loader

065. Талоқ сураси

Эридан ажраган, яъни талоқ қилинган аёл қанча идда ўтириши, уни то иддаси чиққунга қадар жой ва нафақа билан таъминлаб туриш эрнинг бурчи экани, Пайғамбар (а.с.)нинг ўз умматларига нисбатан жаҳолат зулматидан имон нури сари етаклаб чиқувчи халоскор эканлари ва бошқа илоҳий насиҳатлар бу сурадан жой олган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Эй, Пайғамбар! Қачонки, сизлар (мўминлар) хотинларингизни талоқ қилсангиз, уларнинг иддаларида (поклик пайтларида) талоқ қилингиз ва иддани санангиз!* Раббингиз – Аллоҳдан қўрқингиз! (Идда тугагунча) уларни (яшаб турган) уйларидан (ҳайдаб) чиқармангиз ва улар ҳам ўзларича чиқиб кетмасинлар! Фақат улар очиқ фаҳш (бузуқлик ёки идда ўтмай чиқиб кетиш каби) ишни қилсаларгина (уйларидан чиқарилурлар). Бу Аллоҳнинг чегараларидир. Кимки, Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, демак, у ўзига зулм қилибди. Сиз билмассиз, эҳтимол, Аллоҳ бу (талоқ)дан кейин бирор ишни пайдо қилар.
* Оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, фуқаҳолар “абғазул-ҳалол”, яъни рухсат этилган, лекин Аллоҳга ёқимсиз саналмиш талоқ масаласини чуқур таҳлил этганлар. Фақат зарурат тақозоси билан талоқ қилиш жоиз деб билган ҳолда, эр агар суннатга мувофиқ бўлсин деса, хотини ҳайздан пок бўлган пайтида, жинсий алоқа қилмай туриб бир талоқ қўяди. Агар буларнинг аксини қилса, бидъат иш қилган бўлади, лекин айтган талоғи тушаверади. Оятларда талоқ масалалари аниқ баён этилган. Лекин талоқ турлари, шартлари ва унга доир фатволардан чуқурроқ хабардор бўлмаган кишилар ўзларича ҳукм чиқармасдан бу каби мураккаб масалаларни муфтий, қози мақомидаги уламоларга ҳавола қилишлари мақсадга мувофиқдир.
2. Бас, қачонки, (талоқ қилинган аёллар идда) муддатига етсалар, бас, уларни яхшилик билан олиб қолингиз ёки яхшилик билан (маҳрларини бериб) ажрашингиз! Ва (ярашаётган ёки ажралишаётганда) ўзларингиздан (мусулмонлардан) икки адолатли гувоҳни ҳозир қилингиз ва гувоҳликни Аллоҳ учун баркамол адо этингиз! Бу (ҳукм)дан фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирувчи киши ўгит олур. Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур.
3. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир.
4. Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам. Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир. Кимки Аллоҳга тақво қилса, (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур.
5. Бу Аллоҳнинг сизларга нозил қилган амридир. Кимки Аллоҳга тақво қилса, унинг ёмонлик (гуноҳ)ларини ўчирур ва унинг мукофотини буюк қилур.
6. Уларга (талоқ иддасини сақлаётган хотинларингизга) ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой берингиз ва уларни (турган жойларидан) сиқиб чиқариш мақсадида уларга зарар етказмангиз! Агар улар ҳомиладор бўлсалар, у ҳолда, то ҳомилаларини қўйгунларича, уларга нафақа бериб турингиз!* Бас, агар (талоқ қилган аёлларингиз) сизлар учун (бола) эмизсалар, у ҳолда уларнинг ҳақларини берингиз! (Эмизиш хусусида) яхшилик билан ўзаро келишиб олингиз! Агар (келиша олмасдан) танг ҳолга тушсангиз, бас, у (ота) учун (боласини) бошқа (бир аёл) эмизур.
* Талоқ қилинган хотинга эрининг берадиган муваққат нафақасига оид шартлар хусусида уламолар ўртасида баъзи фарқлар бор. Масалан, “ражъий” талоқ қилинган хотинга иддаси чиққунга қадар жой, таом, кийим билан таъминлаб туришнинг вожиб эканида ихтилоф йўқ. Аммо “боин” ва уч талоқ қилинган хотин нафақаси хусусида турли қарашлар мавжуд. Масалан, Ибн Аббос (рз.), Ҳ. Басрий, Шаъбий, Шофиий ва Аҳмад (рҳ.)лар ҳомила бўлмаса, нафақа вожиб эмас, дейдилар. Ибн Масъуд (рз.), Иброҳим Нахаий, Саврий ва ҳанафий уламолари наздида ҳар қандай ҳолатда ҳам талоқ қилинган аёлга иддаси чиққунгача нафақа вожиб саналади (Хз. Мд. Лс.).
7. Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошқа нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур.
8. Қанчадан-қанча (ўтмишда) шаҳарлар аҳолиси ўзларининг Парвардигори ва пайғамбарлари амридан бош тортдилар, бас, Биз уларни қаттиқ ҳисоб-китоб қилдик ва хунук азоб (турлари) билан азобладик.
9. Бас, (шаҳарларнинг аҳли) ўз қилмишларининг уволини тотдилар ва бу ишларининг оқибати (ўзлари учун) зиён кўриш бўлди.
10. Аллоҳ уларга (яна охиратда ҳам) қаттиқ азобни тайёрлаб қўйгандир. Бас, эй, имон келтирган ақл эгалари! Аллоҳдан қўрқингиз! Дарвоқе, У зот, сизларга Зикрни (Қуръон)ни нозил қилди.
11. Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга Аллоҳнинг баён этувчи оятларини тиловат қиладиган пайғамбарни (Муҳаммадни юборди). Кимки Аллоҳга имон келтирса ва солиҳ амал қилса, (Аллоҳ) уни остидан анҳорлар оқиб турадиган, абадий қолинадиган (жаннатдаги) боғларга киритур. Ҳақиқатан, Аллоҳ унинг учун гўзал ризқ (жаннат ризқини ато) этган бўлур.
12. Аллоҳ етти осмонни ва Ердан ҳам ўшанча миқдорни (етти қаватни) яратган зотдир. (Аллоҳнинг) амри (фармони) уларнинг (осмон ва Ер) ўртасида нозил бўлиб турар. Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У шундай қилди).

Орқага Олдинга