loader

027. Намл сураси

Бу сура Маккада нозил бўлиб, 93 оятдан иборатдир. «Намл» чумоли деган маънони англатади. 18-оятида Сулаймон (а.с)нинг қўшинига йўл берган чумолилардан сўз юритилгани учун шундай номланган.

Бандаларига бу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.

1-6. Бу ҳарфларнинг маъноси Паврвардигорга ҳосдир. Бу сура ҳукмлари равшан Қуръоннинг оятидир. Бандаларни ҳидоят қилмоққа нозил бўлгандир. Ва ҳам намозни ўз вақтида адо этадиган, закотни берадиган, охиратга яқин қиладиган мўъминларга Худонинг раҳматидан башорат бергувчидир. Албатта у кофирларки охиратга ишонмайдилар, уларнинг амалларини ўзларига маъқул қилиб кўрсатдик. Бас булар гумроҳликда саргардондирлар. Бу гуруҳга қиёмат куни қаттиқ азоб муқаррардир ва ҳам оҳиратда зиён кўрувчилардандир. Эй Муҳаммад, сенга доно ва ҳакийм Парвардигор тарафидан (бу) Қуръон ато қилинур.

7-11. Эй Муҳаммад, шу қиссани ёд қилгин. Вақтики, Мусо алайҳиссалом хотинларини олиб Мадян шаҳридан чиқиб, Мисрга кетаётган эдилар. Йўлда осомондан ёмғир ёғди, ҳаво совуқ бўлди. Йўлдан адашиб қолдилар. Хотинларини туғиш дарди (тўлғоқ) тутиб қолди. Хотинлари айтдилар: «Менга ўт ёқиб беринг». Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Мен тоғ тарафидан ўтни кўряпман, шу ўтдан бир лахчасини ёки хабарини олиб келаман. Сизлар шу ўт билан исинасизлар. Ва ҳам бирор кишидан йўлнинг хабарини билиб келаман». Вақтики Мусо алайҳиссалом ўтга яқин бориб кўрсалар у ўт эмас балки нур экан. Бир дарахтдан чиқиб осмонга кўтарилар экан. Мусо алайҳиссалом ҳайрон бўлиб қолдилар. Ногоҳ у нурдан баракатлик овоз келди: «Ўтни талаб қилиб келган одам, атрофдаги малоикалар ва оламнинг парвардигори жамики нуқсонлардан покдир. Эй Мусо, билгинки мен ҳар бир нарсадан ғолиб, ўз ишида ҳаким ва доно Парвардигорингдирман. Сен қўлингдаги асони ерга ташла». Мусо алайҳиссалом асоларини ерга ташладилар. Ҳазрати Мусо қарасаларки, асолари бир илонга ўхшаб ҳаракат қилаётир. Мусо алайҳиссалом орқаларига қарамай қўрқиб қочдилар. Биз Мусога айтдик «Қўрқма, Менинг пайғамбарларим ҳеч бир нарсадан қўрқмайдилар. Фақат гуноҳкор, золимлар қўрқадилар. Агар зулм қилувчилар ёмон амалларини яхши амалга бадал қилсалар, албатта мен кечирувчи ва меҳрибондирман.

12-14. Эй Мусо, қўлингни ёқангнинг ичига киргизиб (тиқиб), сўнгра чиқаргин. Қўлинг чиққан ҳолда бир иллатсиз (ёмонликсиз) нурга айланади. Сенга тўққиз мўъжиза ато қилдим. Бу икки мўъжиза ҳам шу мўъжизалар жумласидандир. Энди сени мен пайғамбар қилдим. Фиръавнга ва унинг қавмига бориб пайғамбарлигингни эълон қилиб, уларни динга даъват қилгин. Булар ҳаммаси мушрикдирлар. Вақтики, Мусо алайҳиссалом Фиръавн ҳузурига келиб бу мўъжизаларни кўрсатганларида, бизнинг қудратимизнинг далилларини равшан кўрганда фиръавнийлар айтдиларки: «Бу аниқ жодугарликдир (сеҳрдир). Ҳаммалари бу мўъжизаларга мункир бўлдилар. Аниқ билар эдиларки, бу мўъжизадир, сеҳр эмасдир. Лекин кибр ва душманлик билан инкор қилар эдилар. Бас, эй Муҳаммад, кўргинки, бу фасод қилувчиларнинг оқибатлари қандай бўлди.

15-16. Албатта биз Довуд алайҳиссалом ва Сулаймон алайҳиссаломга илм ато қилдик. Бу икковлари Худонинг шукрини бажо келтириб айтдиларки: «Парвардигорга ҳамду санолар бўлсин. У кўп мўъмин бандалардан бизни ортиқ қилди». Бизга подшоҳлик ва пайғамбарлик бериб, ҳаммадан юқори қилди. Вақтики, Довуд алайҳиссалом вафот қилиб кетдилар. Сулаймон алайҳиссалом оталарининг подшоҳлигига ворис бўлдилар. Сулаймон алайҳиссалом айтдилар: «Эй одамлар бизларга Худованди Таоло тарафидан паррандаларнинг тиллари ўргатилди ва бизларга биз муҳтож бўлган ҳар бир нарса ато қилинди. Бу Парвардигорнинг ато қилганлари Аллоҳ таолонинг аниқ марҳаматидир.

17-19. Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳузурларига жинлар гуруҳидан, инсонлардан ва паррандалардан лашкарлар жам қилинди. Кейин қолганлар етиб келиши учун бу лашкарлар бир ерга тўпланиб турди. Лашкарлар тўплангач, Сулаймон алайҳиссалом улар билан чумолилар майдонига етиб келдилар. Чумолилар подшоси айтди: «Эй чумолилар, ўз уйларингга кириб кетинглар. Токи Сулаймон алайҳиссалом лашкарлари билан билмасдан сизларни оёқ ости қилмасин». Сулаймон алайҳиссалом бу чумолининг сўзидан таажжубланиб кулдилар. Сулаймон алайҳиссалом Худога дуо қилиб айтдилар: «Эй Парвардигоро, менга тавфиқ бер, токи, менга инъом қилган, ота-бобомга инъом қилган неъматларингга шукр адо этай. Ва сен рози бўладиган яхши амаллар қилай. Ўзинг фазлу марҳаматинг билан мени солиҳ бандаларинг жамоасига дохил қилгин».

20-26. Сулаймон алайҳиссалом бир кун паррандаларни текширдилар. Пўпишак (сассиқпопишак)ни уларнинг ичида кўрмадилар. Айтдилар: «Нима учун паррандалар ичида пўпишакни кўрмайман, балки мендан берухсат ғойиб бўлгандир. Агар келса, мен унга қаттиқ азоб бераман. Ё сўйдириб юбораман, ёки ўзининг ғойиб бўлганига очиқ далил келтириб, узрини айтади. Бас озгина таваққуф қилгандан сўнг пўпишак келди. Сулаймон алайҳиссалом унга итоб қилиб айтдилар: «Нимага ғойиб бўлдинг». Пўпишак айтди: «Мен сиз мушоҳада қилмаган ва кўрмаган жойларни кўриб келдим. Мен сизга сабаъ (Сабо) қавмидан совуқ хабар келтирдим». Сулаймон алайҳиссалом – «У қавмнинг подшоси ким» – деб сўрадилар. – Пўпишак айтдики, – мен уларнинг подшоси бир хотин эканлигини кўрдим. У хотинга Худо тарафидан кўп нарса берилган экан. Унинг бир улуғ тахти бор экан. У аёл ва қавми Худога эмас офтобга ибодат қилувчи экан. Шайтон иғво қилиб уларнинг амалларини кўзларига яхши кўрсатиб, ҳидоят йўлидан ман қилган ва ҳаммалари гумроҳ бўлиб, Аллоҳ таолога ибодат қилиб, сажда қилмас эканлар. Парвардигор шундай зотдирки, осмондаги ва ердаги махфий нарсаларни зоҳир қилади. Дилларида махфий сақлаган ва ошкора қилган нарсаларини билади. Бир Аллоҳдан бошқа маъбуд йўқ. Улуғ Аршни яратган Парвардигордир.

27-33. Сулаймон алайҳиссалом пўпишакка айтдилар: «Биз сенинг сўзингни текшириб кўрамиз сўзларинг ростми ёки ёлғон айтдингми?» Сўнгра Сулаймон алайҳиссалом бир мактуб ёзиб, Сабо подшоҳи Билқисга юбормоқчи бўлдилар. Пўпишакка айтдилар: «Менинг бу мактубимни подшоҳнинг қасрига олиб бориб ташлагин. Сўнгра ўзингни бир четга олиб, назар қилиб тургин. Булар мактубга қандай жавоб берадилар». Пўпишак мактубни олиб, учиб борди ва подшоҳнинг тахтига ташлади. Билқис уйқусидан бош кўтариб, мактубни кўрди. Очиб ўқиб кўрди, сўнгра қавмнинг ашрафларини яъни улуғларини йиғиб айтди: «Эй қавмларим, менга Сулаймон пайғамбар тарафидан бир мактуб ёзилиб менинг тахтимга ташланибди. Мазмуни шундай экан: «Мен бу мактубни кечирувчи ва меҳрибон Парвардигорнинг номи билан ёзиб юбораман. Сизларга маълум бўлсинки, менга кибр ва катталик қилмасдан инқиёд қилиб, бўйин суниб келинглар ва иймон келтиринглар». Билқис айтди: «Эй қавмларим, сизлар бу ишда бир маслаҳат бермасаларинг мен танҳо бир иш қилолмайман». У жамоалар айтдилар: «Бизлар қувватли ва шижоатли халқмиз. Энди маслаҳат ўзингга қолди. Нима амр қилсанг биз шунга итоат қиламиз».

34-37. Билқис ўз қавмига айтди: «Подшоҳлар бирор шаҳар ва қишлоқни босиб олсалар, у жойларни ғорат қилиб, хароб қиладилар. Азизларни хор қиладилар. Золим подшоҳларнинг одати шундайдир. Мен Сулаймон алайҳиссаломга ҳадя юбориб ақл ва идрокини синаб кўраман. Юборган элчиларим қандай жавоб билан қайтсалар, шунга қараб муомала қиламиз». Вақтики, Билқиснинг элчилари Сулаймон алайҳиссаломга келдилар. Сулаймон алайҳиссалом уларнинг ҳадяларини назарларидан ўтказиб айтдилар: «Сизлар менга мол бериб, ёрдам қиласизларми? Ваҳоланки, Худонинг менга берган атолари сизларнинг олиб келган молларингиздан юз баробар яхшидир. Балки, сизлар олиб келган ҳадяларингизга фахрланиб, хурсанд бўласизлар. Сизлар энди молларингизни олиб қайтинглар. Бориб подшоҳларингизга айтингларки: «Агар мусулмон бўлиб менинг олдимга келмаса, бизлар бошларига муқобала қилиб бўлмайдиган лашкар билан борамиз. Уларни хор ва залил бўлган ҳолларида мамлакатларидан чиқарамиз».

38-41. Сулаймон алайҳиссалом, Билқисга Худонинг ўзларига берган мўъжизасини кўрсатмоқчи бўлишини хоҳлаб лашкарларига айтдилар: «Эй жамоа, сизлардан қайси бирингиз бу қавм бўйсунмасидан олдин, Билқиснинг тахтини олиб келади». Бир ҳайбатлик дев-жинлардан айтди: «Сен ўз мажлисингдан (ўрнингдан) турмасдан олдин мен ҳозир қиламан. Менинг қудратим бунга етади. Чунки, мен қувватлик омонатдордирман». Бу ўтирганларнинг ичида илгариги нозил бўлган китобларни ўқиган ва Исми Аъзамни билувчи, Сулаймон алайҳиссаломнинг вазири Асаф ибни Бурхиё бор эди. Сулаймон алайҳиссаломга айтдики: «Мен Билқиснинг тахтини сиз кўзингизни юмиб очгунча ҳозир қиламан». Сулаймон алайҳиссалом вақтики бир назар қилсалар, Билқиснинг тахти олдиларида ҳозир бўлибди. Сулаймон алайҳиссалом айтдилар: «Бу иззат ва каромат менга Парвардигоримнинг фазли ва марҳаматидандир. Парвардигор мени берган неъматларга шукр қиламанми ё ношукрлик қиламанми синайди. Ҳар кимки, Худонинг неъматига шукр қилса, ўз нафсининг фойдасига шукр қилибди. Ҳар кимки, Худонинг неъматига куфрон ношукрлик қилса, ўзига зарар қилибди. Чунки Парвардигорим унинг шукридан мустағнидир (беҳожатдир), эвазсиз (қаршиликсиз) эҳсон қилувчидир. Сулаймон алайҳиссалом айтдилар: «Билқиснинг тахтини ўзгартириб қўйинглар». Қарайликчи тахтини танийдими ё йўқ?»

42-44. вақтики Билқис Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳузурига ҳозир бўлди. Билқисдан сўралдики: «Сенинг тахтинг шунга ўхшашмиди?» Билқис жавоб бердики: «Гўё менинг тахтимнинг ўзгинами». Билқис айтдики: «Бизларга Парвардигорнинг динининг ҳақлигига, Сулаймон алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига бу мўъжизадан илгари илм берилган эди. Бизлар Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳукмига таслим бўлиб келдик». Парвардигор ўзининг ҳидоят ва тавфиқи билан Билқис ва унинг қавмини ибодат қилиб турган ботил динларидан қайтарди, зеро улар олдинги кофирлар қавмидан эди. Билқисга айтдиларки: «Қасрнинг (саройнинг) саҳнига киргин». Вақтики кирмоқчи бўлди, сувнинг тўлқини деб гумон қилиб, оёқларини ва болдирини очди. Сулаймон алайҳиссалом айтдилар: «Оёғингни ёп, бу майдон (саҳна) шундайдирки, шишадан ясалган». Билқис айтди: «Эй Парвардигор, мен офтобга ибодат қилиб ўз нафсимга зулм қилган эканман. Энди мен Сулаймон алайҳиссаломга тобеъ бўлиб Парвардигорга иймон келтирдим».

45-49. Бизлар Самуд қавмининг қариндошларидан Солиҳ алайҳиссаломни Самуд қавмига пайғамбар қилиб юбордик. Солиҳ алайҳиссалом қавмларига айтдилар: «Бир Худонинг ўзига ибодат қилинглар. Бас ногоҳ бу қавм икки фирқага бўлиниб, бир-бирлари билан хусумат қилар эдилар. Солиҳ алайҳиссаломга кофирлар айтдилар: «Бизга ваъда қилган азобинг қачон келади?» Солиҳ алайҳиссалом қавмларига айтдилар: «Яхши амал қилишнинг ўрнига азобнинг келишига шошиласизларми. Нима учун Худодар кечирим сўрамайсизлар? Худо сизларга раҳм қилган бўлар эди. Кофирлар айтдилар: «Бизнинг бошимизга сен ва сенга иймон келтирганлар кулфат ва қаҳатчилик келтирдинглар. Сенинг шумлигингдан бизлар кулфат кўряпмиз». Солиҳ алайҳиссалом айтдилар: «Шумлик ва яхшилик Худонинг ҳукмида менинг иҳтиёримда эмас. Балки ўзларинг Худо тарафидан фитнага мубтало бўлган қавмдирсизлар». Буларнинг шаҳарларида тўққиз фирқа кофир бор эди. Доимо ер юзида фасод қилар ва ислоҳ қилмас эдилар. Улар Худонинг номига қасамёд қилиб айтдиларки: «Бизлар кечаси Солиҳ ва аҳлининг бошига ҳужм қиламиз ва ўлдирамиз. Агар Солиҳнинг қариндошлари биздан сзрасалар айтамиз: «Солиҳ алайҳиссалом Ҳалок бўлган жойда биз йўқ эдик. Ким ўлдирганини билмаймиз. Бизлар сўзимизда ростгўйдирмиз».

50-53. Кофирлар Солиҳ алайҳиссаломни ўлдириш учун ҳийла қилмоқчи бўлдилар. Бизлар ҳам улар қилмоқчи бўлган макрнинг жазосини бермоқчи бўлдик. Ваҳоланки улар ҳеч нарса дан хабарлари йўқ эди. Ўйлагин, эй Муҳаммад, уларнинг қилган макрларининг оқибати нима бўлди. Охир бизлар кофирлар қавмининг ҳаммасини ҳалок қилдик. Мана шу қолган уйлари ва осарлари, қилган зулмларининг жазосига ҳаммаси вайрон ва хароб бўлиб ётибди. Бу қиссада доно, илмлик қавмлар учун ибратли аломатлар бордир. Бизлар кофирларни ҳалок қилиб, иймон келтирганларга ва тақво қилганларга нажот бердик. Муҳаммад алайҳиссалом Табук ғазотига кетаётган вақтларида «Самуд» қавмининг вайрон бўлиб ётган иморатларидан ўтдилар. Саҳобаларига амр қилдиларки «Бу жой Самуд қавмининг ҳалок бўлган макони. Ҳаммаларинг товозуъ билан Худога тазарру қилиб, бошларингни эгиб ўтинглар». Биз иймон келтирган ва тақволи зотларга эса нажот бердик.

54-59. Бизлар Лут алайҳиссаломни ўз қавмига пайғамбар қилиб юбордик. Вақтики, Лут алайҳиссалом қавмларига насиҳат қилиб айтдилар: «Сизлар бу баччабозлик феълининг ёмонлигини билган ҳолда беҳаё ишга машғул бўласизларми? Оё сизлар Худо буюрган хотинларни тарк этиб шаҳватларингизни эркакларга сарф қиласизларми? Балки сизлар ҳайвонлардан баттар жоҳилсизлар. Лут алайҳиссаломнинг насиҳатларига қавмларининг жавоби шу бўлдики, Бир-бирларига айтдиларки: «Ўз қабилаларингиздан Лутни тобеълари билан бирга чиқариб юборинглар. Улар шундай одамдирки, ўзларини «пок» деб бизни «ифлос» дейдилар». Бас биз Лутга ва аҳлларига нажот бердик, фақат хотинини қолдирдик, чунки бу унинг ҳалок бўлишини муқаррар қилган эдик. Сўнгра биз қавмнинг бошидан тош ёғдирдик. Кофирлар учун бу ёмон ёмғир эди. Эй Муҳаммад, сен бу қавмларнинг ҳалокатини эшитдинг. Энди сен «Худога ҳамду сано бўлсин», -дебайтгин. Худо пайғамбарликка ихтиёр қилганларга «салом бўлин» -дегин. Оё, Аллоҳу таоло яхшими, ё мушрикларнинг Худога шерик қилган маъбудлари яхшими? Албатта Худо яхшидир.

60-61. Сизлардан: «Осмон ва ерни ким халқ қилди, Осмондан ёмғирни ким ёдирди?» – деб сўрайман. Бас бизлар бу ёмғир воситасида гўзал, зийнатлик боғлар кўкартирдик. Сизлар бундай боғларнинг бирор дарахтини кўкартиришга қодир эмас эдиларинг. Энди жавоб берингларчи Худо буларни халқ қилмоғида шериги борми? Йўқ кофирлар йўлдан озган қавмдирлар. Худога шерик қиладилар. Яна сизлардан сўрайманки, ерни ҳайвон учун ким қароргоҳ қилди? Ернинг ўрталарида анҳорларни ким жорий қилди? Ернинг устида тоғларни ким яратди? Икки дарёнинг қўшилишида ўртасига тўсиқни ким яратди? Энди жавоб берингларчи бу феълда Худонинг шериги бор эканми? Балки кофирларнинг кўплари ҳайвонлардан ҳам баттар илмсиздирлар.

62-66. Сизлардан ожизларнинг дуосини ким қабул қилади, улардан ким кулфатни даф қилади, сизларни ер юзига ким халифа қилди? деб сўрайман. Жавоб берингларчи, Худонинг шериги бор эканму? Лекин сизлар камроқ ўйлайсизлар, камроқ панд оласизлар. Сизлардан сўрайманки, сизлар қоронғу биёбонларда ва дарёларда сафар қилганларингда ким йўл кўрсатади? Ёмғирдан илгари булутларни олиб келиш (ҳайдаш) учун шамолни ким юборди? Энди жавоб берингларчи бу ишларни Худонинг ўзи қиладими? Ё шериги борми? Худо кофирларнинг Худога муқаррар қилган шерикларидан олий ва муназзаҳдир. Яна сизлардан сўрайманки, аввалда махлуқотни ким яратди? Яна ўлгандан сўнг ким қайтадан тирилтиради? Ризқларингизни осмондан ва ердан ким халқ қилади? Балки Аллоҳ яратади. Энди жавоб берингларчи, Худонинг шериги бор эканми? Эй Муҳаммад, кофирларга айтгин: «Агар сўзларинг рост бўлса, ҳужжат келтиринглар». Эй Муҳаммад буларга айт: «Ердаги ва осмондаги махфий нарсаларни фақат Аллоҳ билади. Бошқаларнинг ғайбни билишга илми йўқ. Қиёмат куни қачон тирилишни билмайдилар. Охират тўғрисида ҳар хил андишалар қилсалар у ҳақда илмлари қуруқ ва саёз. Балки ҳамиша шак ва шубҳададирлар. Балки булар охиратнинг илмидан кўрдирлар.

67-70. Кофирлар айтадиларки: «Бизлар ва ота-боболаримиз тупроқ бўлиб кетгандан кейин, яна ердан тирилиб чиқамизми? Албатта бизлар ва биздан илгариги ота-боболаримизга шу хилда ваъда қилиниб, хабар берилган эди. Бу нарсалар илгариги ўтганларнинг афсоналаридан ўзга эмасдир. Эй Муҳаммад, кофирларга айтгил «Ер юзини сайр қилинглар ва кўринглар гуноҳкорларнинг оқибати қандай бўлган». Эй Муҳаммад, агар булар иймон келтирмасалар бунинг учун ғамгин бўлма, буларнинг макрларидан дилтанг ҳам бўлмагин.

71-75. Кофирлар қиёматга мункир бўлиб айтадиларки: «Агар сизлар ростгўйлардан ростгўй бўлиб «қиёмат бўлади», десаларинг бу ваъдаларинг қачон бўлади?» Эй Муҳаммад, буларнинг жавобига айтгин: «Сизлар шошилиб талаб қиладиган нарсаларнинг баъзилари яҳинда воқеъ бўлади». Албатта Парвардигоринг инсонга марҳаматлидир. Лекин кўплари шукр қилмайдилар. Албатта Парвардигоринг инсонларнинг дилларидагини ва ошкора қилганларини билади. Албатта ер ва осмонда бирор махфий нарса йўқки, у Лавҳул Маҳфузда ёзилмаган бўлсин».

76-81. Албатта бу Қуръон Бани Исроил ихтилоф қилаётган кўп зотлар тўғрисида баён қилиб беради. Уларнинг ақидасига гўё Яҳудийлардан бошқа фирқа жаннатга кира олмайди. Насароларнинг динлари ботилдир. Шунга ўхшаш сўзларда албатта Қуръон бандаларни ҳидоят қилгувчи ва мўъминларга раҳматдир. Парвардигоринг яҳудлар ўртасида ҳукм қилади, У ҳамма нарсадан ғолиб ва донодир. Эй Муҳаммад, кофирларнинг берган азиятига парво қилма, ҳар бир ишда Аллоҳга таваккул қил. Албатта сен равшан, ҳақ диндасан. Сен ўликларга сўзингни етказолмайсан, Сен карларнинг қулоғига овозингни эшиттиролмайсан. Вақтики, улар сенинг насиҳатларингдан юз ўгирар эканлар сен адашган кўрларни йўлга сололмайсан. Сен менинг оятимга иймон келтирган мўъминларга панд ва насиҳатингни эшиттирасан. Бас улар қабул қиладилар, улар мусулмондирлар.

82-86. Вақтики, кофирларга азобнинг ваъдаси собит бўлса, Ердан бир ҳайвонни (доббатулғарз ер махлуқи) ни чиқарамиз. У ҳайвон халқ билан сўзлашади. Бу (ҳол) қиёмат аломатларидан бўлиб, шунинг учун воқеъ бўладики, кофирлар қиёматнинг бўлишига ишониб қоладилар. Эй Муҳаммад, маҳшар кунини ёд қилгин. У кунда ҳар бир умматдан бир гуруҳ сардорларини, бизнинг оятларимизни такзиб қилувчилардан бирин кетин жам қиламиз. Вақтики ҳозир бўлганларида буларга Худо хитоб қилиб айтадики: «Сизлар Менинг китобимни ҳақиқатига тушунмасдан такзиб қилдиларингми? Сизлар Худои Таоло расул юборгандан сўнг иймон келтирмасдан нима иш қилдиларин? Сўнгра бу қавмга зулму ситамлари сабабидан азоб беришнинг ҳукми воқеъ бўлди. Улар хижолат бўлганларидан ҳеч гапирмайдилар. Қиёматга мункир бўлганлар билмайдилармики, уларнинг ором олмоқлари учун кечани халқ қилдик. Бу кеча ва кундузнинг пайдар-пай келмоғида қиёмат кунига иймон келтирган мўъминлар учун далиллар бордир.

87-90. Эй Муҳаммад ўша кунни ёд қилгинки, Исрофил алайҳиссалом Худонинг амри билан сурни тортганларида, осмондаги ва ердаги тамом махлуқот қўрқиб, ларзага тушадилар. Фақат, Парвардигор қўрқмаслигини ирода қилган бўлса, малоикаи муқаррабинлар қўрқмайдилар. Ҳар бир миллат маҳшаргоҳга, хор бўлиб ва даҳшатга тушиб тўпланадилар. У вақтда тоғларни кўриб, ўз жойида турибди деб гумон қиласан. Ваҳоланки булутлар каби ҳаракат қилиб юради. Охир гард ва ғубор бўлиб, йўқ бўлиб кетади. У улуғ зот Парвардигорки, ҳар бир нарсани мустаҳкам халқ қилди. Бу қилмишлар Парвардигорнинг феъли эди. Аллоҳ Таоло сизларнинг ҳар бир қилган феълингиздан хабардордир. Ҳар кимки яхши бир амал қилса, бас у одамга (қиёматда) қилган амалидан яхшироқ жазо бордир. Бундай одам Қиёмат куни қўрқувдан эминдир. Ҳар кимки бир ёмон амал қилар ва Парвардигорга ширк келтирар экан, юзи тубан ҳолда дўзахга ташланур. (Қиёматда) Сизларга амалларингизга мувофиқ жазо берилади, зулм қилинмайди.

91-93. Эй Муҳаммад кофирларга айтгин: «Мен Худо тарафидан Худо азиз қилган Макка шаҳрининг Парвардигорига ибодат қилишга амр этилдим. Ҳар бир нарса Парвардигорнинг тасарруфидадир. (Мен) Худо тарафидан токи Худога инқиёд қилувчилардан бўлишликка, Қуръонни ҳамиша тиловат қилишга ва халққа панд насиҳат қилишга маъмур бўлдим. Бас ҳар кимки менинг насийҳатимни қабул қилиб ҳидоят топса, унинг фойдаси ўз нафсигадир. Ва ҳар ким гумроҳ бўлса, бас уларга айтгин: «Мен сизларни Худонинг азобидан Қўрқитувчидирман». Айтгин: «Парвардигорга ҳамду сано бўлсин. Менга мартабаи нубувватни (пайғамбарлик даражасини) ато қилди. Яқинда Аллоҳ таоло сизларга қиёматнинг аломатларини кўрсатади. Бас у вақтда сизлар у аломатларни биласизлар. Парвардигор сизларнинг амалларингиздан ғофил эмасдир».

Орқага Олдинга