Араб тилида «темир» маъносида келган «Ҳадид» номи билан аталган ҳамда темир моддасининг муҳимлигига ишора қилганлиги учун бу номни олган. Сура 29 оятдан иборат.
Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.
1-6. Осмондаги малоикалар ва ердаги нарсалар Аллоҳ таолони поклик билан ёд қиладилар. У Худо намма нарсадан ғолиб ва ҳар бир феъли ҳикматлидир. Осмон ва ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У ўлдиради ва тирилтиради. Тангри таоло ҳар бир нарсага қодирдир. Правардигор ҳамма нарсадан аввал ва ҳамма нарсадан кейин қолади. У ошкора ва махфий ва ҳар бир нарсага донодир. Парвардигор шундай зотки, осмонни ва ерни олти кунда халқ қилди. Кейин аршнинг тадбирига қасд қилди. Аллоҳ таоло ҳар бир нарса ерга кирса ва ҳар бир нарса ердан чиқса билади. Ва ҳар нарсаки осмондан ерга тушса ва ҳам ҳар бир нарсаки ердан осмонга чиқса билади. Сизлар қаерда бўлсаларингиз ҳам Худонинг марҳамати сизлар билан биргадир. Аллоҳ таоло қилган амалларингизни кўриб туради.ер ва осмоннинг подшоҳлиги Худоникидир. Ва ҳар бир нарсанинг ҳукми худога қайтарилади. Кечадан олиб кундузга зиёда қилади, кундуздан олиб кечага зиёда қилади. Худо кўкракдаги сирларга донодир.
7-9. Эй бандалар, Худо ва Расулига иймон келтиринглар. Аллоҳнинг йўлида Парвардигор сизларин сарф қилишга қодир қилиб қўйган молларингиздан садақа қилинглар. Энди сизлардан ҳар ким иймон келтирса ва Худонинг йўлида харж қилса уларга улуғ ажр бордир. Эй Макка аҳли, сизларга нима бўлди, Худога иймон келтирмайсизлар?! Ваҳоланки пайғамбар сизларни Парвардигорингизга иймон келтиришга чақиради. Аллоҳ таоло сизлардан мийсоқ кунида аҳд олган эди, агар сизлар мийсоқ кунига ишонган бўлсаларинг. Парвардигор шундай зотки, ўзининг бандаси ва расули Муҳаммад алайҳис саломга равшан оятлар нозил қилади. Токи, Аллоҳ таоло сизларни куфрнин қоронғулигидан чиқариб, иймон нурига мушарраф қилиш учун. Билингларки, Аллоҳ таоло сиздарга ноҳоятда меҳрибондир.
10-11. Сизларга нима бўлдики, молларингизни Худо йўлида сарфламайсизлар? Ваҳоланки осмондаги ва ердаги нарсалар худонинг мулкидир. Кейин ҳам Худонинг мулки бўлиб қолади.макканинг фатҳидан илгари Худонинг йўлида харж қилувчилар ва Худонинг йўлида ғазот қилувчилар, Макканинг фатҳидан кейин харж қилувчилар ва ғазот қилувчилар билан баробар эмасдирлар. Макка фатҳидан аввал бойликларини Ҳақ йўлида эҳсон қилганларнинг даражалари кейин харж қилувчилар ва ғазот қилувчиларнинг даражасижан улуғдир. Лекин Аллоҳ таоло ҳар бирларига Жаннатни ваъда қилади. Аллоҳ таоло сизларнинг қилган амалларингиздан хабардордир. Кимки Аллҳга ихлос билан молидан қарз берса, Аллоҳ таоло у одамага шу дунёда неча баробар қилиб беради ва охиратда улуғ ажр бордир.
12. Эй Муҳаммад, Қиёмат куни мўъмин эр ва мўъминаларнинг олдиларинга ва ўнг тарафларида иймонларининг нури равшан қилиб бораётганини кўрасан. Малоикалар айтадиларки: «Сизларга бу кун тагидан анҳорлар ўтадиган Жаннат муборак бўлсин. Унда ҳамиша бўласизлар. Бу башорат сенга улуғ мақсадга етмоқдир.
13-15. Эй Муҳаммад, мунофиқ ва мунофиқалар мўъминларга: «бизларга марҳамад билан назар қилинглар, сизларнинг нурларингиздан биз ҳам фойдаланайлик.»-дейдиган ўша кунни эсла! Малоикалар айтадиларки: «Эй мунофиқлар, орқаларингизга қайтинглар ва ўзларинга нур истанглар.» Бас, малоикалар Худонинг амри билан мунофиқлар ва мўъминлар ўрталарида бир қалъа пайдо қилади. У қалъада бир дарвоза пайдо бўлади. Мўминларни дарвозадан ичкарига киритадилар, мунофиқлар эса ташқарида қоладилар. Қалъа ичи раҳмат нури билан тўлади. Қалъанинг ташқарисида мунофиқлар тарафидан азоб бордир. Мўъминлар қалъа ичидан Жаннатга қараб йўл оладилар. Мунофиқлар мўъминларни чақириб айтадиларки: «Бизни нима учун ажратиб қўйдиларинг, у дунёда сизлар билан бирга эмасмидик?! Сизлар билан бирга намоз ўқимас эдикми?!» Мўъминлар айтадиларки: «Ҳа шундай эди, лекин сизлар нифоқ қилиб ўз нафсларингизни азобга қолдирдиларинг ва тавба қилмасдан таъхирга солдиларинг ва Ислом динига шак қилдиларинг. Сизларни дунёнинг орзулари мағрур қилди. Токи Худонинг фармони билан ўлимларингиз келди. Шайтон сизларни Худонинг фармонини бажаришда мағрур қилди. Энди бу кун сизлардан азобни даф қилиш учун фидя ҳам қабул қилинмайди. Кофирлардан ҳам қабул қилинмайди. Энди ҳаммаларингизнинг жойларингиз Дўзахдир. Дўзахнинг ўти сизларга лойиқдир. Дўзах кўп ёмон қайтадиган жойдир.»
16-18. Оё мўъминларга вақти келмадими, диллари Худонинг ёди билан мулойим бўлса ва ҳам Худо таолонинг нозил қилган Қуръони учун мулойим бўлса. Аҳли китобларга ўхшаган бўлмасинлар. Буларга ўзоқ умрлар бўлиб, кейин диллари қаттиқ бўлиб ҳеч мулойимлик қолмаган эди. Буларнинг кўплари фосиқдирлар. Билингларки, аллоҳ таоло ер қуругандан кейин унга ҳаёт беради. Сизларга Худо қудратининг нишоналарини равшан баён қилдик. Шоядки, ақлларингни ишлатиб, фикр қиласизлар. Албатта, Аллоҳ ва расулининг сўзини тасдиқ қилувчи мўъмин ва мўъминалар, Худонинг йўлида молларини сарф қилувчиларга-Худога қарз берувчиларга Аллоҳ таоло уларнинг берганларини зиёда қилиб қайтаради. Бу дунёда ва охиратда эса улуғ ажр беради.
19-20. Худога ва Унинг расулларига ихлос билан иймон келтирган ва амрларини бажо келтирган шу жамоалар сиддиқдирлар. Аммо шаҳидлар Парвордигорнинг наздида мартабалари улуғдир. Аллоҳ таоло уларга комил ажр ва йимон нури ато қилган. Аммо қофир бўлганлар ва бизнинг оятларимизни инкор қилганларДўзах асҳободирлар. Билинглар, эй мўъминлар, дунёнинг тириклиги ўйин-кулгудан иборатдир. Бунинг мисли шунга ўхшайдики, осмондан ёмғир ёғиб, ерлардан гиёҳлар кўкарса, деҳқонлар хурсанд бўладилар ва кўп ҳосил оламиз деб умид қиладилар. Кейин бир совуқ шамол келиб, ҳаммасини қурутса, бас, кўрасанки, барглари сарғайиб қурушни бошлайди, кейин ҳаммаси синиб майдаланиб самонша айланади. Дунёнинг нашъу-намоси мана шулардан иборатдир. Аммо охиратдаги аҳвол икки ҳолдан холи эмасдир. Бири қаттиқ азоб ва иккинчиси Аллоҳнинг мақфирати ва розилигидир. Дунё ҳаёти одамни алдайдиган лаззатдан бошқа нарса эмас.
21-24. Аллоҳ таоло мағфиратига мутаважжиҳ бўлинглар. Ва ҳам кенглиги ер ва осмоннинг кенглигича бўлган Жаннатнинг тарафига ҳаракат қилинглар. У Аллоҳ ва расулига иймон келтирганларга тайёр қилиб қўйилган. Бу Жаннатга кириш Худонинг фазл ва марҳаматидирки, кимга хоҳласа, беради. Аллоҳ таоло улуғ фазл соҳибидир. Ҳар мусибатки, ер юзига етса ва ҳам нафсларингга етса, у мусибат пайдо бўлмасдан илгари ёзилгандир. Албатта, бу Аллоҳ таолога осондир, токи сизлар қўлингиздан кетган нарсага ғамгин бўлманглар ва қулингизга келган нарсага ҳурсанд ҳам бўлманглар. Аллоҳ таоло ҳар бир кибр қилувчи ва фахр қилувчини дўст тутмайди. У мутакаббирлар шундан иборатки, Худонинг молига бахиллик қиладилар ва бошқаларни ҳам бахилликка тарғиб қиладилар. Ҳар кимки, Худонинг ҳукмидан юз ўгирса, Аллоҳ таоло ғанийдир. Ҳеч кимга муҳтож эмас, мақтовга лойиқ зотдир.
25. биз расулларимизни равшан далиллар билан халққа юбордик. Уларга китоб ҳам нозил қилдик, инсонлар бир-бири билан муомала қилганда инсоф қилсинлар деб адолат тарозисини мақарра қилдик ва ҳам бандаларга темирни халқ қилдик, ундан уруш асбоблари тайёрланади. Ва унда халқ учун бошқа манфаатлар ҳам бор. Токи маълум бўлсин, худонинг динига ва Расулига ким ғойибона ёрдам беради. Аллоҳ таоло қувватли ғолибдир.
26-27. Биз Нуҳ(а.с) билан Иброҳим(а.с.)ни пайғамбар қилиб юбордик ва икковларининг авлодларига нубувват ва китоб бердик. Лекин буларнинг зурриётларидан баъзилари ҳидоят топдилар ва кўплари фосиқ бўлдилар. Яна буларнинг кетидан пайғамбарлар юбордик. Бу пйғамбарлардан сўнг яна Ийсо(а.с.)ни пайғамбар қилиб юбордик ва унга Инжил китобини юбордик. Ийсо(а.с.)га тобеъ бўлганларнинг дилларига меҳрибонлик ва раҳм қилиш сифатларини ато қилдик. Улар хилватда ибодат қилишни ихтиёр қилдилар. Бу сифатни ўзлари ихтиро қилдилар, Биз фарз қилганимиз йўқдир. Худонинг ризоси учун қилсалар ажр берилади. Лекин кўп хилватда ўтиришнинг риоясини, ҳаққини адо этмадилар. Бас, Биз ихлос билан иймон келтирганларга ажр ато қилдик, лекин уларнинг кўпи фосиқ эдилар.
28-29. Эй мўъминлар, Аллоҳ таолодан қўрқинглар ва расулига иймон келтиринглар. Агар шундай қилсаларингиз Аллҳ сизларга раҳматидан икки ҳисса беради. Сизларга Қиёмат куни нур ато қилади. Шу нурнинг равшанлигидан Қиёматнинг қоронғулигида юрасизлар ва кўприкдан ўтасизлар. Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи ва бандаларга меҳрибондир. Худо таоло ўз карами билан мўъминларгамеҳрибон бўлади, токи аҳли китоб билсинларки, Аллоҳ таоло фазлига қодир эмаслар. Фазл ва марҳамат Худонинг қўлидадир. Уни хоҳлаганига беради. Аллоҳ таоло улуғ фазл соҳибидир.