“Таҳрим” – ҳаром қилиш, тақиқлаш. Сурада Пайғамбар (а.с.) билан манкуҳалар ўрталарида ўтган баъзи можаролар, оила ва фарзанд тарбияси, тавба қилишга тарғиб ва ниҳоят, Нуҳ ва Лут (а.с.)лардек пайғамбарларнинг аёллари кофир бўлгани, Фиръавндек кофирнинг аёли Осия ва шунингдек, Биби Марям бинт Имронлар эса мўмина ва солиҳа бўлганлари баён этилган.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
1.Эй, Пайғамбар! Нега хотинларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ Сиз учун ҳалол қилган нарсани (асални) ҳаром қилиб олурсиз! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир*.
* Пайғамбар (а.с.) бир куни Зайнаб бинт Жаҳш исмли хотинлари ҳузурида асал истеъмол қилиб, бироз қолиб кетадилар. Буни пайқаган бошқа хотинлари – Ойша билан Ҳафса оналаримизнинг рашклари келиб, ул зотни “жазолаб қўйишга” ўзаро келишиб оладилар ва Он ҳазрат чиқишлари билан: "Оғзингиздан бадбўй ҳид келмоқда, нима едингиз?" – дейдилар. Бадбўй ҳидни ёқтирмайдиган Пайғамбар (а.с.) бироз қизишиб: "Асал егандим", – дейдилар ва бундан кейин асал емасликка қасамёд қиладилар (Бх.).
2. Дарвоқе, Аллоҳ сизлар учун (маълум миқдорда каффорат – жарима тўлаб) қасамларингизни ҳалоллаб олишни фарз қилган. Аллоҳ хожаларингиздир. У (барча нарсани) Билувчи ва (етук) Ҳикматли (зот)дир.
3. Пайғамбар хотинларидан бирига (Ҳафсага) бир гапни (чўриси Мория талоғи ва халифаликни) хуфёна айтганини эсланг! Бас, қачонки, (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Ойшага) хабар бергач, Аллоҳ уни бундан воқиф қилди ва у (Ҳафсага ўзи билган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки, (Пайғамбар Ҳафсага) хабарни айтгач, у: «Ким Сизга бу хабарни берди?», – деди, (Пайғамбар): «Менга Билувчи ва Хабардор (Аллоҳ) хабар берди», – деди.
4. (Эй, Ҳафса ва Ойша!) Агар сизлар Аллоҳга тавба қилсангиз (ўзларингизга яхши). Чунки дилларингиз (ҳақ йўлдан) тойиб кетди! (Аммо) агар сизлар унинг (Пайғамбарнинг) зарарига ҳамкорлик қилсангиз, у ҳолда, шубҳасиз, Аллоҳнинг ўзи ҳам, Жаброил ҳам, аҳли солиҳ мўминлар ҳам унинг ҳимоячисидирлар. Яна, булардан кейин фаришталар ҳам (Пайғамбарга ҳамма ишларида) ёрдамчидир.
5. (Унинг) Парвардигори – агар у сизларни талоқ қилса – унга сизлардан яхшироқ жуфтларни – муслима, мўмина (Аллоҳ ва унинг пайғамбарига) итоат этувчи, тавба-тазарру қилувчи, обида, (мудом Аллоҳнинг йўлида) юрувчи жувон ва қизларни алмаштириб бериши мумкин.
6. Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар).
7. Эй, кофир бўлганлар! Бугун узр айтмай қўя қолингиз! Сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсиз.
8. Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! У кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга имон келтирганларни шармисор қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан», – дерлар.
9. Эй, Пайғамбар! Кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга нисбатан (Сиз ҳам) дағаллик қилинг! Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар мудҳиш қисмат бу!*
* Куфр ва нифоқ аҳлига нисбатан муносабатнинг бу қадар салбийлашувига уларнинг ўзлари сабаб бўлгани ҳақида “Тавба” сураси, 73-оят тафсирида айтиб ўтилди.
10. Аллоҳ кофир бўлган кимсалар ҳақида Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотинини мисол келтирди*. У иккиси Бизнинг бандаларимиздан икки солиҳ банданинг (қўл) остида эдилар. Бас, у (аёл)лар уларга хиёнат қилдилар. (Нуҳ ва Лут) Аллоҳ(нинг азоби)дан бирор нарсани у иккисидан даф қила олмадилар. (Уларга): «Кирувчилар билан бирга дўзахга кирингиз!» – дейилди.
* Яъни шундай улуғ пайғамбарлар билан бирга турмуш қуриб, ҳамхона бўлишларига қарамай, уларнинг хотинлари ёвузликларича қолдилар ва Аллоҳнинг қаҳрига дучор бўлдилар.
11. Аллоҳ имон келтирган зотлар ҳақида Фиръавннинг хотинини мисол келтирди. Ўшанда у: «Эй, Раббим! Ўзинг мен учун ҳузурингда (жаннатда) бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин. Мени золимлар қавмидан халос этгин!» – деди*.
* Фиръавннинг хотини Осия Мусо (а.с.)га имон келтирганидан хабар топгач, эри уни қаттиқ жазолайди. Шунда у Аллоҳ таолога мазкур илтижони қилади. “Руҳул-маоний” тафсирида “Духон” сурасининг 54-оятига ёзилган тафсирда жумладан шундай дейилади: “Жаннатга кофирнинг имон келтириб ўтган хотини кирса, Аллоҳ таоло уни Ўзи хоҳлаган жаннат аҳлига хотинликка беради. Шу жумладан Фиръавнинг хотини Осия ҳам Муҳаммад (а.с.)нинг хотинлари сафига қўшилиши ривоят қилинган. Шунингдек, бу дунёда бир киши бир неча хотинга уйланган бўлса, уларнинг талоқ қилинмаганлари жаннатда эри билан бирга бўладилар. Аёл киши бир неча эрга теккан бўлса, у охирги эри билан бирга бўлади. Эрга чиқмай оламдан ўтган аёллар, хоҳ улар балоғат ёшига етган ёки етмаган бўлсин, Аллоҳ уни Ўзи хоҳлаган кишига беради” (Ол.).
12. Яна ўз номусини сақлаган аёл – Марям бинт Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз ўз (даргоҳимиздаги) руҳимиздан унга пуфладик (ва у Исога ҳомиладор бўлди). У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда (Унинг амрига) итоат этувчилардан бўлди.