loader

088. Ғошия сураси

“Ғошия” – ўраб олувчи. Қиёматнинг сифатларидан бири. Дарҳақиқат, у ҳамма мавжудотни ўз таъсир доирасига олувчи бўлгани учун унинг номларидан бирига айланган.
Сурада туя, осмон, тоғ ва ерларнинг илоҳий ҳикмат асосида ажойиб ва ғаройиб шаклда яратилгани, уларга ибрат ва маърифат назари билан боқиш зарурлиги, шунингдек, Макка мушриклари томонидан қаттиқ қаршиликка учраган Пайғамбар (а.с.) то Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг ислом дини шону-шавкатга эга бўлгунича ўз умматини насиҳат ва эслатма услубида даъват қилишдан иборат экани зикр этилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. (Эй, Муҳаммад!) Сизга (даҳшати билан) қоплаб олувчининг (қиёматнинг) қиссаси дарҳақиқат (етиб) келди*.
* Оятнинг арабчасидаги “ҳал” калимаси бу ерда сўроқ ҳарфи эмас, балки “қад” калимаси мазмунида келган. Яъни “албатта” ёки “дарҳақиқат” каби маънони ифода этади (Мд. Қз. Абс.).
2. У кунда (баъзи) юзлар сўлғин,
3. меҳнат-машаққат чекувчидир.
4. (Улар) қизиган дўзахда куйгайлар,
5. қайноқ булоқ (суви)дан ичирилгай.
6. Улар учун таом бўлмас, бўлганда ҳам фақат заҳарли гиёҳдан бўлиб,
7. (у) семиртирмайди ҳам, очликдан ҳам халос этмайди.
8. (Бошқа бир) юзлар эса у кунда (неъматлардан) мамнун,
9. (дунёда қилган) саъй-ҳаракатларидан розидир.
10. (Улар) олий жаннатдадирлар.
11. У жойда беҳуда сўз эшитмаслар.
12. У жойда оқар булоқ бордир.
13. У жойда баланд сўрилар,
14. қўйилган қадаҳлар,
15. тизиб қўйилган ёстиқлар
16. ва тўшалган гиламлар бордир.
17. Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига,
18. осмонларнинг қандай кўтариб қўйилганига,
19. тоғларнинг қандай тикланганига
20. ва Ернинг қандай ёйиб – текислаб қўйилганига боқмайдиларми?!
21. Бас, (эй, Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз.
22. Уларнинг устидан зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз.
23. Илло, кимки (бу эслатмадан) юз ўгириб, кофир бўлса,
24. у ҳолда, (Сиз эмас, балки) Аллоҳ уни (қиёматда) энг катта азоб билан азоблагай.
25. Зеро, қайтишлари ёлғиз Ўзимизгадир!
26. Сўнгра уларни (қиёмат куни) ҳисоб-китоб қилиш ҳам фақат Бизнинг зиммамиздадир.

Орқага Олдинга