loader

068. Қалам (Нун) сураси

Маккада тушган, 52 оятдан иборат

Ушбу сура Маккада тушган биринчи суралардан, Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) ривоятига кўра, Алақ сурасидан кейин нозил бўлган.   Бу сура ҳам бошқа маккий суралар қатори соф исломий ақида масалаларидан расуллик ва набийлик, қайта тирилиш ва охират дунёсининг ҳақлиги, қиёмат куни мусулмонлар ва куфр келтирганларнинг борар жойлари, куфр ва ширк аҳлининг Аллоҳ таоло амрларига осийлиги кабиларни таҳлил қилади. Сура аввалида Аллоҳ таоло инсон зотига ато этган буюк неъмати – қалам ва у билан ёзилган битикларга қасам ичиб, Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг Макка мушриклари ҳасад, адоват билан у кишига тақаётган туҳмат – мажнунлик айбидан пок эканларини уқтиради ва у зотнинг улуғ хулқ устида эканларини таъкидлайди. Сурадан бахиллиги сабабли бор нарсаларидан айрилган бир қавм тўғрисидаги ибратли масал ва Зуннун (Юнус алайҳиссалом) қиссаси ҳам ўрин олган.

Суранинг қалам ва у битадиган нарсаларга қасам билан бошланишининг улуғ ҳикмати бор. Қуръони карим инсонларга индирилаётган даврда Арабистон яриморолининг аҳолиси ичида ўқиш-ёзишни биладиган одам деярли йўқ эди. Ҳатто Пайғамбаримизнинг ўзларида ҳам савод бўлмаган. Қуръони каримнинг илк оятлари Алақ сурасидаги «Ўқинг, Парвардигорингиз номи билан ўқинг» амри билан туширилишида, иккинчи суранинг илк оятлари эса «Қаламга ва у ёзадиган нарсаларга қасам» билан бошланишида катта илоҳий ҳикмат бор. Аллоҳ таоло бу билан Қуръоннинг илм китоби, Исломнинг илм-маърифат дини, Муҳаммад алайҳиссалом илм пайғамбари эканларини далил қилмоқда, инсонларни илм-фанни чуқур эгаллаб, Ўзини яхшироқ танишга чақирмоқда. 

 

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан)

ن وَالْقَلَمِ وَمَا يَسْطُرُونَ {1}

1. Нун. Қаламга ва у ёзадиган сатрларга қасам.

Ушбу суранинг биргина «нун» ҳарфи номи билан бошланиши ҳам Аллоҳ таолонинг ғайбий сирларидандир. Баъзи муфассирлар «нун»дан мурод Лавҳул Маҳфуздир, дейишади, айримлари эса бу алифбо ҳарфидир,  танбеҳ бериш, огоҳлантириш хизматини ўтайди, деб ҳисоблашади, баъзи олимлар «нун» деганда сиёҳдон назарда тутилган (Табарий), деган фикрдалар. Аммо Розий ва Замахшарий бунга қўшилишмайди. Аллоҳ таоло сирларини Ўзи билади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча сураларида эътибор қаратилиши зарур бўлган ўта муҳим ва бандаларга манфаатли нарсалар номига қасам, дейди. Ушбу сурада эса қалам ва у ёзадиган сатрлар номига қасам, деяпти. Нега айнан қалам номига? Чунки Аллоҳ таоло ушбу қасам орқали Ислом динига эргашувчи, асосан саводсиз бўлган қавмларни ўқиш-ёзишни ўрганишга, Қуръонни ёзиб олишга ва инсонларга илм бериш билан Ислом ва унинг таълимотини Ер юзида ёйишга чақирмоқда. Бу қасамнинг яна бир муҳим жиҳати шуки,  қалам дунёда энг олдин, ҳатто еру осмон ва махлуқлар халқ қилинмасидан бурун яратилгандир. Бу ҳақда Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бир неча ҳадиси шарифлар ривоят қилинган: Убода ибн Сомитдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳнинг (солллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ яратган нарсаларнинг энг биринчиси қаламдир, Аллоҳ унга «ёз!» деб буюрди, шу онда ҳамма нарса ёзилди», деганларини эшитганман». Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) бундай ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Аллоҳ яратган нарсаларнинг энг биринчиси қадамдир, унга ҳамма нарсани ёзишни буюрди», деганлар». Ато бундай деганлар: «Мен Валид ибн Убода ибн Сомитдан: «Отангиз ўлими олдидан нимани васият қилган?» деб сўраганимда, Валид бундай жавоб қилган: «Отам мени ёнларига чақириб: «Эй ўғлим, Аллоҳдан қўрқ, билки, ёлғиз Аллоҳга имон келтирмагунингча ва тақдирнинг яхшилиги ҳам, ёмонлиги ҳам Аллоҳдан деб билмагунингча илм ўргана олмайсан, Аллоҳдан ҳам қўрқмайсан. Мен буни Расулуллоҳдан эшитганман. У зот бундай деганлар: «Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан олдин қаламни яратди ва унга «ёз!» деб буюрди. Қалам: «Парвардигоро, нимани ёзай?» деб сўради. Аллоҳ унга «Қадарни ёз!» деди. Қалам шу заҳоти бўлган ва қиёматгача бўладиган ҳамма нарсани ёзди». Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ яратган нарсаларнинг биринчиси қаламдир. Сўнг нунни (сиёҳдон) яратди. Кейин Аллоҳ: «Амал ёки асар ё ризқ ёхуд ажалдан иборат нарсаларни ёз!» деди. Шунда қалам қиёмат кунигача бўлган ва бўладиган нарсаларни ёзди. Сўнгра Аллоҳ таоло қаламни муҳрлади. У қиёмат кунигача гапирмайди», деганларини эшитганман» (Ибн Асокир ривояти).

مَا أَنتَ بِنِعْمَةِ رَبِّكَ بِمَجْنُونٍ {2}

2. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фазли туфайли мажнун эмассиз;

Бу ояти карима Валид ибн Муғийра, Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб каби Макка мушрикларининг ҳазрати Муҳаммадни (алайҳиссалом) мажнун, яъни ақлдан озган деб ўйлаган фикрларига ва тарқатган туҳматларига раддиядир. Илоҳий ваҳийларни инкор этган дин душманлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг далил-ҳужжатларини етказганларида у зотга ҳасад ва адоват туфайли Аллоҳ таоло ваҳийларини ёлғонга чиқаришди, «буларнинг бари ўтмишдагиларнинг афсоналаридан бошқа нарса эмас», дея туҳмат қилишди. Бундай гапларни сўзлаётган пайғамбарнинг ўзи ақлдан озган, ҳатто нима деяётганини англамайдиган мажнун, дейишгача боришди. Аллоҳ таоло уларнинг бу қилмишларига жавобан Ўзининг суюкли Ҳабибига тасалли беряптики, сиз мушрикларнинг иғволаридан тушкунликка тушманг, Аллоҳ Ўз фазли билан сизни бутун оламларга раҳмат қилиб юборган, сизни инсонларнинг энг гўзал хулқлиси, энг комили ва фозили қилиб яратган, сиз улар туҳмат қилаётганидек, асло мажнун эмассиз! Ахир ақли йўқ одам Аллоҳ таолонинг ваҳийларини оқизмай-томизмай, мукаммал ҳолатда инсониятга етказишга қодир бўла  олардими?! Мажнун киши нафақат маккаликларни, балки бутун дунёдаги инсонларни тўғри йўлга, тавҳид ва ҳидоят йўлига чорлай олармиди?! Дин душманларининг нияти Аллоҳ элчисини жиннига чиқариш орқали Унинг рисолатини нотайин кишига туширган, деган баҳона билан тан олмаслик эди.

وَإِنَّ لَكَ لَأَجْراً غَيْرَ مَمْنُونٍ {3}

3. сизга тугамас мукофот бордир;

Яъни, эй суюкли Пайғамбар, нубувват вазифаларини кўтарганингиз, даъватни етказишда турли машаққат ва қийноқларга сабр этганингиз учун Парвардигорингиз ҳузурида улкан мукофотлар ва савоблар бор. Булар сира тугамайдиган, давомлидир, улар учун сизга асло миннат ҳам қилинмайди.

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ {4}

4. албатта сиз ниҳоятда хушхулқлисиз.

Ояти каримадаги «хулқ» сўзи кишининг феъл-атвори, одоби, фазилатли хислатлари, кайфияти маъноларини билдиради. Абдуллоҳ ибн Аббос хулқни кишининг динига қиёслайди. Аллоҳ ҳам, Унинг севимли Пайғамбари ҳам ахлоққа жуда катта эътибор беришган. Зеро, ҳар бир мусулмондан, айниқса, Аллоҳга ва Унинг динига чақирувчилик масъулиятини зиммага олган насиҳатчи инсондан шундай ахло-одоб талаб қилинади. Чунки буларсиз насиҳатчининг иши самарасиздир. Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо)  ривоят қилинади: «Ҳеч кимнинг хулқи Расулуллоҳникидан чиройли эмасдир. Саҳобалардан ёки аҳли байтдан бирор киши у зотни чақирса, «лаббайка» дер эдилар. Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни туширди». Яъни, инсониятга илоҳий ваҳийни етказиш йўлидаги қийинчиликларга бардош беришингиз, қавмингиз етказадиган озорларга чидашингиз учун Аллоҳ таоло сизга чиройли хулқни (макоримул ахлоқ) ато этди.

Ҳақиқатан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом хулқу одобда инсонларнинг энг афзали эдилар ва бу билан бутун Ислом умматига қиёматгача ибрат бўлиб қоладилар. У зотнинг  гўзал хулқу одоблари, ҳалимликлари ва кечиримлиликлари, ростгўйликлари ва омонатдорликлари, камтарликлари ва ҳаёликлари, шижоатлари ва саховатлари, адолатпарварликлари ва барчага баробар яхшилик қилишлари ҳаммага намуна эди. Расули акрамда инсон фитратидаги барча гўзал феъл-атвор мужассам эди. Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) ўзлари: «Мен чиройли хулқларни камолига етказиш учун юборилганман», деганлар. Ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо) Набийнинг (алайҳиссалом) ахлоқлари ҳақида сўралганида: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ахлоқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад). Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло яратилишингизни ҳақиқатан чиройли қилган кишиларсиз, энди хулқингизни ҳам чиройли қилинг», деганлар. Яна у зот: «Қиёмат куни хулқи чиройлигингиз менга энг суюмли ва энг яқин бўласиз», деганлар. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) яна бундай ҳадислари бор: «Ахлоқи гўзал киши имони мукаммал мўминдир. Уларнинг энг яхшилари эса аёлларига гўзал муомалада бўладиганларидир». Абдуллоҳ ибн Умар (розийаллоҳу анҳу) бундай деганлар: «Расулуллоҳ: «Аллоҳим, Сендан саломатлик, офият ва чиройли хулқ сўрайман», деб кўп дуо қилар эдилар».

فَسَتُبْصِرُ وَيُبْصِرُونَ {5}

5. Яқинда кўрасиз, улар ҳам кўришади:

بِأَييِّكُمُ الْمَفْتُونُ {6}

6. қай бирингиз мажнун эканини.

Бироз сабр қилиб туринг, улар ҳам андак кутиб туришсин, яқинда ҳамма нарса очиқ-равшан бўлади. Қиёмат куни келганида кимнинг мажнун эканини Аллоҳ таоло яққол кўрсатиб қўяди.Аллоҳ таолонинг динини инсонларга етказиш, уларга буюк Парвардигорларини танитиш вазифаси билан юборилган Аллоҳ таолонинг севимли Дўсти, Коинот фахри, Оламлар сарвари, охирзамон пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом мажнун бўлармиди?! Аксинча, Аллоҳ таоло Ўз элчиси орқали Ҳақиқатни очиқ-ойдин кўрсатиб, илоҳий ваҳийларни бирин-кетин тушириб турса ҳам, ҳасади, кибри, хусумати туфайли Ҳақ динни тан олишни истамаётган, куфр ва ширк йўлини танлаб, Аллоҳ элчисига туҳмат-иғволар уюштираётган, оқибатда дунёси ва охиратини барбод қилиб, дўзахдан ўзига жой тайёрлаётган кимсалар аслида ақлдан озмаганми?!

إِنَّ رَبَّكَ هُوَأَعْلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ {7}

7. Ким йўлдан озгану, ким ҳидоятда юрганини Парвардигорингиз Ўзи яхши билади.

Инсонларнинг нима яхшию нима ёмон, қайси йўл тўғрию, қай бири кулфат ва хорлик манзилига элтиши борасидаги тушунчалари ва ўлчовлари бузилиб кетган. Чин йўл Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали инсониятга кўрсатиб қўйган тавҳид, Аллоҳни таниш, ҳидоят йўлидир. Чунки инсонлар Аллоҳнинг буюклиги ва қудратини англашмас экан, Унинг ризосини исташмас экан, Парвардигорнинг яратиш ҳикматини тушунолмай, икки дунёларини ҳам бой беришади. Фақат ёлғиз Аллоҳгина инсоният тарихини бошидан-охиригача, ўтмишу келажагигача яхши билади. Бандалар дилидаги, тилидаги, ҳатто хаёлидаги яширин-ошкора нарсаларгача барини билиб туради. Унинг қудратли қамровидан, қиёматдаги қаттиқ жазоларидан ҳеч ким, ҳеч бир жонзот қочиб қутула олмайди. Ким йўлдан озиб, Аллоҳ таоло фармонларини инкор қилган ҳолда залолат ва гуноҳ чангалзорларида адашиб юрибдию ким тўғри йўлни топиб, Аллоҳга итоатда, ибодатда, тақвода юрибди, буларнинг ҳаммасини Парвардигорингизнинг Ўзи кўриб-билиб туради.

فَلَا تُطِعِالْمُكَذِّبِينَ {8}

8. Инкор қилувчилар сўзига кирманг!

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали юборган ваҳийларни инкор қилувчи Ҳақ душманлари кўпинча гумроҳликлари туфайли Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини аладаяпмиз, деб ўйлашадию, аммо аслида ўзларини алдаб юрганларини билишмайди. Эй Пайғамбар, бу алдоқчи, ёлғончи ва иккиюзламачи, золим кимсаларнинг гапига кирманг, уларнинг ваъдаларига алданманг. Улар сизни лақиллатиш, йўлингиздан чалғитиш учун ҳар қандай разилликдан, алдамчиликдан, ёмонликдан қайтмайди. Чунки ахлоқсиз ва тубан кимсалар бўлгани учун уларга муқаддас нарсанинг ўзи қолмаган. Уларда шахсий манфаат ҳисси, кибр, худбинлик, ҳасад, душманлик шу қадар кучлики, қанчалик эътиборли далил-ҳужжатларни келтирсангиз ҳам, буларни асло инобатга олмайди.

وَدُّوا لَوْ تُدْهِنُ فَيُدْهِنُونَ {9}

9. Улар ён берсангизгина ўзлари ҳам ён беришни хоҳлашади.

Уларнинг мақсади аниқ: нима қилиб бўлса-да, сизнинг эслатма-огоҳлантиришларингизни инкор этиш, йўлингизга юрмаслик, ҳақиқатдан юз ўгириш. Бу йўлда улар турли ҳийла-найрангларни ҳам ўйлаб топади. Улар баъзи диний ишларда сизга ён бермоқчидай кўринса ҳам, аслида уларнинг асл ғаразлари тамоман бошқача. Масалан, улар олдингизга келиб: «Бир кун сен бизнинг бутларимизга сиғин, кейинги куни биз сенинг илоҳингга сиғинайлик, сен бизларнинг бутларимизни мақтасанг, биз ҳам сенинг Худойингни мадҳ қилайлик», деб ён бермоқчи, хушомад қилмоқчи бўлишади. Бизнинг динимиз ҳам, сенинг дининг ҳам бир, ҳаммаси Худонинг дини бўлгач, кел, бирлашиб ибодат қилаверайлик-да, деган таклифларни ҳам айтишади. Бари Аллоҳнинг дини бўлгач, масжидда намоз ўқидию, бутхонада ибодат қилди, бунинг нима фарқи бор, дея тилёғламалик қилишади. Икки қарама-қарши томонни тотувликка чорлашдай бўлиб кўринган бу таклифлар қанчалик осон ва жозибали кўринмасин, мусулмонлар бундан огоҳ бўлиб, ўзларини четга тортишлари керак. Куфр ва имон, ҳидоят ва залолат ажраб бўлган, кофирлар ва мўминларнинг йўллари, мақсадлари айричадир. Агар чин имон ва Аллоҳ розилигини истасангиз, Аллоҳ душманларининг алдовига учманг, уларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб, ён берманг. Тарихдан маълумки, Аллоҳнинг душмани Абу Жаҳл каби мушриклар доимо Пайғамбаримизга амалга ошмайдиган келишув ва сулҳ таклифлари билан келиб, ҳар гал мусулмонларга хиёнат қилиб кетишар эди. 

وَلَا تُطِعْ كُلَّحَلَّافٍ مَّهِينٍ {10}

10. Гапига кирманг ҳар қандай пасткаш ёлғончи-қасамхўрнинг:

Ушбу ояти каримадан бошлаб инсон фитратида учрайдиган ўнта ёмон иллат баён этилади. Кўпчилик уламолар: буларнинг ҳаммаси маккалик дин душмани Валид ибн Муғийрада бўлган, бу оятлар ўша кимса ҳақида тушган, дейишади. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), ҳар қандай пасткаш, ҳар сўзида ёлғон ишлатадиган, бўлар-бўлмасга қасам ичаверадиган Валид каби мушрикларнинг сўзига ишонманг, улар айтган таклифларига кўнманг. Чунки улар ёлғончи, қасамхўр бўлгани учун гапининг заррача эътибори йўқ. Дарҳақиқат, ёлғончилик, қасамхўрлик энг қаттиқ гуноҳлардан саналади.

هَمَّازٍ مَّشَّاء بِنَمِيمٍ {11}

11. ғийбатчи, чақимчининг;

Ўзгаларни ғийбат қилиш, бировларнинг гапини бошқаларга ташиб, чақимчилик қилиб юриш, жамиятда турли «миш-миш», «деди-деди»ларни тарқатиш билан одамлар орасига душманчилик солиш энг ёмон иллатлардан саналиб, булар динимизда қаттиқ қораланган. Ғийбат ва чақимчиликнинг ҳукми мусулмонлар ижмоъига (якдил келишувига) кўра ҳаромдир. Бунинг ҳаромлигига Қуръон, Суннат ва ижмоъдан очиқ-ойдин далиллар келган.

Ҳадисда айтилишича, «Ғийбат – биродаринг ёқтирмайдиган сўзлар билан у тўғрида гапиришдир» (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий). Қуртубий ғийбатни гуноҳи кабира (улкан гуноҳ), деган («Ал-жомеъ», XVI, 337). Ҳозирги пайтга келиб бу ярамас иллат орамизда чуқур илдиз отган. Ўтмишдаги аждодларимиз бировнинг кийимини калта ёки узун дейишни ҳам ғийбат санаб, ўзларини бундан тийишган экан. Бугунги кунда бировнинг кийими у ёқда қолиб, уларнинг ўзидаги мавжуд нуқсонларни, ҳатто уларда бўлмаган айбларни ҳам гапиришга ўрганиб қолдик. Бировни ёмонлаш, айб-камчиликларини ҳаммага достон қилиш суҳбат, мажлис, ўтиришларни «қизитадиган» нарсага айланди.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисга кўра, бир биродарингиз ортидан ундаги нуқсон ва камчиликларни гапириш ғийбат саналади, бордию унда бу камчиликлар бўлмаса, унга нисбатан бўҳтон ҳисобланади (Имом Муслим). Абу Ҳомид Ғаззолий: «Одамларни ўзлари йўғида ёмонлаш қалбларга қилинган хиёнатдир», деган («Иҳёи улумид-дин», «Тил офатлари» боби). Айбларини гапириш ё масхара қилиш мақсадида бировнинг бирор ҳатти-ҳаракатини ўхшатиш ҳам ғийбат саналади. Ғийбат қилган кишининг тавба қилиши фарз, дейилган. Аксар уламолар ҳадисга суяниб, узр, розилик сўраши ҳам лозим, дейишган. Даврада ўтирган одамнинг ғийбатчини ғийбатдан қайтариши, ғийбати қилинаётган биродарини ҳимоя қилиши вожибдир. 

Атоқли муҳаддис, фақиҳ, обид ва зоҳид Имом Ибн Ваҳб айтади: "Ғийбат балосидан қутулиш учун агар бирор кишини ғийбат қилсам бир кун  рўза тутиб бераман, деб қарор қилдим. Бора-бора бу ҳам осон кўринди, иллатни батамом тарк эта олмадим. Шунда кимни ғийбат қилсам бир динор садақа қилишга киришдим ва шу йўл билан ғийбатдан батамом қутулдим".

Ҳусайн Воиз Кошифий айтади: «Ғийбат гуноҳи зино гуноҳидан ҳам улкан». «Ғийбат қабиҳ феъллардан биридир. Ғийбат оз бўлса-да, келтирадиган зарари денгиз каби бепоён. Бирор кишининг орқасидан гапириш, айбини топиш, ёмонлаш, бола-чақаси, хотини, бойлиги, хулқи ҳақида бемаза гапларни сўзлашнинг барчаси ғийбат саналади», деган Хаёлиддин Ҳасаний.

 «Фавоқиҳ ул-жуласо» китобидан бундай ёзилган: «Бирор киши олдингга келиб биров ҳақида ғийбат гапларни гапирса, ундай одамнинг гапларига ишонма, чунки у сени ҳам бировга ёмонлаб, устингдан ғийбат қилиши мумкин». Имом Заҳабийнинг «Кабоир» номли китобида келтирилишича, бир кишидан: «Одам боласининг қанча айби бор?» деб сўрашибди. У бундай жавоб берган экан: «Бу айбларнинг саноғига етиб бўлмайди. Ўзим санаганимда саккиз мингта чиққан. Аммо бир хислат борки, у барча айбларни беркитиб туради. У – тилни тийиш». Ҳасан Басрий: «Ким сенга бир гапни етказса, билки, у сенинг гапингни ҳам бошқага ташийди», деган.

Чақимчилик ҳам ёмон иллатлардан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим). Пайғамбар алайҳиссаломдан яна бундай ҳадис бор: «Кимнинг бу дунёда иккита юзи бўлса, қиёмат куни унинг оловдан иккита тили бўлади» (Абу Довуд). Имом Абу Ҳомид Ғаззолий бундай деган: «Одатда бировнинг гапини иккинчисига «фалончи сен ҳақингда бундай деди» дея етказган одам «чақимчи» дейилади. Бироқ чақимчилик шунинг ўзи билангина чекланмайди, у очилиши ёмон саналган сирни ҳам фош этишдир» («Иҳёи улумид-дин», «Тил офатлари» боби). Динимиз талабига кўра, кимга биров гап ташиб келиб, чақимчилик қилса, бунга жавобан бундай йўл тутиш керак: уни гапини тасдиқламанг, чунки чақимчи фосиқ киши бўлгани учун гапи эътиборга олинмайди; унинг бу иши ёмон эканини тушунтириб, насиҳат қилинг ва чақимчиликдан қайтаринг; гуноҳ иш қилгани учун уни Аллоҳ учун ёмон кўринг; гапирилаётган киши ҳақида ёмон гумонга борманг; эшитган гапингиз сизни бунинг тагига етиш учун гап пойлашга ундамасин; чақимчи келтирган гапни бошқага етказманг. Абу Лаҳабнинг хотини чақимчилик қилиб гап ташиб юргани учун Қуръонда «ўтин орқалаган» (яъни дўзахда қаттиқроқ ёниши учун ўтинини ўзи орқалаб кетяпти), деб васф қилинган. Айтишларича, чақимчининг иши шайтонникидан ҳам зарарли, чунки шайтон амали васваса билан бўлса, чақимчиники бевосита бўлади.

مَنَّاعٍ لِّلْخَيْرِ مُعْتَدٍأَثِيمٍ {12}

12. яхшиликдан тўсувчи, гуноҳга ботганнинг;

Айрим кимсалар борки, ўз манфаатлари ўйлаб, оромлари бузилишини хоҳламаганлари учун ҳам бошқаларнинг яхши йўлга киришини, яхшилик қилиб, савобларни кўпайтиришини исташмайди. Бундайлар ҳақиқатан ҳаддидан ошган, гуноҳга ботган фосиқ кимсалардир.

عُتُلٍّ بَعْدَ ذَلِكَ زَنِيمٍ {13}

13. қўрс ва ҳаромининг.

 Хулқи бузуқ, яъни бераҳм, қўрс, қўпол одамлардан яхшилик кутиш мушкул нарса. Айниқса у ҳаромзода, яъни зинодан туғилган бўлса, бундай кимсага асло яқинлашманг, унинг сўзини инобатга олманг. Чунки Абдуллоҳ ибн Муборак (раҳимаҳуллоҳ) айтганидай: «Ҳароми (зинодан бўлган) бола гап яширмайди» (Бу оятда қораланган ҳароми Валид ҳақида яна 16-оят изоҳига қаранг).

أَن كَانَ ذَا مَالٍ وَبَنِينَ{14}

14. Моли ва фарзанди кўплигитуфайли;

Ушбу оят маккалик мушрик Валид ибн Муғийра ҳақида тушган бўлса-да, инсоният тарихидан яхши маълумки, айрим кимсалар сал бойлиги кўпайса, серфарзанд, дасти узун бўлса, мансабга минса ё шуҳрати ортса, дарров туғёнга кетади. Кибр ва ҳавога берилиб, кимлигини унутади. Ҳатто ўзига бу давлат ва фарзандларни ато этган Холиқи Аллоҳни ҳам эсдан чиқариб, Унинг амр-фармонларини назар-писанд қилмайдиган золимга айланади. Валиднинг ўнта ўғил фарзанди бор эди, мол-давлати ҳам етарли эди. Шунинг учун буларга қувониб ва фахрланиб, мусулмонларнинг ҳам, уларнинг Пайғамбарини ҳам назарга илмас, тинмай уларга душманлик қилар эди.

إِذَا تُتْلَى عَلَيْهِ آيَاتُنَا قَالَ أَسَاطِيرُ الْأَوَّلِينَ {15}

15. оятларимиз ўқилганида: «олдингиларнинг афсоналари-ку!» дейди.

Бу бадбахт ва ношукр кимсага Аллоҳ таоло оятлари ўқиб берилса, энсаси қотар ва «Булар олдин ўтиб кетганларнинг ғирт афсоналари-ку!» дея мазах қилар эди. Бу оятлар Аллоҳ ҳузуридан эмас, балки Муҳаммаднинг ўзи тўқияпти, деб гап тарқатар эди. Афсус, ҳозирда ҳам айрим гумроҳ кимсалар Аллоҳ оятларига, Унинг буйруқларига ишонмай, уларни афсона санаб, залолат хорлигида юришибди.

سَنَسِمُهُ عَلَى الْخُرْطُومِ {16}

16. Яқинда бурнига белги қўямиз.

Яъни, тез кунда унинг бурнига бир белги қўямиз, шунда Бизнинг оятларимизни мазах қилиш нималигини билиб олади, дейиляпти.  Исломнинг илк даврида тушган бу ояти кариманинг ҳақиқати орадан кўп ўтмай батамом тасдиқланди. Милодий 624 йил 13 мартда бўлган Бадр жангида мусулмонларнинг ашаддий душмани Валид ибн Муғийранинг бурнига қилич тегиб, шикастланди. Жароҳат ўрни чандиқ ҳолида қолиб, умрининг охиригача одамларга эрмак бўлиб юрди. Оятда бурун ўрнига «хартум» сўзи қўлланилган. Муфассир уламолар бу сўз Валидни хорлаш ва камситиш учун ишлатилган, дўзахга киришидан олдин унинг юзи қорайтирилади, фил ёки тўнғиз хартумига ўхшаш бурни унга белги бўлиб, кимлигини танитиб туриши учундир, дейишади.

Уламолар фикрича, юқоридаги 10-16 оятлар маккалик мушриклардан Валид ибн Муғийра ҳақида тушган. Аллоҳ лаънатига учраган бу разил кимсада оят зикр этган ўнта ёмон сифатнинг ҳаммаси мужассам эди. У Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) кўп пасткашликлар қилар, ўзининг ҳақлигини исботлаш учун тинмай қасам ичар эди. Ғийбат ва чақимчиликда унга тенг келадиган одам йўқ эди. Одамларни яхши ишлардан, яъни имонга келишдан, Пайғамбарга (алайҳиссалом) эргашишдан, икки дунё саодатини қўлга киритишдан тўсар эди. У тажовузкор, яъни ҳаддидан ошган золим эди. Қилган ҳар бир иши фақат гуноҳ эди, гуноҳга ғарқ бўлганидан яхши-ёмонни, ҳидоят-залолатни ажрата олмай қолганди. Унинг дили асло юмшамади, Пайғамбарга Аллоҳ таолонинг ваҳийи келиб турган даврда яшаб туриб ҳам имонга келмади, ҳақ динга ишонмади. Чунки унинг насаби тоза эмасди, ўзи ҳароми эди. Ўн саккизга кирганида боқиб олган отаси уни ўғлим, деб даъво қилиб чиққан. Ривоят қилинишича, мазкур оятлар тушганидан кейин Валид ибн Муғийра онаси олдига бориб: «Муҳаммаднинг Худоси мени ўнта сифат билан айблади, шундан тўққизтаси менда борлиги аниқ, аммо отам кимлигини билмайман, шуни айтиб бер», деди. Шунда онаси: «Сенга ростини айтсам, сен отам деб юрган одамнинг аслида эркаклиги йўқ эди. Фарзандсиз ўтсам, унинг меросидан қуруқ қолишни ўйлаб, саҳродаги бир бетайин чўпон билан зино қилганман, сен ўша зинодан туғилгансан», деди.

إِنَّا بَلَوْنَاهُمْ كَمَا بَلَوْنَا أَصْحَابَ الْجَنَّةِ إِذْ أَقْسَمُوا

لَيَصْرِمُنَّهَا مُصْبِحِينَ {17}

17. Биз ҳақиқатан уларни боғ эгаларини имтиҳон қилгандай синадик. Улар эрта тонгда барча мевани териб олишга қасам ичишганди.

Барча замон ва маконларда ҳам одамлар «Нега золимлар ҳамиша фаровон ва тўкис яшайди?» деган саволни беришган. Чунки дунё ҳаёти инсонларга Аллоҳнинг имтиҳонидир. Инсоният яралибдики, Аллоҳ таоло бандаларини берган неъматга шукр қилиб, Ўзига бўйсунишларини турли йўллар билан синаб туради. Ўтмишда турли қавмларни, масалан, Боғ эгаларини имтиҳон қилгандай Макка мушрикларини ҳам қаҳатчилик, очарчилик балоларини юбориб синади. Агар неъматнинг қадрига етишмаса, оқибатлари ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Боғ эгалари каби маккаликлар ҳам Алллоҳнинг огоҳлантиришларига қулоқ солмай, ўзларига зулм қилишди. Улар ўйлаганидай, бу дунё фақат кўнгил хушлик ва ўйин-кулги билан кун кечириш манзили эмас. Ҳар бир банда ҳамиша дунёга нега келганини, умрнинг маънавий масъулиятини, истак-хоҳишларини Аллоҳ иродасига мослаб олишни, Унинг розилиги ва раҳматига сазовор бўлишни, Парвардигорнинг мукофот ва жазоси муқаррар эканини чуқур ҳис этиб ҳаёт кечириши керак. Акс ҳолда, ушбу сурада зикри келган, Аллоҳ берган неъматларга бахиллик қилганлари туфайли ҳамма нарсадан маҳрум бўлган боғ эгаларига ўхшаб икки дунё саодатидан маҳрум бўлишади. 

Ушбу ояти карима «асҳабул жанна», яъни боғ эгалари ҳақидадир. Тарих китобларида келтирилишича, улар Ямандаги Бани Ҳарш қўрғонига қарашли Заврон қишлоғида яшашган. Бу қишлоқ Заврон тоғи тагида бўлиб, номини шу тоғдан олган (доктор Абу Халил Шавқий. «Атласул-Қуръан», Дамашқ, 2001 йил, 152-бет). Қишлоқдаги каттагина боғнинг эгаси жуда сахий киши эди. Ҳар йили боғдаги мевалар пишганида уни теришга камбағал-мискин кишиларни таклиф қилар, терилгани боғбонга, ерга тўкилгани терганга, деган шарт билан уларни мевага тўйдирар, яъни закотини берар эди. У оламдан ўтгач, боғбоннинг фарзандлари бахиллик касалига учраб, қаттиқ адашишди. «Оиламиз катта, мол-мулкимиз эса оз. Шунинг учун ҳам ҳосилдан фақирларга бериб ўтирмайлик. Улар келиб қолмасдан меваларни йиғиштириб олайлик, дея қарор қилишди. Боққа тезроқ борайлик, фақирлардан бирортаси хабар топиб қолмасин, дея бир-бирларига бузуқ тавсияда бўлишди. Боғларига етиб келганда эса, шубҳаси бу ер бошқа жой бўлса керак, деб ҳайратга тушдилар. Чунки боғлари тамоман хароб бўлиб, қуруқ ерга айланган эди. Ниҳоят, улар бунинг сирини тушуниб, бизга надоматлар бўлсин, чунки биз ҳақиқатан аҳмоқ эканмиз. дея афсус чекдилар» («Маснавий боғчасидан бир кўза сув», 105-бет). Улар Аллоҳ таолонинг синовидан ўтолмай, бу гўзал ва серҳосил боғдан жудо бўлишди. Улар ҳам оталари каби ғарқ пишган меваларни эрта тонгда териб оламиз, деб қарор қилишди.

وَلَا يَسْتَثْنُونَ {18} 

18. Истисно қилишмаганди.

Аммо бу қарорга келиш олдидан «Худо хоҳласа» дейишмади. Чунки ҳар бир иш Аллоҳ таоло хоҳласагина амалга ошади, йўқса рўёбга чиқмайди. Шунинг учун мусулмон киши бирор ишга киришмоқчи бўлса, «Иншааллоҳ» (Аллоҳ хоҳласа) деб истисно қилиши керак. Баъзи муфассирлар бу оятни «уларнинг нияти бузилиб, камбағал-мискинлар улушини беришни исташмаган, бу ҳақни алоҳида ажратиб қўйишмаган, яъни истисно қилишмаган эди», деб тафсир қилишади.

فَطَافَ عَلَيْهَا طَائِفٌ مِّن رَّبِّكَوَهُمْ نَائِمُونَ {19}

19. Улар уйқудалигида боғ узра Парвардигорнинг балоси айланди.

Инсонлар хатокордир. Боғдаги мева дарахтларининг қанча ҳосил қилиши Аллоҳ таолонинг илоҳий қудратига боғлиқ эканини билатуриб ҳам Парвардигорига осийлик қилаверади. Ҳолбуки, Қодири Зулжалол бандаларини гоҳида экин-боғлари ҳосилини мўл-кўл қилиб қўйиш билан, баъзан эса, бало-офат юбориб, тамоман йўқ қилиш билан синайди. Нияти бузилган, камбағал-мискинларга ҳеч нима бермасликка қарор қилган боғбоннинг бахил, ношукр фарзандлари ухлаб ётганида, яъни тунда боққа Аллоҳнинг балоси келди, бу бало боғ узра айланиб, ҳамма дарахтларни нобуд қилди. Муфассирлар ушбу ояти карима инсон қилган қарори билан ҳам азобланиши мумкинлигига далолат қилади, дейишади. Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида келтиришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки мусулмон бир-бирини ўлдиришга қасд қилса, ўлдирувчи ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг элчиси, қотилнинг дўзахга тушиши маълум, ўлдирилган киши нега дўзахда бўлади?» деб сўрашди. «Чунки ўлдирилган киши ҳам шеригини ўлдириш қасдида эди», дедилар».

فَأَصْبَحَتْ كَالصَّرِيمِ {20}

20. У шип-шийдам бўлиб қолди.

Дарахтларнинг ҳамма меваси тўла териб олингандай боғ шип-шийдам бўлиб қолган эди. Баъзи тафсирчилар «Боққа ўт тушганидан батамом куйиб, кулга айланган эди», дейишади. Боғ эгалари тунда қандай воқеа юз берганидан бехабар уйқудан уйғонишди.Гуноҳкорлар Аллоҳнинг фазли ва мукофотидан мана шундай туйқусдан, ғафлатда ётишганида маҳрум бўлиб қолишади.Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ўзларингизни гуноҳлардан узоқ тутинглар, банда албатта бир гуноҳни қилади ва ўша гуноҳи учун ўзига аниқ тайёрлаб қўйилган мукофотдан маҳрум бўлади», дедилар ва «Фатофа алайҳа тоифум мир Роббика ваҳум наимун фаасбаҳат кассорим» оятларини тиловат қилдилар» (Ибн Абу Ҳотим).

فَتَنَادَوا مُصْبِحِينَ {21}

21. Эрта тонгда бир-бирларини чақиришди:

أَنِاغْدُوا عَلَى حَرْثِكُمْ إِن كُنتُمْ صَارِمِينَ {22}

22. «Мева термоқчи бўлсанглар, тезроқ юринглар».

Эрта тонгда бир-бирларини шошилтира бошлашди: «Меваларни териб оладиган бўлсак, тезроқ бориб ишга киришайлик».

فَانطَلَقُوا وَهُمْ يَتَخَافَتُونَ {23}

23. Улар шивирлаб гаплашиб йўлга тушишди:

أَن لَّا يَدْخُلَنَّهَا الْيَوْمَ عَلَيْكُم مِّسْكِينٌ {24}

24. «бугун олдингизга бирор мискин кириб қолмасин!»

Улар йўлга тушишди. Йўл-йўлакай овозларини пастлатиб, шивирлашиб: «Камбағаллар уйғонмай туриб, меваларни териб олайлик, яна битта-яримтаси эшитиб қолиб, бизга эргашмасин, ҳосилга шерик бўлмасин», деб бир-бирларини огоҳлантиришди.

وَغَدَوْا عَلَى حَرْدٍ قَادِرِينَ {25}

25. Улар ўз кучларига ишониб, қатъий ниятда жўнашди.

Боғ эгалари бошқалар ёрдамисиз меваларни ўз кучимиз билан териб олайлик, деган қатъий аҳд билан боққа жўнашди.

فَلَمَّارَأَوْهَا قَالُوا إِنَّا لَضَالُّونَ {26}

26. Боғни кўриб айтишди: «Йўлдан адашибмиз, шекилли»;

Боғларига келиб қарашса, кеча ҳосили мўллигидан эгилиб-қийшайиб ётган дарахтларда ҳеч вақо йўқ, боғ гўё батамом ёниб кетгандай шип-шийдам.Очкўзликлари, бахилликлари туфайли тунда Аллоҳ таоло боққа бало юбориб, уни йўқ қилганидан бехабар, ҳайрон бўлиб туришарди. Биз ғира-ширада адашиб бошқа боғ олдига келибмиз, шеклли, деб ўзларини овутишди.

بَلْ نَحْنُ مَحْرُومُونَ {27}

27. «йўқ, ундан маҳрум бўлибмиз!»

Йўқ, астойдил тикилиб қарашса, ўзларининг боғлари экан. Шунда қилмишлари учун Аллоҳ таоло жазолаганини тушуниб етишди, «бахиллигимиз, камбағаллар ҳақини бермаганимиз учун Парвардигор бизни боғдан маҳрум қилибди», дея надомат чекишди.

قَالَ أَوْسَطُهُمْ أَلَمْ أَقُل لَّكُمْلَوْلَا تُسَبِّحُونَ {28}

28. Шунда уларнинг яхшироғи: «Аллоҳ зикрини қилинглар, демабмидим?!» деди.

Биргалашиб, бўлиб ўтган ишларни муҳокама қилишга киришишди. Шунда уларнинг инсофлироғи ва адолатлироғи бундай деди: «Ахир Аллоҳ таоло ато этган неъматларга шукр қилиб, Унга тасбеҳ айтинглар, зикрини қилинглар. Парвардигор берган неъматларга асло бахиллик қилманглар, Аллоҳдан қўрқинглар. Ахир бу боғ ҳосилида бизларнинг ҳам, бечора-фақирларнинг ҳам ҳаққи бор, деб огоҳлантирган эдим-ку!» деди.

قَالُوا سُبْحَانَ رَبِّنَا إِنَّا كُنَّا ظَالِمِينَ {29}

29. Улар: «Парвардигор покдир, ўзимизга зулм қилдик», дейишди.

Шунда ҳаммалари: «Ҳақиқатан Парвардигоримиз биз ўйлаган айбу нуқсонлардан покдир, мискинларга мева бермасликка қарор қилиб, ўзимизга зулм қилган эканмиз», дея гуноҳларига иқрор бўлишди. Аммо улар фойда келтирмайдиган вақтда гуноҳларини тан олишди, ўзларига манфаат бермайдиган ҳолатда итоатга келишди. Агар буларни ўз вақтида, Аллоҳнинг ғазабини келтирмай, балосига учрашдан олдин қилишганида гуноҳга ҳам ботишмасди, серҳосил боғларидан маҳрум ҳам бўлишмасди.

فَأَقْبَلَبَعْضُهُمْ عَلَى بَعْضٍ يَتَلَاوَمُونَ {30}

30. Кейин бир-бирларига маломат қила бошлашди:

Мол аччиғида бир-бирларини бўлиб ўтган ишларда айблаб, маломат қила бошлашди. Ҳамиша банданинг иши шу: бошига бир мусибат ё бало келса, айб ўзимдир, гуноҳларим учун Парвардигор жазолаётгандир, деб ўйламайди, дарров бошқаларни айблашга, маломат қилишга тушади.

قَالُوا يَا وَيْلَنَا إِنَّا كُنَّا طَاغِينَ {31}

31. «ҳолимизга вой, ҳақиқатан ҳаддан ошгандик»;

«Ҳолимизга вой бўлди, шўримиз қуриди, ҳақиқатан мевани фақат ўзимизга қолдирамиз, деб ҳаддан ошган эканмиз», дейишди.

عَسَىرَبُّنَا أَن يُبْدِلَنَا خَيْراً مِّنْهَا إِنَّا إِلَى رَبِّنَا رَاغِبُونَ {32}

32. «шояд Парвардигоримиз бундан яхшироғини берса, Ўзидангина умид қиламиз».

«Қанийди энди Парвардигоримиз тавбаларимизни қабул қилиб, ҳалок бўлган боғ ўрнига яхшироғини ато қилса, отамиз қилганидай барча камбағал-бечораларнинг ҳақини тўлиғича берардик, ҳаргиз бу гуноҳни қайтармас эдик», деб тазаррулар қилишди. Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилиб, олдинги боғларидан ҳам яхши бир боғни ато этди. Бу ояти карима дуоларнинг ижобат ва тавбаларнинг қабул бўлишига далилдир.

كَذَلِكَ الْعَذَابُ وَلَعَذَابُالْآخِرَةِ أَكْبَرُ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ {33}

33. Жазо шундай! Агар билишсайди, охиратдаги жазо бундан-да қаттиқ!

Қуръони каримда васфи келган боғ эгаларининг қиссаси инсонларга катта ибратдир. Мавлоно Жалолиддин Румий айтади: «Қуръони каримда Асҳоби жаннаҳ қиссасини ўқиган бўлсангиз керак? Уни ўқиб, натижасини билган ҳолда нега яна ҳийла қилмоқдасиз? Бир неча аҳмоқ фақирлар ризқини кесиш учун ҳийла қилмоқчи бўлдилар, тонгга қадар ўтириб маккорлик режаси туздилар. Бу ёмон ниятли аҳмоқлар сирларимизни Аллоҳ эшитиб фақирларга билдириб қўймасин, дея ўзаро шивирлашиб гаплашдилар. Тиллари қалбдан яширин иш қилишга уринди. Эй инсонлар, энди ғафлат пахтасини қулоғингиздан чиқаринг ва Боғ эгалари каби фақирлар ризқига кўз тикманг!» («Маснавий боғчасидан бир кўза сув», 106-бет). Ким бировга зулм қилса, Аллоҳ берган неъматлар шукрини адо айламаса, бахиллиги, очкўзлиги туфайли ўзгалар ҳаққини поймол этса, бундай кимсага Парвардигорнинг жазоси, балоси, азоби муқаррардир. Олдин ҳам шундай бўлган, қиёматгача ҳам шундай бўлади! Аллоҳ таоло боғ эгаларини бу дунёда шундай серҳосил ва гўзал боғдан маҳрум қилиб жазолаган бўлса, уларнинг охиратдаги жазоси бундан ҳам оғир, даҳшатли ва қаттиқдир. Ўзганинг ҳаққини еган кимсанинг холати мушкул: Аллоҳ қиёматда Ўз ҳаққини кечиб юбориши мумкин, аммо то ўзи рози бўлмагунича, банданинг ҳаққини  (ҳаққул-абд) асло кечмайди. Шунинг учун марҳумга жаноза намози ўқиш олдидан имом унинг яқинларидан бандалар ҳаққини адо этиш кафолатини олгандан кейингина намозга киришади.

إِنَّ لِلْمُتَّقِينَ عِندَ رَبِّهِمْ جَنَّاتِ النَّعِيمِ{34}

34. Тақволилар учун эса Парвардигорлари ҳузурида неъмат боғлари бордир.

Аллоҳдан қўрқадиган (муттақийлар), Унинг амр-фармонларига сўзсиз итоат этадиганлар учун охират дунёсида улкан мукофотлар, Наъим (неъматларга тўла) жаннатлари бордир. Уламолар «Жаннати наъим»га доимий, ҳаргиз тугамайдиган, уни ҳеч бир нарса йўқ қила олмайдиган, фақат роҳатбахш айшу тараб макони бўлган, неъматларга ғарқ тўла жаннат, дея таъриф беришган.

أَفَنَجْعَلُ الْمُسْلِمِينَ كَالْمُجْرِمِينَ {35}

35. Биз мусулмонларни гуноҳкорларга тенглаб қўярмидик?!

Яъни, мусулмонлар ҳеч қачон осий-гуноҳкорларга қилинган муомалага дуч келишмайди. Улар Ислом динида бўлганлари, имонлари туфайли олий мартабаларга, иззат-икромларга сазовор бўлишади. Баъзи мушрик ва куфр келтирганлар «биз сизлардан яхши ҳолатда бўламиз» деб иддао қилаётган бўлса ҳам, уларга асло ишонманглар. Аллоҳ таоло ҳеч қачон мусулмон билан кофирни, тақводор билан осийни бир мақомга қўймайди, баоробар қилмайди.

Муқотил (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоятига кўра, Макканинг Қурайш қабиласига мансуб бадавлат оқсуяклар ушбу ояти каримани эшитгач, мусулмонларга қарата: «Аллоҳ бизни бу дунёда сизлардан устун, мўътабар қилиб қўйган, шундай бўлгач, охират дунёси чин бўлса, у ерда ҳам сизлардан устун бўламиз, Аллоҳ устун этмаса, ҳеч бўлмаганда баробарлаб, тенглайди», дея иддао қилишган эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу иддаосини юқоридаги ояти билан рад этяпти. Яъни, қанақасига тоатимизда бўлиб, амр-фармонларимизни адо этган, ҳамиша Биздан қўрққан мўминларни осий, гуноҳкор ва мушрик кимсалар билан бир даражага қўйишимиз мумкин? 

مَا لَكُمْ كَيْفَ تَحْكُمُونَ {36}

36. (Эй куфр келтирганлар), нима гап, қандай ҳукм чиқаряпсизлар?

Аллоҳ таоло кофир ва мушрикларга қарата айтяптики, бу гапларни, яъни  охиратда Пайғамбарга эргашганлар билан бир даражада ёки улардан устун бўламиз, деган даъволарингизни қаердан топиб олдинглар? Қанақасига мўмин билан кофир, яхши амал қилган билан гуноҳга ботган баробар бўлади, деб ҳукм чиқаряпсизлар? Нимага асосланиб бундай қарорга келдинлар? Бу гаплар ақлли одамдан чиқмайди-ку?! Ёки инсонларнинг даражаларини аниқлаш, кимга жазо берилиб, ким мукофотланишини белгилаш сизларга топшириб қўйилганмиди?

أَمْلَكُمْ كِتَابٌ فِيهِ تَدْرُسُونَ {37}

37. Ёки ўқийдиган бирор китобингиз борми:

إِنَّ لَكُمْ فِيهِ لَمَا تَخَيَّرُونَ {38}

38. хоҳлаган нарсаларингиз берилиши ёзилган?

 Ёки Аллоҳ таоло сизга алоҳида бирор китоб туширганмиди? Нимани хоҳлаган бўлсангиз, бари бажо келтирилади, сўраган нарсангиз берилади, деб ўша китобда ёзиб қўйилган эканми? Сизлар бу китобни ўқиб, унга асосланиб тортишув-мунозара қилиб юрибсизларми?

 

أَمْ لَكُمْ أَيْمَانٌعَلَيْنَا بَالِغَةٌ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ إِنَّ لَكُمْ لَمَا تَحْكُمُونَ {39}

39. Балки нимани ҳукм қилсак шу бўлади, деб Биз билан қиёматгача аҳдномангиз бордир?

Балки хаёлингизга келган ишларни бетўхтов рўёбга чиқариш, кўнглингиз тусаган ишларни зумда амалга ошишриш ҳақида Биз билан қиёматгача бирор шартнома, аҳдлашув тузганмидингиз? Агар сизларда бу нарсалар йўқ бўлса, унда нимага суяниб, осийлик қиляпсизлар? Бирорта далил, асосингиз йўқ экан, нега Пайғамбарга итоатда бўлмаяпсизлар? Ахир даъволарингизнинг рўёбга чиқиши учун ақлий ҳам, нақлий ҳам ҳеч қандай далилингиз йўқ-ку!

سَلْهُم أَيُّهُمبِذَلِكَ زَعِيمٌ {40}

40. (Эй Муҳаммад), сўранг-чи, ким бунга кафил бўларкин?

Эй суюкли Ҳабибим, мушриклардан сўраб кўринг-чи, ким бу ишларда уларга кафил бўла оларкин? Қиёмат куни Аллоҳдан ўзга бирор кафил, Пайғамбардан ва Аллоҳ белгилаган зотлардан бошқа бирор шафоатчи бўлмайди.

أَمْ لَهُمْ شُرَكَاء فَلْيَأْتُوا بِشُرَكَائِهِمْ إِن كَانُوا صَادِقِينَ {41}

41. Ёки уларнинг шериклари борми? Агар рост айтаётган бўлишса, ўша шерикларини бошлаб келишсин!

Муфассирлар ушбу оятдаги «шуракау»ни (шериклари) икки хил таъвил қилишган: биринчиси, мушриклар Аллоҳга шерик санаган бут санамлар бўлса, иккинчиси, бузуқ эътиқоддаги бутпарастлардир. Аллоҳ таоло ишлар чигаллашган қиёмат куни мушрик-кофирларга: жазодан қутқариб қолади, деб ўйлаган шерикларингизни, бут-санамларингизни, ишонган тоғларингизни чақиринг, дунё ҳаётида улардан мадад кутиб яшаган эдинглар, мана энди келиб, жонингизга оро кирсин, сизларга ёрдамини берсин, деб хитоб қилади. Аммо Аллоҳга шерик қилинган бу нарсалардан бирортаси жазодан қутқара олмайди. Улар қиёмат куни ўзини ҳимоя қила олмайдию сизларни қутқаришга имкон топа олармиди?!

يَوْمَ يُكْشَفُ عَن سَاقٍ وَيُدْعَوْنَ إِلَى السُّجُودِ فَلَا يَسْتَطِيعُونَ {42}

42. Болдирлар яланғочланган ва саждага чорланган кунда бунга қодир бўлишмайди.

Ушбу ояти каримадаги «явма юкшафу мин сақ» (болдирлар яланғочланган кун) жумласи орқали қиёмат кунининг бир кўриниши ўзига хос ўхшатиш орқали зикр этиляпти. Уламолар «болдирлар яланғочланган»ни икки хил таъвил қилишган: бир гуруҳ фикрича, масъулиятли, муҳим ишга киришганда ёки бирор хавфдан қочиб қолишга уринганида одам халақит бермаслиги учун болдирларини шимариб, яланғочлаб олади. Қиёмат кунидаги оғир ҳисоб-китоб олдида турган инсон ҳам ана шу ҳолатда бўлади. Иккинчи гуруҳнинг айтишича, қиёмат куни инсоннинг бутун сирлари, қилмишлари батамом очилиб, болдирлари яланғочланиб, аврати ёпилмай қолгандагидай ноқулай аҳволга тушади. Яна Аллоҳ билувчидир. Ана шундай оғир кунда мушриклар ва куфр келтирганлар саждага чорланади, аммо сажда қилишга куч-мадорлари етмай, ҳасратда қолишади.

خَاشِعَةً أَبْصَارُهُمْ تَرْهَقُهُمْ ذِلَّةٌ وَقَدْ

كَانُوا يُدْعَوْنَ إِلَى السُّجُودِ وَهُمْ سَالِمُونَ{34}

43. Уларнинг нигоҳлари сўнади, ўзларини хорлик чулғайди. Ҳолбуки, соғ пайтларида саждага чорланган эди-ку!

Қиёмат куни гумроҳ бандаларнинг аҳволига бир қаранг: нигоҳлари сўнган, яъни кўзлари алам ва уятдан ерга қараган. Ўзлари афсус-надомат чекишда бошқа йўл топа олишмайди. Дунёдаги ҳаётларини беҳуда совуриб, ҳозир кимдан нажот кутишни билмай туришибди. Ҳамма ёқдан хорлик ва зорлик ўраб-чулғаб олган. Шунчалик абгор бўлишганки, саждага ҳам мадорлари қолмаган. Сажда қилишга буюрилса, шуни ҳам эплолмай ночор туришибди. Ваҳоланки, дунёда соғ-саломат юришганида, Аллоҳ берган неъматлардан қаердан келганини ҳам ўйламай фойдаланиб юришганида ҳам саждага буюрилган эди. Лекин уларнинг кибр-ҳаволари, ғурурлари, эринчоқликлари, гумроҳликлари бунга йўл бермаган эди.

Имом Заҳабий бундай дейди: «Иброҳим Таймий сўзи билан айтганда: «Улар фарз намозларига азон ва иқомат айтиб чорланар эди». Саид ибн Мусаййаб: «Улар «ҳаййа алас-солаҳ, ҳаййа алал фалаҳ»ни эшитишарди, лекин соғ-саломат бўлатуриб, намозга келишмасди», деган. Каъбул Ахбор эса: «Аллоҳга қасам, бу оят фақат жамоатдан ажраб қоладиган кишилар ҳақида тушган», дейди».

Амр ибн Умму Мактум исмли машҳур саҳобадан ривоят қилинади: «Мен: «Эй Расулуллоҳ, кўзим ожиз, уйим ҳам узоқда, мени масжидга етаклаб келадиган кишим ҳам йўқ, уйимда намоз ўқишга ижозат берасизми?» деб сўрадим. У зот: «Азонни эшитасанми?» деб сўрадилар. «Ҳа», дедим. «Сенга рухсат бера олмайман!» дедилар» (Абу Довуд, Ибн Ҳузайма ривояти).

Вожиб амал тарк этилгани учун, яъни иложсиз киши масжидга келолмай уйида намоз ўқишига ижозат сўраганига шунчалик қаттиқ таҳдид бўлса, турли баҳоналарни рўкач қилиб, умуман намоз ўқимай юрган, азон ва иқоматни эшитса ҳам саждага боришдан ор қиладиганларнинг қиёматдаги аҳволи нима бўларкин? Бу ҳол ҳаммамизни сергак торттириши керак.

فَذَرْنِي وَمَن يُكَذِّبُ بِهَذَا الْحَدِيثِ سَنَسْتَدْرِجُهُم مِّنْ حَيْثُلَا يَعْلَمُونَ {44}

 44. Қуръонни ёлғонга чиқарганларни Менга қўйиб беринг! Биз уларни шундай ҳалок қиламизки, ҳатто билмай қолишади.

Яъни, Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хитоб қилиб айтяпти: Эй Ҳабибим, ваҳийларимизни, Қуръонни ёлғонга чиқарганларни менга топширинг, уларнинг жазосини Ўзимга қўйиб беринг. Уларни қачон ва қандай қилиб жазолашни Ўзим яхши биламан. Уларгача қанча-қанча қавмларни амрларимизни ёлғонга чиқаришгани учун тўсатдан азобимизни юбориб, ҳалок қилиб юборганмиз. Эсланг, пайғамбарлардан Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут (алайҳимуссалом) қавмлари ҳам худди улар каби элчиларимиз олиб келган фармонларни ёлғонга чиқариб, инкор қилишган эди. Оқибатлари нима билан тугагани яхши аён. Барчаларини Бизнинг азобимиз шундайин бехос ушладики, қандай қилиб ҳалок бўлиб кетишганини ҳатто ўзлари сезмай қолишди. Эй инсонлар, Аллоҳ маълум муддат бериб қўйганига алданиб қолманг, Унга осийлик қилманг. У гуноҳга ботганлар бошига шундай туйқус бало юборадики, ҳатто ўзларини ўнглашга, тавба-тазарру қилишга имкон топа олмай қолади.

وَأُمْلِي لَهُمْ إِنَّ كَيْدِي مَتِينٌ {45}

45. Менинг ҳийлам қаттиқдир, шу учун уларга муҳлат бераман!

Оятдаги «кайди» сўзи «ҳийла» деб таржима қилинган бўлса-да,  аслида у фақат Аллоҳнинг ўзи биладиган жуда кенг қамровли маънони англатади. Ожиз бандалар бу маънонинг бир қисмини англай олишса ҳам, бутунисича тушуниб етишга қодир эмаслар. Аллоҳ таоло огоҳлантиряптики, Менинг ҳийла-тадбирим ниҳоятда қаттиқ бўлгани учун гуноҳкорларга Ҳақни таниш, қилмишларига тавба қилиш, ўзларини ўнглаш, савобларини кўпайтириш учун маълум муддат бериб қўйганман. Аммо шунда ҳам уларнинг кўзи очилмай, қопқонга тушса, ўзларидан кўрсин! Бу ҳолатда шундай таъқибга оламанки, Менинг азобимдан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайди, бундан нажот топишида бирор кимса ёрдамга келолмайди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай ҳадислари бор: «Аллоҳ албатта золимга муҳлат беради. Қачон ушлаганида эса у қочиб қутула олмайди» (Имом Бухорий ва Муслим). Бу оятда Аллоҳнинг жазоси «ҳийла» деб номланяпти. Чунки Унинг бу ўриндаги жазоси ҳийла кўринишидадир. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло куфр келтирганларни дунё ҳаётида тўла манфаатлантириб, Ўзига хос ҳийла қиляпти. Чунки уларнинг куфру нажосатда доимий қолишга рағбатларини билгани учун жазолашда шундай йўл тутади. Эътибор бериб кузатсангиз, кўпинча диёнатсиз, куфр ва ширк ботқоғига ботган кимсаларни Аллоҳ таоло ҳеч нарсадан қисмаган: уларга беҳисоб бойлик, мол-дунё, фарзандлар, шоҳона уйлар, қимматбаҳо уловлар бериб қўйган. Шу боис одамлар ичида уларнинг обрўси ҳам баланд, қўлини қаёққа узатса етади. Улар эса бу неъматларнинг бари Аллоҳдан эканини билмайди, билса ҳам «Ўзимнинг елиб-югуришим, ҳаракатларим, тадбиркорлигим орқали эришганман», дея тан олмайди, кибрланади. Мўмин-мусулмонлар эса, аксинча, кўп ҳолларда қийинчилик-камхаржлик билан кун кўришади, мол-давлат келса ҳам қувонишмайди, бошқалар билан баҳам кўришга шошилишади, Аллоҳ неъматларига ҳамиша шукр қилишади. Дунёдаги ҳаётини Аллоҳнинг бир синови сифатида кўради. Демак, фаросатли киши дунё ҳаётини бир алдов, ҳийла деб билсин, унда фақат яхши амаллар қилиб, Аллоҳ розилигини топсин, берилган озгина муҳлатни охират ҳаётини безашга сарфласин!

أَمْ تَسْأَلُهُمْ أَجْراً فَهُممِّن مَّغْرَمٍ مُّثْقَلُونَ {46}

46. Ёки (эй Муҳаммад), улардан ҳақ сўраяпсизу, қарзга ботиб қолишдими?

Эй Пайғамбарим, сиз ҳидоят, таълим ва рисолатни етказганингиз, уларни Аллоҳнинг динига даъват қилганингиз учун ҳақ ёки мукофот талаб қилдингизми, бунинг оқибатида улар молиявий жиҳатдан қийналиб ё қарзга ботиб қолишдими? Ваҳоланки, уларнинг ўзлари одатда ўта бахил, нокас бўлишгани учун ҳатто сизнинг сўзингизга кириш, сизга эргашиш учун ҳам ҳақ талаб қилган бўлишар эди. Сиз эса дунёвий мақсад билан уларни динга чақираётганингиз йўқ, фақат Бизнинг раҳматимиздан умидвор бўлиб, меҳнатингизга ҳеч қандай ҳақ талаб этмай, холис рисолатни етказяпсиз, чунки булар пайғамбарлар хислатидандир. Уят, номус, шукр каби хислатлар ёт бўлган куфр ва ширк қуллари қалбларидаги ҳасад, ўзларининг қайсарлик ва нодонликлари туфайли сизни ёлғончига чиқаришади, сўзларингизга ишонишмайди, ҳақ йўлга чақирсангиз юз ўгириб кетишади.

أَمْ عِندَهُمُ الْغَيْبُ فَهُمْ يَكْتُبُونَ {47} 

47. Ёхуд уларда ғайб илми бору, ундан ёзишяптими?

Ёки уларда ғайб (яширин олам) илми, яъни Лавҳул-Маҳфуз борми? Унга ўзлари хоҳлаган исбот-далилларни ёзиб қўйиб, кейин ўша ёзган нарсаларини рўкач қилган ҳолда сиз билан тортишиб юришибдими? Уларнинг ҳеч қандай далили ва асоси йўқ, чунки ҳар қанча тиришса ҳам ғайбни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билолмайди. Улар фақат нодонлик кўчасида адашиб юришибди, холос.

فَاصْبِرْلِحُكْمِ رَبِّكَ وَلَا تَكُن كَصَاحِبِ الْحُوتِ إِذْ نَادَى وَهُوَ مَكْظُومٌ {48}

48. Парвардигорингиз амрига сабр қилинг ва ғамга ботганида илтижо қилган наҳанг эгаси каби бўлманг.

Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини даъват ишларида сабрли, собитқадам бўлишга, фаолият самарасини тезда кўришга ошиқмасликка, «соҳиби ҳут» (яъни наҳанг, кит эгаси)  Юнус алайҳиссалом (Зуннун) аҳволига тушиб қолмасликка чақирмоқда. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Парвардигорингиз буюрган вазифани сабр-тоқат билан бажаринг, бу ишда наҳанг эгаси каби шошқалоқлик қилиб қўйиб, кейин қийналиб юрманг.

Юнус алайҳиссалом қиссалари Қуръони каримнинг тўрт сурасидаги тўрт оятда баён этилган. Ҳазрати Юнус Шом мамлакатининг Мовсул шаҳрига қарашли Найнавода яшаб, бут-санамларга сиғинувчи қавмга пайғамбар қилиб юборилди. У қавмни Аллоҳ ҳидоятига узоқ вақт даъват қилди, акс ҳолда Парвардигорнинг қаттиқ азоби келишидан огоҳлантирди. Аммо саркаш бутпарастлар унинг сўзига кирмади, бутларидан кечмади. Шунда Юнус алайҳиссалом бесабрлик қилиб, қавмининг қилмишидан ғазабга кирди ва дуч келган кемага миниб, Аллоҳ изнисиз улар юртини тарк этди. У кемага чиқаётганида Аллоҳнинг азоби келиши аён бўлиб қолди, шунда қавм тавба-тазарру қилиб, истиғфор айтди. Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилиб, раҳмати ва шафқати билан аниқ азобдан қутқарди. Қавмининг инкоридан ғазабланиб ташлаб кетган Юнус алайҳиссаломни Аллоҳ улкан ҳут, яъни китга ютдириб жазолади («Тарихи Табарий», 1-жилд, 461-бет).

Ибн Жарир ўз тафсирида Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ушбу ҳадисни келтиради: «Жаноби Расулуллоҳ бундай деганлар: «Аллоҳ таоло Юнусни балиқ қорнига ҳибс қилишни ирода этган пайтида ҳутга: «Юнусни ют, лекин гўштини тишлама, суягини синдирма», деди. Наҳанг Юнус алайҳиссаломни ютиб денгиз тубига тушганида Юнус қулоғига нотаниш овоз киргандай бўлди. У: «Бу нима экан?» деб ўйлади. Аллоҳ таоло унга ваҳий юбориб: «Бу овоз денгиз ҳайвонлари тасбеҳидир», деди. Юнус алайҳиссалом дарҳол тасбеҳ айтди ва буни фаришталар ҳам эшитишди. Улар Аллоҳга: «Эй Парвардигор, Ернинг бир четидан жуда заиф овоз эшитяпмиз», дейишди. Аллоҳ таоло уларга: «Бу бандам Юнуснинг овозидир, у Менга осий бўлган эди, Мен уни денгиздаги наҳанг қорнига ҳибс қилдим», деди. Фаришталар ҳайратланиб: «Кечаю кундуз ундан ҳузурингга солиҳ амаллар чиқиб турадиган яхши бандангни-я?!» дейишди. Аллоҳ буни тасдиқлаганидан кейин улар ҳазрати Юнусга шафоатчи бўлишди ва Аллоҳдан кечиришини сўрашди. Аллоҳ таоло наҳангга буюрган эди, у Юнус алайҳиссаломни соҳилга чиқариб ташлади» (Ибн Касир, «Қисасул-анбиё», Қоҳира, 218-бет).

Язид Раққоший айтади: «Мен фақат Анас ибн Моликдан бир ҳадис эшитганман, унга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Юнус пайғамбар наҳанг қорнида туриб, шундай дуо қилган эдилар: «Ла илаҳа илла анта субҳанака, инний кунту миназ-золимин» (Сендан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, Сен поксан, мен албатта ўз жонимга зулм қилдим)», деганлар». Саъд ибн Абу Ваққосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг дуога қўшиб айтилса ижобат бўладиган, шу ном билан сўралган нарса бериладиган исми Юнус ибн Маттонинг қилган дуоларидир», дедилар. Мен Расули акрамдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу дуо Юнусга (алайҳиссалом) хосмиди ё мусулмонлар учун умумий дуоми?» деб сўраганимда, у зот: «Бу дуо Юнус (алайҳиссалом) учун хос ва мусулмонлар учун умумий дуодир, Аллоҳ таолонинг сўзини эшитмаганмисан? («У бундай деган» деб, Анбиё сурасининг 87-88-оятларини ўқидилар). Ким ушбу дуо билан Аллоҳдан бирор мақсадини сўраса, албатта берилади. Чунки бу исми Аъзам дуосидир», дедилар».

لَوْلَاأَن تَدَارَكَهُ نِعْمَةٌ مِّن رَّبِّهِ لَنُبِذَ بِالْعَرَاء وَهُوَ مَذْمُومٌ {49}

49. Агар Парвардигорингизнинг фазли бўлмаганида, у саҳрога ташланган ва маломатларга қолган бўларди.

Бандаларига меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ пайғамбарининг дуо-илтижоларини ижобат этди, наҳангга Юнус алайҳиссаломга зарар етказмай, уни соҳилга чиқариб ташлашни буюрди. Балиқ қорнида узоқ вақт қолиб, танаси офтоб кўрмай оқ ем бўлиб кетган, ўзи беҳуш ётган элчисига қуёш нурлари зарар етказмаслиги учун устига сербарг ошқовоқни ўстириб қўйди. Агар Аллоҳ таолонинг унга фазли ва марҳамати бўлмаганида гиёҳ унмас бир саҳрога ташлатган, уни асраб қолиш чорасини кўрмаган бўларди. Оқибатда у қавмини ташлаб кетгани учун балиқ ютган киши сифатида қиёматгача одамлар маломатига қолган бўларди.

فَاجْتَبَاهُ رَبُّهُفَجَعَلَهُ مِنَ الصَّالِحِينَ {50}

50. Лекин Парвардигори уни танлаб, солиҳлардан қилди.

Ниҳоят, у киши ўзига келганида Аллоҳ таоло ҳазрати Юнусни ўз хатоларини тушуниб, тавба қилган қавмга яна пайғамбар қилиб юборди. Агар у мунтазам Аллоҳ зикрини қилувчи бўлмаганида, фалокат чоғида Аллоҳга астойдил тавба қилиб, дуо-илтижолар қилмаганида у албатта балиқ қорнида қиёматгача қолиб кетган бўларди. У зот балиқ қорнида ётиб ҳам Парвардигорларига астойдил ёлбориб, Ундан мағфират ва нажот сўради, унга ҳамду санолар йўллаб, тавба қилди. Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди, уни қавмига пайғамбар этиб танлади. Юнус алайҳиссалом юз минглаб кишидан иборат қавмини имонга чақириб, Аллоҳ ҳидоятига бошлади. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй бола, сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳни ёдингдан чиқарма, У сени ҳимоя қилади; Аллоҳни эсингдан чиқарма, Уни доим ёнингда топасан; Аллоҳга яқин бўл, қийинчиликда У ҳам сенга яқин бўлади», дедилар» (Имом Аҳмад).

 

وَإِن يَكَادُ الَّذِينَ كَفَرُوا لَيُزْلِقُونَكَ بِأَبْصَارِهِمْ

لَمَّا سَمِعُوا الذِّكْرَ وَيَقُولُونَ إِنَّهُ لَمَجْنُونٌ {51}

51. (Эй Муҳаммад), Эслатмани эшитганида куфр келтирганлар сизни кўз билан тойдирмоқчи бўлишади ва «у ҳақиқий мажнундир», дейишади.

Яъни, эй Пайғамбар, сиз етказмоқчи бўлган Эслатмани (Қуръони карим) кофирлар осонгина қабул қилишмайди, уни ҳамиша инкор этишади, унга ишонишмайди, буни уларга етказганингиз учун сиздан ўч олмоқчи бўлишади. Ҳатто сизни «кўз»лари билан йиқитиб, ҳалок этмоқчи ҳам бўлишади. Аллоҳ сизни ҳимоя этгани учун улар мақсадига етолмай, сизни жиннига чиқаришдан ўзга чора тополмайди. Муфассирлар «кўз билан тойдириш»нинг икки хил маъноси бор дейишади: биринчиси, адоват кўзи билан ҳақ йўлдан тойдириш, яъни Аллоҳнинг элчисига маънавий зарар етказиш; иккинчиси, «кўз» теккизиш йўли билан Пайғамбарга (алайҳиссалом) жисмоний зарар етказиш, яъни у зотни йиқитиб, ҳалок қилиш.

Ушбу ояти карима куфр келтирганлар Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «кўз» билан зарар етказмоқчи бўлганида туширилган. Қурайшийлар Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) кўрганда: «Бунингдек инсонни асло кўрмаган эдик, у келтирган далил-ҳужжатлар каби нарсаларни ҳам олдин кўрмаганмиз», дейишди. Қурайшнинг Бани Асад қабиласида бир «кўз»ли (ёмон назарли) одам бор эди. Ҳатто у бирор семиз туя ёки ҳўкиз олдидан ўтса, «кўз»и билан уни йиқитарди-да, кейин: «Ҳой чўри, сават ва пулни ол-да, бизга анави жонворнинг гўштидан олиб кел», дер эди. Кўз теккан ҳайвон шу заҳоти ўлар ҳолатда йиқилар ва сўйиб юборишга мажбур бўлинар эди. Набий алайҳиссалом бир ҳадисларида: «Кўз ҳақдир, у туяни қозонга, одамни қабрга киритади», деганлар. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) кўз текканда ушбу оятни ўқишни тавсия этганлар.

Калбийдан ривоят қилинади: «Бир киши ҳеч нарса емай икки уч-кун ҳеч нарса емай турар эди. Кейин чодирининг бир томонини кўтариб, подани кўрар ва: «Бугунги кунда бу подадан яхшироқ боқилган пода бўлмаган эди», дер эди. Сал ўтмай подадаги ҳайвонлардан бир нечаси йиқилиб, сўйиб юбориларди. Ўшанда кофирлар бу одамдан Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «кўзи» билан азият етказишини илтимос қилишди. У Пайғамбарга ёмон назар қилди. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини асради ва ушбу оятни туширди.

وَمَا هُوَ إِلَّا ذِكْرٌ لِّلْعَالَمِينَ {52}

52. У оламлар аҳли учун насиҳатдан бошқаси эмасдир!

Пайғамбарларнинг охиргиси орқали бутун инсониятга Эслатма ўлароқ индирилган Қуръони карим ваъз-насиҳатдан, иршоддан ўзга нарса эмас. Қуръон Парвардигорнинг Ўз бандаларини тўғри йўлга йўлловчи даъват китобидир. Қуръоннинг бутун оламлар халқига Эслатма экани унинг башар томонидан туширилиши мумкин эмаслигига, балки Аллоҳ томонидан юборилган илоҳий китоб эканига далилдир. У Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳга юборган ваҳийи, яъни диний кўрсатмаларидир. Қуръон шундайин бемислки, ҳанузгача ҳеч бир илм ва заковат эгаси унинг бирор ояти даражасида ҳикмат айта олмаган. У шундайин мўъжиз (ақлларни лол қолдирувчи) Каломки, ҳар қандай доҳиёна фикр ва башоартлар асрлар ўтгани сайин эскириб, яроқсиз ҳолга келганида Қуръон оятлари аксинча, вақт силсилаларида жилоланиб, янги оҳанг, янги мазмун касб этаверади. У шундайин чуқур мазмунлики, унда инсон заковатининг барча жиҳатлари қамраб олинган: ундан илм-фан, маданият, тамаддун ва қадриятларнинг барча жабҳаларига доир ҳикмат ва башоратларни топа оласиз. Айни пайтда Қуръони карим ахлоқ-одоб, инсоний тарбия дастури бўлиб, минг йиллардан буён одамзотни чин инсоний фазилатларга, эзгуликка, ҳалолликка, меҳр-шафқат, яхшиликка чорлаб келяпти. Қуръон мўъжизаси олдида не-не олиму фозиллар, даҳою аҳли донишлар бош эгмаган! Унинг оятларида зикр этилган ҳикматлар барча замон ва жамиятлар учун маёқ каби ҳақиқат йўлини кўрсатиб келяпти. Қуръони карим инсонларни охират кунининг муқаррарлиги, барча амаллар ҳисоб-китоб қилиниши ва жазо ёки мукофот берилиши ҳақида огоҳлантиряпти. Ана шундай мисли бўлмаган илоҳий каломни инкор этиш, ундаги амр-фармонларни бажаришдан бўйин товлаш, уларни ёлғонга, афсонага чиқариш эса гумроҳликдан, жоҳилликдан, мутакаббирликдан, бадбахтликдан бошқа нарса эмас! 

Орқага Олдинга