Марям сураси 98 оят бўлиб, Маккада нозил бўлган. Баъзи тафсирчиларнинг фикрига кўра 58-оят, баъзиларининг фикрига кўра 71-оят Мадинада нозил бўлган. Бу сура бошқа мавзулар билан бирга, хусусан Ҳазрати Марям ва унинг Исо (а.с)ни дунёга келтириши ҳақида сўз юритилганлиги сабабли сура «Марям» деб ном олган.
Бандаларга шу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.
1-6. Бул калимадан Парвардигорнинг муроди нима бўлса, Ўзи донодир. Паравардигоринг Ўз банадаси–Закариёга қилган марҳаматлари баёни (қиссаси) шундан иборатдир:
Вақтики, Закариё алайҳиссалом Парвадигорга махфий тарзда дуо қилиб айтдилар: «Эй Парвардигоро, пир (кекса) бўлдим, устухонларим (суякларим) заиф бўлди. Қувватим кетди, сочларимнинг оқариши равшан бўлди. Ҳеч вақт Сенга дуо қилиб ноумид бўлганим йўқ эди. Дуоларимни ижобат қилар эрдинг. Мендан кейин узоқ қариндошлар менга халифа бўлиб меросхўр бўлишлари (ва динни зоеъ қилиб қўйишлари)дан қўрқаман. Шул дамгача хотинимни туғмаслиги сабабли фарзанд бўлмади. Эй Парвардигоро, Ўз марҳамат ва иноятингдан менга ва (бобом) Яъқубга (муносиб) ворис бўладиган фарзандни ато қилгин. Ул фарзандни наздингда мақбул, солиҳ қилгин.
7-11. Бизлар Закариёга айтдик: «Сенга бир фарзанднинг вужудга келиши ҳақида хушхабар берамиз. Унинг номи Яҳёдир. Бундан илгари бу номни ҳеч кимга қўймадик». Закариё айтди: «Эй Парвардигоро, менга қандай фарзанд бўлур экан? Ваҳоланки, хотиним туғмас, ўзим ҳам кексаликдан заиф бўлиб қолганман. Ваҳий олиб келган Жаброил алайҳиссалом айтдилар: Албатта, Худонинг ваъдаси бўлади. Парвардигоринг айтурки: Бул иш Менга осондир, қандоқ таажжуб қиладурсан? Бундан илгари сен йўқ эдинг, Мен сени дунёга келтирдим. Шунга ўхшаш фарзандингни ҳам халқ қилишга қодирман. Закариё алайҳиссалом айтдилар: Бул фарзанднинг вужудга келишига мен учун бир нишона муайян (пайдо) қилгин». Парвардигор айтди: «Сенга нишона шулки, уч кунга қадар ўзинг тандуруст бўла туриб, халққа сўзлай олмайсан. Бас, ибодатхонадан чиқиб, қавмларига эртаю кеч ибодатларингни давом эттиринглар, деб ишорат қилдилар. Шундан кейин уйга бориб, хотинлари билан яқинлик қилдилар. Аёллари Яҳё алайҳиссаломга ҳомиладор бўлдилар. Ҳомила муддати тамом бўлиб, Яҳё алайҳиссалом туғилдилар. Етти ёшга борганларида оталари билан ибодатга машғул бўлдилар.
12-15. Вақтики Яҳё алайҳиссаломга Худо тарафидан нубувват мартабаси берилгач, Парвардигор Яҳё алайҳиссаломга хитоб қилиб айтдики: «Эй Яҳё, Таврот китобини ихлос ва эътиқод бирла қўлингга ол, амал қил». Бизлар Яҳё алайҳиссаломга ёшлик вақтида Таврот ҳикматларининг фаҳмини ато қилдик. Ўзимизни наздимиздан дилига мулойимлик ва покизаликни бердик. Ул доимо худотарс эди. Ота ва онасига фармонбардор эди. Ул Парвардигорни ҳукмига саркашлик ва исён қилмас эди. Унга шайтоннинг шарридан, туғилган кунида, ўлган кунида ва қиёмат куни тирилганида Аллоҳнинг азобидан саломатлик бўлсин.
16-21. Эй Муҳаммад, Марямни қиссасини Қуръонда ёд қилгин. Вақтики Марямга ғусл ҳожат бўлди. Холасини уйидан чиқиб кун чиқар тарафга хилватга борди. Ғусл қилмоқ учун холаларидан ўзини парда қилди. Бизлар Жаброил алайҳиссаломни ғусл қилиб турган жойига юбордик. Жаброил алайҳиссалом Марямга мукаммал инсон суратида кўринди. Вақтики Марям бу хилват жойда ягона одамни кўрди. Айтди: «Агар сен худотарс-муттақий бўлсанг ҳам Мен сендан Худонинг паноҳига қочурман». Жаброил алайҳиссалом айтдилар: «Мендан қўрқмагин. Парвардигоринг тарафидан элчи бўлиб келдим. Токи сенга бир ғуломи покиза ҳиба (ҳадя) қилай». Марям айтди: «Қандоқ менга ғулом бўладур? Ваҳолонки, ҳеч башар менинг қўлимни ушлагани йўқдир, беҳуда юрган фоҳиша ҳам эмасман». Жаброил айтди: «Ҳақиқатдан ҳам шундай, лекин Парвардигоринг айтурки, «Отасиз фарзанд яратиш менга осон. Бул фарзандни шунинг учун халқ қиламан, токи барча инсонлар учун ўз қудратимга нишона бўлсин. Бул фарзандни Ўз тарафимдан халқ учун раҳмат ва ҳидоят сабаби қиламан. Бу менинг ҳукмим ила муқаррар бўлган ишдир».
22-26. Бас, Жаброил алайҳиссалом биби Марямнинг қоринлариға ё оғизларига дам қилдилар. Шул билан биби Марям ҳомиладор бўлдилар. Биби Марям туғиш яқин келган вақтда Байтул Мақзисдан чеккароқ жойга бордилар ва биби Марямда туғиш дарди (тўлғоқ) бошланди. Бир қуруган хурмо дарахтига такя қилдилар. Шул жойда вазъи ҳамл бўлди (фарзанд туғилди). Биби Марям бул ҳолни кўргач паришон бўлиб айтдилар: «Эй, кошки мен бу воқеадан илгари ўлсайдим. Халқнинг дилидан билкулли фаромуш (тамом унут) бўлсайдим, халқ мани бул ҳолда кўрмаган бўлур эди». Биби Марям шул ҳолда ўлимни орзусини қилиб турганларида тагларидин овоз келдики, «Сен бул ҳолга ҳаргиз ғамгин бўлма. Аллоҳ таоло сенинг учун тагингдан чашма (бир ариқ) жорий қилди. Унда ғусл қил. Сув ичиб, сероб бўлиб (чанқоғингни қондириб) қуриган дарахтни силкит, токи сенга пишган хурмолар тўкилур. Бул хурмолардан еб сувдан ич. Бул ҳолни кўриб ибрат олиб, хурсанд бўлиб, дилингга тасалли ҳосил қил. Парвардигор қуруқ дарахтдан ҳўл мева ато қилади. Шунга ўхшаш сенга ҳам отасиз фарзанд ато қилди. Бас, Агар бирон одамни кўрсанг сендан фарзандинг хусусида савол қилса, унга айтгин: «Мен Парвардигорим учун рўза назр қилганман. Ҳеч инсон билан сўзлашмайман».
27-33. Биби Марям ҳазрати Исони кўтариб қавмларига келдилар. Биби Марямнинг қавмлари ўртага олиб айтдилар: «Эй Марям, Парвардигор зотига қасамки, сен ёмон нарсани ўз қавмингга олиб келдинг. Эй Ҳоруннинг синглиси, сени отанг ёмон одам эмас эрди. Сени онанг фоҳиша эмасди. Сен нима иш қилиб келдинг?». Бас, биби Марям қавмини жавобига ҳеч нарса демадилар. Гўдакка ишорат қилиб айтдилар: «Бундан сўранглар?». Қавмлари айтдиларки, «Биз бешикда ётган гўдак билан қандоқ калом қиламиз? (сўзлашамиз?)». Ҳазрат Исо қавмга қараб айтдилар: «Мен Худонинг бандасиман. Мени ўз қудрати билан халқ қилди. Мени пайғамбар қилиб сайлаб Менга китоб беришга ваъда қилди. Қаерда бўлсам, мени баракотлик қилди. Модомики ҳаётим бор, мени намозга ва закотга, онамга итоат қилишга амр қилди. Мени саркаш ва бадбахт қилмади. Балки Ўзига итоатлик яратди. Менга Парвардигор тарафидин таваллуд бўлган кунларимда ва ўлган кунларимда, Қиёмат куни тирилганимда саломатлик бўлсин».
34-40. Эй Муҳаммад, Мен сенга баён қилган мана шул қисса, биби Марямнинг ўғиллари Исо алайҳиссалом қиссалари эди. Насоролар билан яҳудлар Исо алайҳиссалом хусусида ихтилоф қиладилар. Насоролар ғулув қилиб, (хаддан ошиб) Худонинг ўғли десалар, яҳудлар мазаммат қилиб, зинодан бўлган дейдилар. Энди Мен сенга қавли ҳақ (тўғри) ва ростни айтурман. Аллоҳ таолога Ўзи учун фарзанд пайдо қилиш лойиқ эрмас. Аллоҳ таоло бу хил айблардан покдир. Вақтики, Парвардигор бир нарса яратишни ҳоҳласа «Бўл» деган ҳамоно бул нарса бўлур. Исо алайҳиссалом қавмларига айтдилар: «Аллоҳ таоло мени ва сизларни яратган Парвардигордир. Шу зотга ибодат қилинглар. Тўғри йўл мана шудир». Гуруҳлар ўз ўрталарида Исо алайҳиссалом хусусида кўп ихтилофлар қилдилар. Лекин Мен сенга ҳақ сўзни айтдим. Бас, вой ул кофирлар ҳолигаки, қиёматнинг улуғ кунларида маҳшаргоҳга ҳозир бўладилар, азоби илоҳийни мушоҳада қиладилар. Вақтики қиёмат куни кофирлар Бизнинг ҳузуримизга келганларида ниҳоятда ҳақ сўзни эшитувчи, ҳақиқатни кўрувчи бўладилар. Лекин буларга ҳеч қандай фойда бермайдур. Чунки бу золимлар бу дунёда гумроҳлик йўлига кириб кетдилар. Эй Муҳаммад, кофирларни қиёматнинг ҳасратлик кунларидан қўрқитгин. Чунки у вақтда ҳамма иш тамом бўлади. Тавба қилишга вақт (фурсат) қолмайди. Булар имон келтирмай, ғафлатда юрадилар. У кунларда ер юзи ва ундаги махлуқотлар Бизга қолур ва ҳам Бизга қайтурлар. У вақтда Биздан бошқа молик (хукмроқ подшоҳ) қолмайдир.
41-46. Эй Муҳаммад, Қуръонда зикр қилинган Иброҳимнинг қиссасини ёд қилгин. Иброҳим Парвардигор наздида содиқ пайғамбарлардан эди. Вақтики Иброҳим отасини бутпараст кўрди, айтди: «Эй ота, нима учун эшитмайдирган ва кўрмайдирган, сендан бирон зарарни даф қилолмайдиган бутга ибодат қиласан? Эй ота, Парвардигор сенга бермаган илмни менга ато қилди. Мени гапимни қабул қилгин. Менга тобеъ бўлгил. Мен сени тўғри йўлға бошлайман. Эй ота, шайтонга ибодат қилмагил. Шайтон Худога осий бўлиб, мардуд бўлгандир. Эй ота, мен қўрқаманки, Худо тарафидан сенга азоб келиб, ҳалок бўлурсан. Бас, шайтон билан дўзахда бирга бўлурсан». Иброҳимнинг оталари айтди: «Эй Иброҳим, бизни маъбудимиздан юз ўгирувчимисан. Агар бул динингдан қайтмасанг, мен сени тошбўрон қиламан. Ҳозир мендан узоқ бўл».
47-50. Вақтики, Иброҳим алайҳиссаломнинг оталари Иброҳим алайҳиссаломга айтди: «Сен мендан узоқ бўл!». Иброҳим алайҳиссалом айтдилар: «Бул дунёда сенга офатлардан саломатлик бўлсин, яқинда сенинг учун Парвардигоримдан мағфират талаб қиламан (сўрайман) ва сенинг гуноҳингни кечиришлигини тилаб, дуо қиламан. Чунки Аллоҳ таоло менга меҳрибондир», «Талабингни бераман», деб ваъда қилгандир. Энди мен ўзларингни талабларингга мувофиқ, сизлардан, Худодан бошқа ибодат қилиб турган бутларингдан узоқ бўламан. Яратган Парвардигоримга ибодат қилурман. Умид қилурманки, Парвардигоримга ибодат қилсам, раҳматидан ноумид, маҳрум бўлмайман». Вақтики, бул қавмдан ва ибодат қилиб турган бутларидан узоқ бўлди. Бизлар унга фарзанддан ноумидлик ҳолатида Исҳоқ ва набираси Яқубни ато қилдик. Буларнинг ҳаммаларини набий қилдик. Буларни ҳамма авлодларига ўз раҳматимиз ва иноятимиздан фарзандлар ато қилдик. ҳаммалари набий бўлдилар. Булар учун халқ ўрталарида зикри жамиллар (обрў–эътибор, ростгўйлик) ато қилдик.
51-53. Эй Муҳаммад, Қуръонда Мусо алайҳиссалом қиссасини ёд қилинг. Мусо ёмон сифатлардан покиза ва ҳам улуғ пайғамбарлардан эди. Биз Тур тоғини ўнг тарафидан Мусога нидо қилиб гапирдик ва ҳам Мусони даргоҳимизға яқин қилиб, ўзимизга ҳамроз қилдик. Ўзимизни раҳмат ва иноятимиздан унинг дуосини мустажоб қилиб, биродари Ҳорунни пайғамбарликда шерик қилиб бердик.
54-55. Эй Муҳаммад, Қуръонда Исмоил алайҳиссаломнинг қиссаларини ёд қилинг. Исмоил алайҳиссалом ваъдаларига вафо қилувчи эди. У ўз аҳлини намоз ва закотга амр қилурди. Худо тарафидан юборилган пайғамбар эрди. Ва Парвардигорнинг наздида мақбул банда эрди.
56-58. Эй Муҳаммад, Қуръонда Идриснинг ҳолини ҳам ёд қил. Идрис Парвардигор тарафидан (юбирилган) набий, Аллоҳнинг содиқ бандаларидан эрди. Биз уни баланд мақомга кўтардик ёки уни осмонга кўтардик. Зикр қилинган анбиёларга Парвардигор ўз раҳматини ато қилган эди. Ҳазрати Одам зурриёдларидан ва ҳам Иброҳим алайҳиссаломнинг ва Яқуб алайҳиссаломнинг авлодларидан эдилар. Бизлар бул зотларни бандалар орасидан саралаб, тўғри йўлга ҳидоят қилган эдик. (олган эрдик.) Бу зотларнинг сифатлари шундан иборат эдики, агар буларга Худонинг оятлари тиловат қилинса, ҳаммалари Худонинг азобидан қўрқиб йиғлаган ҳолда саждага йиқилар эдилар. (Шу оят сажда оятидир.)
59-63. Бас, бу зотлардан кейин шундоқ бадкирдор авлодлар пайдо бўлдики, намозни тарк қилдилар, шаҳвати нафсонияга пайравлик этдилар. Булар қиёмат куни азоби алимга мулоқий (буюк азобга рўбарў) бўлурлар, қилмишларининг жазосига етурлар. Магар булардан кимки иймон келтирса ва яхши амал қилса, булар жаннатга дохил бўладилар. Буларнинг савобларидан асло кам қилинмайди. Булар Парвардигор бандаларига ваъда қилган жаннати Аднга дохил бўлади. Бу жаннат бандаларни кўзидин ғойибдир. Аллоҳ таолонинг ваъдасида хилоф бўлмайди. Бу зотлар жаннатда беҳуда сўзни эшитмайдилар, магар «Ассалому алайкум» калимасини эшитадурлар. Бу жойда эрта-ю ва кеч ризқлари муҳайёдур. Биз бу жаннатни муттақий бандаларимизга ато қиламиз.
64-65. Бир вақт расулуллоҳга Аллоҳ таоло тарафидан ваҳий таъхир бўлган экан. Вақтики Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келганларида Расулуллоҳ айтдилар: «Мен сизнинг ваҳий олиб келишингизга кўб мунтазир бўлдим». Жаброил алайҳиссалом айтдилар: «Биз фаришталар ер юзига тушмаймиз, магар Аллоҳнинг амри билан. Бизларнинг олдимиздаги аҳволнинг, орқамиздаги аҳволнинг ё бу ўртадаги аҳволнинг илми Парвардигорга хосдир. Ҳар бир нарсага ўз вақтида ҳукм қилади. Парвардигоринг бир нарсани эсидан чиқарувчи эмас. Аллоҳ таоло еру осмонни ва уни ўртасидаги ашёларни халқ қилувчи Парвардигордир. Сен шунга ибодат қилгил. Унга ибодат қилишда ҳар қандоқ машаққатларга сабр қилгил. Оё биласанму, Парвардигорингга монанд (ўхшаш, шерик) борму? Ҳаргиз йўқдир».
66-72. Қиёматга мункир бўлган баъзи инсон айтурки: «Оё мен ўлсам, қабрга кирсам, қайтадан тирилтириб қабрдан чиқариламанми?» Бу инсон ўйламайдими, биз уни илгари халқ қилдик, ваҳоланки, аввал у инсонлар асло йўқ эди. Парвардигоринг номига қасамки, Бизлар уларни тирилтириб, шайтонлар билан маҳшарга жамъ қилурмиз. Сўнгра Биз уларни ҳаммаларини жаҳаннам атрофига чўкка тушиб, зореъ ва тазарруъ қилган ҳолда ҳозир қиламиз. Сўнгра Бизлар ҳар бир гуруҳдан, қайси бировларики, Парвардигорига имон келтирмаган, оғир гуноҳ қилганларини чиқариб оламиз. Албатта, дўзахга ташлашга лойиқ бўлган гуруҳларини биламиз. Сизлардан ҳеч бир кимса йўқки, магар у дўзахдан абур қилиб ўтадур. Парвардигорингнинг бу ҳукми қатъийдур. Биз фақат имон келтирган ва тақво қилган гуруҳларга (азобдан) нажот берамиз. Золимларни дўзахда чўккалаб ўтирган ҳолатда қолдирамиз.
73-75. Вақтики Макка мушрикларига равшан оятларимиз тиловат қилинса, кофирлар масхара қилиб, мўминларга айтадиларки, «икки фирқа, яъни сизларнинг фирқаларингиз билан бизларнинг фирқамиз қайси бирининг мақоми ва манзили яхшидир. Ва қайси бирининг мажлис ва суҳбатлари яхши? Албатта, бизларнинг маишатимиз сизларникидан яхши». Парвардигор буларнинг мол ва давлатга фахрланишларини рад қилиб айтадики, «Бизлар булардан илгари фахрланишлари боис кўп гуруҳларни ҳалок қилдик. Уларнинг ҳоли ва маишатлари, давлатлари ва мол хусусидаги, ўз суратларининг зеболиги хусусида Макка кофирларидан неча баробар яхши эдилар. У молу мулклар Худонинг азобидин нажот беролмади. Эй Муҳаммад, сен буларга айтгил: Ҳар ким бу дунёда гумроҳ бўлса, Ҳақ таоло унинг умрига ва молига баракот берадур. Вақтики улар Худо тарафидан ваъда қилинган азобни мушоҳада қилганларида ё қиёмат кунини мушоҳада қилганларида, бас, албатта биладилар қайси бир фирқанинг мақоми улуғ ва қайси бир фирқа роҳат ва маишатда экан. Қайси бирларининг ёрдамчилари заиф ва қайси бирларининг мададкорлари қавийлиги (кучлилиги, қодирлиги) ни ул мақомда яхши биладурлар ва огоҳланадилар.
76-82. Аллоҳ таоло Ҳар бир нозил бўлган оятини тасдиғи учун мўминларнинг ҳидоятини Зиёда қиладур. Қиёматгача боқий қоладиган амаллар Парвардигорнинг наздида, кофирларнинг молу амволидан яхшироқдир. Чунки қиёмат куни бу амалларга яхши жазолар (ажру мукофотлар) берилади. Охири хайрлидир. Бул кофирларни кўрдингларми, Бизнинг оятимизга инкор қиладур. Яна айтурки, «Худо тарафидан менга молу давлат авлодлар берилади». Бул кофир Лавҳул Маҳфузни кўрганмикан, ғайб ишларни билармикан, ё Худонинг ваъдасини олганмикан, Ҳаргиз буларнинг айтгани бўлмас! Биз оғзидан чиққан гапларни ёзамиз. Узоқ муддатга азоб берамиз, аниқки бунинг айтган молу амволлари ўлгандан сўнг Бизга қоладир. Қиёмат куни Бизни олдимизға танҳо келади. Худодан бошқага бутларга ибодат қилиб, гумон қилдиларки бу бутлар буларга иззат ва обрў беради. Ҳаргиз бу умидлари ҳосил бўлмайди!. Қиёмат куни бўлганда, Худонинг азобини кўрганда бу ибодатларини инкор қиладилар. Бу бутларга душман бўладилар.
83-87. Эй Муҳаммад, сен билмадингми, Биз шайтонларни кофирларға юбордик? Бул шайтонлар кофирларни исён қилишга тарғиб қилиб, ҳаракатга соладилар. Сен буларнинг азобига шошилмагил. Бизлар буларни азоб қилиш учун кунларини ҳисоблаб муайян қилиб қўйганмиз. Қиёмат куни бўлганда муттақийларни (тақводорларни) меҳмон қилиш учун Парвардигорнинг жаннатларига тўплаймиз. Гуноҳкорларни ташналик ҳолларида жаҳаннам тарафга ҳайдаймиз. Аҳли маҳшар бир-бирини шафоат қилишга қодир бўлмайдилар, магар шундоқ шахс қодир бўладики, Худо тарафидан рухсат олган (изн берилган) бўлса.
88-95. Кофирлар «Худони боласи бор» деб айтадилар. Иззати жалолимга қасамки, Аллоҳга ёмон нарсани нисбат беряпсизлар. Аллоҳга бола (фарзанд) нисбатини берганларинг боис қарийбки (яқиндурки) осмон тешилса, ер ёрилса ва тоғлар пораланиб йиқилиб тушса. Бола туғдириш Аллоҳга лойиқ эмас. Ердаги ва осмондаги зотлар ҳаммаси Худонинг бандасидир. Парвардигорнинг илми ва қудрати уларни иҳота қилиб олгандир. Аллоҳ наздида буларнинг ўзлари ва аъмоллари-ҳаммаси саноқликдир ва ҳаммалари Парвардигорнинг олдига танҳо бўлиб келадилар.
96-98. Албатта имон келтириб яхши амал қилганлар ул гуруҳларки, Парвардигор буларнинг муҳаббатини ҳамманинг дилига солади. Чунки Худо яхши кўрганини ҳамма ҳам яхши кўради. Биз Қуръонни сенинг тилингда нозил қилиб, сенга осон қилдик. Токи сен муттақийларга Худонинг раҳматидан башорат берасан ва Худонинг душманларини азобдан қўрқитасан. Бул кофирлардан илгари кўпларини исён қилганлари сабабидан ҳалок қилганмиз, Ер юзидан шундоқ маҳв бўлиб кетдиларки, биронталарини кўрмайсан ва овозларини ҳам эшитмайсан.