“Аъло” – олий зот, яъни Аллоҳ таоло. Сурада инсон Аллоҳнинг ўз қудрати ва ҳикмати билан яратилгани, Қуръон оятларидан баъзиларининг унутилиши Аллоҳнинг иродасига боғлиқ экани, илоҳий насиҳатлар ҳаммага ҳам таъсир этмаслиги, охиратдаги ҳолатлар, Қуръондаги шу каби кўп ўгитлар Иброҳим ва Мусо (а.с)ларга нозил этилган саҳифаларда ҳам мавжуд экани баён этилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1. (Эй, Муҳаммад!) Энг олий зот бўлмиш Раббингизнинг исми билан тасбеҳ айтинг!
2. Зеро, У (барча нарсани) яратиб, барпо қилган,
3. барчага муносиб йўлни белгилаб, (ўша йўлга) ҳидоят қилиб қўйган,
4. ўтлоқни ундириб чиқариб,
5.сўнгра уни қорамтир хазон қилиб қўйган зотдир*.
* Баъзи олимлар бу оятдаги “ғусоъ” сўзини “нефт” деб таъвил қиладилар ва у сел кўпикларига қоришган чирик япроқ хазонларининг қуйқасидан ҳосил бўлади, деб изоҳлайдилар.
6. (Эй, Муҳаммад!) Биз Сизга (Жаброил воситасида Қуръонни) қироат қилдирурмиз. Бас, Сиз (уни) эсдан чиқармассиз.
7. Илло, Аллоҳ (унуттиришни) хоҳлаган оятлар бундан мустаснодир. Албатта, У ошкора (сўз ва ишлар)ни ҳам, яширин нарсаларни ҳам билур.
8. Биз Сизни осон (дин)га муваффақ қилурмиз.
9. Бас, эслатма фойда берса, (кишиларга) эслатинг!
10.(Аллоҳдан) қўрқадиган киши эслатма олар.
11. Бахтсиз киши эса ундан (эслатмадан) четлаб ўтиб,
12.Катта ўт (дўзах)да куяжак.
13. Сўнгра у жойда на ўла олур ва на яшай олур!
14.Нажот топувчи одам, ҳақиқатан, (куфр ва гуноҳлардан) пок бўлур
15.ва Парвардигорининг исмини ёд этиб, (беш вақт) намоз ўқир.
16.Ҳа, сизлар, (эй, кофирлар!) Дунё ҳаётини (охиратдан) устун қўюрсиз.
17. Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир.
18. Дарвоқе, бу (оятлар) аввалги (пайғамбарларга нозил бўлган) саҳифаларда –
19. Иброҳим ва Мусо саҳифаларида (ҳам) бордир.