг Ўзи яратган ва Ўзи бошқаради, тартибга солади. Оламлардаги ҳамма нарса ёлғиз Унинг измидадир, барча инсонлар албатта Унинг ҳузурига қайтишади. У ҳамма нарсага қодир, нимани хоҳласа қила олади, бунга ҳеч бир нарса тўсиқ бўлолмайди. У Ўз иродаси билан хоҳлаган бандасига мол-мулк ёки бошқа инъомини бериб қўйган, хоҳлаганига буларни бермаган. Агар Унинг иродаси бўлмаганида Коинот низоми издан чиққан, махлуқотлар ҳалокатга юз тутган бўлар эди.

 الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلاً وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ {2}الَّذِي خَلَقَ

2. (Эй инсонлар), қай бирингизнинг амаллари яхшилигини синаш учун У ўлим ва ҳаётни пайдо қилди. У қудратли ва кечирувчидир.

Аллоҳ таоло бандаларининг қандай амаллар қилгани, ким Парвардигорнинг амр-фармонларига итоатда турибдию, ким бўйинсунмай осийлик қилаётганини имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни ҳам яратган. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) бундай ҳадислари бор: «Албатта дунё ширин ва кўркамдир. Аллоҳ таоло шу дунёга эга қилиб қўйиб, қандай амал қилишингизни кузатади».

Олимлар ёзишича, ўлим икки ҳолатдир: биринчиси ҳали инсон туғилмасдан йўқликда тургани, иккинчиси эса туғилиб, яшаб, кейин вафот этгани. Ҳаёт ҳам икки ҳолатдир: биринчи ҳаётида ушбу имтиҳон ҳаётида юргани ва иккинчиси фоний дунёда қилган амаллари мукофоти ё жазосини кўрадиган охират ҳаётидир. Аллоҳ таоло қудратли, ҳар нарсага қодир, ҳар нарсадан устун, айни пайтда ўта меҳрибон ва раҳмли Зотдир. Имонли бандаси гуноҳларига пушаймон бўлиб астойдил тавба қилса, албатта кечиради, раҳматидан ноумид қолдирмайди. Унинг азамати яна шундаки, куфр келтирган ва мушрик кимсалардан бирортаси Унинг ғазабию жазосидан қочиб қутула олмайди. Чунки Ернинг устию ости ҳам, денгиз-уммонларнинг туби ҳам, етти қават осмоннинг энг олис нуқталари ҳам Уникидир! Ояти карима Аллоҳ таолонинг икки сифатини зикр этиш билан якунланади: Азиз ўта қудратли, барчанинг устидан  ғолиб, ҳеч бир нарса Унга бас келолмайди, дегани, Ғафур эса ўта кечиримли, кўп мағфират қилувчидир. Дарҳақиқат, ўта қудратли Аллоҳ бандаларига шунчалик меҳрибонки, улар гуноҳ қилгач, бўйнини эгиб тавба қилиб келса, Ўзидан кечиришни сўраса, улар гуноҳини кечиради, айбларини яширади.

الَّذِي خَلَقَ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ طِبَاقاً مَّا تَرَى فِي خَلْقِ الرَّحْمَنِ مِن

تَفَاوُتٍ فَارْجِعِ الْبَصَرَ هَلْ تَرَى مِن فُطُورٍ {3}

3. У етти осмонни устма-уст қилиб яратди. (Эй инсон), Раҳмоннинг яратишида бирор қарама-қаршилик кўрмайсан. Нигоҳингни қарат-чи, бирор нуқсон топармикансан?

Қуръондаги "осмон" сўзи нафақат бутун Борлиқ, балки осмон гумбазини ҳам изоҳлаб келади. Шу назарда тутилса, осмон гумбази ёки Ер атмосфераси етти қатламдан иборат экани аён бўлади: ҳозирги кунда атмосфера қатламлари ҳақидаги маълумотлар олимлар томонидан яхши ўрганилган. Бу ҳақда илмий нашрлардан бири бундай ёзади: "Олимлар атмосфера қат-қат жойлашган бир неча қатламдан иборатлигини аниқлашди. Ҳар бир қатлам бошқасидан аниқ хусусиятлари билан ажралиб туради. Бу хоссаларга уларнинг табиий хусусиятлари, босим ва таркибидаги газларни келтириш мумкин. Ер сатҳига энг яқини  тропосферадир. У Ер атмосфераси оғирлигининг 90 фоизини ташкил қилади. Ундан юқорида стратосфера, озоносфера қатламлари бўлиб, уларнинг вазифаси инсон учун зарарли ултрабинафша нурларни тутиб қолишдир. Улардан юқорида мезосфера, термосфера қатламлари бор. Энг юқорида ионосфера ва экзосфера жойлашган, экзосфера Ер юзасидан 450-960 км баландда"  (Ҳорун Яҳё. «Қуръон мўъжизалари», таржимонлар Ёқуб Умар, Асқар Шокир, 5-6-бетлар).

Яхшилаб тикилиб қара-чи, мана шундай қат-қат осмонларни яратган, унда Ер, Ой каби сайёралару беҳисоб юлдузларни жойлаб қўйган Аллоҳ таоло уларни яратишда бирор қарама-қаршиликка йўл қўйганмикин? Ояти каримадаги «тафовут» сўзи «қарама-қаршилик, фарқ» маъноларини билдиради. Ҳақиқатан яхшилаб фикр юрит: коинотдаги бирор жисм йўлини ўзгартириб, бир-бири билан тўқнашиб кетдими ёки бири иккинчисининг вазифасини бажаришга ўтдими? Коинотнинг бирор ерида дарз кетган ё ёрилган жойни кўрдингми? Қуёш бирор кун чиқмай қолдими ё ботиш жойини ўзгартирдими? Юлдузларнинг ўрни алмашиб қолдими? Осмонлар ўртасидаги тўсиқ қатлам тешилиб, Ер юзига осмон жисмлари ёғилаётгани ҳам йўқ-ку! Аллоҳ таоло бу борлиқни ана шундай мукаммал, бенуқсон яратган ва уни илоҳий низомга бўйсундириб қўйган.

يَنقَلِبْ إِلَيْكَ الْبَصَرُ خَاسِأً وَهُوَ حَسِيرٌ {4}  ثُمَّ ارْجِعِ الْبَصَرَ كَرَّتَيْنِ

4. Қайта-қайта нигоҳингни қаратавер, у барибир ноумид чарчаб қайтади.

Эй инсон, кўзларингни самога қайта-қайта қаратганинг билан Аллоҳ таоло яратган борлиқдан бирор хато, камчилик тополмайсан. Фақат осмонга қарайвериб кўзларингнинг толгани қолади, нигоҳларинг чарчаб, ҳеч нарса тополмай, ноумид бўлиб қайтади. Агар Аллоҳ таолонинг азамати ва қудратига заррача шубҳанг бўлса ёки У яратган коинот тизимидан бирор камчилик топаман, дея ўйлаётган бўлсанг, мана бу далиллар ҳақида бироз фикр юрит: Ер ўз ўқи атрофида соатига 1670 километр тезликда ҳаракатланади. Сен бошқараётган улов эса тезлигини нари борса 167 км. га чиқариши мумкин. Демак, курамиз автомобилнинг ўртача тезлигидан ўн баравар тез айланаётир. Бу энг замонавий баллистик қуролдан отилган ўқ тезлигига баробар. Еримиз Қуёш атрофида эса соатига 108 000 км. тезликда айланади, бу ўқ тезлигидан олтмиш баравар тезроқ, демакдир. Агар инсоният бундай тезликда парвоз қиладиган учоқ ўйлаб топганида бутун Ер курасини йигирма икки дақиқа ичида айланиб чиқса бўлар эди. Бу тезликлар ҳам ҳали ҳолва. Бизнинг Қуёш тизимимиз галактика маркази атрофида соатига 720.000 км. тезликда, таркибида миллиардлаб юлдуз бўлган галактикамиз эса тахминан 950.000 км. тезликда айланади. Бунинг устига галактикалар олам яралганидан буён жуда катта тезликда бир-биридан узоқлашиб боряпти (Морис Бокай. «Таврот, Инжил, Қуръон ва ҳозирги замон» («Ер ва осмонларнинг яратилиши» боби), Москва, 2001 йил).

 Шубҳа йўқки, бундай мураккаб ва шиддат билан айланаётган тизим ичида улкан фалокатлар ва тўқнашувлар эҳтимоли жуда катта. Бироқ, Аллоҳга шукр, ҳозиргача ҳеч қандай оламшумул фалокат юз бермади, фазодан еримизга қандай хавф келиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмай, хотиржам яшаяпмиз. Чунки бутун Коинот миллиардлаб йиллардан буён Парвардигор ўрнатиб қўйган дақиқ мувозанат қонунларига мувофиқ ҳаракат қиляпти. Худди шунинг учун ҳам, оятда айтилаётганидай, ана шу улкан Коинот тизимида бирор камчилик ё қарама-қаршилик топа олмайсан.

Хўш, шундай экан, Қуёш ва Ой орасидаги муносабатларни ким тартибга солади? Сайёралар ва юлдузларнинг муносабатларини ким бошқариб туради? Бунинг дақиқ ўлчовларини ишлаб чиққан ким? Шубҳасиз, коинотда кўз ва ақл ёрдамида кўриб турилган бу низомларнинг ҳаммаси ягона Яратувчи борлигига исботдир. Бу ояти карима Аллоҳ тавҳидига далолат қилувчи оятлардан саналади. Ҳақиқатан, коинотнинг бир эмас, бир неча яратувчиси бўлганида унинг низоми ўзгариб, ўлчовлар бузилиб кетган бўларди. Яратувчи кўп бўлганидан кейин уларнинг иродаси ва қонун-низомлари ҳам турлича бўларди. Булар турлича бўлганидан кейин ўзаро тўқнашувлар юз бериб, бутун коинот тизими ҳалокатга учрар эди. «Агар Аллоҳдан ўзга илоҳлар бўлганида осмонлару замин бузилиб кетарди, бас, Арш эгаси Аллоҳ улар сифатлаётганлардан покдир» (Анбиё, 22)

وَلَقَدْ زَيَّنَّا السَّمَاءالدُّنْيَا بِمَصَابِيحَ وَجَعَلْنَاهَا رُجُوماً لِّلشَّيَاطِينِ وَأَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَابَالسَّعِيرِ{5}

 5. Биз қуйи осмонни ёритқичлар билан безадик ва буларни шайтонларга қарши қурол ҳам қилдик. Уларга дўзах оташини тайёрлаб қўйганмиз.

Ерга яқин, инсонлар кўра оладиган қуйи осмондаги юлдузлар шунчаки само ярашиғи, зийнати бўлиб қолмай, инсонларга беҳисоб манфаатлар ҳам келтиради. Саҳоба Қатода ибн Нўъмон (розийаллоҳу анҳу): «Аллоҳ таоло юлдузларни уч нарса учун: осмонга зийнат қилиб, шайтонга отиладиган қурол қилиб, қуруқлик ва сувда йўл топишга аломат қилиб яратган», деган. Ҳақиқатан, компас, соат каби асбоблар ихтиро қилинишидан олдин одамлар юлдузларга қараб йўлларини аниқлашган, ибодат ва турмуш учун вақт ҳисобини чиқаришган, тақвимлар жорий бўлмасдан олдин кун, ҳафта ой, йилларни само жисмлари ҳаракатига қараб белгилашган. Юлдузларнинг хизмати бу билангина тугамайди, яна Аллоҳ жин ва шайтонларни учар юлдузлар (ружум) билан ҳайдаб, тошбўрон қилади. Ривоятларда келишича, жин ва шайтонлар осмондан фаришталарнинг сўзларини ўғирлаб, кейин бу хабарларни Ердаги инсонларнинг шайтонларига, яъни фолбин (турли усуллар билан фол очиб, ғайбни билишни даъво қилувчи), коҳин (шайтон ва жинлар билан алоқага киришиб, улар ёрдамида келажакни билиш даъвосидагилар) ва раммолларга (юлдузга қараб фол очувчилар) етказар экан. Инсонларнинг шайтонлари эса бу билан ғайбий (яширин) нарсаларни билиш, кишиларнинг келажак тақдирини айта олиш даъвоси билан уларни алдаб, қўрқитиб, пулини олади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керак, Ислом шариати бундай номақбул ишлардан қатъий қайтаради.  «Сизларга чўп билан фол очишингиз ҳаром қилинди» (Моида, 3). «Коҳинлик ҳаром, унинг пули ҳам ҳаром, коҳинликни ҳақ санаган кимса кофирдир, чунки бу ғайбни билишда Аллоҳга шерик бор, деб эътиқод қилишдир» («Ақоиди Насафийя» ҳошияси). Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда келишича, «Коҳинликдан сақланинг, зеро у ширкка чақиради, ширк ва унинг аҳли дўзахдадир» («Тафсироти Аҳмадийя»). Юқоридаги оятда яна таъкид қилиняптики, Аллоҳ таоло шайтонларни ҳам, одамларнинг шайтонлари бўлмиш фолбин, коҳинларни ҳам жазолаш учун дўзах оташини тайёрлаб қўйган.

Аллоҳ таолонинг коинот ва юлдузларни яратишдаги қудрати ва азаматини тўлароқ ҳис этиш учун биргина мисол келтирайлик: олимлар ҳисобича, коинотда миллиардлаб галактика (юлдузлар туркуми) ва уларнинг ҳар бирида шунчадан юлдуз бор. Галактиканинг миқёсини аниқлаш учун фикрлаб кўринг: бизга кўриниб турадиган Қуёш, Ой ва саноқсиз юлдузлардан иборат «Сомон йўли» галактикасига ўхшаш оламлардан борлиқда 200 миллиарди бор экан, уларнинг ҳар бирида эса шунчадан юлдуз бор. Юлдузларнинг кўпчилиги Еримизга ва Ойга ўхшаш сайёраларга, сайёралар эса ўз йўлдошларига эга. Уларнинг ҳар бири аниқ ҳисобланган йўналиш (орбита) бўйлаб ҳаракат қилади. Мана, неча миллион йилдирки, бу самовий жисмлар Коинотдаги бошқа жисмлар билан йўналишини мувофиқлаштириб, фазо бўйлаб бирдай ҳаракатланиб юрибди. Булардан ташқари, ўзига хос ҳаракат чизиғига эга миллиардлаб кометалар ҳам мавжуд (Морис Бокай. «Таврот, Инжил, Қуръон ва ҳозирги замон» китобининг «Ер ва осмонларнинг яратилиши» боби, Москва, 2001 йил). Аллоҳ таоло буларнинг ҳаммасини мукаммал, дақиқ низом билан яратган, буларнинг бирортаси Аллоҳ изнисиз ҳаракатини ёки жойини ўзгартирмайди.

وَلِلَّذِينَ كَفَرُوا بِرَبِّهِمْ عَذَابُ جَهَنَّمَ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ{6}

6. Парвардигорларига куфр келтирганларга дўзах азоби бор, у энг ёмон қайтиш жойидир!

Парвардигорларига куфр келтирувчилар, У зотга қандайдир бут-санамларни шерик қилувчилар ҳам жин-шайтонлар каби албатта дўзахга тушади. Дўзах шундай ёмон қайтиш жойики, унинг овозиёқ ҳар қандай одамни даҳшатга солади.

إِذَا أُلْقُوا فِيهَا سَمِعُوا لَهَا شَهِيقاً وَهِيَ تَفُورُ {7}

7. Улар дўзахга ташланганларида унинг бўкирган ҳолда қайнашини эшитишади.

Дўзахга ташланганлар унинг даҳшатли, хунук овозда бўкирганини эшитишади, биқирлаб қайнаб турганини кўришади. Оятда бу манзара «шақиқ» ва «тафур» сўзлари орқали баён этилган. «Шақиқ» ҳанграш, бўкириш маъноларини билдиради, маълумки эшак ҳанграганида хунук нафас олиб, шундай нафас чиқаради. Дўзахийларнинг азоб туфайли чекаётган дод-фарёдлари дўзах қаъридан ана шундай хунук эшитилади. Нега энди дўзахдан чиқаётган овоз эшак ҳанграшига ўхшатиляпти? Чунки куфр келтириб, золим бўлганлар дунёда ўзларини мутакаббир ва ҳаёсиз тутишса ҳам худди эшак каби аҳмоқликлари аён бўлиб қолди: имкониятларини қўлдан бой бериб, ҳақ йўлни топа олишмади ва оқибатда дўзахий бўлиб туришибди. «Тафур» эса дўзахнинг очкўзларча қутуриб, биқирлаб қайнашини англатади. Унга қанча гуноҳкорлардан иборат «ёқилғи» ташланса ҳам тўймай, яна сўрайверади.

تَكَادُ تَمَيَّزُمِنَ الْغَيْظِ كُلَّمَا أُلْقِيَ فِيهَا فَوْجٌ سَأَلَهُمْ خَزَنَتُهَا أَلَمْ يَأْتِكُمْ نَذِيرٌ {8}

8. У ғазабидан портлаб кетай дейди. Ҳар гал унга бир гуруҳ ташланса, дўзах посбонлари: «Сизларга огоҳлантирувчи келмаганмиди?» деб сўрашади.

Оятдаги «ғойз» қаттиқ ғазабни англатади. Дўзах гуноҳкорларга нисбатан шунчалик ғазабга минадики, ғазабининг зўридан ҳатто портлаб кетай, дейди. Дўзахнинг Молик бошчилигидаги ғазабнок посбонлари Аллоҳнинг амри билан жазо жойига келтирилган ҳар бир гуруҳдан: «Сизларни бу азоб-қийноқлар ҳақида огоҳлантирувчи пайғамбарлар, тўғри йўлга бошловчи олимлар юборилмаганмиди?» деб сўрашади.

قَالُوا بَلَى قَدْ جَاءنَا نَذِيرٌ فَكَذَّبْنَا وَقُلْنَا مَا نَزَّلَ اللَّهُ مِن شَيْءٍ إِنْ أَنتُمْ

إِلَّا فِي ضَلَالٍ كَبِيرٍ {9}

9. Улар: «Огоҳлантирувчи келган эдию, «Аллоҳ сизларга ҳеч нарса туширмаган, фақат қаттиқ адашяпсизлар», деб уларни ёлғончига чиқарган эдик», дейишади.

Дўзахийлар эса чексиз надоматлар билан: «Оҳ афсус, огоҳлантирувчи пайғамбарлар келиб, бизларни тўғри йўлга чорлаган, Аллоҳнинг азобидан қўрқитган эди. Аммо уларга ишонмабмиз, Аллоҳ сизларга ваҳий ҳам, кўрсатма ҳам туширмаган, бекор адашиб юрибсизлар, ҳатто бизларни ҳам адаштирмоқчи, ота-боболаримиз йўлидан чалғитмоқчи бўляпсизлар», деб уларни ёлғончига чиқарибмиз», дейишади.

وَقَالُوا لَوْ كُنَّا نَسْمَعُ أَوْ نَعْقِلُ مَا كُنَّا فِي أَصْحَابِ السَّعِيرِ {10}

10. Улар яна: «Агар ўшанда қулоқ солиб, ақлимизни топганимизда ҳозир дўзахийлар орасида бўлмасдик», дейишади.

Аллоҳ инсон наслини яратгач, барча замон ва маконларда ҳар бир одамга яхши ва ёмонни, фойда ва зарарни фарқлаш, тўғри йўлни топиш воситасини кўрсатган, яъни уларга пайғамбарлари орқали таълимотини етказиб турган. Аммо хатокор инсон кўп ҳолатларда исёнга бориб, пайғамбарлар даъватига қулоқ солмади, ҳақ йўлни топишга эринди, ўз осийлигини хас-пўшлаш учун пайғамбарларни ёлғончига чиқарди, сўзларига қулоқ солмади, ҳатто уларга жисмонан зулм ўтказди. Пайғамбарлар билан бир даврда яшамаган кишилар эса Аллоҳ таоло бериб қўйган ақл-идрокларини ишлатиб, ҳақиқатни англашлари керак эди. Аммо кўпинча бундай бўлмайди. Саркаш кимсалар пайғамбар даъватини эшитиб, Аллоҳнинг амр-ваҳийларини тинглаб туриб ҳам кўзларини очишмайди, залолат йўлларидан қайтишмайди, гуноҳларини тўхтатишмайди. Ояти каримада зикр этилганидай, дўзахга тушганларида афсус-надомат чекиб юргандан кўра, дунё ҳаётида ҳидоят йўлига бурилишса, Аллоҳнинг фармонларига бўйсунишса бўлмасмиди?!

فَاعْتَرَفُوا بِذَنبِهِمْ فَسُحْقاً لِّأَصْحَابِ السَّعِيرِ {11}

11. Улар гуноҳларига иқрор бўлишади. Дўзахийлар даф бўлсин!

Ўша куни ҳамма гуноҳига иқрор бўлади. Бундай қилмай иложи ҳам йўқ. Чунки ҳар бир кишининг фаришталар томонидан тўлдирилган номаъи аъмоллари (амал китоблари) келтирилгач, Аллоҳ ҳисоб-китобга тортганида  ҳамма гувоҳлик бериб турадию, гуноҳларига иқрор бўлишмасмиди?! Энди дўзахийларнинг ҳолига ачинадиган, уларга ёрдам берадиган, оҳ-войларини эшитадиган бирор кимса бўлмайди. Энди дўзахийлар даф бўлсин, йўқолсин, қуриб кетсин!

إِنَّ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُم بِالْغَيْبِ لَهُم مَّغْفِرَةٌ وَأَجْرٌ كَبِيرٌ {12}

12. Парвардигоридан ғойибона қўрқадиганларга кечириш ва улкан мукофотлар бор.

Оятдаги «билғойб» яширин, пинҳона, бошқалар назаридан четда маъноларини билдиради. Мўмин киши таъзимни, севгини, тавозеъни, улуҳиётни, ихлосни ёлғиз Аллоҳга йўналтириши керак. Бу эса одамлар кўзидан панада, хилватда ва узлатда холисроқ бўлади. Чунки инсон ёлғизликда Аллоҳни яхшироқ танийди, Унинг қудрати ва азаматини дилдан ҳис этади, ибодатларида хушуъ ва хузуъ пайдо бўлади. Ғойибона қўрқиш яна ушбу маъноларни ҳам ўз ичига олади: Аллоҳ таолони кўрмаса-да, Унга ишониш ва тоат-ибодатда бўлиш; кўринмай турган азобдан эҳтиёт бўлиш; одамлардан четда ҳам Аллоҳдан қўрқиш.

Тафсирларда келишича, Аллоҳ таоло бандалари ҳолидан хабар бериб айтяптики, мўминлар Мени кўрмай имон келтиришади, Менинг азаматим ва қаҳр-ғазабимдан ҳамиша қўрқувда бўлишади, мен бундай мўмин бандаларимнинг дунёдаги катта-кичик гуноҳларини кечираман, охиратда эса улкан мукофот билан тақдирлайман, яъни роҳат-фароғат диёри бўлмиш жаннатимга киритаман, бундан ҳам олий мукофотим эса уларнинг жамолимга мушарраф бўлиб, розилигимни топишларидир (доктор Ваҳба Зуҳайлий, «Тафсири Мунир»).

Баъзи муфассирлар «ғойибона қўрқадиган» жумласини «хилватда ёлғиз турганида ҳам, одамлар назаридан четда ҳам Аллоҳ таолонинг ҳисоб-китоби ва азобидан қўрқадиган, Уни ҳамиша ёд қиладиган» деб таъвил қилишган.

وَأَسِرُّوا قَوْلَكُمْ أَوِ اجْهَرُوا بِهِ إِنَّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ {13}

13. Хоҳ сирли, хоҳ ошкор сўзланг, барибир, Аллоҳ диллардагини билади.

Аллоҳ таоло Ўзи яратган бандаларининг мияларидаги хаёлларию дилларидаги сирларигача билиб туради. Шундай экан, Парвардигорга гуноҳ қилишдан сақланинг. Ошкора гуноҳ қилишдан қанчалик қўрқсангиз, пинҳона, яширин гуноҳ қилишдан ҳам шунчалик тийилинг. Чунки Аллоҳга яширин-ошкорнинг фарқи йўқ. Оятда «сир» сўзи «ошкор»дан олдин келган. Сабаби, қалбга нима келмасин, у олдин сир бўлади, кейин ошкорга айланади. Қалбларнинг эгаси бўлган қудратли Аллоҳ учун борлиқда ҳеч нарса яширин эмас.

Ушбу оятнинг тушиши ҳақида машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) бундай деган: «Бу оят мушриклар ҳақида тушган. Улар Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақорат қилишар, Жаброил алайҳиссалом эса уларнинг гапию ҳақоратларини Сарвари оламга етказар эди. Шунда улар бир-бирларини: «Сўзларингни пинҳона айтинглар, яна Муҳаммаднинг илоҳи эшитиб қолмасин», деб огоҳлантиришарди. Бунга жавобан уларга: «Хоҳ яширин, хоҳ ошкор сўзланг, барибир, ҳаммангизни яратиб қўйган Аллоҳ таоло дилларингиздаги сирларгача билиб туради», деб танбеҳ бериляпти.

يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ {14}أَلَا

14. Яратган зот билмасмиди? У сирларни билувчи ва баридан хабардордир!

Аллоҳ таоло бандаларининг ишларини, фикр-ўйларини, орзу-мақсадларини, ҳатто дилларидаги яширин сирларигача яхши билади. Чунки барча махлуқот каби инсонларни ҳам Унинг ўзи яратган. Аллоҳ таоло буларни билиб қолмай, бандаларнинг диний ва дунёвий ишларини тартибга солади. У Ўзи яратган қулларини ҳар томонлама билгани учун уларга нима яхшию нима ёмон бўлишини, нима фойдаю нима зарар келтиришини ҳам яхши билади. Тўғри йўлда юришларини истагани учун уларга ачинади, раҳм қилади, гуноҳларини кечиб меҳрибонлик кўрсатади, ризқ улашади, дуоларини ижобат этади. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан яна иккитаси -- Латиф (инсонлар идрок эта олмайдиган ишларнинг энг махфийини нозик жойларигача биладиган) ва Хобир (ҳамма нарсанинг ичи-ташидан хабардор) зикр этиляпти.

 

هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُالْأَرْضَ ذَلُولاً فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِن رِّزْقِهِ

وَإِلَيْهِ النُّشُورُ{15}

15. У сизларга Ерни бўйсундириб қўйди, Унинг Ерида кезиб, неъматларидан фойдаланинг, қайтишингиз ҳам Унгадир!

Ояти каримадаги «залул» сўзи «бўйсундириш, итоатгўй қилиш» маъноларини билдиради. Ҳақиқатан Аллоҳ таоло Ерни инсонларга ҳамма жиҳатдан бўйсундириб қўйган. Улар Ерни макон тутиб яшашади, унда сайр-сафарларга чиқишади, деҳқончилик қилиб, турли экинлар экишади, Ердаги сув ҳавзаларидан фойдаланишади, конларидан маъданлар қазиб олишади, ҳайвонот ва набототини истеъмол қилишади, ҳатто вафот этганларини ерга кўмишади. Ояти каримада зикр этиляптики, эй инсонлар, Аллоҳ таоло сизларга Ерни бўйинсундириб, ундаги неъматларни инъом этиб қўйган. Унинг Ерида бемалол кўчиб юринг, шаҳарлар ва уйлар қуринг. Деҳқончилик ва боғбонлик орқали турли экинлар экиб, мевалар етиштиринг, ҳаммаси сизга аталган. Ҳатто ер юзида тарқалиб юрган ҳайвонлару уммон-денгизлардаги сув жонзотлари ҳам сизга берилгандир. Парвардигорингиз ато этган бу ризқни енг, аммо булар улуғ Аллоҳнинг неъмати эканини унутманг, Унинг амр-фармонларини сўзсиз бажаринг, қайтарганларига яқинлашманг. Чунки албатта Унинг ҳузурига қайтиб бориш, ҳисоб-китоб қилиниш, қилмишга яраша мукофот ё жазо олиш ҳақдир. Дунё ҳаётида берилган озгина ҳаёт кечириш муҳлати сизни алдаб қўймасин.

Ушбу ояти карима таълим беряптики, Аллоҳ таоло Ер юзида яратган беҳисоб турфа неъматлар Унинг қудратига далолатдир. Унинг Ерида юриб, ҳалол касб орқали берилган ризқингизни териб енг. Лекин ризқ талабида ҳаракат қилишингиз Аллоҳга таваккул қилишдан тўсиб қўймасин. Умар ибн Хаттобдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда эди, У эрталаб оч чиқиб кетадиган, кечқурун тўқ қайтадиган қушларни ризқлантиргани каби сизларни ҳам ризқлантирар эди» (Имом Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривояти).

 أَأَمِنتُم مَّن فِي السَّمَاء أَن يَخْسِفَ بِكُمُ الأَرْضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ {16} 

16. Юксакдаги Зотнинг сизларни қимирлаб турган Ерга ютдиришидан қўрқмайсизларми?

Биз «юксакдаги» деб таржима қилган ибора оятда «фис-самаи» (яъни, осмонда) деб келган. Буни Аллоҳнинг жойи осмонда экан, деб тушунмаслик  керак. Чунки айрим мушаббиҳалар, яъни Парвардигорни турли нарсаларга ўхшатувчи нобакор кишилар ушбу оятни ҳужжат қилиб, Аллоҳга макон белгилашади. Аллоҳ замон ва макондан холидир. Муфассирлар ушбу оятнинг зоҳирига қараб маъно беришдан тийилишган. «Ақоиди Насафия»да айтилишича, «Аллоҳ чексиз, ниҳоясиздир. У қандай, қанақа, нима деб сўралмайди. У бирор маконда қарор олиб турувчи эмас. Унга вақт, замон дахлдор эмас».

Ояти карима огоҳлантиряптики, эй мушриклар ва имон келтирмаганлар, Қудрати олий Зотга барча махлуқотни бир лаҳзада Ерга ютдириш жуда осон иш, бу асло машаққат туғдирмайди. Масалан, Мусо алайҳиссалом даврида Аллоҳ таоло берган беҳисоб бойликнинг ҳидига маст бўлиб, кибр ва ношукрлиги туфайли исёнга кетган Қорунни ер ютмаганмиди? Қорун пайғамбар Мусога (алайҳиссалом) амакивачча эди. Тавротни яхши ўқиб-ўрганган, кимё илмини ҳаммадан кўра пухта эгаллаган, мисдан тилла, қўрғошиндан кумуш тайёрлаш сирларини яхши билгани учун ҳаддан ташқари бойиб кетган эди. Айтишларича, бойлиги шу қадар кўп эканки, хазиналарининг калити олтмишта хачирга юк бўлган экан. Бойлик қутуртирган барча инсонлар каби у ҳам мол-давлатига фахрланиб, мунофиқ, ҳасадгўй, мутакаббир кимсага айланди. Мусо алайҳиссалом Қорунга бойлигидан закот беришни таклиф этганида, у бахиллик қилиб, бундан бош тортади. Бу билан кифояланмай, бошқа бойларни ҳам пайғамбарга қарши қайради, ҳазрати Мусога туҳмат уюштириб, шарманда қилмоқчи бўлди. Шунда Мусо алайҳиссалом уни жазолашни сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилади. Аллоҳ қандай жазо беришни унинг ихтиёрига ҳавола этади. Ҳазрати Мусо ерга уни ютишни буюради. Ер Қорунни тиззасигача ютганида у ҳазрати Мусога ёлборишни бошлайди. Охири ер Қорунни ва у тўплаган бутун хазиналарни ютиб юборади. Бундан ташқари, халқи Аллоҳ амридан чекиниб, бузуқликка мубтало бўлган Садўм, Ғамура, Помпей каби шаҳарларни турли асрларда бутунлай ер ютгани тарихдан яхши маълум.

Инсонлар юрган Ер гўё зил-замбилдай оғир ва мустаҳкам туюлса ҳам, аслида у ҳамиша қимирлаб-тебраниб турадиган жуда беқарор, омонат ва мўрт маскандир. Йигирманчи асрдаги илмий тадқиқотларнинг бирида Ер пўстиннинг доимий ҳаракати тасдиқланиб, бундай дейилган: "Ер пўсти ва мантияси юз километр қалинликда бўлиб, "пластлар" деб аталган қисмлардан иборат. Олтита йирик ва яна кўпдан-кўп кичик пластлар мавжуд. Назарияга кўра, қитъалар ва океан қаърини кўтариб турган бу пластлар доимий ҳаракатда бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги кунда қитъалар йилига 1-5 см. га силжийди. Натижада, Атлантика океани йилига оз-оздан кенгайиб бормоқда”. Аср бошида Жануби-шарқий Осиёда рўй берган кучли тўфон ва зилзила оқибатида Ер ўқи жойидан анча силжиб қолгани кузатилди. Йилига курамизнинг турли жойларида содир бўлиб турадиган кучли ер қимирлашлар натижасида бутун-бутун шаҳар-қишлоқларни «ер ютаётгани» ҳам ушбу ояти карима ҳақиқатига далилдир.

 

أَمْ أَمِنتُم مَّن فِي السَّمَاء أَن يُرْسِلَ عَلَيْكُمْ حَاصِباً فَسَتَعْلَمُونَ كَيْفَ نَذِيرِ{17}

17. Ёки юксакдаги Зотнинг тош жаласи ёғдиришидан омондамисиз? Ҳали огоҳлантиришларимиз қандайлигини биласизлар.

Ёки Аллоҳ таолонинг осмондан тош ёмғири ёғдиришига ишонмайсизларми? Ахир, У Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун Маккага улкан филлари билан бостириб келган қўшин устига тош ёмғири ёғдириб, бир зумда титилган сомон каби парчалаб ташлаган эди-ку! Бу ҳодиса тарихга «Фил воқеаси» номи билан кирган. Аллоҳ таолонинг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом туғилган йили куфр келтирганларнинг катта лашкари Яман ҳокими Абраҳа бошчилигида Маккага кирди. Сон-саноқсиз қўшин қудратли филларга миниб олган бўлиб, улар йўлларида учраган ҳамма нарсани янчиб, яксон қилиб келарди. Шунда қизиқ воқеа рўй беради: Қурайш қабиласининг улуғи, Фахри коинотнинг боболари Абдулмутталиб босқинчига рўпара бўладилар. Абраҳа Абдулмутталибдан: «Нима ҳожатинг бор?» деб сўрайди. «Аскарларинг икки юзта туямни ҳайдаб кетибди», дейди у. Абраҳанинг ҳафсаласи пир бўлиб: «Ғалати одам экансан-ку, мен ота-боболаринг учун муқаддас саналган Каъбани бузгани келсаму сен арзимаган икки юзта туянгни сўрайсанми?» дейди. Шунда Абдулмутталиб: «Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг эса ўз Эгаси бор, асраб олади», дейдилар. Ҳақиқатан унинг айтгани бўлди: Каъбани бузишга ташланган филлар ерга ётиб олиб, ўрнидан бир қадам ҳам жилмади. Шу пайт Аллоҳ таолонинг иродаси билан Унинг ожизгина махлуқлари бўлмиш қушлар оғзида тош билан учиб келиб, аскарлар устига ташлайверди. Кимга тош теккан бўлса, танаси сомон каби титилиб, турган жойида ўлаверди. Жангда Абраҳанинг ўзи ҳам яраланиб, юртига боргач, ўша ерда ўлди.

Ваҳоланки, Аллоҳ таолонинг Ўзи инсон ва бошқа махлуқларни асраш учун Ерни турли офат ва балолардан ҳимоялаш тадбирини ҳам кўриб қўйган. Қуръон туширилган пайтда бу нарсани тушунмаган инсоният орадан бир неча асрлар ўтиб бунинг маъноси тагига етди. Олимлар ёзишича, мабодо Ерга тушгудай бўлса улкан ҳалокатлар келтириб чиқарувчи катта-кичик осмон жисмлари (метеоритлар) Еримизни ўраб, ҳимоялаб турган атмосферанинг юқори қатламида парчаланиб кетади. Шу билан бирга, атмосфера фазодан келаётган тирик организмлар учун хавфли, зарарли нурларни тутиб қолувчи  филтр ҳамдир. Аммо атмосфера қатламлари инсон учун зарур бўлган Қуёш нури, инфрақизил нурлар ва радиотўлқинларни бемалол ўтказиб юборади. Маълум бир миқдорда ўтган ултрабинафша нурлар ўсимликлардаги фотосинтез жараёни, шунингдек бошқа мавжудотлар ҳаёти учун ўта муҳим ҳисобланади. Қуёшдан келаётган улкан ултрабинафша нурлар оқимини озон қатлами филтрлайди. Атмосфера туфайли биз яшаётган Ер 270 даражагача етадиган коинот совуғидан ҳам ҳимояланган.

Коинотнинг хавфли "ҳужум"ларини ёлғиз атмосферанинг ўзи бартараф этмайди. Ер атрофида сайёранинг магнит майдони таъсирида юзага келадиган "Ван Аллен белбоғи" мавжуд. Қуёш ва бошқа самовий жисмлар доимий тарқатиб турадиган ҳаёт учун зарарли нурлар "Ван Аллен белбоғи" туфайли Ерга кира олмайди. Астрофизик, профессор Хю Росс "Ван Аллен белбоғи"нинг аҳамиятини бундай таърифлайди: "Ер Қуёш тизимидаги сайёралар ичида зичлиги энг катта сайёрадир. Еримизнинг кенг темир-никелли ядроси кучли магнит майдони ҳосил қилади. У эса, ўз навбатида "Ван Аллен белбоғи"ни вужудга келтиради. Бу "белбоғ" Ерни радиатсион ҳужумдан асрайди. Агар бу қатлам бўлмаганида Ерда ҳаёт бўлмас эди. Қуёш тизимида шундай "белбоғ" Меркурийда ҳам бор. Лекин Меркурийнинг магнит майдони Ерникидан 100 марта заиф. Фақат Ердагина "Ван Аллен белбоғи"дек радиатсион ҳимоя бор" (Ҳорун Яҳё. «Қуръон мўъжизалари», таржимонлар Ёқуб Умар, Асқар Шокир, 5-6-бетлар).

Маълум бўладики, Ерни мукаммал бир ҳимоя тизими ўраб турар экан. Милодий еттинчи асрда Аллоҳдан бу билимларни олган инсон етти аср ўтибгина унинг моҳиятини тушуниб етди. Аллоҳ таоло хоҳласа, бу ҳимояловчи атмосферани бир лаҳзада йўқ қилиб қўйиши мумкин, лекин нега инсонлар Унинг амр-фармонларига бепарво юришибди, Унга осийлик қилишяпти? Ҳаддан ошишмасин, Унинг огоҳлантиришлари бежизга бўлмаганини яқин орада билиб олишади.

وَلَقَدْ كَذَّبَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ فَكَيْفَ كَانَ نَكِيرِ {18}

18. Дарвоқе, улардан олдингилар ҳам ёлғончи қилишганди, жазолари нима бўлди?

Сизлардан олдин ўтган қанча-қанча қавмлар (Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб алайҳимуссалом қавмлари каби) ҳам Аллоҳ таолонинг ҳужжат-далилларига ишонмай, буларни олиб келган пайғамбарларни ёлғончига чиқаришган, уларни хўрлашган, ҳатто қатл қилишгача боришган эди. Оқибатлари нима билан тугаганини яхши биласизлар: Аллоҳнинг турли бало-офатлари келиб, барчаларини ҳалок қилди. Ибрат учун Парвардигорнинг Ўзи шаҳарлари қолдиғини сақлаб қолганини истисно қилганда, улардан бирор ном-нишон ҳам қолмади.

Дарҳақиқат, пайғамбарлар тарихига назар солсак, инсонлар ҳамиша исёнда бўлгани, ўзларига даъват ва ваҳий келтирган Аллоҳнинг элчиларига бўйсунишмагани учун охири бу дунёда чексиз азоб-кулфатлар, охиратда эса аламли жаҳаннам қийноқлари кутаётганидан огоҳлантирилган. Пайғамбар Нуҳ алайҳиссалом  қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этди. Акс ҳолда уларни аламли азоб кутаётгани ҳақида огоҳлантирди. Аммо гумроҳ қавм пайғамбарининг куйиб-пишиб қилган даъватларига қулоқ солмади, аксинча, уни ёлғончига чиқарди. Шунда Аллоҳ томонидан Нуҳ алайҳиссаломга бир кема ясаш, унга ўзи, иймон келтирганлар ва баъзи жонзотларни чиқариб олиб, нажот топиш буюрилди. Имонга келмаган золим қавм эса Аллоҳ таолонинг ҳукми илоҳийсига кўра, кучли тўфон ичра ғарқ қилиб юборилди.

Од қабиласига ўз биродарлари Ҳуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилди. У қабиладошларини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирди, турли бутларга сиғинишдан қайтарди. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини қайта-қайта уқтирди. Лекин жисмонан бақувват, баланд бўйли, қоматдор Од қавми ўз куч-қудратига мағрурланиб, Ҳуд алайҳиссаломни калака қилди. Оқибат Аллоҳ уларга қаттиқ қурғоқчилик азобини юборди. Бунинг устига бепуштлик дардига дучор қилди. Од қавми шу тариқа ҳалокатга учраб, йўқ бўлиб кетди. Бунинг устига кофир ва қайсар қавм қиёматгача лаънатга дучор бўлди.

Самуд қабиласига эса биродарлари Солиҳ алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилди. У ҳам қавмини ота-боболари сиғиниб келган бутларга ибодат қилишдан қайтарди, ягона Аллоҳнинг ўзига бандаликка ва итоатга даъват этди. Аммо бу исёнкор қавм ҳам пайғамбари даъватларига қулоқ солмади, аксинча ундан мўъжиза кўрсатишни талаб қилди. Мўъжиза туфайли харсанг тош туяга айлантирилганида Солиҳ алайҳиссалом  туяга тегмасликни уқтиради. Аммо улар пайғамбар огоҳлантиришига парво қилмай, туяни сўйиб юборишади. Бунга Аллоҳнинг қаҳри келиб, адашган ва иймонсиз қавм устига қаттиқ азоб юборди. Қавм умрида эшитмаган даҳшатли ва кучли қичқириқдан турган жойида тутдек тўкилиб, ҳалокат топди.

Ўзидан кейинги барча пайғамбарларнинг отаси ҳисобланган Иброҳим алайҳиссалом кўп худолилик кенг тарқалиб, бут ва тимсолларга сиғиниш авжга чиққан бир даврда дунёга келди. Ҳатто унинг отаси ҳам бутларга сиғинар, ўзи бут ясаб сотарди. Иброҳим алайҳиссалом ҳам қавмини ёлғиз Аллоҳга сиғинишга, Унинг амрига итоат этишга даъват қилди, бутларни синдириб ташлади. Аммо жаҳолатга ғарқ бўлган қавм унга қулоқ солиш ўрнига Иброҳимни ўтда куйдиришга қарор қилди. Ўша пайтдаги подшоҳ Намруд фармони билан Иброҳим алайҳиссалом бир ой ёқиб қўйилган катта гулхан қаърига улоқтирилди. Лекин у ўтдан эсон-омон чиқди, чунки Аллоҳнинг фармони илоҳийси билан олов уни куйдирмай омонда сақлаганди. Аксинча, золим ва жоҳил қавмга катта азоблар юборилди, подшоҳ Намрудга эса тузалмас бош оғриғи берилиб, ўша билан жони олинди ва дўзахий бўлди.

Лут алайҳиссалом Ўрдун мамлакати атрофидаги Садум, Ғамура ерларидаги аҳолини даъват қилишга юборилганди. Аммо бу ерлик аҳоли ахлоқан бузуқ, қароқчилик билан ном чиқарган эди. Бундан-да даҳшатлиси, энг жирканч одат – ливота, яъни баччабозлик касалига мубтало бўлганди. Залолатга ботган қавмни ҳидоятга бошлаш йўлида Лут алайҳиссаломнинг барча ҳаракатлари бесамар кетди. Қавм тузалиш ўрнига баттар бузуқлик, жирканч ишлар ботқоғига ботиб бораверди. Охири Аллоҳ таолонинг амри билан Лут алайҳиссалом оиласи (хотинидан ташқари) ва ўзига имон келтирган кишилар билан шаҳарни тарк этди. Хотини бузуқ қавм билан қолди. Лут ва унинг шериклари кўздан узоқлашгач, қавм устига Аллоҳнинг балоси ёғилди, шаҳар остин-устун бўлиб кетди, осмондан ёғилган сопол-тош парчалари остида бирон тирик жон омон қолмади (Ўрдунда бўлган сайёҳларнинг ерли мусулмонлар сўзига таяниб ҳикоя қилишича, Лут алайҳиссалом қавми ҳозирги Ўлик денгиз ва Лут ороли ўрнида яшаган ҳамда Аллоҳнинг лаънати теккан ўша ердаги денгизда бирор жонивор яшамас экан).

أَوَلَمْ يَرَوْا إِلَى الطَّيْرِ فَوْقَهُمْ صَافَّاتٍ وَيَقْبِضْنَ مَا

يُمْسِكُهُنَّ إِلَّا الرَّحْمَنُ إِنَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ بَصِيرٌ {19}

19. Тепаларида учаётган қушларнинг қанотларини қандай очиб-ёпаётганини кўришмайдими? Уларни Раҳмондан бошқа ушлаб турадиган йўқ, У ҳамма нарсани кўриб туради.

Осмонда қушларнинг қанотларини баъзан қоқиб, баъзан эса умуман йиғиштирган ҳолда парвоз қилишлари, чарчагач ерга тушиб, дам олишлари чинакам мўъжизадир. Бу нарса араб тилидаги «соффат» (қанотни ёйиш) ҳамда «яқбизн» (қанотни йиғиш) деган жуда гўзал иборалар орқали баён этилган. Аллоҳ таоло қушларнинг самода парвоз қилишлари учун уларга қанот қоқиш имконини берди, тана аъзоларини шунга мослади, уларни учишга ўргатди, ҳатто ризқларини ҳам ўша ерда таъминлади. Инсонлар ҳам бир вақтлар учишни орзу қилишган, бу йўлда тажрибалар ўтказишган, аммо барча уринишлари чиппакка чиққан. Аллоҳ кейин инсониятга учоқлар ясаб, уларда парвоз қилишни ўргатди. Парвоз қилаётган қушларни ҳам, инсон кашф этган учоқларни ҳам осмонда ёлғиз Аллоҳнинг ўзи тутиб, асраб туради. У нафақат қушларни, балки бутун мавжудотларни ҳам Ўз паноҳида асрайди. У ҳамма нарсани кўриб-билиб туради.

أَمَّنْ هَذَا الَّذِيهُوَ جُندٌ لَّكُمْ يَنصُرُكُم مِّن دُونِ الرَّحْمَنِ إِنِ الْكَافِرُونَ إِلَّا فِي غُرُورٍ{20}

20. Раҳмондан бошқа сизларга ёрдам берадиган бирор куч борми? Куфр келтирганлар ҳақиқатан адашишяпти.

Дунёдаги энг кучли армияларнинг қўшинлари ҳам, ақл бовар қилмас даҳшатли қуроллар ҳам, энг мустаҳкам ва метиндай қалъалар ҳам гуноҳкорларни Аллоҳ таолонинг ғазаби ва жазосидан қутқариб қололмайди. Инсонларнинг азобдан нажот топишларида Раҳмон (ўта меҳрибон) Парвардигордан ўзга ҳеч ким ёрдам беролмайди. Куфр келтирганлар эса, Унинг жазосидан турли йўллар ва воситалар ёрдамида, кимларнингдир мадади билан қутулиб қоламиз, деб ўзларини алдаб юришибди, ваҳоланки, улар қаттиқ адашишмоқда. Уларни ёлғончиларнинг энг ёлғончиси, гуноҳкорларнинг энг каттаси шайтон мана шундай алдаяпти. Улар эса шайтон алдовига учиб, залолат чангалзорларида адашиб-улоқиб юришибди.

أَمَّنْ هَذَا الَّذِي يَرْزُقُكُمْ إِنْ أَمْسَكَ رِزْقَهُ بَل لَّجُّوا فِي عُتُوٍّ وَنُفُورٍ {21}

21. Ёки ризқини тортиб қўйса, сизларга ризқ берадиган ким бор? Ваҳоланки улар саркашлик ва эътиқодсизликка ботиб бўлишган.

Аллоҳ таоло Меҳрибон ва Раҳмли сифати билан Ер юзидаги жамики мавжудотларга доимий ризқ бериб туради. У ризқ масаласида ҳатто инсонларнинг мўмини ва кофирини, гуноҳкори ва тақводорини ажратмай ризқ берверади. Фақат кимнидир кўпроқ, кимнидир озроқ ризқлантиради. Бордию У бирор сабаб билан ризқини бермай қўйса, инсонлар қандай аҳволга тушишаркин? Қурғоқчилик қилиб қўйса ё экинларига бирор офат юборса, инсонларга ким емиш топиб бера оларкин? Лекин жуда кўп гумроҳлар бундан ибрат олишмайди, ҳидоятга юз буришмайди, эътиқодларини ўнглашмайди. Улуғ ризқ берувчи Парвардигорларини танишга, Унга итоатда бўлишга шошилишмайди.

أَفَمَن يَمْشِي مُكِبّاً عَلَى وَجْهِهِ أَهْدَى أَمَّن يَمْشِي سَوِيّاً عَلَى صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ {22}

22. Бошини осилтириб адашиб юрган ҳидоятдами ёки қаддини тиклаб тўғри йўлда кетаётганми?

Ушбу ояти карима орқали куфр ва ширк ботқоғига ботган саркаш кимсалар ҳамда ҳидоятда юрган мўминлар мисолида жуда чиройли ўхшатиш қилинади. Куфр ва ширкка мубтало бўлганларнинг аниқ белгилаган йўли ҳам, мақсади ҳам, келажаги ҳам йўқ. Шунинг учун улар бошини эгиб, ерга қараб юради ва куфр зулмати ичра оёқлари остидагидан бошқасини кўрмайди. Улар руҳан қашшоқ бўлгани учун бугунинигина кўзлаб, дунёга фақат еб-ичгани, ўйин-кулги қилгани келганмиз, деб ўйлайди. Шунинг учун у йўлидан чиқиб қоладиган тўсиқни кўрмай, бирор чоҳга юзтубан йиқилиши мумкин. Улуғ саҳоба Қатода ибн Нўъмон (розийаллоҳу анҳу) сўзига қараганда, улар қиёматда ҳам бошлари эгик ҳолда бўлишади.

Қаддини ғоз тутиб, аниқ мақсадни (яъни, охират дунёсидаги чиройли оқибатни) кўзлаб кетаётган мўминлар эса Аллоҳ розилигини топиш учун У кўрсатиб қўйган нурафшон ҳидоят йўлидан дадил қадам ташлаб боришади. Улар дунё ҳаётида вақтинча меҳмон эканларини билишгани учун фақат ҳозирларини ўйламай, роҳат-оромларини кўзламай, қиёмат куни, ундаги ҳисоб-китоб, Аллоҳнинг мукофот ёки жазоси ҳақида кўпроқ бош қотиришади, фикр юритишади.

قُلْ هُوَ الَّذِي أَنشَأَكُمْ وَجَعَلَ لَكُمُ السَّمْعَ وَالْأَبْصَارَ وَالْأَفْئِدَةَ قَلِيلاً مَّا تَشْكُرُونَ {23}

23. (Эй Муҳаммад): «У сизларни яратиб, қулоқ, кўз ва ақлни бериб қўйган Зотдир, аммо сизлар оз шукр қиласизлар», денг.

Аллоҳ таоло Ўз Ҳабибига хитоб қилиб, мушрик ва куфр келтирганларга: «Парвардигорингиз сизларни яратиб, қулоқ, кўз ва ақл каби аъзо-туйғуларни бериб қўйган, аммо шундай улуғ Зотга нега шукр қилмайсизлар, қилсанглар ҳам жуда оз шукр этасизлар», дейишни буюряпти. Ҳақиқатан инсоннинг танасидаги бирор аъзоси ишламай қолса, у не кўйларга тушмайди, дейсиз! Тана ва аъзоларимизнинг мукаммал яратилгани, ҳар бир аъзоимизнинг бенуқсон ишлаётгани, ақл-идрок, ҳис-туйғулар ато этилгани учун Холиқимизга ҳамиша шукр айтишга, мақтов ва ҳамдлар йўллашга буюрилганмиз.  Энди бир тасаввур қилиб кўринг: икки қулоғимиз эшитмай қолса, гап-сўзларни, шовқин ва овозларни эшита олмай, ақлдан озиш даражасига келмаймизми? Ёки икки кўзимиз кўрмаса, биз бу ёруғ оламнинг гўзалликларию турфа рангларини, махлуқотлар қиёфасини, борлиқ-табиатда барқ уриб яшнаётган минглаб хил гул-чечакларнинг жозибасини кўра олармидик? Тун ва кунни фарқлай олармидик? Одамларни ажрата олармидик? Ёки бурун ҳид билиш қобилиятини йўқотса, автомобил ўтхонасидан чиққан бадбўй ис билан мушк-анбарнинг хушбўй ҳидини фарқлай олармидик? 

Инсоннинг дам олмай, чарчашдан «нолимай», ўз вазифасини сабот ва содиқлик билан бажарадиган ички аъзоларининг  ишлашига не дейсиз? Кечаю-кундуз тўхтамай, бутун тана аъзоларига тинмай иссиқ қон ҳайдаб, ҳаёт бағишлаб турувчи юракни ким шундай яратган? Еган овқатларимизнинг керакли, фойдали қисмини танага сингдириб, ортиқчасини чиқариб ташлайдиган ошқозон-ичакларимизни ким бошқариб туради? Ўрнини ҳеч нарса босолмайдиган ўпка, жигар, буйрак каби тана аъзоларимиз қайси қонунларга  бўйсуниб бу қадар итоаткорлик билан фаолият кўрсатади? Қолаверса, инсон дегани фақат моддий тана аъзоларидан иборат эмас-ку! Ундаги руҳ ва ақлнинг сир-синоатини инсоният ҳалигача англаб етгани йўқ ва бунга қодир ҳам эмас! Инсондаги руҳий олам, ҳис-туйғулар, фикрлаш, хаёл суриш, туш кўриш имконияти наҳотки ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган бўлса ёки тарбия жараёнида ўргатилган бўлса? Бу оний, ноёб хислатлар Аллоҳнинг инсонларга ато этиб қўйган ноёб неъматлари  эмасми? Буларнинг ҳаммаси учун Яратганга шукр айтишга, ҳамд-мақтовлар йўллашга буюрилганимз. Берилган неъматларга шукр қилиш фақат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсаларни билиш билан камолига етади. Зеро, шукрнинг маъноси Аллоҳ неъматларини ¤зи яхши кўрадиган ва рози бўладиган жойларга ишлатишдир. Бунинг акси куфроналик, яъни неъматларни тарк этиш ёки Аллоҳ ёмон кўрадиган ерларда ишлатиш бўлади.

قُلْ هُوَ الَّذِي ذَرَأَكُمْ فِي الْأَرْضِ وَإِلَيْهِ تُحْشَرُونَ {24}

     24. «У сизларни Ерда кўпайтириб қўйган Зотдир ва яна Унинг ҳузурида тўпланасизлар», денг.

Бошда бир ота, бир онани яратиб, улардан жамики инсон наслини тарқатган Аллоҳ таоло уларни турли тилларда сўзлашувчи ҳар хил халқ ва миллат қилиб кўпайтирди ҳамда Ер юзининг турли ўлкаларига тарқатиб қўйди. Мана, сизларга бўйсундириб қўйилган бу заминдан, ундаги бор ноз-неъматлардан фойдаланиб, бемалол яшайверинглар, бола-чақа қилиб-кўпайишинглар. Фақат бир нарсани асло эсдан чиқарманглар, нима амал қилманг, қандай ҳаёт кечирманг, бир куни албатта яна Аллоҳнинг ҳузурига қайтасиз. Қилган яхши-ёмон ишларингиз ҳисобини берасиз, шунга қараб ё Унинг мукофотига, яъни жаннатига мушарраф бўласиз ёки гуноҳларингизга тавба қилмаганлик туфайли жазосига гирифтор бўлиб, дўзахга тушасиз.

وَيَقُولُونَ مَتَى هَذَا الْوَعْدُ إِن كُنتُمْ صَادِقِينَ {25}

25. Улар эса: «Агар рост айтаётган бўлсангиз, ваъда қачон амалга ошади?» деб сўрашади.

Олдинги барча саркаш қавмлар каби Макка мушриклари ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қилган даъватларга ва огоҳлантиришларга қарши ҳамиша бирор сабаб-баҳонани рўкач қилишган. Чунки уларнинг кибри, ғурури, мартаба ва насаб билан фахрланиши Аллоҳнинг Расули келтирган ҳужжат-далилларни тан олиб, имонга киришдан тўсиб турарди. Бу ҳам етмагандай: «Гапларингиз рост бўлса, сиз қўрқитаётган азоблар қачон келади, қиёмат қачон содир бўлади?» деган бемаъни саволлар ҳам беришар эди. Бу саволлар уларнинг Аллоҳга, Унинг қудратига ва азобларига ишонмасликдан келиб чиққан эди. Ҳақиқатан Аллоҳга, пайғамбарларига, китобларига, қиёматга, ўлгандан кейин қайта тирилишга, қадарга ишонмаслик инсониятнинг энг катта хатосидир, кулфатидир, фожеасидир.

قُلْ إِنَّمَا الْعِلْمُ عِندَ اللَّهِ وَإِنَّمَا أَنَا نَذِيرٌ مُّبِينٌ {26}

26. «Бунинг илми Аллоҳ ҳузуридадир, мен фақат очиқ огоҳлантирувчиман», денг.

Аллоҳ таоло Ҳабиби Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг бундай саволларига: «Буларни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди, менга фақат сизларни бундан огоҳлантириш амр қилинган, холос», деб жавоб қилишга буюряпти. Барча даврларда бўлгани каби ҳозирги асримизда ҳам эътиқоди суст ё Ислом таълимотидан бехабар айрим кимсалар қиёмат ҳақида турли миш-миш ва ёлғонлар тўқиб, одамларни саросимага солиб юришибди. Ваҳоланки, бошқа ғайбий (яширин) нарсалар каби қиёматнинг ҳам қачон ва қандай бўлишини ёлғиз Аллоҳ таолодан ўзгаси билмайди.

فَلَمَّا رَأَوْهُ زُلْفَةً سِيئَتْ وُجُوهُ الَّذِينَ كَفَرُوا وَقِيلَ هَذَا الَّذِي كُنتُم بِهِ تَدَّعُونَ{27}

27. Азоб яқинлашганини кўрганларида эса куфр келтирганларнинг юзи қорайиб кетади ва уларга: «Мана сўраган нарсаларингиз!» дейилади.

Ўлгандан кейин қайта тирилишларига ишонмаганлар Аллоҳ таолонинг ваъда қилган куни келиб, ҳисобга тортилганида аҳволи нима бўлишини ўйлаб, қўрққанидан ва аламидан юзи қоп-қорайиб кетади. Шунда азоб фаришталари «Дунёда пайғамбарларга ишонмай, Аллоҳнинг азоби қачон келади, бизга уни кўрсат, деб сўрайверардинглар, мана энди сўраган нарсаларинг келди, энди нима бўлишини кўраверинглар», дея маломат қилишади. Ҳақиқатан, уларнинг ҳолига вой: дунё ҳаётида имон келтирганларни адашган деб ҳисоблаб, улар устидан кулиб, масхара қилиб юришган эди. Улар ҳақ экан, аслида адашганлар куфр келтирганларнинг ўзлари экан. Энди қиёмат соатлари яқинлашганда қилинган тавба-тазаррулардан фойда йўқ. Керилиб, босар-тусарини билмай, дунё лаззатларига ғарқ бўлган, имон эгаларини менсимай юрганлар йиғидан ва тиш ғижирлатишдан бошқа нарсага ярамай қолди.

قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِنْ أَهْلَكَنِيَ اللَّهُ وَمَن مَّعِيَ أَوْ رَحِمَنَا فَمَن يُجِيرُ الْكَافِرِينَ مِنْ عَذَابٍ أَلِيمٍ {28}

28. «Айтинглар-чи, Аллоҳ мени ва издошларимни ҳалок этса ёки раҳм кўрсатса, куфр келтирганларни қаттиқ азобдан ким қутқаради?» денг.

Макка мушриклари кун сайин кўпайиб бораётган мусулмонларни қандай йўқотишни билмай, Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) ва у зотга эргашган саҳобаларга тинмай ўлим тилашар эди. Гўё мусулмонлар батамом қирилиб кетишса, ўзларини ҳеч ким безовта қилмайди, ҳақ динга даъват этмайди, Аллоҳнинг жазосидан қўрқитмайди. Шунда Аллоҳ таоло Фахри Коинотга хитоб қилиб айтди: «Эй Муҳаммад, куфр келтирганларга бундай денг: «Бизларга ўлим тилаб ҳеч нарсага эриша олмайсизлар, аксинча биз, мўминлар икки гўзал оқибатга умид қилиб яшаймиз: улардан бири сизлар орзу қилгандек, дин йўлида ҳалок бўлиб, жаннатга кириш бўлса, иккинчиси омон қолиб, устингиздан ўзимиз умид қилган ғалабага эришишдир, ҳар икки ҳолатда ҳам мусулмонлар ҳеч нарса йўқотишмайди, балки фақат ютуққа эришишади. Сизлар эса куфрга ботган ҳолингизда кимдан ёрдам кутяпсизлар, ким сизларни бўлажак азобдан қутқара оларди?»

قُلْ هُوَ الرَّحْمَنُ آمَنَّا بِهِ وَعَلَيْهِ تَوَكَّلْنَا فَسَتَعْلَمُونَ مَنْ هُوَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ{29}

29. «У Раҳмондир, биз Унга иймон келтирдик, Унга суяндик. Сизлар эса яқинда ким адашаётганини билиб оласизлар», денг.

Куфр ва ширк зулматларида адашиб юрганлардан фарқли ўлароқ мўмин-мусулмонлар Раҳмон (ўта меҳрибон) сифатли Аллоҳ таолога имон келтиришгани учун ҳамиша Унинг ўзигагина сиғинишади ва суянишади, Ундангина ёрдам кутишади ва бу йўлда Унинг ризосини топишади. Итоатсиз гумроҳлар эса мўминларни адашувда, деб хотиржам юришибди, ваҳоланки қиёмат куни кимнинг адашаётганини билиб олишади. Аммо унда кеч бўлади, уларнинг қон-қақшаб чеккан афсус-надоматлари асло фойда бермайди.

Инсонлар икки тоифа бўлишади: Аллоҳга имон келтирганлар ва Аллоҳга ишонмайдиганлар. Куфрга ботганлар эътиқодидаги қусур амалдаги ёки касалликдаги камчилик каби бўлмайди. Эътиқоддаги хасталик жуда катта маънавий зарар келтиради. Инсон ўзини мусулмон санагани билан фикрида ва қалбида турли хасталиклар бўлиши мумкин. Ҳозирги жамиятларнинг энг катта хасталиги эътиқодсизликдир. Чунки инсонларнинг ахлоқини дин тарбиялайди, даволайди, ахлоқнинг манбаи диндир. Диннинг манбаи эса Аллоҳдан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрқиш эса барча жиноятлар ва ёвузликларнинг олдини олади. Имон, эътиқодсиз кишилар эса нафсига, шайтонга осонгина қул бўлади, бу икки ғанимнинг айтганидан чиқмайди. Имом Ғаззолий бундай деган: «Инсонлар кўзидан ғафлат пардаси олиб ташланса ва ҳақиқатга басират кўзи билан боқишса, афсус, бир қанчалари нафсларини бутга айлантириб сиғинишаётганини кўришади. Бу бут қаршисида шайтонлар қўл қовуштириб: «Буюр, нима амринг бўлса, бажараман», деб турар экан». Мана шундай кимсалар қаттиқ адашувдадир. Яқинда улар ўзларининг нақадар нодон эканликлари,  имтиҳон дунёсидаги ҳаётларини кайфу сафода беҳуда совурганларига афсуслар чекишади. Мўминлар эса, фақат Раҳмонга имон келтиришади, Унгагина суянишади, Ундангина қўрқишади.

قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِنْ أَصْبَحَ مَاؤُكُمْ غَوْراً فَمَن يَأْتِيكُم بِمَاء مَّعِينٍ {30}

 

30. «Агар сувларингиз ерга сингиб кетса, ким сизларга чашма сувларини чиқариб беради?»  денг.

«Тафсири Ҳусайний» ва «Тафсири фавоид»да зикр қилинишича, Ибн Таййиб исмли бир мунофиқ Аллоҳ таолонинг ушбу ояти каримаси тушганида «Ким чиқариб берарди, ўзимиз метин ва курак каби асбоблар билан қазиб келтирамиз-да» деб масхара қилганида кўзининг суви гавҳари билан  оқиб тушиб кўр бўлиб қолган. Яна шуни эслатиб ўтиш зарур, қачон юқоридаги оятни ўқиганда ё эшитганда махфий овозда «Аллоҳу Роббуна ва Роббул оламин» дейиш мустаҳабдир. Агар Холиқи Зулжалол бирор неъматини тортиб олиб қўйса, бутун дунё одамлари тўпланиб ҳам буни қайтаришга қодир эмас. Улкан-улкан саҳро ва чўллар сув йўқлиги туфайли обод бўлмай ётибди. Бир ўлкада сув тошиб, одамлар қочгани жой тополмай қийналса, бошқа бир ўлкада жонзотлар бир ҳовуч ичимлик сувига зор. Яқинда «ойнаи жаҳон»да бир қизиқ ҳодисани кўрсатишди: Тинч уммонидаги кичикроқ бир орол аҳолиси асосий тирикчилиги балиқ овлаш экани, аммо кейинги пайтда балиқ умуман илинмай қолгани учун шундоқ гўзал ва обод ватанларини тарк этишга мажбур бўлишаётгани ҳақида шикоят қилди. Ҳатто ўзларича бунинг сабабини ҳам топиб: «Одамларимиз бузилиб кетгани учун Худонинг қаҳрига учрадик», дейишди.

Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло биргина сув мисолида Ўзининг қудрати ва азаматига эътиборни жалб қилмоқда. Қуръони каримнинг бир неча сурасида Парвардигор Ерга аниқ бир ўлчовда ёғин ёғдиришини зикр этган. Агар Аллоҳ таоло бир йилгина Ерга умуман қор-ёмғир ёғдирмай қўйса ёки керагидан ортиқча ёғдирса, бунинг оқибати нима билан тугашини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Буни,  айниқса, бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган табиий офатлар ва балолар мисолида кўриш мумкин. Агар сувларингиз ерга сингиб, йўқ бўлиб кетса, Аллоҳдан ўзга ким уни чиқариб бера олади? Аллоҳдан бошқа ким дарё-сойларингиз сув оладиган чашма-булоқларга сув етказиб туради? Айниқса, ҳозирги асримизга келиб ичимлик сув муаммоси жиддийлашганида ояти кариманинг илоҳий ҳикмати янада ойдинроқ кашф бўляпти. Инсон вужуди ҳамиша сувга муҳтож, чунки росмана одам танасида қирқ беш литр сув бўлади. Инсон сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Еримизда сув етарли бўлса-да, бугун инсоният ичимлик сув тақчиллигидан азият чекяпти. Сифатли ичимлик суви камлигидан дунёда йилига ўн миллион одам вафот этяпти, ярим миллиард киши касал бўляпти. Жаҳон аҳолисининг олтидан бири ҳозир тоза ичимлик сувига муҳтож.

Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикматини қаранг, У табиатдаги сув айланишини ҳам аниқ меъёрга солиб қўйган. Мутахассислар  ҳисобича, Ер сатҳидан бир сонияда 16 миллион тонна сув буғланади, бу миқдор йилига 505 триллион тоннага етади. Энг қизиғи, Ерга ёғадиган ёмғир миқдори ҳам айнан шунчани ташкил этар экан. Демак, табиатдаги сув айланиши бир хил меъёрда ва миқдорда давом этади (Ҳорун Яҳё. «Қуръон мўъжизалари», таржимонлар Ёқуб Умар, Асқар Шокир, 9-бет).

Ердаги ҳаёт ҳам сувнинг мана шундай айланишига боғлиқ. Инсон энг замонавий технология имкониятларини ишга солиб ҳам бу жараённинг бирор қисмини сунъий равишда амалга ошира олмайди. Сув айланиши меъёрининг озгина ўзгариши ҳам жуда катта табиий номутаносибликка олиб келади. Аммо, бу ҳеч қачон содир бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло ёмғирни аниқ ўлчов билан ёғдиришга ваъда берган: «Ўша Зот осмондан ўлчов билан сув ёғдирди» (Зухруф, 11). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мана бу дуони мунтазам ўқиб юрганлар: «Сувни Ўз раҳмати билан чучук қилиб қўйган, гуноҳларимиз сабабли шўр ва аччиқ қилиб қўймаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!»

 

СУРАНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Мулк сураси фазилатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳнинг Китобида ўттиз оятдангина иборат бир сура бор, уни (ўқиб амал қилиб юрган кишини) у шафоат қилади, ҳатто қиёмат куни дўзахдан чиқариб, жаннатга киритади, бу «Таборакаллази би ядиҳил мулк» сурасидир», деганлар (Имом Термизий ривояти).

Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуръондаги бир сура эгаси ҳақида тортишиб, ҳатто уни жаннатна киритади, бу сура «Таборакаллази би ядиҳил мулк»дир», деганлар (Табароний ва Ҳофиз Зиё Мақдисий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мулк сураси азобни қайтарувчидир, нажот берувчидир, қабр азобидан қутқарувчидир», деганлар» (Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: «Маййит қабрга қўйилганидан сўнг (азоб фаришталари) оёқ тарафидан келишса, оёқлари: «Сизларга бунинг олдига келишга йўл йўқ, чунки у кечасидаги намозда Мулк сурасини ўқирди», дейишади. Агар бош тарафидан келишса, тили: «Бунинг олдига келишингизга йўл йўқ, чунки у мен билан Мулк сурасини ўқирди», дейди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мулк сураси ҳар бир мўмин қалбида бўлишини (яъни, ёд олишини) истардим», деганлар. Яна бир ҳадисда келишича, Фахри коинот Бақара, Сажда ва Мулк сураларини ўқимасдан уйқуга ётмас эдилар.

Орқага Олдинга